язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Гидрометеорология. Геодезия ва картография. Сейсмология/ Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1997 й. 417-I-сон "Геодезия ва картография тўғрисида"ги Қонуни

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1997 й.

N 417-I



ГЕОДЕЗИЯ ВА КАРТОГРАФИЯ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида геодезия ва картографияга оид фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг геодезия ва картография маҳсулотига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг геодезия ва

картография тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Геодезия ва картографияга оид фаолият соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида геодезия ва картография тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Геодезия ва картографияга оид фаолият

соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг

объектлари ва субъектлари

Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди, табиий осмон жисмларини қўшган ҳолда космик фазо геодезия ва картографияга оид фаолиятнинг объектлари ҳисобланади.

Ўз ваколатига мувофиқ геодезия ва картографияга оид фаолиятни тартибга солувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, геодезия ва картография ишларининг буюртмачилари ёки ижрочилари ёхуд геодезия ва картография материалларининг (маълумотларининг) эгалари ҳисобланувчи, шунингдек геодезия ва картография маҳсулотини сотувчи юридик ҳамда жисмоний шахслар геодезия ва картографияга оид фаолиятнинг субъектлари жумласига киради.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

геодезия ва картографияга оид фаолият

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия ва картография иши билан шуғулланувчи барча субъектларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг буюртмалари бўйича умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картография ишлари, шунингдек махсус (тармоққа оид) ишлар бажарилишини ташкил этади;

давлат топография хариталари ва режаларининг ягона давлат координаталар, баландликлар, гравиметрия ўлчовлари тизимларини, масштаб қаторларини белгилайди;

геодезия ва картографияга оид фаолиятни бошқарувчи давлат органини белгилайди;

ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.



5-модда. Давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари

Давлат геодезия назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

геодезия ва картографияга оид фаолият билан шуғулланувчи барча субъектлар норматив-техникавий ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегаралари ва ҳудуди картография хариталари ва бошқа ҳужжатларда тўғри акс эттирилиши устидан назорат қилиш;

геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олиш;

геодезия пунктларини ҳисобга олиш;

давлат картография-геодезия фондининг ишлашини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ўзгартишлар киритиб бориладиган маълумотнома тариқасидаги харитасини юритиш.

Давлат геодезия назоратининг мансабдор шахслари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

геодезия ва картографияга оид ишларни ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек ана шу ишларни ва аэрокосмик суратга олишларни бажариш натижасида олинган материалларни (маълумотларни) жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва сотиш тартибини бузиш ҳоллари аниқланганида уларни бартараф этишни талаб қилиш;

геодезия ва картографияга оид фаолият масалалари юзасидан барча зарур ҳужжатлар билан танишиш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга кириш;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ушбу Қонунда назарда тутилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни олиш.

Ўзбекистон Республикасида Давлат геодезия назорати тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади.


6-модда. Давлат аҳамиятига молик геодезия ва

картография ишлари

Қуйидагилар давлат аҳамиятига молик геодезия ва картография ишлари жумласига киради:

Ер шаклининг ва ташқи гравитация майдонининг параметрларини аниқлаш;

давлат топография хариталари ва режаларини график, рақамли, фотографик ва бошқа шаклларда яратиш, янгилаб туриш ва нашр қилиш;

давлат геодезия ва нивелир тармоқларини яратиш, ривожлантириш ва иш ҳолатида сақлаб туриш;

Ерни масофадан туриб зондлаш ва геодинамик тадқиқ этиш;

Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фондини шакллантириш ва уни бошқариш;

географик ахборот тизимларини яратиш ва уни бошқариш;

умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ва бошқа тармоқлараро аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар, ўқув картография қўлланмалари тузиш ва нашр қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегаралари делимитация, демаркация қилинишини ва давлат чегараси чизиғининг ўтиши текширилишини геодезия, топография, картография ва гидрография жиҳатидан таъминлаш;

геодезия, топография ва картография ишларини метрология жиҳатидан таъминлаш;

географик объектларнинг номларини белгилаш, нормаллаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш;

геодезия ва картография техникасини кўплаб ишлаб чиқаришни ташкил этиш.


7-модда. Махсус аҳамиятга молик геодезия ва

картография ишлари

Қуйидагилар махсус (тармоққа оид) аҳамиятга молик геодезия ва картография ишлари жумласига киради:

шаҳарлар, аҳоли пунктларининг, турли объектлар қурилиш участкаларининг бош режаларини, ерости тармоқлари ва иншоотлари лойиҳаларини тузиш, бинолар ва иншоотларни қурилиш участкаларига боғлаш, шунингдек бошқа махсус ишларни бажариш учун мўлжалланган топографик режаларни яратиш ва уларни янгилаб туриш;

махсус аҳамиятга молик географик ахборот тизимларини яратиш ва уларни бошқариш;

махсус аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар нашр қилиш;

муҳандислик қидирув ишлари, турли иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланиш, ер участкаларининг чегараларини ажратиш, кадастрларни юритиш ва бошқа қидирув ишлари чоғида геодезия, топография ишлари, аэро суратга олиш ва бошқа махсус ишларни бажариш.



8-модда. Геодезия ва картографияга оид фаолият

соҳасидаги норматив-техник ҳужжатлар

Геодезия ва картографияга оид фаолият соҳасидаги норматив-техникавий ҳужжатлар геодезия ва картография ишларини ташкил этиш тартибини, уларга нисбатан қўйиладиган техникавий талабларни, уларни бажариш нормалари ва қоидаларини белгилайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки у ваколат берган орган томонидан тасдиқланади.

Геодезия ва картографияга оид фаолият соҳасидаги норматив-техникавий ҳужжатлар геодезия ва картографияга оид фаолиятнинг барча субъектлари ижро этиши учун мажбурийдир.


9-модда. Геодезия ва картографияга оид фаолиятни

метрологик таъминлаш

Геодезия ўлчовларининг бир хиллигини таъминлаш, геодезия ўлчов воситаларининг синовини амалга ошириш, кўрсатилган воситаларни ҳамда геодезия, топография ва картография маҳсулотини мажбурий сертификатлаш бўйича ўтказилган ишларни стандартлаштиришда, геодезия ва картографияга оид фаолият соҳасида метрология назоратини амалга оширишда иштирок этиш геодезия ва картографияга оид фаолиятни бошқарувчи орган зиммасига юклатилади.


10-модда. Геодезия ва картографияга оид

фаолиятни молиявий таъминлаш

Давлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид фаолият давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий таъминланади.

Махсус аҳамиятга молик геодезия ва картографияга оид фаолият буюртмачининг маблағлари ҳисобидан молиявий таъминланади.

Геодезия ва картография маҳсулоти, шу жумладан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган фаолият натижасида олинган топография, гидрография, аэрокосмик сурат, геодезия ва гравиметрия материаллари (маълумотлари) давлат мулки ҳисобланади.


11-модда. Ўзбекистон Республикасининг

картография-геодезия фонди

Ўзбекистон Республикасининг картография-геодезия фонди таркибида давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари бўлади.

Давлат картография-геодезия фонди умумдавлат, тармоқлараро аҳамиятга эга бўлган материаллардан (маълумотлардан) ташкил топади ҳамда геодезия ва картографияга оид фаолиятни бошқарувчи орган ихтиёрида бўлади.

Идоравий картография-геодезия фондлари махсус (тармоққа оид) аҳамиятга эга бўлган материаллардан (маълумотлардан) ташкил топади ҳамда тегишли органлар ихтиёрида бўлади.

Давлат ва идоравий картография-геодезия фондлари тўғрисидаги низомлар ҳамда уларнинг таркибидаги материалларнинг (маълумотларнинг) рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда тасдиқланади.

Давлат картография-геодезия фондининг белгиланган тартибда Миллий архив фонди таркибига киритилган материаллари (маълумотлари) қонун ҳужжатларига мувофиқ сақланади.

Давлат картография-геодезия фондининг материалларини (маълумотларини) учинчи шахсларга беришга ва улардан нусхалар олишга ихтиёрида ана шу материаллар (маълумотлар) бўлган органларнинг рухсатисиз йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия ва картографияга оид фаолиятни амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ўзлари яратган геодезия ва картография материалларининг (маълумотларининг) бир нусхасини тегишли картография-геодезия фондларига бепул беришлари шарт.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан материалларнинг (маълумотларнинг) тегишли картография-геодезия фондларига берилиши, ана шу материаллар ва маълумотларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат геодезия назоратини, идоравий картография-геодезия фондларининг давлат реестрини юритишни геодезия ва картографияга оид фаолиятни бошқарувчи орган амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси картография-геодезия фондининг материалларидан (маълумотларидан) фойдаланувчилар олинган материалларнинг (маълумотларнинг) асралишини таъминлашлари, уларни белгиланган муддатларда қайтаришлари ҳамда улардаги давлат сири бўлган маълумотни ошкор этмасликлари шарт.

Давлат картография-геодезия фондининг материалларидан (маълумотларидан) фойдаланганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.


12-модда. Геодезия ва картография маҳсулотига

бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Геодезия ва картография маҳсулотига, шу жумладан, геодезия ва картографияга оид фаолият натижасида олинган топография, гидрография ва аэрокосмик сурат материалларига, геодезия ва гравиметрия маълумотларига бўлган муаллифлик ҳуқуқлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


13-модда. Геодезия ва картографияга

оид фаолиятни лицензиялаш

Геодезия ва картографияга оид фаолият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияланиши лозим.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан геодезия ва картографияга оид фаолиятни лицензиясиз ёхуд лицензияда кўрсатилган шартларни бузган ҳолда амалга ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг геодезия ва картографияга оид фаолиятни лицензиялаш билан боғлиқ хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


14-модда. Давлат геодезия тармоқлари

пунктларини қўриқлаш

Астрономия-геодезия, геодезия, нивелир ва гравиметрия пунктларининг ер устидаги белгилари ҳамда марказлари, шу жумладан, ёруғлик маёқларида, навигация белгиларида ва бошқа муҳандислик конструкцияларида жойлаштирилган геодезия пунктлари давлат мулки ҳисобланади ва давлат муҳофазаси остида бўлади.

Геодезия пунктлари жойлашган ернинг мулкдорлари, ер участкаларининг эгалари ва фойдаланувчилари геодезия пунктлари шикастлантирилган ёки йўқ қилинган барча ҳоллар тўғрисида давлат геодезия назоратини амалга оширувчи органни хабардор қилишлари, шунингдек геодезия ва картографияга оид ишларни амалга ошириш пайтида геодезия пунктларига киришга (боришга) имкон беришлари шарт.

Геодезия пунктларини жойлаштириш учун ер участкаларини ажратиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Геодезия пунктларини қўриқлаш тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади.


15-модда. Геодезия ва картографияга оид фаолият

натижасида етказилган зарарни қоплаш

Геодезия ва картографияга оид фаолият натижасида шахсга ёхуд юридик ёки жисмоний шахснинг мол-мулкига етказилган зарар қонунда белгиланган тартибда қопланиши лозим.


16-модда. Геодезия ва картографияга оид фаолият тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Геодезия ва картографияга оид фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1997 йил, 4-5-сон, 122-модда