язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Нафақа. Компенсация ва бошқа тўловлар/ Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари/ Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 17.04.2015 й. 2667-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 20.03.2015 й. 25-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 17 апрелда 2667-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2015 йил 20 мартдаги

25-сон буйруғига

ИЛОВА



Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини

бериш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон "Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

Фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига кўра аниқланган меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади.


2. Меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси шахсни ишдан (ўқишдан) озод қилиш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.


3. Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси билан тасдиқланади:

ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги;

алкоголга қарамлик натижасидаги касалликлар ва жароҳатлар, шунингдек мастлик натижасида олинган жароҳатлар;

ходимларнинг даврий профилактик тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;

ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг амбулатория ёки стационар шароитда тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;

касалликнинг келиб чиқиши касб билан боғлиқлигини аниқлаш юзасидан текширув ўтказилганлиги;

айбланувчи ёки судланувчининг суд ажрими билан тиббий муассасага жойлаштирилганлиги;

амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кундан ошганлиги.


4. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан берилади.


5. Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли даволаш-профилактика муассасалари меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-меҳнат экспертизаси бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари беришга ҳақли. Бунда соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимидаги даволаш-профилактика муассасаси стационар шароитда фаолият юритаётган бўлиши зарур.


6. Қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:

тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;

шифохоналарнинг қабул бўлимлари;

суд-тиббий экспертиза муассасалари;

пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаториялари бундан мустасно;

физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.


7. Олис ҳудудлардаги даволаш профилактика муассасаларида битта даволовчи шифокор фаолият кўрсатган тақдирда, ушбу шифокор Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари (бундан буён матнда соғлиқни сақлаш бошқармалари деб юритилади) бошлиқларининг буйруғига асосан бир ойгача бўлган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бериши мумкин.


8. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ишламайдиган шахсларга, иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган шахсларга (мазкур Йўриқноманинг 29-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллардан ташқари) ва ҳарбий хизматчиларга берилмайди.

Меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 67-моддасида назарда тутилган ҳолларда бекор қилингандан, ҳарбий хизматчи муддатли ҳарбий хизмат сафидан бўшатилгандан кейин бир ой ичида меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик вужудга келган бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.



2-БОБ. КАСАЛЛИК ВА ШИКАСТЛАНГАНЛИК БЎЙИЧА

МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ ЁКИ МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК МАЪЛУМОТНОМАЛАРИ БЕРИШ


9. Касаллик ва шикастланганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси меҳнатга лаёқатсиз шахс мурожаат қилган ёхуд даволанган даволаш-профилактика муассасаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик аниқланган кундан бошлаб берилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунларга берилмайди. Мазкур Йуриқноманинг 14-банди, 15-бандининг биринчи хатбошиси ҳамда 25-банди, 37-банди ҳамда 46-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Иш куни ёки ўқиш тугаганидан сўнг мурожаат қилинганда меҳнатга лаёқатсизлик аниқланса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси мурожаат қилинган куни, лекин иш ёки ўқишдан кейинги календарь кунидан озод этилган ҳолда расмийлаштирилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бемор шифокор томонидан шахсан кўрикдан ўтказилгандан сўнг меҳнатга лаёқатсизлик аниқланганда берилади. Ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, объектив ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади ва тиббий ҳужжатларда қайд қилинади.


10. Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи беш календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бериш ҳуқуқига эга.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик беш календарь кунидан ошганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.


11. Меҳнатга лаёқатли шахсларга текширув ва даво муолажалари ишдан (ўқишдан) бўш вақтларда амалга оширилади. Ушбу ҳолатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилмайди.

Иш (ўқиш) вақтида айрим текширувни кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ёки мураккаб текширувлар (эндоскопия, колоноскопия ва бошқалар) ўтказилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси текширув ўтказилган кунга (кунларга) берилади.


12. Хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа сабабларга кўра яшаш жойида бўлмаган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бемор вақтинча бўлган жойдаги даволаш-профилактика муассасаси томонидан бош шифокор рухсати билан берилади. Беморнинг аҳволи яхшилангач, даволанганлиги тўғрисида амбулатор картасидан кўчирма берилган ҳолда доимий яшаш жойига юборилади.


13. Травматологик ва шошилинч тиббий ёрдам пунктлари, шунингдек вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардаги тиббий врачлик пунктлари шифокорлари уч календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бериш ҳуқуқига эга. Ушбу шифокорлар томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ҳудудий ёки мазкур ташкилотга хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаси томонидан узайтирилиши мумкин.


14. Бемор тунги вақтда тиббий пунктдаги фельдшерга мурожаат қилганда, унга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида эркин шаклда маълумотнома берилади ва тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади. Ушбу ҳолатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати аниқланганда, тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан бемор тиббий пунктга мурожаат қилган кундан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.


15. Стационар ёки унинг қошидаги кундузги стационарда даволанган беморларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудири томонидан даволанишнинг барча даври учун беморнинг шифохонадан чиқиш пайтида бирйўла берилади.

Стационар ёки унинг қошидаги кундузги стационарда даволанган беморнинг меҳнат қобилияти тикланмаган тақдирда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудири томонидан беморга ҳудудий ёки бошқа даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилиши учун уч календарь кунидан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилган ва ёпилмаган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.

Поликлиника қошидаги кундузги ҳамда уйдаги стационарда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда расмийлаштирилади.


16. Тез-тез ва узоқ касалланувчи беморларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси даволаш-профилактика муассасаси бош шифокорининг буйруғи асосида бириктирилган шифокор томонидан берилади ва бу ҳақда ёзма равишда беморга ва унинг иш (ўқиш) жойига маълум қилинади. Бириктирилган шифокорнинг соҳасига тегишли бўлмаган касаллик аниқланганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси тегишли мутахассис билан биргаликда берилади (узайтирилади).

Бириктирилган шифокор ишда бўлмаганда беморга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бошқа шифокор томонидан бўлим мудири ёки бош шифокор билан биргаликда берилади.


17. ОИТСга қарши курашиш марказлари ва сил, руҳий-асаб, наркология, тери-таносил касалликлари диспансерлари шифокорлари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг барча даврига берилади.

ОИВ инфекцияси, сил, руҳий-асаб, наркология, тери-таносил касалликларига чалинган беморлар умумий йўналишдаги даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси уч календарь кунигача расмийлаштирилади ва ихтисослиги бўйича тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади.


18. Йиллик асосий ва қўшимча таътиллар, ўқиш билан боғлиқ таътиллар ва ижодий таътиллар вақтида, шунингдек ишлайдиган пенсионерларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосларда берилади.

Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ёки ўқишдан бўш вақтда ишлаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (095х шакл) берилади.


19. Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга ўриндошлик бўйича ишлайдиган иш жойига тақдим қилиши учун асосий иш жойига тақдим қилинадиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг даволаш-профилактика муассасаси бўлим мудири томонидан тасдиқланган нусхаси берилади.


20. Алкоголга қарамлик натижасида келиб чиқадиган касалликлар ва жароҳатларда, шунингдек беморнинг мастлиги натижасида олинган жароҳатларда мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094х шакл) расмийлаштирилади.

Жароҳат беморнинг мастлигига боғлиқ бўлмаган ҳолда олинганлиги (етказилганлиги) суднинг қонуний кучга кирган қарори билан тасдиқланганда, мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094х шакл) меҳнатга лаёқатсизлик варақасига алмаштирилади.

Мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг (094х шакл) амал қилиш даврида ўз хусусиятига кўра оғирроқ бошқа касаллик (миокард инфаркти, хавфли ўсма касаллиги, сил ва бошқалар) вужудга келганда, янги касаллик аниқланган кундан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади.


21. Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш меҳнатга вақтинча лаёқатсизликнинг давом этишига сабаб бўлаётганлиги аниқланганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг "Тартибнинг бузилиши" сатрига тегишли ёзув киритилган ҳолда унинг муддати шу кундан бошлаб тўхтатилади ва беморга мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094х шакл) расмийлаштирилади.


22. Қуйидаги ҳолларда бемор тегишли тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (бундан буён матнда ТМЭК деб юритилади) юборилади:

айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узлуксиз тўрт ойни ташкил қилса, сил касаллиги бундан мустасно;

айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами олти ойни ташкил қилса, сил касаллиги бундан мустасно;

сил касаллиги биринчи марта аниқланганда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври касаллик аниқланган кундан бошлаб камида ўн ойни ташкил қилса;

силга қарши курашиш муассасасида ҳисобда турган беморда асосий касаллик кучайган - вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошлангандан кейин меҳнатга лаёқатсизлик даври камида олти ойни ташкил қилса.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар юқорида кўрсатиб ўтилган муддатлар ўтмасдан туриб ҳам тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига юборилиши мумкин. Ушбу шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга қабул қилиш тўғрисидаги қарор ТМЭК раиси томонидан қабул қилинади.


23. Ишлайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганда икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сон "Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида"ги қарорига асосан, ишловчи Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатини бартараф этиш билан боғлиқ ҳолда ногирон бўлганларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси узлуксиз тўрт ойгача, танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами беш ойгача берилади.


24. Бемор ТМЭКга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг муддати бемор ТМЭКга юборилган кундан бошлаб тўхтатилади. Мазкур беморлар ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда тиббий кўрик ўтказилади.

ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган, лекин вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаси даволаш-профилактика муассасаси томонидан беморнинг ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб унинг меҳнат қобилияти тиклангунга қадар, аммо икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.


25. Чет элда вақтинча бўлган вақтда касалланганлик ёки чет элда даволанганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг давлат ёки рус тилидаги нотариал тасдиқланган таржимаси тақдим қилинганда, меҳнатга лаёқатсизликни тасдиқловчи асосларни инобатга олиб, беморнинг яшаш ёки иш жойидаги даволаш-профилактика муассасасининг врачлик маслаҳат комиссияси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади.


26. Ўзбекистон Республикасида ишлайдиган ёки ўқийдиган чет эл фуқароларига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси умумий асосда берилади. Ишламайдиган ёки ўқимайдиган чет эл фуқароларига тиббий хизмат кўрсатилганда, уларга даволаш-профилактика муассасаси раҳбари томонидан имзоланган ва муҳрланган касаллик тарихи ёки амбулатор картадан батафсил кўчирма берилади.



3-БОБ. ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ БЕРИШ


27. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бирйўла бир юз йигирма олти календарь кунига берилади.

Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш учун туғруқ муассасаси томонидан яна ўн тўрт календарь кунига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


28. Ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан илгари туғиш ҳолатларида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси туғруқ муассасаси томонидан бола туғилган кундан бошлаб қуйидаги муддатларга берилади:

бола тирик туғилганда - бир юз йигирма олти календарь кунга;

бола ўлик туғилган ёки туғруқ муассасасидан чиққунга қадар нобуд бўлганда - етмиш календарь кунга.

Ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан кейин мурожаат қилинганда туғишга қадар неча кун қолганидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мурожаат қилган кундан тўлиқ бир юз йигирма олти календарь кунига берилади.


29. Туғиш вақтида ёки туғишдан кейинги даврда она вафот этган кундан бошлаб, туғилган болани (болаларни) парвариш қилувчи шахсга, бола туғилган кунидан эътиборан эллик олти календарь куни, икки ёки ундан ортиқ бола туғилганда етмиш календарь кунигача ҳудудий амбулатор поликлиникаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Бевосита туғруқ муассасаси ёки бошқа муассасадан янги туғилган болани фарзандликка олган ёки болага васий қилиб белгиланган шахсга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кунгача, икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган тақдирда эса, етмиш календарь кунгача ҳудудий амбулатор поликлиника томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.


30. Даволаш-профилактика муассасасида ҳомила сунъий туширилганда, шунингдек ҳомила тушганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси меҳнатга лаёқатсизликнинг бутун даврига берилади.



4-БОБ. ОИЛАНИНГ БЕТОБ АЪЗОСИНИ

ПАРВАРИШЛАГАНЛИК БЎЙИЧА МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ ВА МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК МАЪЛУМОТНОМАЛАРИ БЕРИШ


31. Амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшдан катта беморни парваришлаш учун етти календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Ушбу ҳолатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслиги ҳамда меҳнат таътилида эканлигидан қатъи назар, беморнинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига берилади.


32. Амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Она бўлмаган ёки бетоб бўлганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслигидан қатъи назар, бошқа оила аъзоларига берилади.


33. Амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кунидан ошганда, бола соғайган ёки сурункали касалликнинг ремиссия даврига ўтгунга қадар бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) берилади.

Ушбу ҳолатда боланинг олдинги касаллигига боғлиқ бўлмаган янги касаллик юзага келса ёки оиланинг бошқа фарзанди касал бўлиб қолса, умумий асосларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади.


34. Бола стационарга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) бола стационарга қабул қилинган кундан ёпилади. Агарда бола стационардан чиққандан кейин унинг парваришга муҳтожлиги давом этса, стационарга қабул қилинган кунга қадар берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг кунлари чегирилган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) берилади.


35. Оилада бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола касалликка чалинса, уларни амбулатория шароитида парвариш қилиш бўйича битта меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) берилади.

Оилада икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола навбатма-навбат касалликка чалинса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилади.

Агар биринчи боланинг касаллиги даврида бошқа бола касалликка чалинса, кейинги болани парвариш қилиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси биринчи бола учун берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёпилганидан кейин, ушбу варақа бўйича мос тушган кунлар чиқариб ташланган ҳолда берилади.


36. Она ёки унинг ўрнини босувчи шахс касал бўлганда ёки бошқа фарзанди билан стационарда бўлганда уч ёшга тўлмаган соғлом болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани парваришлаш учун қариндошларига ҳудудий поликлиникаси врачлик маслаҳат комиссияси томонидан она бўлмаган муддат учун бирйўла ўн тўрт кунгача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

37. Мактабгача таълим ташкилотида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига карантин белгиланган муддатга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

38. Стационар шароитда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Стационарда даволаниш вақтида боланинг касаллиги оғир кечган ҳолларда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудирининг бемор бола қўшимча парваришга муҳтожлиги тўғрисидаги хулосасига асосан, ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига қаровни таъминлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

ОИВ инфекциясини юқтирган боланинг ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига бола шифохонада ётган барча давр учун бирйўла меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


39. Оиланинг бетоб аъзосини парваришлаш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ходим меҳнат таътилида бўлган даврда ҳам умумий асосда берилади.



5-БОБ. ПРОТЕЗ ҚЎЙДИРГАНЛИК УЧУН МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ БЕРИШ


40. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитиция қилиш ва протезлаш ҳудудий марказларида протез қўйдирган шахсларга беморнинг марказда бўлган барча даври учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


6-БОБ. САНАТОРИЙ-КУРОРТДА ДАВОЛАНГАНЛИК УЧУН

МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ БЕРИШ


41. 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига, собиқ байналминалчи жангчиларига, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда қатнашган шахсларга, сил касаллиги билан оғриган беморларга, шунингдек даволаниш ва якка парваришга муҳтожлиги тўғрисида тиббий хулоса мавжуд бўлганда ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болага ҳамроҳ бўлиб борадиган ишловчи ота-оналаридан бирига (васийга) врачлик маслаҳат комиссияси томонидан санаторий-курортда даволанишнинг барча даврига (бориш-келиш вақтини ҳисобга олган ҳолда) меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

42. Санаторий-курортда даволаниш даврида касаллик (жароҳат) туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик юзага келса, ушбу муассаса шифокорининг тавсияси асосида санаторий жойлашган ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасаси томонидан вақтинча лаёқатсизликнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.



7-БОБ. СОҒЛИҒИ ҲОЛАТИГА КЎРА БОШҚА ИШГА

ЎТКАЗИШ УЧУН МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК

ВАРАҚАЛАРИ БЕРИШ


43. Сил касаллиги ёки касб касаллигига чалинганлиги сабабли меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотган шахс даволаниш тартибини бузмаган ҳолда бошқа ишни бажариш имконига эга бўлса, унга врачлик маслаҳат комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 218-моддасига асосан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


44. Чернобиль АЭС ҳалокатидан зиён кўрган меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотган шахс даволаниш тартибини бузмаган ҳолда бошқа ишни бажариш имконига эга бўлса, врачлик маслаҳат комиссияси томонидан беморнинг иш қобилияти тикланган ёки ногиронлик белгиланган кунгача бўлган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.



8-БОБ. КАРАНТИНДА ВАҚТИНЧА МЕҲНАТГА

ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ БЕРИШ


45. Бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилиб, иш берувчи томонидан мумкин бўлган иш билан таъминланмаганда, даволаниш даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


46. Бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилганда ёки атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касалликлар билан оғриган беморларга, паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилади.

Юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига Ўбекистон Республикаси Coғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари эпидемиологик ёки санитар врачи томонидан берилади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

47. Карантин даврида мазкур Йуриқноманинг 46-бандида назарда тутилган шахслар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси иш берувчига электрон шаклда юборилиши мумкин.


9-БОБ. МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ ҲАМДА

МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК МАЪЛУМОТНОМАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


48. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари мазкур Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

Мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094х шакл) мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига, таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (095х шакл) 3-иловасига, бемор болани парваришлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) 4-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади. Ушбу Йўриқноманинг 2-бандида назарда тутилган бошқа ҳолатлар бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари тиббий ҳужжатлар асосида эркин шаклда берилади.


49. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида, тузатиш ва қисқартиришларсиз, кўк ёки қора рангли ручкада расмийлаштирилади.


50. "Якуний ташхис" сатрида меҳнатга вақтинча лаёқатсизликка сабаб бўлувчи касаллик синдром ва симптомларсиз кўрсатилиши лозим.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бланкасининг юқори ўнг қисмида "Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича ҳисобот" шаклининг сатр рақамига мос келадиган шифр қўйилади.

"Тартиб" сатрида бемор даволанаётган тегишли тартиб (амбулатор, стационар, санатор ва бошқа) кўрсатилади.

"Тартибнинг бузилиши" сатрида белгиланган тартиб бузилганлиги (қабулга белгиланган вақтда келмаслик, мастлик, ман этилган ишни бажариш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида рухсатсиз бошқа жойга жўнаб кетиш ёки ишга чиқиш ва бошқалар) ҳақидаги маълумотлар, тартибнинг бузилишининг сабаби ва санаси қайд қилинади.

Меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги давом этаётган бемор шифокор томонидан белгиланган муддатда унинг қабулига келмаса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунлар ҳисобга олинмаган ҳолда мурожаат қилган кундан узайтирилади.

Бемор шифокор қабулига келмаган кунларда унинг меҳнат қобилияти тикланган бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси у қабулга келган сана билан ёпилади.


51. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси даволаш-профилактика муассасаси бош шифокорининг рухсати билан берилган ҳолларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган биринчи кундан "Бош шифокор имзоси" сатри бош шифокор томонидан имзоланади ва муҳрланади. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик даври давом этганда "Давоми берилди" сатрида янги меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг рақами ва серияси кўрсатилади, янги меҳнатга лаёқатсизлик варақасида эса "Давоми" деган сўзнинг таги чизиб қўйилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасида даволаш-профилактика муассасасининг муҳри икки марта: меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилганда юқори ўнг бурчагига, ёпилганда эса, пастки ўнг бурчагига қўйилади.


52. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси йўқолганда улар тақдим этиладиган ташкилотнинг сўровига асосан бош шифокор ёки бош шифокор ўринбосари рухсати билан унинг дубликати берилади. Дубликатда у берилган сана, юқори ўнг бурчагида "дубликат" ёзуви кўрсатилади ҳамда шифокор, бўлим мудири томонидан имзоланиб, даволаш-профилактика муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.

Дубликатнинг "Ишдан озод қилиш" сатрида меҳнатга лаёқатсизликнинг барча даври бир сатрда тўлдирилади.


53. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг реквизитлари боланинг ривожланиш тарихида, беморнинг касаллик тарихида ҳамда меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини рўйхатга олиш ва врачлик маслаҳат комиссияси хулосаларини қайд қилиш китобида қайд этилади.



10-БОБ. МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИ

ВА МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК МАЪЛУМОТНОМАЛАРИ

БЛАНКАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, ТАҚСИМЛАШ, ҲИСОБГА

ОЛИШ ВА САҚЛАШ


54. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари, мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094х шакл), таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (095х шакл) ва бемор болани парваришлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (138х шакл) бланкалари (бундан буён матнда бланкалар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (бундан буён матнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги деб юритилади) буюртмаси бўйича тайёрланади.

Бланкаларни тайёрлашга сарфланадиган харажатлар (шу жумладан, соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари, бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари учун) Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бланкалар Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, вазирлик ва идоралар тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан тақдим қилинган даволаш-профилактика муассасаларининг эҳтиёжи инобатга олинган талабномаси (кирим-чиқим ҳамда касалликлар бўйича ишлатилган бланка ҳисоботи) асосида бир йилда икки маротаба тарқатилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар ўз тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари эҳтиёжлари учун бланкаларни марказлашган ҳолда тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олади.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларидаги даволаш-профилактика муассасалари учун бланкалар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг захираси ҳисобидан ажратилади.

Бланкалар қимматбаҳо почта жўнатмалари билан тарқатилади. Жўнатилган бланкаларнинг юк хатлари алоҳида буюртма хат - топширганлик тўғрисидаги хабарнома билан юборилади.


55. Бланкаларни тайёрлаш, тақсимлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва ҳисобини юритиш ишларини ташкил қилишга Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, даволаш-профилактика муассасалари ҳамда тиббий хизматга эга бўлган тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъулдирлар.


56. Даволаш-профилактика муассасалари томонидан бланкаларнинг кирим ва чиқим ҳисоботлари олиб борилади ва бланкаларни ҳисобга олиш дафтарида қайд қилинади.

Бланкаларни ҳисобга олиш дафтари ип ўтказилиб тикилган, бетлари рақамланган, охирги бетида даволаш-профилактика муассасасининг номи, варақлар сони кўрсатилган ва жавобгар шахс томонидан имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.


57. Даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари (фельдшерлари) бланкаларнинг ишлатилганлиги тўғрисидаги ҳисоботни уларнинг корешокларини жавобгар шахсга топшириш йўли билан амалга оширади.

Расмийлаштирилган бланкаларнинг реквизитлари бланкаларни ҳисобга олиш дафтарида қайд қилинади.

Бемор томонидан олинмаган ёки расмийлаштиришда хатога йўл қўйилган бланкаларга "Х" шаклида чизилиб, катта ҳарфлар билан "яроқсиз" ёки "бузилган" деб бекор қилинади ва жавобгар шахсга топширилади.

Расмийлаштирилган бланкаларнинг корешоклари, бемор томонидан олинмаган ёки расмийлаштиришда хатога йўл қўйилган бланкалар даволаш-профилактика муассасаларида 2 йил давомида сақланади ва даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи асосида ёқиб юбориш йўли билан йўқотилади. Йўқотилганлик тўғрисидаги далолатнома 10 йил давомида сақланади.

Даволаш-профилактика муассасалари бланкалар йўқолган барча ҳоллар бўйича уларни бевосита етказиб берган ташкилотга хабар беришлари лозим.


58. Эркин шаклдаги маълумотномаларнинг берилиши тиббий ҳужжатларга асосланади ва унинг рақами, берилган санаси махсус журналда қайд қилинади.



11-БОБ. ШИФОКОРЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ УСТИДАН

ШИКОЯТ ҚИЛИШ


59. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасини нотўғри расмийлаштирган, асоссиз берган ходимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


60. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши учун жавобгарлик даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига юклатилади.


61. Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча даволаш профилактика муассасалари томонидан меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.


62. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасини бериш масалалари бўйича шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилот ёки суд томонидан кўриб чиқилади.



12-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


63. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган.






Йўриқномага

1-ИЛОВА

        

         

         

          

      

       

        





Йўриқномага

2-ИЛОВА

(Муассаса штампи)

094х шакл

Мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик

МАЪЛУМОТНОМАСИ

20___ йил "___" _____________

___________-сон

Фамилияси, исми


Ёши


Жинси


Иш жойи



(ташкилот номи)

Ташхис


Якуний ташхис


Лаёқатсизлик тури



(касаллик, ишлаб чиқаришдаги, турмушдаги бахтсиз ҳодисалар)

Тартиб



(амбулатор ёки стационар)

Шифохонада бўлган даври

20___ йил "_____" _________________

20___ йил "_____" _________________ дан

20___ йил "_____" _________________ гача

        


ТМЭКга йўлланган сана

20___ йил "_____" _________________

            


Шифокорнинг имзоси

__________

           


ТМЭК кўригидан ўтган сана

20___ йил "_____" _________________

          


ТМЭК хулосаси

__________

            


Вақтинча бошқа ишга ўтказилсин

20___ йил "_____" _________________ дан

20___ йил "_____" _________________ гача

           


Бош шифокор имзоси

__________

           


ТМЭК раисининг имзоси ва ТМЭК муҳри

__________

          


Ишдан озод этилган кунлар (шу кунлар билан бирга)

20___ йил "_____" _________________ дан

20___ йил "_____" _________________ гача

         


Шифокорнинг Ф.И.О.

_________________________________

        


Шифокорнинг имзоси

__________

          


Ишга тушиш санаси (сўз билан ёзилади)

_________________________________

          


Янги маълумотнома берилди

20___ йил "_____" _________________ да

___________-сон

            


Даволаш-профилактика муассасаси муҳри


            





Йўриқномага

3-ИЛОВА

(Муассаса штампи)

095х шакл

Таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик

МАЪЛУМОТНОМАСИ

20___ йил "___" _____________

___________-сон

Фамилияси, исми


Ёши


Жинси


Ўқиш жойи



(ташкилот номи)

Ташхис


   

Юқумли касалликка чалинган бемор билан контактда бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар

              

          

              

Ўқув машғулотларидан озод этилган кунлар (шу кунлар билан бирга)

20___ йил "_____" _________________ дан

20___ йил "_____" _________________ гача

          


Шифокорнинг Ф.И.О.

_________________________________

        


Шифокорнинг имзоси

_________

        


Янги маълумотнома берилди

20___ йил "_____" _________________ да

___________-сон

           


Даволаш-профилактика муассасаси муҳри


             





Йўриқномага

4-ИЛОВА

(Муассаса штампи)

138х шакл

Бемор болани парваришлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик

МАЪЛУМОТНОМАСИ

20___ йил "___" _____________

___________-сон

Бемор бола ҳақидаги маълумотлар:

Фамилияси, исми, отасининг исми


Ёши


Жинси


Ўқиш жойи



(ташкилот номи)

Ташхис


Парвариш қилувчи ҳақидаги маълумотлар:


Фамилияси, исми, отасининг исми


Қариндошлиги


Жинси


Иш жойи



(ташкилот номи)

Ишдан озод этилган кунлар:

Қайси вақтдан

(йил, сана, ой)

(сўз билан)


Қайси вақтгача

(йил, сана, ой)

(сўз билан)


Шифокорнинг

лавозими,

фамилияси


Шифокорнинг

имзоси


Врачлик маслаҳат

комиссияси

раисининг

имзоси














     

Янги маълумотнома берилди

20___ йил "____" _________________ да

___________-сон

Даволаш-профилактика муассасаси муҳри


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 20 апрель, 15-сон, 194-модда