язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори/ Қимматли қоғозлар бозори/ Ҳисоб-китоб-клиринг ташкилотлари/ Қимматли қоғозлар бозорида ҳисоб-китоб-клиринг палаталари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2003 й. 196-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 29 апрелдаги

196-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорида ҳисоб-китоб-клиринг

палаталари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида" ва "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда корпоратив қимматли қоғозлар бозорида ҳисоб-китоб-клиринг палаталари фаолиятига қўйиладиган умумий талабларни белгилаб беради.

2. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ҳисоб-китоб-клиринг палаталари - қимматли қоғозлар билан битишувлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга оширувчи савдолар ташкилотчисининг таркибий бўлинмаси;

савдоларнинг ташкилотчиси - қимматли қоғозларнинг биржа ёки  биржадан ташқари савдосини ташкил этиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоси - қимматли қоғозлар бозорининг қимматли қоғозлар бозорида ўзи томонидан содир этилган битишувлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш тўғрисида ҳисоб-китоб-клиринг палатаси билан тузилган шартномани имзолаган профессионал қатнашчиси;


савдоларнинг қатнашчилари - ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари ёки ўз номидан ва ўз ҳисобидан ёки ўз мижозлари учун қимматли қоғозлар билан битишувларни тузиш учун ташкил этилган савдоларда иштирок этувчи мижозлар;


савдо ҳисоб рақами - Марказий депозитарийнинг ҳисобга олиш рўйхатларидаги депонентнинг қимматли қоғозларини сақлашга ва ташкил этилган савдоларга қўйиладиган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишга мўлжалланган ёзувлар жами;

ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги шахсий ҳисоб рақами - ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг ҳисобга олиш рйўхатларидаги мижознинг ёки ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзосининг, шунингдек савдолар ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (кейинги ўринларда Марказий депозитарий деб юритилади) пул маблағларини ҳисобга олишга мўлжалланган ёзувларнинг жами;


тўловга қараб етказиб бериш - қимматли қоғозлар билан битишувларни бажариш тартиби, бунда қимматли қоғозлар ва пул маблағлари фақат ҳисоб-китоб-клиринг операциялари қатнашчиларининг ҳисоб рақамларида содир этилган битишувларни бажаришга мўлжалланган зарур миқдордаги қимматли қоғозлар ва пул маблағлари борлиги текширилгандан ва тасдиқлангандан кейин ўтказилади;


ваколатли банк - ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг ўзи томонидан хўжалик фаолияти юритилишига мўлжалланган ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига ва (ёки) ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари ва мижозларининг пул маблағларини ҳисобга олиш ва сақлашга мўлжалланган талаб қилиб олинадиган иккиламчи депозит ҳисоб рақамига хизмат кўрсатиш бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатасига хизматлар кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки;

неттинг - мижознинг барча пул талабларини унинг барча пул мажбуриятларига нисбатан ҳисобга олиш орқали амалга ошириладиган клиринг усули.

3. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси фаолияти Ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларига ва инвестиция воситачилари, савдонинг бошқа қатнашчилари ва ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари билан тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


II. ҲИСОБ-КИТОБ-КЛИРИНГ ПАЛАТАЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фонд бозорида қимматли қоғозлар билан битишувлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар ўз вақтида ва тўлиқ ўтишини таъминлаш;

биржа ва биржадан ташқари бозорларда қимматли қоғозлар айланишини жадаллаштириш;

қимматли қоғозлар бозорида битишувлар тузишда кечиктириш ва тўламасликларнинг олдини олиш;

содир этиладиган битишувлар натижаларини оператив умумлаштириш ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларини бозор конъюнктурасининг жорий ҳолатидан хабардор қилиш.


5. Қуйидагилар ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг асосий функциялари ҳисобаланади:

битишув бўйича ахборот тўплаш, солиштириш, унга тузатиш киритиш бўйича операциялар амалга оширилишини назарда тутувчи ўзаро мажбуриятларни белгилаш, аниқлаш ҳисобга олиш;

битишув якунлари бўйича пул маблағларини ўтказиш ва қимматли қоғозларни етказиб бериш учун асос ҳисобланувчи ҳужжатларни тузиш ва бажариш учун юбориш;

пул маблағлари ва қимматли қоғозлар бўйича мажбуриятлар бир вақтда бажарилиши, яъни "тўловга қараб етказиб бериш" принципига риоя қилиниши устидан назорат қилиш, шу жумладан тузилган ва бажариш учун юборилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари ўтиши устидан назорат қилиш;

тузилган битишувлар бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш;

қимматли қоғозлар олди-сотдисини амалга ошириш учун савдо қатнашчиларининг пул маблағлари ва қимматли қоғозларини депонентга қабул қилиш;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари томонидан битишувларнинг кафолатли бажарилишини таъминлаш.


III. ҲИСОБ-КИТОБ-КЛИРИНГ ПАЛАТАЛАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ  ВА ҲУҚУҚЛАРИ


6. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси қуйидагиларга мажбурдир:

қимматли қоғозлар билан содир этилган битишувлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш;

таҳлилий ҳисобга олиш рўйхатларини юритиш воситасида ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳар бир аъзоси ва мижоз мажбуриятларининг алоҳида ҳисоби юритилишини таъминлаш;

инвестиция воситачиларининг ва (ёки) Марказий депозитарийнинг электрон топшириқлари ёхуд ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг бошқа аъзолари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида "тўловга қараб етказиб бериш" тамойили бўйича битишувлар натижаларига кўра мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

ҳисоб-китоб-клиринг операциялари мавзуси ҳисобланган битишувлар тўғрисидаги ахборот содир этилган санасидан бошлаб камида уч йил сақланишини таъминлаш;

битишувлари якунлари бўйича операциялар ўтказишга топшириқлар ва (ёки) бошқа ҳужжатлар тузиш ҳамда Марказий депозитарийга ва ваколатли банкка бериш;

амалга оширилган барча ҳисоб-китоб-клиринг операцияларининг солномавий  электрон протоколи юритилишини таъминлаш;

савдо қатнашчиларининг мажбуриятлари бўйича операцияларнинг Марказий депозитарий ва ваколатли банк томонидан бажарилиши тизимини ташкил этиш ва назорат қилиш.


7. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси қуйидагиларга ҳақлидир:

ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш учун Марказий депозитарий, инвестиция воситачилари ва тижорат банклари билан шартномалар тузиш;

инвестиция воситачиларидан ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни олиш;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоси фонд биржаси, Марказий депозитарий ва савдоларнинг бошқа қатнашчиларидан қарздор бўлган тақдирда унга хизмат кўрсатишни тўхтатиш;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларидан, Марказий депозитарий ва (ёки) ваколатли банкдан савдо якунлари бўйича операциялар ўтказишга топшириқ ва (ёки) бошқа ҳужжатларни қабул қилиш;

ҳар хил турдаги солиштириш тизимларини ва клиринг усулларини, шу жумладан неттингни ўз хоҳишига кўра қўллаш.

7-1. Учинчи шахсларнинг, шу жумладан судларнинг ва бошқа давлат органларининг қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиси мажбуриятлари бўйича талаблари ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисоб рақамидаги савдолар қатнашчиларининг пул маблағлари ҳисобига қондирилиши мумкин эмас.

7-2. Қимматли қоғозлар билан битимлар натижалари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисоб рақамига пул маблағларини қабул қилишда ва ўтказишда ваколатли банк томонидан воситачилик хизматлари ҳақи ундирилмайди.


IV. ҲИСОБ-КИТОБ-КЛИРИНГ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИ


8. Ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг ўз аъзолари билан ўзаро муносабати ҳисоб-китоб-клиринг хизмати тўғрисидаги шартномага ва Ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


9. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси Ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Қоидалар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

умумий қоидалар, асосий тушунчалар таърифи ва ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш тартиби;

инвестиция воситачилари ва ваколатли банклар томонидан унга нисбатан клиринг амалга ошириладиган битишувлар якунлари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси топшириқлари бажарилиши тартибига қўйиладиган талаблар;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларининг савдо ташкилотчилари, Марказий депозитарий, инвестиция воситачилари ва ваколатли банк, шунингдек ҳисоб-китоб-клиринг палатаси билан ўзаро муносабатлари тартиби;

пул маблағларини депонентга қўйиш тартиби ва миқдори;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари, савдо ташкилотчилари, депозитарийлар ва битишув бошқа қатнашчиларининг воситачилик хизматлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни  амалга ошириш тартиби;

қимматли қоғозларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари савдо ҳисоб рақамларига ўтказиш тўғрисида Марказий депозитарийдан олинган ахборотни қабул қилиш ва уни қайта ишлаш тартиби;

қолдиқлар миқдори ва (ёки) пул маблағларини ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларининг шахсий ҳисоб рақамларига ўтказиш тўғрисида ваколатли банкдан олинган маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлаш тартиби;

ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш учун содир этилган битишувлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларидан топшириқлар ва (ёки) бошқа ҳужжатларни олиш тартиби ва муддатлари;

топшириқларни солиштириш, шунингдек битишувларни бажариш учун зарур миқдорда қимматли қоғозлар ва пул маблағлари мавжудлигини текшириш тартиби;

қимматли қоғозлар билан битишувлар бўйича ахборотни солиштиришда, унга тузатиш киритишда аниқланган маълумотларда тафовут бўлган ёки битишувлар бўйича мажбуриятларни бажариш учун қимматли қоғозлар ва (ёки) пул маблағлари етишмаслиги ҳолларида ҳисоб-китоб-клиринг палатаси, ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоси, савдо ташкилотчиси ва Марказий депозитарийнинг хатти-ҳаракати тартиби;

содир этилган битишувлар якунлари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларининг бажарилиши шарт бўлган мажбуриятларини аниқлаш тартиби;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан Марказий депозитарийга ва ваколатли банкка савдолар якунлари бўйича топшириқларни бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек ушбу топшириқларни бажариш муддатлари;

ҳисоб-китоб-клиринг палатасида счётларни юритиш тартиби;

битишув қатнашчилари томонидан ҳисоб-китоб-клиринг палатасига ҳисоб-китоб-клиринг операциялари якунлари бўйича ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

қимматли қоғозлар билан битишувлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш тартиби ва усуллари, шунингдек содир этилган битишувлар якунлари бўйича ҳисоб-китоб қилинмаган тақдирда зарарларни тақсимлаш ва (ёки) қайтариш тартиби;

ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга ошириш жараёнида ахборотни олиш ва қайта ишлашнинг барча босқичларида маълумотларнинг ишончлилиги назорат қилинишини таъминлаш тартиби;

ахборотни рухсат берилмаган фойдаланишдан ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби.


V. КАФОЛАТ ФОНДИ

11. Инвестиция воситачиси томонидан инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ҳисоб-китоб-клиринг палатаси инвестиция воситачисига (кейинги ўринларда - кафолат фонди қатнашчиси деб аталади) тегадиган воситачилик ҳақининг чегириб қолинадиган қисми ҳисобидан кафолат фондини шакллантиради, бунда воситачилик ҳақининг чегириб қолинадиган қисми бундай ҳақнинг 5 фоизини ташкил этади.


12. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси кафолатли фонд қатнашчиларининг маблағларини ҳисобга олиш ва сақлаш учун уларга захира ҳисоб рақамлари очади.


13. Кафолат фонди қатнашчиси маблағларнинг кафолатли фондга тушишини таъминлаши лозим. Бунда кафолат фонди қатнашчиси ўзи тасдиқлаган хизмат кўрсатиш ягона тарифларини улар тасдиқланган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида ҳисоб-китоб-клиринг палатасига тақдим этади.


14. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси кафолат фонди қатнашчисининг топшириғисиз кафолат фонди қатнашчиларининг қимматли қоғозлари билан амалга ошмай қолган битишувлар бажарилишини таъминлаш учун уларнинг захира ҳисоб рақамларидан ушбу ҳисоб рақамларининг миқдорига мутаносиб маблағларни мустақил равишда олиши мумкин.

Кафолат фонди қатнашчиси айби билан инвесторга етказилган бошқа зарарларнинг кафолат фондидан қопланиши томонларнинг ўзаро келишуви ёки суд қарорига асосан амалга оширилиши мумкин.


15. Кафолат фонди қатнашчиси ҳисоб-китоб-клиринг палатаси билан тузилган шартномада белгиланган муддатда ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг ҳаракатлари юзасидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.


16. Кафолат фондининг маблағлари унинг қатнашчиларига тегишли бўлиб, ҳар бир қатнашчи бўйича алоҳида шакллантирилади ва ҳисоби юритилади.


17. Савдо ташкилотчилари ва кафолат фонди қатнашчилари ўзларининг расмий веб-сайтларида кафолат фондида тўпланган пул маблағларининг миқдори тўғрисидаги маълумотни ҳар куни янгилаган ҳолда кўрсатишлари шарт.


18. Кафолат фонди қатнашчиси захира ҳисоб рақамида ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан ушлаб қолинадиган суммадан кўпроқ суммани сақлашга ҳақлидир.


19. Кафолат фондининг маблағларидан мазкур Низомда белгиланмаган бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас. Кафолат фондида қолган маблағлар кафолат фонди қатнашчисига у инвестиция воситачи сифатидаги фаолиятини тугатган тақдирда қайтарилиши керак.



VI. КЛИРИНГ ТАШКИЛОТИДА ҲИСОБНИ ЮРИТИШ


20. Ҳисоб-китоб клиринг палатаси аъзоларининг  уларга нисбатан ҳисоб-китоб клиринг операциялари амалга оширилаётган қимматли қоғозлар билан битишувлар бўйича мажбуриятлари клиринг рйўхатларида ҳисобга олинади.


21. Ҳисоб-китоб клринг палатаси ўз фаолиятини амалга оширишда ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзоларининг клиринг рўйхатларини ва бошқа ҳисобга олинадиган рўйхатларни юритади, шунингдек  клринг ҳисобининг зарур ҳужжатлари ва бошқа ахборотини сақлайди.


22. Қуйидагиларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши керак:

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси аъзолари томонидан содир этилган битишувларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартномалар, ўтказилган савдоларнинг протоколлари, содир этилган битишувларнинг реестрлари, бошқа ҳужжатлар);

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси  аъзоларидан олинган ҳужжатлар (шартномалар, топшириқлар, бошқа ҳужжатлар);

Марказий депозитарийдан олинган қимматли қоғозлар етказиб берилиши бўйича ҳисоб-китоб-клиринг палатаси топшириқлари бажарилишини тасдиқловчи ҳужжатлар;

ваколатали банкдан олинган пул маблағлари ўтказилишини тасдиқловчи ҳужжатлар;

уларга нисбатан ҳисоб-китоб-клиринг операциялари амалга ошириладиган қимматли қоғозлар билан битишувларни бажариш учун Марказий депозитарийга ёки ваколатли банкка ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан юборилган топшириқлар;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳисоботлари ва  ҳисоб-китоб-клиринг операциялари якунлари тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар.


23. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳар бир аъзоси, уларнинг мижозлари ва битишув қатнашчиларининг мажбуриятлари клиринг рўйхатларида  алоҳида ҳисобга олинишини таъминлаши керак.


24. Ҳисоб-китоб-клиринг платаси  ҳар бир аъзо бўйича қимматли қоғозларни етказиб бериш бўйича мажбуриятларни ва уларга нисбатан ҳисоб-китоб-клиринг операциялари амалга ошириладиган  битишувлар бўйича ҳисоб-китобларни алоҳида ҳисобга олиши керак.


25. Клиринг ҳисоби ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ ҳисоб-китоб-клиринг палатасида сақланиши керак.



VII. ҲИСОБ-КИТОБ-КЛИРИНГ ОПЕРАЦИЯЛАРИ

УСТИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Ҳисоб-китоб-клиринг операциялари устидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи назорат қилади.


27. Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш бўйича ички назорат тартиби Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси қоидаларида белгиланади.


28. Мазкур Низомни бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.