язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Бюджетдан ташқари ва бошқа фондлар/ Ўзбекистон Республикаси Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.04.2003 й. 173-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 2 апрелдаги

173-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иш билан таъминлашга

кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси (кейинги ўринларда Иш билан таъминлаш жамғармаси деб аталади) бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг самарали фаолият кўрсатиши тадбирларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги таркибида ташкил этилган.

2. Иш билан таъминлаш жамғармаси бюджетдан ташқари мақсадли давлат жамғармаси ҳисобланади, маҳаллий ва республика даражаларида ташкил этилади ва унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг мақсадли йўналтирилганлиги сақлаб қолинган ҳолда Давлат бюджети таркибида жамланади ҳамда Жамғарманинг мустақил балансида акс эттирилади.


3. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаларининг бюджетдан ташқари мақсадли махсус ҳисоб рақамларида жамланади. Бунда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг (кейинги ўринларда иш берувчилар деб юритилади) ажратмалари ҳисобига ташкил топадиган Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларининг етмиш фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари ихтиёрида қолади, кейинчалик туманлар ва шаҳарлар ўртасида тақсимланади, ўттиз фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, тегишли ҳудудий меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаларининг тўлов топшириқномалари билан пул ўтказиш йўли билан республика даражасида марказлаштирилади.


4. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларини тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари тасарруф этадилар.



II. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

ЖАМҒАРМАСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА УЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


5. Қуйидагилар Иш билан таъминлаш жамғармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишсизларни моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан давлат кафолатларини амалга ошириш;

Бандликка кўмаклашиш марказлари таъминотини молиялаштириш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш;

тижорат банкларида кредит линиялари очиш йўли билан иш ўринларини сақлаб қолиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш учун кредитлар бериш;

фуқароларни ишга жойлаштириш, меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, социологик кузатувлар ўтказиш билан боғлиқ харажатларни маблағ билан таъминлаш.


6. Кўрсатиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари:

иш берувчиларнинг мажбурий ажратмаларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаларининг бюджетдан ташқари мақсадли махсус ҳисоб рақамларида жамлайдилар;

Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан ишсизлик нафақаларини, ишсиз фуқароларга моддий ёрдамни ва қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа тўловларни ўз вақтида тайинлайдилар, молиялаштирадилар ва тўлайдилар;

Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий мақсадли фойдаланадилар;

ишсизларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва уни янада такомиллаштириш учун олдини олувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида Иш билан таъминлаш жамғармасининг молиявий аҳволини прогнозлаш бўйича актуар ҳисоб-китобларни амалга оширадилар;

мажбурий ажратмалар миқдорларини белгилаш тўғрисида таклифлар тайёрлайдилар;

Иш билан таъминлаш жамғармасининг келгуси йил учун даромадлари манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари прогнози лойиҳасини ишлаб чиқадилар ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этадилар;

Иш билан таъминлаш жамғармаси бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳар ойлик ҳисоботларни, шунингдек йилига бир марта Иш билан таъминлаш жамғармаси даромадлари ва улардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисидаги мустақил аудиторлик текшируви натижаларини тайёрлайдилар ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этадилар;

Иш билан таъминлаш жамғармаси вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқадилар;

жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда иш билан таъминлаш ҳудудий дастурларини амалга оширишда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишда қатнашадилар;

мажбурий ажратмалар ва тўловларнинг тўғри ҳисобланишини ва ўз вақтида Иш билан таъминлаш жамғармасига тўлиқ тўланишини ҳисобга оладилар ва назорат қиладилар;

иш берувчилар томонидан мажбурий ажратмалар ва тўловлар тўғри ҳисоблаб чиқилишини, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Иш билан таъминлаш жамғармаси билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг аҳволини текширадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш тартибини ва тўлов муддатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан молиявий ва маъмурий чоралар қўллайдилар;

Иш билан таъминлаш жамғармасининг тўлов субъектлари ва молиялаштириш объектлари бўйича тўлиқ ҳисоб-китобни ва электрон маълумотлар базаси юритилишини таъминлайдилар.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Иш билан таъминлаш жамғармасига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.


7. Иш берувчилар:

мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тартибда ҳисоблаб чиқариш ва Иш билан таъминлаш жамғармасига тўлашга;

Иш билан таъминлаш жамғармасининг кредитлашга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишга, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишсиз деб тан олинган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ажратилган маблағларини сарфлашнинг мақсадли йўналтирилишига қатъий риоя этилишини таъминлашга;

Иш билан таъминлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлаш бўйича белгиланган шаклдаги ҳисоботларнинг ишончлилигини ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлашга мажбурдирлар.



III. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЖАМҒАРМАСИ

ДАРОМАДЛАРИНИ ШАКЛАНТИРИШ ВА УНИНГ

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


8. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг иш ҳақи фондидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдордаги мажбурий ажратмалари, ушбу харажатлар маҳсулот таннархига қўшилади;

тегишли бюджет маблағларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган миқдорларда республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан дотациялар;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар бузилганлиги учун жойлардаги меҳнат органлари томонидан белгиланган тартибда солинадиган молиявий санкциялар, жарималар ва қўшилган пенялар суммаси;

қўшимча ва янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес субъектларини кредитлаш учун тижорат банклари томонидан очилган кредит линияларидан фоизлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар.


9. Қуйидагилар Иш билан таъминлаш жамғармасига ажратмалар тўлашдан озод этиладилар:

ногиронлар жамоат ташкилотларига қарашли ўқув-ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқариш корхоналари;

протез-ортопедия буюмлари ишлаб чиқаришга, ногиронларга протез қўйиш бўйича хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган корхоналар;

тарбия ва таълим муассасалари ҳузуридаги ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари ва ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари;

бюджет таъминотидаги театр-томоша ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси.

10. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларини жамлаш ва улардан фойдаланиш учун банкларда ҳисоб рақамлари очилади.


11. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига қуйидагилар амалга оширилади:

Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларида ишсизлик мақоми олган ва иш қидирувчи сифатида рўйхатда турган шахсларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишларини маблағ билан таъминлаш;

ишсизлик бўйича нафақалар, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб ўтиш учун компенсациялар тўлаш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ишсизларга моддий ёрдам бериш;

ишсизларга муддатидан олдин пенсия тайинланганлиги сабабли бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маблағ билан таъминлаш;

ногиронлар ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бошқа тоифалари меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринлари (ишлаб чиқаришлар) ташкил этиш тадбирларини маблағ билан қисман таъминлаш;

бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари таъминоти барча даражалардаги меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларини жойлаштириш учун бинолар қуриш ва уларни реконструкция қилиш, уларни моддий-техникавий таъминлаш, компьютерлар, нусха кўчириш ва бошқа зарур техника билан жиҳозлаш;

ахборот-маълумотлар ва реклама-ноширлик ишларини амалга ошириш;

демография, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнатни нормалаш ва унга ҳақ тўлаш масалалари бўйича норматив-услубий ва йўриқнома материаллар ишлаб чиқишни маблағ билан таъминлаш;

белгиланган тартибда республика даражасида ва ҳудудий даражада ижтимоий кузатувларни ташкил этиш ва ўтказиш, иш билан таъминлаш масалалари бўйича аҳолининг айрим гуруҳлари ўртасида анкета сўровлари ўтказиш;

республика ва ҳудудий меҳнат бозори ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, шу жумладан техника воситалари сотиб олиш;

иш билан банд бўлмаган аҳолига ёрдам кўрсатиш, шу жумладан ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни маблағ билан таъминлаш;

аҳолини иш билан таъминлашга доир муаммолар бўйича халқаро ҳамкорликни маблағ билан таъминлаш;

ишчи кучи экспорт қилиш масалалари бўйича халқаро лойиҳа ва шартномаларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг чет элларга ишга юборилган фуқароларини ишга жойлаштиришни ташкил этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни маблағ билан таъминлаш;

Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларини кўпайтиришга йўналтирилган, аҳолини иш билан таъминлашга бевосита кўмаклашувчи тижорат ва хўжалик ҳисобидаги фаолиятни амалга ошириш, мулкчилик ва хўжалик юритишнинг турли шаклларидаги корхоналар ташкил этиш;

тижорат банклари томонидан очиладиган кредит линиялари орқали хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан кичик бизнес субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов, таъминлаш ва қайтариш шартларида янги иш ўринлари яратиш учун қисқа муддатли ва ўрта муддатли кредитлар бериш. Бунда Иш билан таъминлаш жамғармасидан кредитлар устувор тартибда ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бош бошқармалари таклифларига кўра янги иш ўринлари устувор равишда яратиладиган ҳудудларда, узоқда жойлашган, бориш қийин бўлган ва чегара туманларда, мураккаб вазиятда ва экологик ноқулай шароитли минтақаларда янги иш ўринлари яратиш, шунингдек "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида кўрсатилган аҳолининг алоҳида тоифаларини иш билан таъминлаш билан боғлиқ мақсадлар учун берилади.

12. Бандликка кўмаклашиш маркази ҳисоб рақамига тушадиган маблағларнинг 5 фоизи меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармасига йўналтирилади.

13. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари республика ва ҳудудий даражада ишлаб чиқилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган иш билан таъминлаш дастурлари асосида белгиланади.


14. Иш билан таъминлаш жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари ҳисоб рақамларида етишмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларининг Республика қисми ҳисобидан қопланади.

Йил бошида зарур ҳолларда Иш билан таъминлаш жамғармаси ҳисоб рақамидаги бўш маблағлар Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун йўналтирилиши мумкин.


15. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмайди.



IV. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЖАМҒАРМАСИ

ДАРОМАДЛАРИ ПРОГНОЗИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ВА КЕЛИШИШ ҲАМДА УНИНГ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


16. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда ҳар йили, лекин жорий йилнинг биринчи июлидан кечикмай келгуси йил учун Иш билан таъминлаш жамғармаси даромадлари манбалари ва унинг маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича прогнозни Молия вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади, ушбу прогноз:

даромадлар манбалари бўйича маблағларнинг ўтган йилда ва жорий йилнинг биринчи ярим йилида ҳудудлар бўйича ҳақиқий тушумини;

Иш билан таъминлаш жамғармасига ажратмалар ва йиғимлар бўйича молиявий ҳисобот йили охирида иш берувчиларнинг ҳудудлар бўйича кредиторлик қарзларини;

ўтган йилда ва жорий йилнинг биринчи ярим йилида Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан тасдиқланган прогнозлар билан таққослаганда ҳудудлар бўйича мақсадли фойдаланилишини;

ўтган йилда ходимлар сони ва иш ҳақининг ўсиш суръатини эътиборга олган ҳолда ҳисобланган иш ҳақи фонди прогнозини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.


17. Молия вазирлиги тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғида Иш билан таъминлаш жамғармасига келгуси йил учун мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ставкаларининг прогноз қилинадиган ўзгаришини ва макроиқтисодий кўрсаткичлар таъсирини ҳисобга олади.


18. Иш билан таъминлаш жамғармаси даромадлари ва унинг маблағларидан фойдаланишнинг кўриб чиқилган ва келишилган прогнози келгуси йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрлари таркибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.


19. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети Олий Мажлис сессиясида тасдиқлангандан сўнг, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси бюджети параметрлари тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин Молия вазирлиги Иш билан таъминлаш жамғармасининг келгуси йил учун даромадлари ва унинг маблағларидан фойдаланишнинг тасдиқланган асосий параметрларини ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига етказади.


20. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Иш билан таъминлаш жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган даромадлари ва унинг маблағларидан фойдаланишнинг параметрлари Молия вазирлигидан олинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари учун келгусида, Вазирликнинг ҳайъат мажлисида уларнинг иш якунларини кўриб чиққан ҳолда, Жамғарма даромадлари манбалари ва унинг маблағларидан фойдаланишнинг йўналишлари бўйича йиллик прогнозни чоракларга бўлган ҳолда тасдиқлайди.

21. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари Иш билан таъминлаш жамғармасининг тасдиқланган бюджет кўрсаткичларини бажариш учун:

Иш билан таъминлаш жамғармаси даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини;

иш берувчилардан мажбурий ажратмалар, жарималар ва пеняларнинг тўлиқ йиғилиши ва тушишини;

Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда мақсадли фойдаланилишини таъминлайдилар.



V. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНТИРИЛИШИ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИЛИШИ УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


22. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари Иш билан таъминлаш жамғармасига тушумларнинг тўлиқ йиғилиши таъминланиши, шунингдек Жамғарма маблағларининг қатъий мақсадга мувофиқ равишда молияланиши ва фойдаланилиши учун жавоб берадилар.

23. Иш берувчилар Иш билан таъминлаш жамғармасининг ўз ҳисоб рақамларига ўтказилган маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, шунингдек мажбурий ажратмаларнинг тўғри ҳисобланиши ва Иш билан таъминлаш жамғармасига ўз вақтида тўланиши учун жавоб берадилар.



VI. ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИНГ ТУШИШИ ВА

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


24. Иш берувчиларнинг Иш билан таъминлаш жамғармасига мажбурий ажратмалари тўлиқ ва ўз вақтида тушиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, унинг жойлардаги органлари ва солиқ органлари томонидан амалга оширилади.


25. Ишсизлик нафақалари, шунингдек ишсизларга компенсациялар ва моддий ёрдам тўғри ҳисобланишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг вилоят бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


26. Иш билан таъминлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан, зарур ҳолларда, аудиторлар ва аудиторлик фирмаларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.