ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 30.03.2007 й. 332-I-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2006 йилдаги фаолияти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2007 й.

N 332-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА

ВАКИЛИНИНГ (ОМБУДСМАННИНГ) 2006

ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси СенатинингРаиси                                            И. Собиров




Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон

ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)

2006 йилдаги фаолияти тўғрисида

ҲИСОБОТ



КИРИШ


Ҳисобот даври Ўзбекистон Республикаси икки палатали парламенти фаолиятининг иккинчи йили бўлди. Бу давр мамлакатимизни янада демократлаштириш жараёнлари муқаррар хусусиятга эга эканлигини кўрсатди. Ҳокимият қонун чиқарувчи тармоғининг роли ва обрў-эътибори кучайиши қонун ижодкорлигининг самарадорлиги ва сифати ошишига ғоят яхши таъсир кўрсатди, парламентнинг назорат фаолиятини жамоат назоратининг энг демократик шакллари билан яқинлаштириш сари яна бир қадам ташлаш имконини берди. Шуни айтиш керакки, парламент Омбудсмани бошқа миллий демократик институтлар билан бир қаторда адолатли ҳуқуқий давлат ташкил этиш жараёнларига демократик таъсир кўрсатувчи реал воситага айланди. Бу институтлар ушбу даврда давлат билан аҳоли ўртасидаги ўзига хос боғловчи унсурларга айланди.

Тақдим этилаётган ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг устувор йўналишларига, ўн бир йиллик даврдаги амалиёт ва орттирилган тажрибага мувофиқ тайёрланган бўлиб, парламент Омбудсмани институтининг 2006 йилдаги фаолияти якунларини, унинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзига хос бўлган муаммоларига доир таҳлил ва хулосаларини, инсоннинг турли тоифадаги ҳуқуқларини таъминлашга доир мониторинг тадқиқотлари натижаларини, мамлакатимиздаги шериклар, хорижлик ҳамкасблар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларга оид материалларни ўз ичига олади.



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ИНСОН

ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА КЎМАКЛАШИШ ВА МАЗКУР

ҲУЖЖАТЛАРГА РИОЯ ЭТИЛИШИ МОНИТОРИНГИ


Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш устидан назорат ишларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг роли катта бўлиб, у ўзига берилган воситалар ёрдамида, хусусан, нафақат бузилган ҳуқуқларнинг тикланишига, балки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳам ёрдам бермоқда.

2006 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган бир қатор қонун лойиҳаларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий экспертизадан ўтказди. Чунончи, Омбудсман институти "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаларига ва бошқа қонун лойиҳаларига оид ўз таклифларини тақдим этди.

2006 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил парламент палаталарининг қуйидаги қўмиталари билан ҳамкорликни давом эттирди: қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертиза қилиш соҳасида - Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси билан (9 та қонун лойиҳаси бўйича таклифлар киритилди); Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан (1 та қонун лойиҳаси бўйича таклифлар киритилди); қўмиталарнинг назорат фаолиятини амалга ошириш соҳасида - Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан (Қўмита сўрови асосида меҳнат ва ижтимоий масалалар соҳасидаги қонун ҳужжатлари мониторинги масалаларига доир Омбудсман фаолияти тўғрисида таҳлилий ахборот тайёрланди); ахборот-маърифий фаолият соҳасида - Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан (Қўмита билан биргаликда "Парламент ва Омбудсман: қўмиталар билан ҳамкорлик амалиёти" мавзуида семинар-тренинг ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этдилар).

Инсон ҳуқуқларига риоя этиш соҳасида мониторинг ўтказиш механизмларини такомиллаштириш Омбудсман фаолиятининг ҳисобот давридаги асосий йўналишларидан бири бўлди. Мамлакат турли минтақалари аҳолисидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга фуқароларнинг уй-жойга доир ҳуқуқлари, шу жумладан уй-жой-коммунал хизматлар соҳасидаги ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақида келаётган ёзма ва оғзаки мурожаатлар камаймаётганлиги кўп квартирали уйлардаги турар жойлар мулкдорларининг ҳуқуқлари таъминланиши устидан парламент назоратини давом эттириш заруратини юзага келтирди. Шу муносабат билан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан Ўзбекистон минтақаларининг шаҳар ва туманларида уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг таъминланишига доир мониторинг ўтказилди. Бунда 2005 йилда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 4 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида (ХУМШда) ўтказилган мониторинг асос қилиб олинди.

Масалани ўрганишдан мақсад кўп квартирали уйларда яшовчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши соҳасида ширкатлар фаолияти самарасизлигининг сабабларини; уй-жой мулкдорларининг ХУМШ, коммунал-эксплуатация хизматлари фаолиятидан қай даражада қаноатланаётганлигини; ширкат аъзоларининг ХУМШни бошқаришда ва қарорлар қабул қилишда иштирок этиш даражасини; ширкатлар фаолият юритаётган, хизматлар кўрсатаётган, уй-жой мулкдорлари билан ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этаётган шароитларни; уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши даражасини аниқлашдан иборат эди. Мониторинг жараёнида 434 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг фаолияти ўрганилди, анкеталаштириш ва сўровларда 25 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарларининг фаол қўллаб-қувватлаши натижасида мониторингда вилоятлардаги ўндан ортиқ ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Давлатимиз уй-жой-коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш, уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш соҳасида изчил иш олиб бораётганлигига қарамай, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида ҳали ҳам мана шу ғоят муҳим аҳамиятга молик бўлган уй-жой-ижтимоий соҳада жиддий камчиликлар, нуқсонлар мавжуд. Масалани ўрганиш ХУМШларнинг аксариятида уй-жой мулкдорларининг ширкатлар ва эксплуатация-сервис ташкилотлари, коммунал хизматлар ишидан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига ҳамма вақт ҳам риоя этилмаётганлигини кўрсатди. Ширкатлар, аҳолига хизмат кўрсатадиган идоралар ўз фаолиятларида, асосан қонунларга эмас, балки вазирликлар ҳамда идораларнинг қонуности ва меъёрий ҳужжатларига амал қилмоқдалар. Уй-жой мулкдорлари ҳар доим ҳам бу ҳужжатларни билавермайди, бунинг устига айрим ХУМШ раҳбарлари ширкат аъзоларини ушбу ҳужжатлар билан таништирмайди.

Мониторинг натижалари уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти самарадорлигини оширишга, кўп квартирали уйлардаги турар жойлар мулкдорлари билан коммунал хизмат кўрсатувчилар, тегишли ҳудудларда муҳандислик коммуникацияларини ишлатиш ва таъмирлаш билан шуғулланадиган пудратчи ташкилотлар ўртасидаги шартнома мажбуриятларини бажаришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, хусусий уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш зарурлигини кўрсатди.

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жиддий чоралар кўрилаётганлигига қарамай, улардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига келаётган мурожаатлар меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларга доир қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳозир ҳам ҳаммадан кўп шикоят қилинадиган масалалар тоифасига киришини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги иштирокида 2006 йил сентябрь ойида Фарғона водийсидаги тўқимачилик саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши мониторингини амалга оширди.

Мониторингдан кўзланган мақсад Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида мулкчиликнинг турли шаклларига мансуб тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси амалга оширилишини ўрганишдан иборат эди. Мониторинг ўтказиш учун ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар таркибига Омбудсманнинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги минтақавий вакиллари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг вилоят бўлинмалари вакиллари киритилди. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги мулкчиликнинг турли шаклларига мансуб бўлган 18 та тўқимачилик саноати корхонасида тадқиқот ўтказилди.

Фарғона водийси вилоятларида ишлайдиган аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва уларга риоя этишнинг аҳволини ўрганиш бўйича ўтказилган мониторинг, ишлайдиган аёллар орасида ўтказилган социологик сўров натижаларини умумлаштириш, кузатувлар ҳамда тўқимачилик корхоналари раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатлар бир қатор камчилик ва нуқсонларни, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалдаги қонун ҳужжатлари қоидалари қўпол равишда бузилаётганлигини, хотин-қизларга ва оилавий мажбуриятлар билан банд шахсларга қўшимча имтиёзлар бериш ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаётганлигини, иш ҳақи кечиктириб тўланаётганлигини, меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини ва меҳнат қобилиятини сақлашга қаратилган амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари бузилаётганлигини, қонун ҳужжатларининг иш вақтида танаффус бериш ҳақидаги қоидалари бузилаётганлигини ва дам олиш учун тегишли шароитлар йўқлигини; маиший хоналар, ошхоналарни сақлашнинг санитария-гигиена нормалари бузилаётганлигини, тайёрланаётган овқатнинг хиллари етарли ва сифати қониқарли эмаслигини, хотин-қизларнинг меҳнат қонунлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлиги пастлигини; касаба уюшмалари қўмиталари, хотин-қизлар кенгашлари хотин-қизлар орасида меҳнат қонунларининг қоидаларини тушунтириш соҳасида олиб бораётган ахборот-маърифий ишлар етарли эмаслигини кўрсатди. Ўтказилган мониторинг жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда Фарғона водийсидаги тўқимачилик саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг тавсиялари ишлаб чиқилди.



ФУҚАРОЛАРНИНГ ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ҲАМДА БУЗИЛГАН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ

ТИКЛАШ СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТ


Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклашга ёрдам бериш Омбудсманнинг Ўзбе кистонда инсон ҳуқуқларига тўла-тўкис ва самарали риоя этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат органлари, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишдаги устувор вазифалардан биридир.

Ҳисобот йилида Омбудсман институтига 7655 та, шу жумладан марказий офисга 4753 та, минтақавий вакилларга 1377 та, такроран 878 та мурожаат тушди, ишонч телефони орқали 647 та мурожаат бўйича юридик маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил номига фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилаётганлиги ҳақида келган мурожаатлардан 1434 таси назоратга олинди. Ҳисобот даврида 351 та мурожаат ижобий ҳал қилинди, қолганлари кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига почта орқали 3444 та, қабул вақтида 1309 та мурожаат тушди. Мурожаат қилганларнинг 2439 нафарини хотин-қизлар, 1858 нафарини эркаклар ташкил этди, шунингдек 456 та жамоавий шикоят тушди.

Омбудсман томонидан шахсан 14 та қабул ўтказилиб, уларда 118 нафар фуқаро қабул қилинди, 72 та мурожаат назоратга олинди, 46 та мурожаат бўйича тушунтириш берилди. Вакил томонидан мамлакат минтақаларига, шу жумладан Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига бориб, фуқаролар қабули ҳам ўтказилди. Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мониторингини ўтказиш жараёнида Омбудсман Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги тўқимачилик саноати корхоналарида ишлайдиган хотин-қизлар билан учрашди. Жойларга борилган вақтда маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, минтақавий вакиллар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Вилоятлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари билан учрашувлар ҳамда суҳбатлар ташкил этилди, пенитенциар муассасалар мониторинги ўтказилди.

Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан 17 та хулоса тайёрланиб, шуларнинг 10 таси Ўзбекистон Республикаси Олий судига, 4 таси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, 1 таси Самарқанд вилоят прокуратурасига ва Самарқанд вилоят ҳокимлигига, 1 таси жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судига ва 1 таси Жиззах вилоят прокуратурасига юборилди.

Парламент Омбудсмани номига мамлакатнинг барча минтақаларидан фуқароларнинг турли масалалар ва муаммолар баён этилган мурожаатлари келди. Фуқароларнинг энг кўп мурожаатлари Тошкент шаҳридан, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан йўлланган.

Фуқароларнинг мурожаатларида кўпроқ ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни таъминлаш - 1563 та (33 фоиз), яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, инсоний муомалага ва қадр-қимматни ҳурматлаш ҳуқуқига риоя этиш - 1104 та (23 фоиз), судда ишни адолат билан кўриш ҳуқуқига - 1009 та (21 фоиз) риоя этиш билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили турли давлат органлари, ижтимоий тузилмалар, чет эллик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиб, уларга 3634 та мурожаатни, шу жумладан ҳал қилиш учун назоратга олинган мурожаатларни йўллади.

Мамлакатимиз фуқаролари томонидан йўлланган шикоятлардан ташқари чет давлатлардан ҳам 45 та мурожаат тушди.

Ҳисобот даврида такрорий мурожаатлар сони олдинги йилдагига қараганда камайди (2005 йилда - 1004, 2006 йилда - 878). Бу ҳол Омбудсманга юборилган шикоятларни ҳал қилиш натижадорлиги бирмунча ошганлигидан далолат беради. Омбудсман бу шикоятларни давлат ҳокимияти органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан ҳамкорликда ўрганиб борди. Амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар жараёнида мансабдор шахсларнинг Омбудсман мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги масъулияти ошди, улар ариза берувчилар томонидан кўтарилаётган муаммоларни анча эътибор билан ва тезкор равишда ҳал этиб, фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш натижалари ҳақида Вакилни ўз вақтида хабардор қила бошладилар.

Бироқ айрим мансабдор шахсларнинг Омбудсман мурожаатига жавоб бериш муддатларини бузиши, мурожаатларни ҳал қилиш учун қуйи поғоналарга юбориб, сўнгра уларнинг ижросини назорат қилмаслиги ёки масаланинг моҳиятига дахлдор бўлмаган ахборотни жўнатиши, баъзан эса аризачининг далилларини текширмасдан, расмиятчилик юзасидан ёки номигагина жавоб бериши каби ҳолатлар ҳам мавжуд. 2006 йилда Омбудсманнинг 120 та мурожаати бўйича жавоблар ўз вақтида тақдим этилмаганлиги муносабати билан 35 та сўров, шу жумладан Таълим вазирлигига 2 та, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими вазирлигига 2 та, ҳокимликларга 22 та, суд органларига 26 та, прокуратура органларига 53 та фуқаролар шикоятлари юзасидан сўров юборилди. Ушбу ҳол "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси тўлиқ ишламаётганлигидан далолат беради. Бу эса ўз навбатида миллий қонун ҳужжатларини мазкур қонунга мувофиқлаштириш зарурлигини кўрсатади. Омбудсман ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш мумкинлиги ўз манфаатларини ҳимоялашнинг ҳамма ҳуқуқий механизмларидан фойдалангандан кейин Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат қилаётган аризачиларга тезкорлик билан жавоб бериш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш имконини беради.

2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига тушган мурожаатларни синчиклаб таҳлил қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи сабабларга барҳам бериш юзасидан эҳтиёт чораларини кўриш борасидаги ишлар қуйидаги ҳолларда самарали бўлишини кўрсатмоқда:

- парламент назоратининг барча шаклларини, шу жумладан ин сон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига сингдириш механизмини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш соҳасида, давлат аппарати мансабдор шахсларининг ҳуқуқни қўллаш, шу жумладан суд ишларини юритиш фаолиятида парламент назоратининг кучайтирилиши;

- фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари, шу жумладан судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда қатнашиши ҳуқуқий жиҳатдан етарли даражада таъминланмаганлигига барҳам берилиши;

- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалардаги ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимидаги айрим мансабдор шахсларнинг порахўрлиги, иш билмаслиги ва малакасининг етарли эмаслиги, масъулиятсизлиги ҳолларига чек қўйилиши;

- давлат органлари ва жамоат секторининг фуқаролар ҳуқуқий онгини очиш, жамиятнинг барча қатламларига ҳуқуқий билим бериш соҳасидаги кенг қамровли тизимни ривожлантириш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш таъминланганлиги.



ОМБУДСМАН МИНТАҚАВИЙ ВАКИЛЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ


2006 йилда Омбудсман минтақавий вакилларининг фаолияти жўшқин тус олди, моддий-техникавий жиҳатдан жиҳозлаш, маҳаллий органлар билан ўзаро ҳамкорликнинг кучайиши, аҳоли орасида ахборот-маърифий ишларнинг кенгайиши, фуқаролик жамияти институтлари билан узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкамланиши тамойиллари кузатилди.

Ҳисобот йилида минтақавий вакиллар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларига риоя этилишини мониторингини ўтказдилар. Бу ишда минтақавий вакиллар ҳузуридаги эксперт ва ишчи гуруҳлар аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари фаол қатнашдилар. Мониторинглар материаллари давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органларига тақдим этилди, тегишли ҳокимликларнинг мажлисларида муҳокама қилинди.

Фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, у қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Минтақавий вакилларнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишлари таҳлили фуқаролар ўзларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларига риоя этилиши ва бу ҳуқуқларнинг таъминланиши масалаларида Омбудсманнинг жойлардаги вакилларига борган сари кўпроқ мурожаат қилаётганлигини, шунингдек мурожаатлар кўпайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Ҳисобот йилида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан фуқароларнинг 1377 та мурожаати кўриб чиқилди, кўпчилик ҳолларда фуқароларнинг бу зилган ҳуқуқлари тикланди, аризачиларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари тушунтириб берилди.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари суд мажлисларида кузатувчи сифатида қатнашиш, аризачилар билан жойларга бориб учрашиш, аниқ ҳолатлар юзасидан пенитенциар тизим муассасаларига бориш, фуқароларни қизиқтираётган масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш усулларидан фаол фойдаландилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, бир қатор минтақаларда, хусусан, Тошкент шаҳрида, Андижон, Бухоро, Навоий, Сирдарё вилоятларида фуқароларнинг минтақавий вакилларга мурожаат қилиши ҳолларининг ўсиш тамойили кузатилди. Бир қатор минтақаларда (Жиззах, Наманган, Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида) фуқаролардан тушаётган шикоятлар сонининг камайиши тамойили кузатилди. Бу ҳол минтақавий вакиллар фаолиятининг ташкилий масалаларига, фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш борасида маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликнинг кучайганлигига боғлиқдир. Фуқароларнинг Омбудсман минтақавий вакиллари кўриб чиққан мурожаатларининг хусусияти шикоятларнинг аксарияти фуқароларнинг уй-жой, меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга тааллуқли эканлиги билан эътиборни ўзига тортади.

Ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган 232-II-сонли Қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ўз сессияларида Омбудсман минтақавий вакилларининг инсон ҳуқуқларига риоя этилиши борасидаги вазият ҳамда минтақавий вакил фаолияти ҳақидаги ахборотларини кўриб чиқдилар. Шу билан бирга Жиззах, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари вакиллик ҳокимияти органлари Омбудсманнинг мазкур масалалар бўйича ахборотини кўриб чиқмади. Парламент тавсияларини амалга ошириш учун ушбу масаланинг халқ депутатлари Кенгашларининг регламентларида акс эттирилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тегишли тавсиялар қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Чет мамлакатлардаги омбудсманлар институтларининг фаолият тажрибаси билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидан, Андижон, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан Омбудсманнинг олти нафар минтақавий вакили Австрия, Словакия ва Чехияга сафарида иштирок этди.

БМТ ТДнинг "Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар салоҳиятини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида 8 та минтақавий вакил офисларига (Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси) компьютер ускуналари бериш ва уларни Интернет тармоғига улаш йўли билан техникавий ёрдам кўрсатилди. 2006 йил апрель ойида БМТ ТД лойиҳасининг Тошкентдаги ресурс маркази базасида Омбудсманнинг саккиз нафар минтақавий вакили эксперт гуруҳларининг аъзолари ва кўнгиллилар компьютер саводхонлиги бўйича таҳсил олдилар.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари жойларда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор бердилар. Бу ҳамкорлик доирасида маҳаллий телевидение ва радио орқали мунтазам чиқишлар қилдилар, минтақавий матбуотда ("Андижоннома", "Бухоро ҳақиқати", "Тошкент оқшоми" - "Вечерний Ташкент", "Фарғона ҳақиқати", "Хоразм ҳақиқати" ва бошқалар) ва Интернет тармоғида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолият ҳақида вақти-вақти билан материаллар эълон қилиб турдилар.



ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ЖАМОАТ

СЕКТОРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти давлат ҳокимияти барча тармоқларининг органлари ва муассасалари ҳамда жамоат сектори билан ҳамкорлик қилиб, ўз ваколатларида белгилаб қўйилган йўналишлардаги фаолиятини ривожлантириб бормоқда.

Вакил Олий Мажлиснинг иккала палатаси билан ўзаро ҳамкорликни амалда рўёбга чиқариб, "Стратегия" маркази (Санкт-Петербург шаҳри, Россия Федерацияси) экспертлари иштирокида "Парламент ва Омбудсман: қўмиталар билан ҳамкорлик амалиёти" мавзуида давра суҳбати ўтказди. Давра суҳбатида депутатлар ва сенаторлар, шунингдек Ўзбекистон парламенти Омбудсмани институти билан ҳамкорлик қилувчи миллий ташкилотлар вакиллари, унинг жамоатчилик тузилмалари аъзолари қатнашдилар. Омбудсман институтининг вакиллари парламент палаталари қўмиталарининг тадбирларида: "Ўзбекистон Республикасида хайрия фаолиятининг ҳуқуқий асослари" мавзуидаги илмий-амалий конференцияда, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, халқ депутатлари Кенгашлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги роли" мавзуидаги семинарда ва бошқаларда ҳам иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликда Аҳолига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ва ходимларига, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий ахборот беришга доир тадбирларни амалга оширишга оид меморандумни рўёбга чиқаришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини амалга ошириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилаётганлиги ҳақидаги шикоят ва аризалари бўйича биргаликда текширишлар ўтказишга ҳамда бошқа масалаларга алоҳида эътибор берилди.

Навоий ва Тошкент вилоятларида семинарлар ўтказиш жараёнида маҳкумлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тергов изоляторида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланиши мониторинги олиб борилди.

Ҳибсга олинганлар ва айбланувчиларнинг турли тоифалари билан учрашувлар ўтказиш, уларни сақлаб туриш шароитлари, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнат билан бандлиги, ўқитиш шароитларига доир масалаларни ўрганиш мақсадида ҳисобот йили мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларига борилди, бунда вояга етмаган терговдагилар ва ҳибсга олинган хотин-қизларга алоҳида эътибор берилди.

Омбудсман ўзи ташкил топган дастлабки пайтдан бошлаб ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан ҳамкорлик қилиб келмокда, биргаликда давра суҳбатлари, семинарлар, тадқиқотлар ўтказмоқда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бўйича Миллий маърузаларни тайёрлашда иштирок этмоқда.

Юқорида айтиб ўтилган мониторингларнинг ўтказилиши ҳокимиятнинг турли тузилмалари ва институтлари билан самарали ҳамкорликка мисол бўла олади. Тегишли ишчи гуруҳлари таркибида давлат органлари ва жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Турли олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган ташкилотлар, хусусан, Тошкент давлат юридик институти, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ва Минтақавий сиёсат фонди билан биргаликдаги таълим ва тадқиқот фаолияти муваффақиятли давом этди.

Аввалги йилларда бўлгани каби Омбудсман институти жамоат сектори билан фаол ҳамкорлик қилди, унинг ҳайъат органлари (Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг, "Маҳалла" жамғармаси, Қизил ярим ой жамияти ва бошқаларнинг қурултой, пленум ва раёсатлари) ўтказган форумлар ва давра суҳбатлари ("Сен ёлғиз эмассан" ва "Болалар" фондлари, "Болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимида ислоҳотлар" халқаро форуми ҳамда бола ҳуқуқларини таъминлаш муаммолари бўйича давра суҳбати) ишида фаол қатнашди.

Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти нодавлат ташкилотлари билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси иштирокида хотин-қизлар муаммолари бўйича халқаро конвенцияларни амалга ошириш, уларнинг ҳисоботи ва мониторингини юритиш бўйича миллий экспертлар тайёрлаш масалалари юзасидан тренинг давом эттирилди.

Фуқаролик жамиятини қуриш даврида унинг муҳим унсури ва жамоатчилик фикрини шакллантириш воситаси бўлган оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Анъанага кўра, ҳамма тадбирлар матбуот ва электрон масс-медиа.



АХБОРОТ-МАЪРИФИЙ ФАОЛИЯТ


Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қурилаётган бутун давр мобайнида долзарб масала бўлиб келмоқда. Шу сабабли бу иш Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверди. Ушбу фаолият Омбудсманнинг ўз тадбирларини ташкил этиш йўли билан ҳам, парламент палаталари ва миллий шерикларнинг ахборот-маърифий руҳдаги тадбирларида, инсон ҳуқуқлари бўйича адабиёт ва материалларни нашр этиш ҳамда тарқатишда, оддий ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларда иштирок этиш йўли билан ҳам амалга ошириб келинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти жамиятнинг барча қатламларига инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот беришни амалга ошириб, ҳисобот йилида таълим, ахборот-маърифий йўналишдаги тадбирларни ўтказиб келди.

Давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий маданиятини оширишда 2006 йил мобайнида Ўзбекистонда парламент Омбудсмани институти таъсис этилганлигининг 10 йиллигини нишонлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан миллий шериклар ва Конрад Аденауэр номидаги Жамғарманинг Марказий Осиё, Қозоғистон ва Жанубий Кавказдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган "Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш соҳасида Омбудсман билан давлат органлари ва ноҳукумат ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари" ҳамда "Назоратни ташкил этиш ва маҳбусларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши соҳасида жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш" мавзуларида ўтказилган сайёр семинар-конференцияларнинг муҳим роль ўйнаганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) меҳнат жамоаларида, талабалар орасида ўтказган учрашувлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ёрдам беради. Омбудсманнинг Мир-Араб диний ўқув муассасасида; Урганч давлат университети талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан; Шошилинч тиббий ёрдам Республика илмий маркази Самарқанд филиалининг ходимлари билан; Наманган туманидаги "Ғайрат" ширкат хўжалиги ишчилари билан; Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимида илмий жамоатчилик билан учрашувлари бўлиб ўтди; шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Шимоли-Ғарбий округининг Нукус шаҳрида жойлашган қисмларидан бирида ҳам учрашув бўлиб ўтди; Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйига ташриф буюрилди.

Ҳисобот йилида Вакил, унинг ходимлари ва Омбудсманнинг чет эллик шериклари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Қонунийликни мустаҳкамлаш ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш муаммолари марказида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юристлар малакасини ошириш марказида, Ўзбекистон Республикаси И ишлар вазирлигининг Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси ўқув марказида сўзга чиқдилар. Бу учрашувлар чоғида Омбудсман, парламент, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар фаолияти ҳақида ахборот берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан тайёрланган "Омбудсманы мира" ("Дунё омбудсманлари") тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тўплам ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Мувофиқлаштирувчисининг офиси ёрдамида "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилган бўлиб, у конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш соҳасидаги билимларни бойитишга хизмат қилади. Ушбу тўпламдан Европа (Озарбайжон, Бельгия, Болгария, Венгрия, Буюк Британия, Дания, Испания, Литва, Польша, Португалия, Нидерландия, Чехия, Словакия, Словения, Швеция, Эстония), Шимолий ва Жанубий Америка (АҚШ, Канада, Мексика, Аргентина)даги 20 дан ортиқ мамлакат, Австралия омбудсманлари, олимлари ва амалиётчиларининг материаллари ҳамда, турган гапки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтини қарор топтиришнинг асосий босқичларини, унинг минтақавий вакилларининг фаолиятини, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, чет эллик ҳамкасблар билан ҳамкорлигини, шунингдек тиббий муассасаларда даволанувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини акс эттирадиган Ўзбекистон тажрибаси ҳам жой олди.

Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳам Омбудсман фаолиятининг муқаррар таркибий қисми сифатида ривож топди. Омбудсман томонидан ўтказилган деярли барча тадбирлар матбуотда ва электрон ОАВда ёритилди. Вакил институти фаолияти ҳақидаги материаллар марказий газеталар - "Халқ сўзи" - "Народное слово", "Правда Востока", "Постда" - "На посту", "Вақт" - "Время", "Тошкент оқшоми" - "Вечерний Ташкент", "Новости Узбекистана", "Инсон ва қонун", "Ҳуқуқ", "Ишонч" - "Доверие"да ва минтақалар матбуотида; "Демократизация и права человека", "Вестник Конституционного суда Республики Узбекистан", "Халқ таълими" журналларида, ЎзА, "Жаҳон", "Узрепорт" ахборот агентликларининг сайтларида эълон қилинди, марказий телеканаллар, маҳаллий телекомпаниялар, шунингдек радио орқали эфирга узатилди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ёрдамида Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг электрон сайти (www.ombudsman.gov.uz) қайта тикланди. Унда Вакил институтининг фаолияти, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш ҳақидаги материаллар жойлаштирилмоқда.



ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти чет эллик омбудсманлар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар билан алоқаларни чуқурлаштириш, чет элдан кел ган делегацияларни қабул қилиш ва улар билан учрашувларни ташкил этиш, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро анжуманларда қатнашиши, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар, чет мамлакатлар омбудсманлари, ажнабий фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш йўли билан амалга оширилди.

Ҳисобот йилида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, айнан ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, Германия Бундестаги, Германия Федерал ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ёрдам бўйича вакили, шунингдек Тюрингия ўлкаси (Германия) ландтагининг раиси, Базель кантони (Швейцария) Омбудсмани, АҚШ, Польша, Покистоннинг Ўзбекистондаги элчилари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Мувофиқлаштирувчиси, Конрад Аденауэр номидаги Жамғарма, Канада, Япония элчихоналари, Лондон университети вакиллари ва бошқалар билан учрашувларга бағишланган 30 га яқин қабул ўтказилди.

Омбудсманнинг ташқи алоқаларини мустаҳкамлаш доирасида Халқаро омбудсман институти билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга.

2006 йилда Европа Омбудсмани Институти билан ҳамкорлик анча фаоллашди. 2006 йил декабрь ойида Ўзбекистон Омбудсмани делегацияси Европа омбудсмани институтига борди ва ташриф жараёнида Европа омбудсмани институтининг ижро этувчи директори доктор Н. Шварцлер билан учрашди.

Оммавий ҳуқуқлар ҳимоячиси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш мақсадида 2006 йил декабрь ойида Ўзбекистон Омбудсмани делегациясининг Словакияга ташрифи амалга оширилди. Ташриф чоғида парламентда, Ички ишлар, Адлия вазирликларида, Бош прокуратурада учрашувлар бўлиб ўтди, Ўзбекистон делегациясига ушбу органларнинг тузилиши ҳақида, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар, Оммавий ҳуқуқлар ҳимоячиси билан ҳамкорлик ҳақида ахборот берилди. Бундан ташқари пенитенциар муассасага ҳамда Велке Дворники қишлоғидаги қишлоқ фуқаролар йиғинига (муниципалитетга) борилди.

Ҳисобот йилида омбудсманлар офиси ва ихтисослашган омбудсманлар фаолияти билан танишиш, уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш тажрибасини ўрганиш, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Омбудсман делегациясининг Австрияга сафари бўлиб ўтди. Сафар чоғида Австрия парламентида, Ички ишлар, Адлия вазирликларида, Маъмурий судда, даволанувчилар, болалар ҳуқуқлари бўйича парламент омбудсманлари, Тирол ери минтақавий Омбудсмани офисларида учрашувлар бўлиб ўтди, шунингдек Вена шаҳридаги пенитенциар муассасага борилди.

2006 йилда БМТ тузилмалари билан, хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссарининг Бошқармаси, БМТ ТД, ЮНИСЕФ, ЖСТ ваколатхоналари билан ҳамкорлик давом эттирилди.

2006 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 61-сессияси ишида қатнашди. Аъзо давлатлар вакиллари билан учрашувлар ҳамда БМТ БА Учинчи қўмитаси ишида қатнашиш чоғида Ўзбекистон парламенти Омбудсмани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократиялаш жараёнлари тўғрисида, суд-ҳуқуқ ислоҳотини амалга оширишга доир чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди.

2006 йил 18 - 22 ноябрда Карлови Вари шаҳрида (Чехия Республикаси) БМТ ТДнинг Братиславадаги Минтақавий Бюроси томонидан ташкил этилган Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари омбудсманларининг VII давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати ишида Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Ўзбекистондан борган омбудсманлар делегациялари, шунингдек халқаро экспертлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили давра суҳбати иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

2006 йил 3 - 5 декабрда Омбудсман Ўзбекистон делегацияси таркибида Европарламентда (Брюссель шаҳри, Бельгия) ўтказилган "Ўзбекистонда гендер тенглиги" мавзуидаги давра суҳбати ишида қатнашди. Давра суҳбати доирасида Ўзбекистонда гендер тенглигининг долзарб масалаларига бағишланган учта мажлис ўтказилди. Давра суҳбати давомида унинг иштирокчилари Ўзбекистон парламенти Омбудсманининг мамлакатда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этилишини ҳамда улар ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги фаолияти ҳақида ахборот олдилар.

2006 йил мобайнида Тюрингия (Германия) ўлкаси ландтаги раиси ва Базель кантони (Швейцария) Омбудсманининг ташрифлари амалга оширилиб, улар Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида "Инсон ҳуқуқларига риоя этилишини ва мазкур ҳуқуқлар ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида омбудсман институтининг давлат органлари ва ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро алоқасининг долзарб масалалари" мавзусида ўтказилган конференцияларда қатнашдилар.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Мувофиқлаштирувчиси парламент Омбудсманининг доимий халқаро шерикларидан биридир. 2006 йилда "Ўзбекистон Республикасида омбудсман институтини ривожлантиришга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида парламент аъзолари учун семинарлар ҳамда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ва эксперт гуруҳларининг аъзолари учун семинар-тренинглар ўтказилди, рус тилида "Омбудсманы мира" китоби нашр этилди, тажриба алмашиш мақсадида Омбудсман вакилларининг Европа мамлакатларига ўқув сафари амалга оширилди.

Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга чет эллик ҳамкасблардан инсоннинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашга ёрдам бериш масалалари бўйича 45 та мурожаат ва сўров тушди. Шу жумладан, Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилдан, Россия Федерациясининг Астрахань, Свердловск ва Смоленск вилоятлари, Олтой ва Приморье ўлкалари Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларидан, Украина Олий Радаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилидан, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиядан, Қирғизистон Омбудсменидан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, АҚШ фуқароларидан мурожаат ва сўровлар келди.

Чет эллик омбудсманлар билан амалий алоқалар янада ривожланишини таъминлаш мақсадида хорижлик ҳамкасбларнинг фуқаролардан тушган шикоятларни кўриб чиқиш масалалари бўйича сўров ва мурожаатларига устувор эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида Омбудсман минтақавий вакилларининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришга катта эътибор берилди. Бу ҳамкорлик чет элларда ўтказилган конференциялар, семинарлар, тренингларда маърузалар билан қатнашиш, шунингдек мамлакат минтақаларига борган халқаро ва чет эл ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ҳамда суҳбатлар ташкил этиш орқали амалга оширилди. Омбудсманнинг Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича минтақавий вакиллари БМТ ТДнинг Карлови Варидаги давра суҳбати ишида қатнашдилар, Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича минтақавий вакиллар Австрия ва Словакияга ўқув сафарини амалга оширдилар. Омбудсманнинг Самарқанд вилояти бўйича минтақавий вакили Германия Бундестаги делегацияси билан учрашувларда қатнашди.

2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти чет эллик ҳамкасблар билан алоқаларни икки томонлама асосда, шунингдек халқарс ташкилотлар доирасида кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тамойиллари билан ажралиб турди.



ХУЛОСА


Икки палатали парламент фаолиятининг иккинчи йили - Олий Мажлис палаталари фаолиятини уйғунлаштириш жараёни Омбудсманнинг парламент тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигига, мониторинг тадқиқотларини амалга оширишга, унинг назорат функцияларига ҳамда жамиятни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш концепциясини амалга ошириш босқичларига ижобий таъсир кўрсатди.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари институти алоҳида қўллаб-қувватлашни ва эътибор беришни талаб қилмоқда. Бу ноёб институт жойларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш соҳасидаги маҳаллий муаммоларни ҳал этиш борасида орттирган тажриба яқин ва узоқ хорижда янги ташкил этилаётган, Ўзбекистон тажрибасини синчиклаб таҳлил қилаётган ва ўрганаётган омбудсманлар ушбу моделга амал қила бошлашида қўл келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти 2007 йилда ўзи учун қуйидаги устувор йўналишларни белгилайди:

- миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, халқаро эътироф этилган стандартларга мувофиқ омбудсман институти барча тузилмаларининг ҳукуқий мақомини мустаҳкамлашга ва фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга ёрдам бериш;

- биринчи навбатда, шериклик ва ҳамкорлик принциплари асосида инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш борасида фаолият йўналишларини кенгайтириш ҳамда давлат ҳокимияти органлари, фуқаролик жамиятининг турли унсурлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш;

- инсоннинг турли тоифадаги ҳуқуқларига риоя этиш соҳасидаги мониторинг тадқиқотларини чуқурлаштириш ва натижадорлигини ошириш, шулар асосида миллий қонун ҳужжатлари ва уларни қўллаш амалиётини уйғунлаштириш бўйича зарур таклифлар тақдим этиш.

Парламент Омбудсманининг асосий ташаббуслари, саъй-ҳаракат ва интилишлари вужудга келган вазиятга мос бўлди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институтининг фаолияти мунтазамлик касб этишига, давлат органлари тизимида барқарор мавқега эга бўлишига, Ўзбекистонни янада демократлаштиришга ва ҳуқуқий жамият қуриш томон илгарилашига ёрдам беришга қаратилди.

















Время: 0.0205
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск