язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш/ Эсдалик ва кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1038-XII-сон "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини белгилаш ва олий нишон - "Олтин Юлдуз" медалини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1038-XII



"ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ" УНВОНИНИ

БЕЛГИЛАШ ВА ОЛИЙ НИШОН - "ОЛТИН ЮЛДУЗ"

МЕДАЛИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони белгилансин ва олий нишон - "Олтин Юлдуз" медали таъсис этилсин.


2. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).


3. "Олтин Юлдуз" медалининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майдаги

1038-XII-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони тўғрисидаги

НИЗОМ


1. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади.

"Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам берилиши мумкин.


2. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Унвон бериш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентига "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони бериш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади.


3. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.

4. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланган шахсга "Олтин Юлдуз" медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжат топширилади.


5. "Олтин Юлдуз" медалини тантанали ва кенг ошкоралик вазиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топширади.

6. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар.

"Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат пассажир транспортининг барча турларида (таксидан ва бошқа транспорт турларининг буюртма рейсларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эгадирлар.

"Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган бошқа имтиёзлардан ҳам фойдаланадилар.


7. "Олтин Юлдуз" медали кўкракнинг чап томонига орден ва медаллардан юқорироққа тақилади.


8. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини такроран бериш мумкин эмас.


9. "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони вафотидан кейин берилган тақдирда "Олтин Юлдуз" медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат мукофотланганнинг оиласига топширилади.






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майдаги

1038-XII-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Олтин юлдуз" медалининг

ТАВСИФИ


"Олтин Юлдуз" медали 750 даражали (пробали) олтин қотишмасидан тайёрланади ва олд томонида ҳар бир қиррасининг икки ёнбағридан олтин нурлар таралган саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади. Юлдузнинг қарама-қарши жойлашган учларининг ораси 32 миллиметр. Медаль марказидаги диаметри 8 миллиметрли сатҳга жо бўлган доира ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рамзига монанд ярим ой ва беш қиррали юлдуз жойлашган. Ярим ой жо бўлган сатҳ айланасининг диаметри 6 миллиметр, беш қиррали юлдуз жо бўлган сатҳ айланасининг диаметри эса 3 миллиметрдир.

Медалнинг орқа томони марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби жойлашган. Гербнинг пастидаги нурга медалнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

Медаль ёнлари ўйиқ тўғри тўртбурчакли, ўлчами 16х25 миллиметрли қадағич (колодка)га илмоқча ва ҳалқа ёрдамида уланади.

Қадағич 925 даражали (пробали) кумушдан ишланади ва унинг орқа томонида мис қотишмасидан ишланган бураб киргизиладиган мурват бор.

Қадағичнинг қисмлари ва ҳалқа 0,25 микрон қалинликдаги тилла билан қопланган.

Қадағичнинг олди ички қисми республика Давлат байроғининг рангидаги йўл-йўл зардўзи мато (лента) билан қопланган.

Матонинг катталиги 11х20 миллиметр.

Медалнинг колодкасиз оғирлиги 17 грамм.