язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Шахснинг ҳуқуқий мақоми/ Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2008 й. 219-сон "Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари комплекси тўғрисида "ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.09.2008 й.

N 219


ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ

ИНСТИТУТЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

КОМПЛЕКСИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида" 2008 йил 1 майдаги ПФ-3994-сон Фармонини бажариш юзасидан ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2008 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар комплекси иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибиятига (кейинги ўринларда "Вакил Котибияти" деб аталади) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга (кейинги ўринларда "Марказ" деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан асосланган ҳисоб-китоблар бўйича ушбу қарорга иловага киритилган зарур замонавий офис мебели, автотранспорт, компьютер техникаси, дастурий воситалар ва бошқа моддий-техника воситалари сотиб олиш учун белгиланган тартибда маблағ ажратсин;

2008 йил октябрь ойидан бошлаб Давлат бюджетидан Вакилнинг, унинг Котибиятининг жорий таъминоти, босма материаллар чиқариш, ахборот нашрлари ва адабиётларга обуна бўлиш, халқаро Омбудсман институтларига аъзолик бадаллари тўлаш, Вакил ва унинг Котибияти ходимларининг халқаро форумлар ишида қатнашиши учун ҳар йили маблағлар ажратилишини, шунингдек автомобилларни сақлашга лимитлар ажратилишини назарда тутсин.


3. Вакил котибияти Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ўзбекистон шоҳ кўчаси, 16 "А"-уйдаги маъмурий бинога жойлаштирилсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқ Вакилнинг Котибияти учун ажратилган хоналар белгиланган тартибда таъмирланишини таъминласин.


4. Вакил Котибияти ва Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бир нусхада мажбурий юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Вакил Котибиятини ва Марказни босма ва китоб маҳсулотлари (ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва тарихий нашрлар)нинг назорат нусхаларини (1 нусха) бепул оладиган ташкилотлар рўйхатига киритсин ҳамда Вакил ва Марказнинг буюртманомалари бўйича ахборот-таҳлилий ва илмий маҳсулотлар нашр этилишига кўмаклашсин.


6. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги:

бир ой муддатда Вакил Котибиятини белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, Ҳукумат алоқа воситалари, шунингдек Интернет тармоғи билан таъминласин;

Вакил Котибияти ва Марказ билан биргаликда 2008 йил 1 ноябргача Интернет тармоғида уларнинг веб-сайтларини ишлаб чиқсин ва узлуксиз ишлашини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 30 сентябрдаги

219-сон қарорига

ИЛОВА



2008 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон миллий институтларининг

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш

бўйича чора-тадбирлар комплекси

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Харажатларнинг ҳисобланган

суммаси (млн. сўм)


Бажариш

муддати


Масъул

бажарувчилар


1

Вакил Котибиятини ва Марказни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани, Ўзбекистон шоҳ кўчаси, 16 "А"-уйда жойлашган маъмурий бино хоналарига жойлаштириш.

ҳар йили Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига коммунал ва фойдаланиш хизматларига ҳақ тўлаш суммаси доирасида


2008 йил

октябрь

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Молия вазирлиги

2

Вакил Котибияти ва Марказ хоналарини мебель ва офис анжомлари билан жиҳозлаш.

21,41 (шу жумладан: Вакил Котибиятига - 10,11 ва Марказга - 11,3)


2008 йил

октябрь

Молия вазирлиги, Вакил Котибияти, Марказ

3

Вакил Котибияти ва Марказ хоналарини компьютерлар ва ташкилий техника билан жиҳозлаш.

69,43 (шу жумладан: Вакил Котибиятига - 36,93 ва Марказга - 32,5)


2008 йил октябрь

Молия вазирлиги, Вакил Котибияти, Марказ

4

Вакил Котибияти ва Марказ учун 2 та енгил автомобиль сотиб олиш.

Шу жумладан:

Вакил Котибиятига - 1 та ("Дамас");

Марказга - 1 та ("Лассети").


48,2



11,4

36,8

2008 йил октябрь

Молия вазирлиги, "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси, Вакил Котибияти, Марказ


Барча маблағлар


139,04



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 40-41-сон, 411-модда.