язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқаролик/ Паспорт ва виза тизими/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.06.2009 й. ПФ-4117-сон "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.06.2009 й.

N ПФ-4117


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ПАСПОРТ

ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Чикаго конвенцияси (1944 йил декабрь) ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) Монреаль Ассамблеясининг 2004 йилдаги қарори (резолюцияси)га мувофиқ ушбу ташкилотга аъзо давлатлар 2010 йилдан кечиктирмай эгаларининг шахсий биометрик параметрлари ва белгиланган маълумотлари ҳақида электрон ахборот жамланган ҳамда юқори ҳимоя даражасига эга фуқаро паспортларининг жорий этилишини таъминлаши шарт.

Биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, Давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда.

Ҳозиргача дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тайёрланган биометрик параметрли паспортлар жорий этилган.

ИКАО аъзоси бўлган Ўзбекистон Республикасида авиаташишлар хавфсизлигини таъминлаш, авиация техникасининг ишончлилигини ва халқаро бозордаги рақобатбардошлилигини ошириш, авиатранспорт хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар учун максимал қулайликлар яратиш, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш ва бошқа тадбирлар борасида тизимли ва изчил иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ва замонавий халқаро андозалар ҳамда талабларни ҳисобга олган ҳолда, миллий паспорт тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматининг 2011 йил 1 январдан Ўзбекистонда эгаларининг биометрик маълумотлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини (бундан буён биометрик паспорт деб юритилади) жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Аҳолининг амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини биометрик паспортга босқичма-босқич алмаштириш тартиби тасдиқлансин:

биринчи босқич (2011 йил) - республика вазирликлари, идоралари ва муассасалари хизматчиларига, хорижга чиқаётган ёки чет элдаги жисмоний шахсларга, шунингдек муайян ёшга тўлган ёки қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра паспорт олаётган фуқароларга;

иккинчи босқич (2012-2015 йиллар) - қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига.

3. Биометрик паспортларни марказлашган ҳолда тайёрлаш ва уларнинг ҳисобини самарали юритиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мазкур паспортлар билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат персоналлаштириш маркази (ДПМ) ташкил этилсин, марказ биометрик паспортлар бланкаларини тайёрловчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси (ДИБ) ҳудудида жойлаштирилсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

паспорт олиш учун мурожаат этган шахслар бўйича белгиланган маълумотлар ва биометрик параметрларни тўплаш, ушбу маълумотларни ДПМга юбориш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига биометрик паспортларнинг ўз вақтида берилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг бўлинмаларига ва Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг хориждаги консуллик муассасаларига юкланади;

фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтиш пайтида паспортларда кўрсатилган биометрик параметрларга биноан шахсни идентификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг чегара назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

5. Вазирлар Маҳкамаси ўрнатилган тартибда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

бир ой ичида - Давлат персоналлаштириш маркази тўғрисидаги Низомни;

икки ой ичида - ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомнинг янги таҳририни.

6. Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат фуқароларини биометрик паспортлар билан таъминлаш тизими самарали амал қилишини таъминлаш мақсадида ИИВ, ТИВ, МХХнинг тегишли бўлинмаларини 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ, замонавий жиҳозлар билан таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда ДПМнинг "Давлат белгиси" ДИБ ҳудудида жойлаштирилиши ва жиҳозланишини, ажратилган бинонинг капитал ва жорий таъмирланишини, зарур ташкилий техника, офис мебели, алоқа воситалари ва марказнинг самарали фаолияти учун зарур бўлган бошқа моддий-техник воситалар билан таъминласин.


8. Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги республиканинг бошқа манфаатдор вазирликлари ва идоралари билан биргаликда:

бир ой муддатда хорижий тажрибани чуқур таҳлил қилган ҳолда ва техник-иқтисодий асосларга мувофиқ ДПМнинг ишлаб чиқариш моддий-техник базасини шакллантиришга доир дастур ишлаб чиқсин ва унинг 2009-2010 йилларда амалга оширилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини биометрик паспортлар билан таъминлаш бўйича ташкил этилаётган тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш ва унга хизмат кўрсатадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашни изчиллик асосида ташкил этсин.


9. Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари бир ой муддатда Ўзбекистонда биометрик паспортларни жорий этиш бўйича лойиҳани молиялаштириш масаласини ишлаб чиқсин ва кўриб чиқиш учун ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўрнатилган тартибда хорижий давлатлар ҳукуматларини, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотини ва Халқаро стандартлаштириш ташкилотини Ўзбекистонда миллий паспорт тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида хабардор қилсин.


11. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда икки ой муддатда ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўрнатилган тартибда таклифлар киритсин.


12. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) 1-2-иловалар берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 26-сон, 294-модда