язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш/ Медаллар/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1046-XII-сон "Шуҳрат" медалини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1046-XII



"ШУҲРАТ" МЕДАЛИНИ ТАЪСИС

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Шуҳрат" медали таъсис этилсин.


2. "Шуҳрат" медали тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).


3. "Шуҳрат" медалининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майда қабул

қилинган Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Шуҳрат" медали тўғрисидаги

НИЗОМ


1. "Шуҳрат" медали билан республика иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланадилар.


2. "Шуҳрат" медали билан Ўзбекистон Республикаси Президенти мукофотлайди. Медаль билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


3. "Шуҳрат" медали билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.

4. "Шуҳрат" медалини ва бу мукофотга оид тегишли ҳужжатни тантанали вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бошқа шахслар топширади.

5. "Шуҳрат" медали билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

"Шуҳрат" медали билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.


6. "Шуҳрат" медали кўкракнинг чап томонига тақилади.


7. "Шуҳрат" медали билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда медаль, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майда қабул

қилинган Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Шуҳрат" медалининг

ТАВСИФИ


"Шуҳрат" медали дастлаб 0,5 микрон қалинликда никель, кейин эса 0,25 микрон қалинликда тилла қотишма қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва қисман турли рангдаги эмаль берилган бўлади.

Медаль диаметри 34 миллиметрли доира шаклида.

Медалнинг олд томонида кўтарилиб келаётган қуёш нурлари ичида Ўзбекистон иқтисодий қудратининг рамзи бўлган манзара бўртма йўсинда тасвирланган.

Медалнинг қуйи қисмида оқ эмаль фонида қабариқ ҳарфларда "S`UHRAT" деган ёзув берилади. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр. Медалнинг четлари икки томондан бўртма доира билан ҳошияланган.

Медалнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Пастки қисмида медалнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

Медалнинг қалинлиги 3 миллиметр.

Медаль республика Давлат байроғи рангларидаги йўл-йўл шойи мато сирилган беш бурчакли қадағич (колодка)га ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади. Матонинг эни 24 миллиметр. Кўк, оқ ва яшил йўлларининг эни 7 миллиметрдан, қизил йўлларининг эни 1,5 миллиметр.

Қадағичнинг бўйи 48 миллиметр, эни 45 миллиметр.

Медаль тўғноғич билан тақилади.