язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат/ Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2001 й. 162-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 6 апрелдаги

162-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ташқи меҳнат миграцияси масалалари

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли давлат муассасаси ҳисобланади.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро ҳуқуқий нормалар ва қоидаларга асосланган меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиб боришга доир фаолиятни республиканинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.

Агентлик мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, валюта ва бошқа ҳисоб рақамларига, штампга, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига,  Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлис қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг буйруқларига ҳамда ҳайъати қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўз вакиллари бўлади. Агентлик вакилларини тайинлаш бевосита Агентлик бошлиғи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ҳамда вилоятлар ҳокимликлари  меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари бошлиқларининг  тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади.


4. Агентликнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат ва инглиз тилларида ёзилган муҳри бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги касб бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элда ва хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг чет элда касб бўйича  фаолиятга бўлган ҳуқуқини ишга жойлаштириш, чет элда ишга жойлаштиришга номзодлар билан дастлабки мослашув тадбирларини ўтказиш йўли билан рўёбга чиқаришда кўмаклашиш;

хорижий ишчи кучларини ёлловчи чет эл фирмалари (корхоналар, муассасалар, компаниялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун идоралараро комиссия тавсияномаларига мувофиқ рухсатномалар бериш;

юридик шахсларга хорижий ишчи кучларини жалб этиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари таклифларига мувофиқ ҳамда ташқи меҳнат миграцияси жараёнлари таҳлилини, аҳоли меҳнат миграциясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўртача муддатли прогнозларини ҳисобга олган ҳолда хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида касб бўйича меҳнат фаолиятига тасдиқномалар бериш.


6. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

тегишли қарорларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан Ўзбекистон фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномалари, битимлари ва протоколларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

хорижий манбаларнинг меҳнат ва ижтимоий масалалар соҳасидаги ахборотларини тўплаш, туркумлаш ва таҳлил қилишни амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фаолиятида чет эл тажрибасидан самарали фойдаланишга йўналтирилган таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш масаласи бўйича шартномалар, битимлар ва протоколлар лойиҳаларини тайёрлашни ўз ваколати доирасида амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда белгиланган тартибда берилган рухсатномалар асосида ишлаётган хорижий фуқароларни ҳисобга олади;

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга иш берувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилади;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқномага эга бўлган хорижий фуқаролар томонидан республика ҳудудида касб бўйича фаолиятни амалга оширишнинг  белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;

меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига мувофиқ чет элга ишлаш учун жўнаб кетаётган фуқароларни ишга жойлашиладиган мамлакатда бўлиш хусусиятлари, хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномалари тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида хабардор қилади, зарурат бўлганда, уларнинг хўжалик ҳисоби асосида хорижий тилни ўрганишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали, белгиланган тартибда чет элда ишлаётган  Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолияти мониторингини амалга оширади;

чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ижтимоий муҳофазасини, шу жумладан ходим билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат контрактига мувофиқ ижтимоий суғурта қилинишини таъминлайди;

чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради;

хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни қидиради ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш тўғрисида битимлар тузади;

чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотларни хорижий иш берувчилар ўртасида, шу жумладан "Интернет" тармоқлари орқали тарқатади.


7. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

меҳнат миграцияси соҳасидаги давлатлараро ҳамкорлик лойиҳаларига мувофиқ чет элга ишлашга жўнатиладиган номзодлар тўғрисида маълумотлар олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ва ваколатли органларга мурожаат қилиш;

тузилган контрактларга мувофиқ чет элда ишлаш учун кадрларни танлаш, уларни касб бўйича лаёқатликни аниқлаш учун тест синовидан ўтказиш, уларга бориладиган мамлакатларнинг асосий қонунларини ўргатиш;

касб бўйича дастлабки танловдан ўтган ишчилар ва мутахассислар билан меҳнат контрактлари тузиш;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу юридик шахслар билан тузилган меҳнат шартнома (контракт)лари бўйича меҳнат (касб бўйича) фаолиятини амалга оширувчи хорижий фуқаролар тўғрисида маълумотлар олиш;

хорижий ишчи кучларини ёлловчи ва бундай ёллашга кўмаклашувчи хорижий компаниялар (фирмалар) билан ўз ваколати доирасида бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш;

зарурат бўлганда, ушбу Низомда назарда тутилган айрим функцияларни амалга ошириш учун ўқитувчиларни, вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларини ва бошқа фуқароларни шартномалар (контрактлар) бўйича жалб этиш.



III. АГЕНТЛИКНИНГ МОЛ-МУЛКИ


8. Агентликнинг мол-мулки асосий фондлардан ва айланма маблағлардан, шунингдек қиймати мустақил балансда акс эттирилган бошқа бойликлардан иборат бўлади.


9. Агентликнинг мол-мулки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ унга тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи билан  тегишли бўлади.



IV. АГЕНТЛИККА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


10. Агентликни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Агентлик бошлиғи бошқаради.

Агентлик бошлиғи:

Агентликнинг жорий фаолиятини ташкил қилади ва юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

Агентлик ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий давлатлар юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар олдида Агентлик манфаатларини ифодалайди;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда штат жадвалини, Агентлик аппарати таъминоти харажатлари сметасини тасдиқлайди;

ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар ҳамда юридик шахсларга хорижий ишчи кучларини жалб этиш учун рухсатномалар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлашиш учун хорижий фуқароларнинг касб бўйича фаолиятига тасдиқномалар беради.


11. Агентлик бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


12. Таркибий бўлинмалар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. АГЕНТЛИКНИНГ ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


13. Солиқлар ҳамда давлат бюджетига, шунингдек бюджетдан ташқари жамғармаларга бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин қолган фойда (даромад) Агентлик молиявий фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади ҳамда ундан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентликни ривожлантиришда фойдаланилади.


14. Қуйидагилар Агентликнинг молиявий ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

хўжалик ҳисобидаги фаолиятдан олинган фойда (даромад);

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонда касб бўйича фаолиятни амалга оширишга рухсатномаларни расмийлаштирганлик учун тўлов ҳисобига олинган маблағлар;

чет элда касб бўйича фаолиятни амалга ошириш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда шартнома асосида фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов ундиришдан олинган даромад;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар.

Агентлик пул маблағларини сақлаш ҳамда республика қонун ҳужжатларига зид бўлмаган барча турдаги ҳисоб-китоб ва касса операцияларини амалга ошириш учун тижорат банкларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқига эгадир.


15. Валюта тушуми Агентликнинг валюта ҳисоб рақамига ўтказилади ва ундан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда фойдаланилади. Илгари қилинган харажатларни қоплашдан ортиб қолган ва Агентлик ҳисоб рақамига тушадиган валюта маблағларини мажбурий сотиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


16. Агентлик вазифалар ва функцияларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.


17. Агентлик ўз ишларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботи юритади.



VI. АГЕНТЛИКНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


18. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш  қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. АГЕНТЛИКНИНГ ЮРИДИК МАНЗИЛИ


Тошкент шаҳри, Космонавтлар шоҳ кўчаси, 6-уй.