язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш/ Акциядорлик жамиятининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 19.04.2003 й. 189-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 19 апрелдаги

189 -сон қарорига

1-ИЛОВА



Акциядорлик жамиятининг

Кузатувчи кенгаши тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда акциядорлик жамиятининг Кузатувчи кенгашини (кейинги ўринларда матнда "Кузатувчи кенгаш" деб юритилади) ташкил этиш ва унинг фаолият тартибини, аъзоларини сайлашни, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи намунавий нормалар мавжуд.

Ушбу Низомнинг амал қилиши акциядорлик тижорат банкларига татбиқ этилмайди.

Муайян бир акциядорлик жамиятининг Кузатувчи кенгаши тўғрисидаги Низом мазкур акциядорлик жамиятининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.


2. Кузатувчи кенгаш жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, қонун ва уставда фақат акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар бундан мустаснодир.

Овоз берувчи акцияларга эгалик қилувчи акциядорлар сони ўттизтадан кам бўлган жамиятда жамият уставида Кузатувчи кенгаш функциялари Акциядорлар умумий йиғилишига юкланиши мумкин. Ушбу ҳолда жамият уставида Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш ваколатига тегишли бўлган жамиятнинг муайян шахси ёки органи тўғрисидаги кўрсатма мавжуд бўлиши керак.


3. Жамият Кузатувчи кенгашининг сон таркиби уставда ёки Акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади. Оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларга эгалик қилувчи акциядорлар сони 500 дан ортиқ бўлган очиқ акциядорлик жамияти учун Кузатувчи кенгашнинг сон таркиби еттита аъзодан кам бўлиши мумкин эмас, оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларга эгалик қилувчи акциядорлар 1000 дан ортиқ бўлган жамият учун эса камида тўққизта аъзодан кам бўлиши мумкин эмас.



II. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ


4. Кузатувчи кенгаш ваколатига қуйидагилар киради:

жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

жамият акциядорларининг йиллик ва навбатдан ташқари Умумий йиғилишларини чақириш, "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 72-моддаси ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

Акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибини тайёрлаш;

Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши санасини белгилаш;

Акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиш учун жамият акциядорлари реестрини тузиш санасини белгилаш;

жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставни тасдиқлаш масалаларини Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига киритиш, шунингдек аудиторлик текшириши ўтказиш, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига ҳақ тўлашнинг чекланган миқдорини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

агар жамият уставига ёки Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига мувофиқ бундай ҳуқуқ унга берилган бўлса, эълон қилинган акцияларнинг сони ва типлари доирасида акцияларнинг номинал қийматини кўпайтириш ёки жамият томонидан қўшимча акциялар жойлаштирилиши йўли билан жамият устав фонди миқдорини кўпайтириш;

агар жамият уставида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларни жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

мол-мулкнинг бозор қийматини белгилаш;

агар жамият уставига ёки Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига мувофиқ бундай ҳуқуқ унга берилган бўлса, қонунда назарда тутилган ҳолларда жамият томонидан жойлаштирилган акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамиятнинг ижро этувчи органини тузиш (сайлаш, тайинлаш, ёллаш ва ҳоказолар), агар жамият уставида бу унинг ваколатига тегишли деб топилган бўлса, ижро этувчи органнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш;

акциядорлик жамияти номидан ижро этувчи орган раҳбарини (бошқарув раисини, директорни) ва коллегиал ижро этувчи орган (бошқарув, дирекция) аъзоларини бир йил муддатга ёллаш тўғрисида меҳнат шартномаси тузиш;

агар жамият уставида ушбу масалани ҳал этиш унинг ваколатига тегишли бўлса ёки Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан ушбу масалани ҳал этиш унга топширилган бўлса, йиллик бизнес-режани тасдиқлаш;

агар бундай лавозимни жорий этиш жамият уставида назарда тутилган бўлса корпоратив маслаҳатчини тайинлаш;

агар жамиятнинг уставида жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш Кузатувчи кенгаш ваколатига тегишли бўлмаса ёки Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан унга топширилмаган бўлса, жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш. Бунда жамиятнинг келгуси йил учун бизнес-режаси жорий йилнинг 1 декабридан кечикмай Кузатувчи кенгаш мажлисида маъқулланиши керак;

ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;

агар жамият уставида бу унинг ваколатига тегишли деб белгиланган бўлса, ижро этувчи органга тўланадиган тақдирлаш пули ва компенсациялар миқдорини белгилаш;

жамиятнинг тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчига) тўланадиган тақдирлаш пули ва компенсациялар миқдори бўйича тавсиялар бериш ва аудиторлик ташкилоти хизматчиларига ҳақ тўлашнинг чекланган миқдорини белгилаш;

акциялар бўйича дивиденд миқдори ва уни тўлаш тартиби бўйича тавсиялар бериш;

жамиятнинг захира ва бошқа жамғармаларидан фойдаланиш;

жамиятни бошқариш органлари фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлаш;

жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

жамиятнинг шўъба ва бўйсунадиган корхоналарини ташкил этиш;

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг VIII бўлимида назарда тутилган ҳолларда мол-мулкни сотиб олиш ва бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битишувлар тузиш;

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг IX бўлимида назарда тутилган ҳолларда тузилишидан манфаатдорлик мавжуд бўлган битишувларни тузиш;

акциядорлик жамиятининг бошқа хўжалик жамиятларида қатнашиши билан боғлиқ битишувларни тузиш;

жамиятнинг ижро этувчи органи фаолиятига тегишли бўлган ҳар қандай ҳужжатлардан тўсиқсиз фойдаланиш ва Кузатувчи кенгашга юкланган вазифаларни бажариш учун уларни ижро этувчи органдан олиш. Олинган ҳужжатлардан Кузатувчи кенгаш ва унинг аъзолари фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;

йиллик бизнес-режанинг бажарилиши тўғрисида жамиятнинг ижро этувчи органи раҳбарининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш ҳамда якка бошчилик қиладиган ижро этувчи орган, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи раҳбари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан қўпол бузишларга йўл қўйилганда ёки жамият йиллик бизнес-режасининг тасдиқланган параметрларини бажариш барбод қилинганда улар билан тузилган шартномани муддатидан олдин бекор қилиш;

агар уставга мувофиқ унга бундай ҳуқуқ берилган бўлса, якка бошчилик қиладиган ижро этувчи орган (директор), жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи раҳбари (бошқарув, дирекция), бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан шартнома шартлари бузилганда улар билан тузилган шартномани бекор қилиш;

қонунда ва жамият уставида Кузатувчи кенгаш ваколатига тегишли деб белгиланган бошқа масалаларни ҳал этиш.

Жамиятнинг Кузатувчи кенгаши ваколатига тегишли бўлган масалалар жамиятнинг ижро этувчи органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.


III. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ АЪЗОЛАРИНИ

САЙЛАШ ВА ТАЙИНЛАШ

5. Жамиятнинг Кузатувчи кенгаши раисини сайлаш қонунда ва жамият уставида назарда тутилган тартибда бир йил муддатга Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан амалга оширилади.

Акциядорлик жамиятига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштириладиган акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")ни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда:

Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси қарори асосида кузатувчи кенгаш таркибига давлат вакили тайинланади;

илгари жамият уставида белгиланган кузатувчи кенгаш аъзолари сони унинг таркибига тайинланган давлат вакилини киритишни ҳисобга олган ҳолда кўпайтирилади.

6. Жамиятнинг Кузатувчи кенгаши аъзолари таркибига сайланган шахслар чекланмаган ҳолда қайта сайланишлари мумкин.

Кузатувчи кенгашнинг сайланган аъзосининг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра;

давлатнинг тайинланган вакилининг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази таклифи бўйича Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.

7. Давлат улуши устав фондининг 25 фоизидан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятидаги давлат ишончли вакили, шунингдек давлат вакили лавозимига кўра акциядорлик жамияти Кузатувчи кенгаши аъзоси ҳисобланадилар, акциядорларнинг умумий йиғилишида сайланмайдилар (қайта сайланмайдилар).

Давлат айни бир пайтда "олтин акция"га ҳамда акциядорлик жамиятининг 25 фоиздан ортиқ бўлмаган оддий акцияларига эгалик қилган тақдирда давлат вакили "олтин акция" эгаси бўлган давлат ваколатларини амалга ошириш билан бир қаторда давлат активларининг ишончли бошқарувчиси ваколатларини ҳам бажаради.

8. Жамият ижро этувчи органи аъзолари Кузатувчи кенгашга сайланиши мумкин эмас. Жамият Кузатувчи кенгаши аъзоларининг фаолиятини уларнинг ушбу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича фаолияти билан қўшиб олиб боришига йўл қўйилмайди.

Кузатувчи кенгашга қонунда назарда тутилган тартибда ушбу жамиятнинг акциядорлари ҳисобланмаган шахслар ҳам сайланиши мумкин.


9. Жамият Кузатувчи кенгаши таркибига сайлаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар устав ёки Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.


10. Акциядор ўзига тегишли акциялар бўйича овозларни тўлиқ бир номзодга беришга ёки уларни жамият Кузатувчи кенгаши аъзолигига бир неча номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.


11. Овозларнинг энг кўп сонини олган номзодлар Кузатувчи кенгаш таркибига сайланган деб ҳисобланади.


11-1. Жамият Кузатувчи кенгаши аъзоларини сайлаш кумулятив овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

11-2. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли бўлган овозлар сони жамиятнинг Кузатувчи кенгашига сайланиши керак бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тарзда олинган овозларни тўлиқ бир номзодга беришга ёки овозларни икки ёки ундан кўп номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.


IV. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ РАИСИ


12. Жамият Кузатувчи кенгаши раиси, агар жамият уставида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Кузатувчи кенгаш аъзолари томонидан унинг таркибидан Кузатувчи кенгашга сайланган (тайинланган) аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.

13. Жамиятнинг Кузатувчи кенгаши ўз раисини Кузатувчи кенгаш аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир, агар жамият уставида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса.


14. Жамиятнинг Кузатувчи кенгаши раиси, агар жамият уставида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, унинг ишини ташкил этади, Кузатувчи кенгаш мажлисларини чақиради ва унга раислик қилади, мажлисларда протокол юритилишини ташкил этади, Акциядорлар умумий йиғилишини очади ва унда раислик қилади.


15. Жамият Кузатувчи кенгашининг раиси йўқ бўлган ҳолларда унинг вазифасини Кузатувчи кенгаш аъзоларидан бири бажаради.


16. Кузатувчи кенгаш раиси, агар Кузатувчи кенгашнинг қарори билан ушбу ваколатлар бошқа шахсга юкланмаган бўлса, якка бошчилик қилувчи ижро этувчи орган (директор), коллегиал ижро этувчи орган (бошқарув, дирекция) раҳбари ва аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномаларни жамият номидан имзолайди.



V. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ МАЖЛИСИ


17. Жамият Кузатувчи кенгашининг мажлиси Кузатувчи кенгаш раисининг ўз ташаббуси билан, Кузатувчи кенгаш, тафтиш комиссияси аъзоси, жамиятнинг ижро этувчи органи, шунингдек жамият уставида белгиланган бошқа шахсларнинг талабига кўра чақирилади.

Жамиятнинг уставида Кузатувчи кенгаш мажлисини чақириш ва уни ўтказиш тартиби белгиланади. Кузатувчи кенгаш мажлиси, қоидага кўра, йил чорагида камида бир марта тўпланади.


18. Кузатувчи кенгаш йиғилишини ўтказиш учун кворум жамият уставида белгиланади, лекин у Кузатувчи кенгаш сайланган (тайинланган) аъзолари умумий сонининг 75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

19. Кузатувчи кенгаш аъзолари сони уставда назарда тутилган 75 фоиздан кам бўлиб қолган ҳолларда Кузатувчи кенгашнинг янги таркибини сайлаш учун жамият акциядорларнинг фавқулодда (навбатдан ташқари) Умумий йиғилишини чақиришга мажбурдир. Кузатувчи кенгашнинг қолган аъзолари фақат акциядорларнинг ана шундай фавқулодда (навбатдан ташқари) Умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


20. Жамият Кузатувчи кенгаши мажлисидаги қарорлар, агар "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунда ва жамият уставида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, мажлисда қатнашаётганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият Кузатувчи кенгаши мажлисида масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади.

Кузатувчи кенгашнинг акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлатнинг ушбу вакили томонидан "вето" қўйилган қарорлари ижро этилмайди.

21. Жамият Кузатувчи кенгаши бир аъзосининг овозни Кузатувчи кенгашнинг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.


22. Жамият Кузатувчи кенгаши мажлисларида протокол юритилади. Кузатувчи кенгаш мажлисининг протоколи йиғилиш ўтказилгандан сўнг 10 кундан кечиктирилмай тузилади.


23. Мажлис протоколида:

уни ўтказиш жойи ва вақти;

мажлисда қатнашувчи шахслар;

мажлис кун тартиби;

овоз беришга қўйилган масалалар, улар бўйича овоз бериш якуни;

қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.


24. Жамият Кузатувчи кенгаши мажлиси протоколи жамият Кузатувчи кенгашининг мажлисда қатнашаётган аъзолари томонидан имзоланади. Улар протоколнинг тўғрилиги учун жавоб берадилар.


VI. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Кузатувчи кенгаш аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кузатувчи кенгаш мажлисида шахсан қатнашиш, йиғилишда муҳокама қилинаётган масала юзасидан регламент билан ажратилган вақт доирасида сўзга чиқиш;

Кузатувчи кенгаш қарорига кўра муайян даврда акциядорлик жамиятининг фаолияти, уни ривожлантириш режалари тўғрисида ахборот олиш;

Кузатувчи кенгашда ишлаганлик учун (агар тақдирлаш пули тўлаш жамият акциядорларининг Умумий йиғилиши қарорида назарда тутилган бўлса), тақдирлаш пули ва (ёки) харажатларнинг компенсациясини олиш.

Кузатувчи кенгаш аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш Кузатувчи кенгаш раиси томонидан Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзоси учун аниқ амалга оширилади. Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзоси учун тақдирлаш пули миқдори фаолият самарадорлигига қараб Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан белгиланади.


26. Кузатувчи кенгашнинг жамият битишув тузишидан манфаатдор бўлган аъзоси ўз манфаатдорлиги тўғрисида Кузатувчи кенгашга битишув тузилиши пайтигача маълум қилиши шарт, битишув тўғрисидаги қарор эса Кузатувчи кенгаш томонидан, қонунда назарда тутилган ҳолларда, тегишли равишда Кузатувчи кенгаш аъзолари ёки бундай манфаатдорлиги бўлмаган акциядорларнинг кўпчилик овози билан Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Кузатувчи кенгашнинг ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакили томонидан "вето" қўйилган қарорлари ижро этилмайди.

27. Кузатувчи кенгаш аъзолари, агар улар, уларнинг эр-хотинлари, ота-оналари, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек уларнинг аффиляция қилинган барча шахслари:

бундай битишувнинг томонлари ҳисоблансалар ёки унда вакил ёки воситачи сифатида қатнашсалар;

битишувларнинг томони ҳисобланган ёки унда вакил ёки воситачи сифатида қатнашадиган юридик шахснинг йигирма ёки ундан кўп акциялари (улушлар, пайлари) фоизига эга бўлсалар:

битишув томони ҳисобланган ёки унда вакил ёки воситачи сифатида қатнашадиган юридик шахснинг бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган бўлсалар, шахсий манфаатдорликка эга ҳисобланадилар.


28. Кузатувчи кенгаш аъзолари Кузатувчи кенгаш томонидан у ёки бу қарорларни қабул қилишга таъсир кўрсатганлик учун бевосита ёки билвосита ҳақ олиш ҳуқуқига эга эмас.


29. Кузатувчи кенгаш аъзолари акциядорлик жамияти имкониятлари (мулкий ва номулкий ҳуқуқлар, хўжалик фаолияти соҳасидаги имкониятлар, акциядорлик жамиятининг фаолияти ва режалари тўғрисидаги ахборот)дан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.


30. Кузатувчи кенгаш аъзолари ўзларининг лавозим мажбуриятларини ҳалол, шунингдек акциядорлик жамияти манфаатлари йўлида улар энг яхши деб ҳисоблайдиган усул билан амалга оширишга мажбурдирлар.



VII. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ

АЪЗОЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


31. Жамият Кузатувчи кенгашининг аъзолари акциядорлик жамияти олдида қонун ҳужжатларига ва жамият уставига мувофиқ жавоб берадилар. Бунда овоз беришда қатнашмаган ёки жамиятга зарар етказувчи қарорга қарши овоз берган жамият Кузатувчи кенгаши аъзолари жавобгарликдан озод қилинади.


32. Жамият ёки жамиятнинг жойлаштирилган оддий акцияларининг умуман олганда камида бир фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) жамиятга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида Кузатувчи кенгаш аъзосига нисбатан даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.