язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқаролик/ Паспорт ва виза тизими/ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг, битимга биноан ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномалари ва заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.02.2002 й. 55-сон қарорига 5-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 15 февралдаги

55-сон қарорига

5-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари

офицерининг, битимга биноан ҳарбий

хизматчининг шахсий гувоҳномалари

ва заҳирадаги офицернинг

гувоҳномаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг, битимга биноан ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномалари (кейинги ўринларда "ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси" деб юритилади) ва заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси тўғрисидаги Низом гувоҳномаларни бериш, алмаштириш, ҳисобга олиш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, шунингдек улар яроқсиз ҳолга келтирилганлиги, йўқотилганлиги ва эҳтиётсизлик билан сақланганлиги учун жавобгарлик тартибини белгилайди.


2. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳарбий хизмат назарда тутилган Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идоралари ҳарбий тузилмаларида офицер ва битимга биноан ҳарбий хизматчи сифатида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси офицер ва битимга биноан ҳарбий хизматчининг шахсини ва хизмат мавқеини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси офицерга ва битимга биноан ҳарбий хизматчига ҳарбий хизматчининг ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлиш бутун даврида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ўрнини босади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ҳақиқийдир.

Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини олиш ҳуқуқига эгадир.

Заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси фуқарога паспорт ўрнини босмайди.


4. Заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига мансублигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


5. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланмайди. Чет элга чиқаётган Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчиларига Паспорт тизими тўғрисидаги низомга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти берилади.

6. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси тегишли вазирликлар ва идораларнинг кадрлар хизматлари томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари заҳирадаги офицерининг гувоҳномаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ёки туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан берилади.

7. Ҳарбий хизматчи шахсий гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари заҳирадаги офицерининг гувоҳномаси бланклари барча вазирликлар ва идоралар учун ягона намунада ўзбек (лотин ҳарфларида) ва рус (кириллица ҳарфларида) тилларида тайёрланади.


8. Ҳарбий хизматчи ва ҳарбий хизматга мажбур унга берилган гувоҳнома сақланиши учун шахсан жавоб беради. Гувоҳнома яроқсиз ҳолга келтирилганлиги, йўқотилганлиги, эҳтиётсизлик билан сақланганлиги ва бошқа шахсларга берилганлиги учун айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилади.


9. Офицер ва битимга биноан ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматдан бўшатилган тақдирда ҳарбий қисм штаби (кадрлар органи) ҳарбий хизматчи шахсий гувоҳномасининг "Хизмат мавқеидаги ўзгаришлар" устунига шахсий таркиб бўйича буйруқнинг тартиб рақамига ва санасига ҳавола қилган ҳолда ҳарбий хизматдан бўшатиш тўғрисидаги ёзувни қайд этади, ушбу ёзув ҳарбий қисм штаби бошлиғи (кадрлар органи бошлиғи)нинг имзоси билан тасдиқланади ва унга гербли муҳр босилади. Бунда "тайинланган" сўзининг устидан чизилади.


10. Ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси у ҳарбий ҳисобга қўйилганда мудофаа ишлари бўлимида олиб қўйилади. Ҳарбий хизматчининг олиб қўйилган шахсий гувоҳномаси ўрнига заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳнома берилади.

Ҳарбий хизматчидан олиб қўйилган шахсий гувоҳнома мудофаа ишлари бўлимида далолатнома асосида белгиланган тартибда йўқ қилинади.


11. Вафот этиши (ҳалок бўлиши) муносабати билан ёки бошқа сабабларга кўра Қуролли Кучлар шахсий таркиби рўйхатидан чиқарилган ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ҳарбий қисм штаби томонидан гувоҳномани берган кадрлар органига юборилади ва у ерда далолатнома асосида йўқ қилинади. Далолатномада ҳарбий хизматчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, йўқ қилинган шахсий гувоҳноманинг серияси ва тартиб рақами кўрсатилади. Далолатнома кадрлар органининг шахсий гувоҳномалар бўйича ёзишмалар йиғма жилдига тикиб қўйилади.



II. ШАХСИЙ ГУВОҲНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ


12. Офицер шахсий гувоҳномаси:

ҳарбий хизматчига биринчи офицерлик унвони берилганда ва у Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг офицер кадрлар таркибига ўтказилганда;

ихтиёрий тартибда ёки чақириқ бўйича заҳирадаги офицер Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига ҳақиқий ҳарбий хизматга жалб этилганда берилади.


13. Битимга биноан ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ҳарбий хизматчига ёки ҳарбий хизматга мажбурга у битимга биноан ҳарбий хизматга қабул қилингандан ва лавозимга тайинлангандан кейин (кичик мутахассислар тайёрлаш марказига қабул қилингандан кейин) берилади.

14. Заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси:

офицерлар таркиби ҳарбий унвонига эга бўлган, ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатилган ва заҳирага ўтказилган ҳарбий хизматчига;

аттестацияга кўра офицерлар таркибига ўтказилган битимга биноан ҳарбий хизматчига у ҳарбий хизматдан бўшатилганда ва заҳирага чиқарилганда;

заҳирадаги офицерлар тайёрлаш дастури бўйича таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига заҳира бўйича биринчи офицерлик унвони берилганда берилади.


15. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси:

ҳақиқий ҳарбий хизматда турган ҳарбий хизматчиларнинг гувоҳномаси умумий тарзда алмаштирилганда;

гувоҳноманинг барча устунлари тўлиб қолганда;

фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ёки миллати ўзгарганда;

гувоҳнома яроқсиз ҳолатга келган тақдирда;

ҳарбий хизматчи ҳарбий хизмат назарда тутилган бошқа вазирлик ёки идорага хизматни давом эттириш учун сафарбар қилинганда;

ҳарбий хизматчига "майор" ва "полковник" ҳарбий унвони берилганда;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида 10 ва 20 календарь йил хизмат қилган битимга биноан ҳарбий хизматчига;

вазирлик ва идора раҳбарининг кўрсатмаси бўйича бошқа ҳолларда алмаштирилади.


16. Ҳарбий хизматчиларнинг шахсий гувоҳномалари вазирликлар ва идораларнинг номлари ўзгарган, вазирликлар ва идоралар таркибида мустақил ҳарбий тузилмалар ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда вазирлик ва идора раҳбарининг кўрсатмаси бўйича қайта рўйхатдан ўтказилади.


17. Шахсий гувоҳномани тўлдириш ва уни ҳарбий хизматчига бериш вазирлик (идора)нинг кадрлар органи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


18. Уруш даврида ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ҳарбий округнинг кадрлар органи томонидан тўлдирилади ва берилади.


19. Даволанишда, узоқ муддатли хизмат сафарида, шунингдек штатдаги лавозимдан озод этилмаган ҳолда ўқишда бўлган ҳарбий хизматчига шахсий гувоҳнома хизмат жойида берилади, алмаштирилади ва қайта рўйхатдан ўтказилади. Агар гувоҳномани бериш, алмаштириш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш муайян муддатлар билан чекланган бўлса, бундай ҳолларда шахсий гувоҳнома ҳарбий хизматчи бўлган жойга юборилади ва тилхат билан унга топширилади. Янги шахсий гувоҳнома олинганлиги тўғрисидаги тилхат ва эски шахсий гувоҳнома ҳарбий хизматчи хизмат қилган жойдаги қисмга юборилади.

Битимга биноан ҳарбий хизматчига шахсий гувоҳнома беришда ҳарбий гувоҳнома ундан олиб қўйилади ва унинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдида сақланади. Бу ҳақда шахсий ҳужжатлар йиғма жилдининг қўшимча материалларидаги рўйхатга белги қўйилади.


20. Ҳарбий хизматчи томонидан шахсий гувоҳнома, ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан - заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси йўқотилган (яроқсиз ҳолга келган) тақдирда, йўқотишнинг барча ҳолатлари аниқлангандан кейин, йўқотишда (яроқсиз ҳолга келишда) ҳарбий хизматчининг айби бўлган тақдирда унга янги гувоҳнома интизомий жазо берилгандан кейин берилади.

Ҳарбий хизматчининг янги гувоҳномаси ва заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси ҳарбий хизматчилар гувоҳнома бланки қийматини тўлаган ҳолда биринчи беришдаги сингари асосларда ва тартибда берилади.



III. ШАХСИЙ ГУВОҲНОМАНИ ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ


21. Ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси ва заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси ушбу мақсадлар учун махсус белгиланган мансабдор шахслар томонидан ҳарбий хизматчининг шахсий ҳужжатлар йиғма жилди (заҳирадаги офицернинг қисқартирилган шахсий ҳужжатлар йиғма жилди) асосида тўлдирилади.


22. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси биринчи-учинчи саҳифалари махсус босма ёзув ускуналари қўлланган ҳолда гувоҳномани берадиган вазирлик (идора)нинг кадрлар органи томонидан тўлдирилади.

Заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси биринчи ва иккинчи саҳифаларини тўлдириш ва уни бериш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ёки туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Гувоҳноманинг биринчи саҳифаси барча зарур маълумотлар киритилгандан, фотосурат ёпиштирилгандан, вазирлик (идора) кадрлар органи гербли муҳри билан тасдиқлангандан кейин ўзи елимланадиган шаффоф пластик плёнка билан муҳофазаланади.


23. Фотосуратлар (бюст, анфас) 3х4 см ўлчамда тайёрланади. Ҳарбий хизматчи кундалик ҳарбий кийим-бошда (шинель, пальто ва бош кийимисиз), заҳирадаги офицерлар фуқаро кийимида суратга тушадилар. Фотосуратлардаги фарқлаш белгилари ҳарбий хизматчининг гувоҳнома тўлдирилган кундаги ҳарбий унвонига мувофиқ бўлиши керак.


24. Шахсий гувоҳномага киритиладиган барча кейинги ёзувлар, гувоҳнома эгасининг шахсий имзоси ва гувоҳномага ёзувларни қайд этган мансабдор шахсларнинг имзолари ўчириб ёзилмасдан ва тузатилмасдан аниқ, тушунарли хуснихат билан қора рангдаги тушда ёзилади. Шахсий гувоҳномалар бошқа рангдаги туш ва сиёҳлар, шарикли ручкалар билан ёзилишига, шунингдек штамплар қўлланилишига (ФҲДЁ органлари штамплари ва қоннинг гуруҳи ва резус-фактори тўғрисидаги штамплардан ташқари) йўл қўйилмайди.


25. "Оилавий аҳволи ва оиласининг таркиби" устунида никоҳдан ўтганлик ёки унинг бекор қилинганлиги, вояга етмаган болалар борлиги тўғрисида белги қўйилади.

Оилавий аҳволи тўғрисидаги ёзувлар (гувоҳнома тўлдирилган кунда болаларнинг борлиги, кейинчалик болалар туғилиши ҳақида) ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган ҳужжатлар асосида ёзилади.

"Алоҳида қайдлар" устунида қоннинг гуруҳи ва резус-фактори тўғрисида штамп қўйилади. Бу устунга вазирлик (идора) раҳбарининг кўрсатмаси бўйича бошқа қайдлар ҳам киритилиши мумкин.

"Гувоҳномани янгидан қайд қилиш белгилари" устунида янгидан қайд қилиш санаси тўғрисида ёзув ёзилади (йил, кун, ой кўрсатилади) ва у гувоҳномани имзолаш ҳуқуқи берилган тегишли командир (бошлиқ)нинг имзоси билан тасдиқланади ва гербли муҳр босилади.



IV. ГУВОҲНОМАЛАР БЛАНКЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ,

УЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ, УЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ВА САҚЛАШ ТАРТИБИ


26. Ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси, заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш элементларига эга бўлган махсус қоғозда тайёрланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликларга (идораларга) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларига, улар орқали эса туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига жўнатилади.

27. Олинган ҳарбий гувоҳномаларнинг ҳисоби вазирликлар ва идораларнинг кадрлар органларида, мудофаа ишлари бошқармаларида ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида қатъий ҳисобда турадиган бланклар дафтарида олиб борилади.

Ҳарбий гувоҳномаларни ҳисобга олиш учун зарур бўлган дафтарлар ва бланклар вазирликлар, идоралар ва мудофаа ишлари бошқармалари томонидан тайёрланади.


28. Накладнойлар ва бланкларни бериш ведомостлари, зарур ҳолларда эса олинган бланклар мавжудлигини текширувчи комиссиялар далолатномалари бланкларни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш учун асос ҳисобланади.


29. Ҳарбий гувоҳномаларни юбориш, ҳисобга олиш ва сақлаш расмий давлат ҳужжатларига нисбатан қўлланиладиган амалдаги қоидаларга мувофиқ ташкил этилади.


30. Гувоҳномалар камомади аниқланган, улар йўқотилган ва ўғирланган ҳолларда текшириш ўтказилади ҳамда айбдор шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


31. Вазирликлар, идоралар ва мудофаа ишлари бошқармаларида ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида гувоҳномалар сақланиши ва ҳисобга олиниши учун офицерларни, битимга биноан ҳарбий хизматчиларни ва заҳирадаги офицерларни ҳарбий ҳисобга олиш билан шуғулланувчи бўлинмалар бошлиқлари масъул ҳисобланадилар.

32. Алмаштириладиган шахсий гувоҳнома ҳарбий хизматчи томонидан гувоҳномани берган вазирлик (идора)нинг кадрлар органига юбориш учун штабнинг мансабдор шахсига топширилади.


33. Тўлдириш пайтида бузиб қўйилган гувоҳнома бланки ва алмаштиришда олиб қўйилган гувоҳнома барча саҳифаларни чизиб ташлаш йўли билан бекор қилинади.

Бузиб қўйилган гувоҳнома бланки вазирлик (идора)нинг кадрлар бўлимида далолатнома асосида йўқ қилинади.


34. Кадрлар органлари ва мудофаа ишлари бошқармаларида ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида гувоҳномалар бланклари кирими, чиқими ва мавжудлиги шахсий таркибни ҳисобга олишнинг ҳолатини текшириш учун тайинланган, ушбу мақсадлар учун махсус ташкил этилган комиссиялар томонидан ҳар йили биринчи чоракда текширилади.

Комиссияларнинг далолатномалари шахсий гувоҳномалар бўйича ёзишмалар йиғма жилдига тикиб қўйилади.



V. ГУВОҲНОМАЛАР БЛАНКЛАРИНИНГ ТАВСИФИ


Офицернинг шахсий гувоҳномаси: ўлчамлари 77х110 мм, жойлашиши вертикал, ҳажми - 24 саҳифа, муқованинг ранги яшил, рангли офсет усулида босилади, серия "А", тартиб рақами қўйиш етти белгили, қоғоз саккиз қиррали кўринишдаги умумий сув белгиси бўлган 100 фоиз пахта асосида тайёрланган. Гувоҳноманинг биринчи саҳифасидаги ёзувлар ва фотосурат совуқ ҳолатда силлиқланган плёнка билан муҳофазаланади.

Битимга биноан ҳарбий хизматчи гувоҳномаси: ўлчамлари 77х110 мм, жойлашиши вертикал, ҳажми - 24 саҳифа, муқованинг ранги кул ранг, рангли офсет усулида босилади, серия "С", тартиб рақами қўйиш етти белгили, қоғоз саккиз қиррали кўринишдаги умумий сув белгиси бўлган 100 фоиз пахта асосида тайёрланган. Гувоҳноманинг биринчи саҳифасидаги ёзувлар ва фотосурат совуқ ҳолатда силлиқланган плёнка билан муҳофазаланади.

Заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси: ўлчамлари 77х110 мм, жойлашиши вертикал, ҳажми - 32 саҳифа, муқованинг ранги яшил, рангли офсет усулида босилади, серия "В", тартиб рақами қўйиш етти белгили, қоғоз саккиз қиррали кўринишдаги умумий сув белгиси бўлган 100 фоиз пахта асосида тайёрланган. Гувоҳноманинг биринчи саҳифасидаги ёзувлар ва фотосурат совуқ ҳолатда силлиқланган плёнка билан муҳофазаланади.