язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.05.2003 й. 205-сон "Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.2003 й.

N 205


ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХОРИЖИЙ

ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ

ҚИЛИШНИ КУЧАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


"Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва республикага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлаш, хорижий инвестицияларни ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалий механизмини барпо этиш, мана шу асосда мамлакатдаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хорижий инвесторларнинг ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш вазифаси юклансин.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хорижий инвесторларнинг ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир қарорлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари учун мажбурий ҳисобланади.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тузилмасида Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса - тегишли бўлимлар ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ва тегишли бўлимларнинг жорий таъминотини молиялаштиришни назарда тутсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасининг тузилмасини ва Бошқарма тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга нисбатан амалдаги имтиёзлар ва кафолатлар рўйхатини, уларни қўллаш бўйича шарҳлар билан биргаликда, икки ой муддатда тайёрласин;

Хорижий сармоялар бўйича агентлик билан биргаликда Ўзбекистон Республикасидаги хорижий инвесторлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган тўпламини Интернет тармоғига жойлаштириш учун хорижий тилларда уч ой муддатда тайёрласин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги минтақавий бўлимларининг моддий-техника базасини қўллаб-қувватлаш учун грантлар жалб этилишига кўмаклашсин.


5. Адлия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятининг доимий мониторингини олиб борсинлар ҳамда хорижий инвесторлардан тушаётган мурожаатлар ва таклифларни батафсил ўрганиб чиқсинлар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил этишни янада яхшилаш юзасидан аниқ таклифлар билан биргаликда таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамасига йилнинг ҳар чорагида тақдим этсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2003 й., 9-10-сон, 72-модда