язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Молия соҳасида бошқарув/ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳақида Низом (ЎзР ВМ 23.11.1992 й. 553-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 23 ноябрдаги

553-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ҳақида

НИЗОМ

             

                  

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республиканинг марказий молия-иқтисодий органи сифатида Ўзбекистон Республикасининг молиявий нарх сиёсатини ҳаётга татбиқ этади ва унинг бутун ҳудудида молия, нарх-навони ташкил этиш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг вазифалари ва функцияларини амалга ошириш учун зарур молиявий негиз яратишни, республика бюджетини ишлаб чиқиш ва ижро этишни, унинг даромад қисми барқарорлигини таъминлашни, валюта режасини тузиш ва ижро этишни, пул ресурсларидан оқилона ва тежаб сарфлашни таъминлайди.


3. Молия вазирлиги республика бюджети ҳам даромадлар, ҳам харажатлар бўйича ижро этилиши учун, молиявий ресурсларни умумреспублика эҳтиёжларига сафарбар этиш ишларини ташкил этиш учун жавоб беради.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари бошқармалари ва бўлимлари, давлат суғурта идоралари, шунингдек, уларга қарашли давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ягона тизимини ташкил этади.


5. Молия вазирлиги ўз тизимига кирувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятини тўғридан-тўғри ёки ўзи ташкил этадиган органлар орқали мувофиқлаштиради ва йўналтиради.


6. Молия вазирлиги тизимига кирувчи органларни бошқариш жараёнида Вазирлик Ўзбекистон Республикасининг молиявий ва нарх-наво сиёсатини амалга оширишнинг бирлигини таъминилайди.

Шу мақсадларда Молия вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси молия тизими таркибига кирувчи органлар фаолиятини келишилган ягона молиявий, солиқ, валюта ва нарх-наво сиёсатини шакллантириш ишларини олиб боришга, олтин заҳирасини кўпайтириш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг молиявий мустақиллигини таъминлашга, республика иқтисодиётини соғломлаштиришга, бозор муносабатларини шакллантириш шароитида нарх-навони тартибга солишнинг иқтисодий усуллари ролини кучайтиришга ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтиради;

халқ хўжалиги ва ижтимоий-маданий соҳани маблағ билан таъминлайди, республика минтақаларининг яхлит ишлаб чиқариш ва ижтимоий тараққиёти учун молиявий негиз яратади;

ўз ваколати доирасида республика молия тизими таркибига кирувчи органлар фаолиятини назорат қилишни ташкил этади ва амалга оширади, улар фаолияти усуллари ва шаклларини такомиллаштиради, мазкур органлар ходимларининг касб маҳоратини ошириш ишларини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ваколатига кирувчи масалалар бўйича услубий кўрсатмалар, йўриқномалар, прейскурантлар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди ва чиқаради;

республика халқ хўжалигини, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ва бошқа давлат муассасаларини, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга аъзолик бадаллари тўлашни валюта билан таъминлайди.


7. Молия вазирлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ва бошқа меъёрий актларга амал қилади.

Молия вазирлиги республикада молиявий фаолиятнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини таъминлайди, қонун лойиҳалари бўйича молиявий хулоса беради ва ўз ҳуқуқи доирасига кирувчи масалалар бўйича қонунчиликни қўлланиш амалиётини умумлаштиради, бу қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади ва уларни Вазирлар Маҳкамасига киритади, шунингдек, ўз ҳуқуқ доирасида идоравий меъёрий актлар чиқаради.

Молия вазирлиги ўз фаолияти жараёнида республиканинг молиявий манфаатларига, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини, шунингдек, Вазирлик тизимида қонунчилик тўғри қўлланишини таъминлайди.



II БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ


8. Молия вазирлигининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

молия тизимининг, солиқ ва нарх-наво сиёсатининг Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига фаол таъсир кўрсатишини, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишини, миллий даромаднинг, корхоналар ва ташкилотлар даромадларининг ва бошқа молиявий ресурсларнинг ўсишини таъминлаш, молия-кредит воситаларининг хўжалик механизмининг бошқа элементлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш;

республиканинг молиявий ресурсларини ижтимоий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва фан-техника тараққиётининг устивор йўналишларига жамлаш, ижтимоий ривожланишни жадаллаштириш, маълум мақсадга йўналтирилган яхлит халқ хўжалиги дастурларини маблағ билан таъминлаш, зарур молия, валюта резервларини ташкил этиш;

раҳбарликнинг иқтисодий усуллари, узоқ муддатли меъёрлар ва нормативлардан кенг фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожланиш, молиявий ресурсларни режалаштириш ва улардан фойдаланиш масалаларини ҳал этишда марказлаштирилган асосларни минтақаларнинг ўзини ўзи бошқаруви, корхоналар, бирлашмалар, ташкилотларнинг мустақиллиги билан қўшиб олиб бориш асосида молия, суғурта, нарх белгилашнинг давлат томонидан бошқарилишини такомиллаштириш;

молия ва нарх механизмининг аксилхаражат йўналишини ошириш, уни ресурсларнинг барча турларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш томон йўналтириш, нобудгарчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва муомала чиқимларини камайтириш, фойда (даромад)ни кўпайтириш;

молия, бюджет, валюта ва солиқни режалаштириш ва маблағ билан таъминлаш усулларини такомиллаштириш;

суғурта муносабатлари барча қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги суғурта ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш;

аудиторлик ташкилотлари томонидан лицензия битимларида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини назорат қилиш;

корхоналар, вазирликлар, идоралар, банклар ва давлат суғурта ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш ва такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш, хўжалик юритишнинг янги шаклларини жорий этиш соҳасида маҳаллий молия органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

солиқ солиш, нарх белгилаш, суғурта, валюта-молия аудиторлик ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида шунингдек солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни қонунчилик ва меъёрий актларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

молия, солиқ, нарх белгилаш, суғурта, валюта аудиторлик ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида шунингдек солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатларининг мутаносиблигини таъминлаш;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан унга юкланган вазифалар ва функцияларнинг, айниқса пенсияларни ва бошқа тегишли тўловларни тайинлаш ва тўлашнинг белгиланган қоидаларини қўллаш юзасидан бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш.


III БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ишларни амалга оширади:

республика йиғма молия балансининг молиявий ресурсларини шакллантиришнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли истиқболни белгилашларини тузиш ишида, шунингдек, умумреспублика мақсадли бюджетдан ташқари пул жамғармаларини шакллантиришда қатнашади, уларни ташкил этиш, фойдаланиш ва миқдорлари тартиби, Ўзбекистон Республикаси минтақалари томонидан мазкур пул жамғармаларига маблағ ажратиш квоталари тўғрисидаги таклифларни тайёрлайди;

республика ва маҳаллий бюджетларни шакллантиришнинг янги усуллари асосида ҳудудий молия-бюджетни, солиқни режалаштиришни такомиллаштиради, молия-бюджетни ва солиқни режалаштириш, нарх белгилаш, халқ хўжалиги ва ижтимоий-маданий соҳани маблағ билан таъминлаш соҳасида услубий раҳбарликни амалга оширади, республика ва маҳаллий бюджетлардан сарфланаётган харажатлар сметасини тузиш, кўриб чиқиш, тасдиқлаш ва ижро этишнинг умумий қоидаларини белгилайди;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ бюджетни тузиш ва ижро этиш ишларини ташкил этади;

республика вазирликлари, идоралари ва корхоналари томонидан республика бюджетининг ижро этилишини, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва республиканинг бошқа банклари томонидан бюджетнинг касса ижроси қоидаларига риоя қилинишини, шунингдек, банклар томонидан капитал сармояларни маблағ билан таъминлашни ва бюджет маблағлари ҳисобидан рўёбга чиқариладиган бошқа тадбирларни назорат қилишни амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда республика бюджети ижросига тегишли масалаларни ҳал қилади;

жорий йилда республика бюджети ва валюта режасининг бажарилиши юзасидан ҳисобот тайёрлайди ва уни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

халқ хўжалиги тармоқлари ва минтақалар иқтисодиёти ва молияси ҳолатини таҳлил қилади, вазирликлар ва идораларга, шунингдек, маҳаллий бошқарув органларига корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларда молия-иқтисод ишларини ташкил этиш бўйича услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатади, молия-кредит механизмини такомиллаштириш, жамғарма фонди ва истеъмол фонди ўртасидаги мутаносибликни такомиллаштириш, мулкни давлат тасарруфидан чиқаришнинг молиявий жиҳатлари бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари капитал қурилиш бошқармалари ва бўлинмаларининг бухгалтерия ҳисоботлари ва балансларини кўриб чиқади, уларнинг молиявий фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича талаблар қўяди;

монополист корхоналар, табиий монополиялар субъектлари товарларига (ишлари, хизматларга) нарх белгилаш, монополия нархлари (тарифлари)нинг чекланган даражаларини декларация қилиш масалаларида ягона давлат сиёсатини юритади, уларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўради;

товар бозорларида, шу жумладан якуний истеъмол маҳсулотларига нархлар динамикасининг тизимли мониторингини юритади, нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги нарх белгилашга монополия нархлари ва тарифларининг таъсирини таҳлил қилади;

суғурта ташкилотларининг молиявий барқарорлигини, шунингдек улар томонидан суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат қилади;

суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензиялар реестрини юритади;

ўз ваколатлари доирасида суғурта фаолиятини тартибга соладиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

суғурталовчилар ва суғурта брокерлари томонидан лицензия битимида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади;

ўз ваколатлари доирасида аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган норматив ҳужжатларни, шу жумладан Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

аудиторлик ташкилоти томонидан лицензия битимида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади;

аудиторнинг малака сертификатини олиш учун талабгорларга қўйиладиган малака талабларини белгилайди;

суғурталовчининг (суғурта брокерининг) раҳбари ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талабларини белгилайди;

солиқ маслаҳатчиси ва актуарийнинг малака сертификатларини олиш учун ўқитиш дастурини, малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини, шунингдек республика аудиторлар бирлашмаси билан келишган ҳолда - аудиторнинг малака сертификатини олиш учун ўқитиш дастурини ва малака имтиҳонлари топшириш тартибини белгилайди;

солиқ маслаҳатчиси ва актуарийнинг малака сертификатларини олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳонларини, шунингдек республика аудиторлар бирлашмаси иштирокида - аудиторнинг малака сертификатини олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳонини ўтказади;

белгиланган тартибда аудиторлик ташкилотини лицензиялашни амалга оширади;

аудитор, актуарий ва солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатларини беради, амал қилишини тўхтатади ва бекор қилади;

тегишли малака сертификатларига эга бўлган аудиторлар, актуарийлар ва солиқ маслаҳатчилари реестрини ҳамда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари ҳисобини юритади;

белгиланган тартибда суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

суғурталовчини қайта ташкил этишга рухсатнома беради ва рухсатнома беришни рад этади, шунингдек рухсатнома бериш ва рухсатнома бериш рад этилиши тартибини белгилайди;

давлат корхоналари ва ташкилотларини мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантиришдан тушган маблағларни улардан белгиланган тартибдаги мақсадларда фойдаланишга сафарбар қилишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда пул муомаласини мустаҳкамлаш, сўмнинг харид қувватини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, пул даромадлари ва аҳоли харажатларининг мувозанатлилигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради, республика давлат ички заёмларини чиқариш ва уларни тарқатиш, шунингдек, лотереялар ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

бозор инфраструктурасини шакллантириш, халқ хўжалигини бошқаришда иқтисодий усулларни кучайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

қимматбаҳо қоғозлар бозорини шакллантириш ҳамда қимматбаҳо қоғозлар эмиссияси ва ҳаракати устидан назоратни амалга оширади, молиявий бозорни шакллантириш ишларини мувофиқлаштиради; акционерлик жамиятлари ва чекланган масъулиятли жамиятларнинг ягона реестрини юритади, корхоналарнинг қимматбаҳо қоғозларини рўйхатга олади;

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тадбирларини маблағ билан таъминлаш манбаларини аниқлайди ва маблағ билан таъминлайди;

республика давлат бошқарув органларининг ташкилий тузилмасини яхшилашга ва уларни сақлаш харажатларини арзонлаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

бюджетни мувозанатлаштириш заруратидан келиб чиқиб, солиқлар тизимини республикадаги бошқа даромадларни такомиллаштириш, давлат молия маблағларини мустаҳкамлаш, корхоналар, бирлашмалар, ташкилотларнинг ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик ишлари учун энг мақбул молиявий шароитларни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси билан МДҲ қатнашчилари бўлган давлатлар, чет давлатлар ўртасида тузилган битимларни маблағ билан таъминлаш юзасидан музокаралар олиб боради;

республика молия-валюта сиёсатининг асосий принципларини, шакллантиришда қатнашади, республиканинг валюта режасини (тўлов балансини) тузади ва ижро этади, валюта ресурсларини кўпайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, уларни оқилона тақсимлашни ҳамда ажратилган валюта маблағларидан самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланишни назорат қилишни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий инвесторларнинг инвестиция фаолиятини молиявий ва солиқлар билан тартибга солишини амалга оширади, республика иқтисодиётига хорижий сармоя келиши учун қулай молиявий шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини маблағ билан таъминлаш учун республика Ҳукумати томонидан хорижий кредитлар жалб қилиш зарурати бўйича экспертиза ўтказади, ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этади, республика Ҳукумати томонидан олинган хорижий кредитларнинг келиб тушишини ҳисобга олиш ва назорат қилишни амалга оширади; Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи ўз вақтида тўланиши ва ташқи қарз билан боғлиқ ишлар амалга оширилишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларга беғараз ёрдам кўрсатиши, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш, Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари ва хорижий давлатлардаги элчихоналари консульхоналари, ваколатхоналари ва бошқа дипломатик муассасаларини сақлаш билан боғлиқ аъмолларни ҳисобга олишни ва уларни маблағ билан таъминлашни амалга оширади;

корхоналар, бирлашмалар, ташкилотларнинг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботлари юзасидан методологик раҳбарликни амалга оширади ҳамда уларни такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради; турли даражадаги бюджетларнинг ижроси, бюджетдаги муассасалар харажатлар сметасининг ижроси бўйича бухгалтерлик ҳисобини юритиш тартибини белгилайди; Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда бюджетларнинг касса ижроси бўйича ҳисоб-китоб ва ҳисоботлар шаклларини белгилайди; баланснинг ҳисоб-китоб моддалари, қимматбаҳо нарсаларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва натижаларини расмийлаштириш тартибини белгилайди, счётларнинг намунавий режаларини, бухгалтерия ҳисоби ва хисоботининг намунавий шаклларини, уларни қўллаш ва тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни тасдиқлайди;

республика ва маҳаллий бюджетлардан маблағ билан таъминланадиган корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва муассасаларнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади ва текширади, республика бюджетини тузиш ва ижро этиш бўйича молия идоралари ишини яхлит тафтиш қилади, зарурат бўлганда вазирликлар идоралар молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади ва текширади;

тугалланган тафтиш ва текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар беради;

фуқароларнинг Вазирлик ваколатига тегишли хат, таклиф, мулоҳаза ва шикоятларининг ўз вақтида ва диққат билан кўриб чиқилишини таъминлайди, шунингдек, фуқаролар томонидан маълум қилинган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда қимматбаҳо металлар бозорининг аҳволини таҳлил қилади;

қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ички истеъмол қилиш ва экспорт қилиш прогнозлари ҳамда балансларини ишлаб чиқишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан харид қилинадиган маҳсулотлар нархларини белгилаш ҳамда давлат томонидан харид қилинадиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда суғурталовчилар ва суғурта воситачилари, лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар (банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно), лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўтказувчи ташкилотлар ҳамда аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;

вазирликка юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.


IV БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Молия вазирлиги қуйидаги ҳуқукларга эгадир:

республика вазирликлари ва идораларидан, бошқа бошқарув органларидан, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотлардан республика бюджети истиқболини белгилаш, валюта режасини тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилишни амалга ошириш учун материалларни, бухгалтерия ҳисоб-китоблари ва балансларни, молия-бюджет, валюта ва солиқ режалаштириши, бюджетдан ва валюта жамғармасидан сарфланадиган харажатларни маблағ билан таъминлаш учун бошқа материаллар ва ҳисоботларни, нарх белгилашга оид материаллар ва монополияга қарши фаолиятни олиш; кредит муассасаларидан банклар ҳақидаги қонунчиликка, уларнинг Уставларига мувофиқ муассасалар, корхоналар, ташкилотларнинг аъзоллари ва счётлари ҳақидаги материалларни олиш;

маблағларни қонунсиз равишда сарф қилганликлари ёки илгари берилган маблағларни сарфлаганлик тўғрисидаги ҳисоботларни ва бошқа ҳисоботларни тақдим этмаганлиги учун тегишли вазирликлар ва идоралар, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг раҳбарларини хабардор қилган ҳолда корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотларни бюджетдан ва валюта жамғармасидан маблағ билан таъминлашни чеклаб қўйиш, эарур ҳолларда умуман тўхтатиш ҳамда Вазирлик ҳуқуқи доирасида амалдаги қонунчиликда белгиланган бошка жазоларни қўллаш;

бюджетдан ташқари махсус ҳисоб рақамларида резервлар ташкил этиш;

бюджетдан ташқари жамғармаларни ташкил қилиш;

республика минтақалари бюджети бўйича вақтинчалик касса фарқларини қоплаш учун зарур ҳолларда уларни жорий йилда қайтариш шарти билан республика бюджетидан ссуда бериш;

тафтиш ва текширишлар давомида нақд пулларни, қиммат-баҳо қоғозларни, бухгалтерия ҳисоби реестрларини, ҳисоботлар, сметалар ва режаларни кўрсатишни талаб қилиш; сохталиклар ва бошқа суиистеъмолликлар аниқланган ҳолларда ҳужжатлар йиғма жилдида ҳужжатни олганлик тўғрисидаги қайднома ёки ана шу ҳужжатнинг нусхасини, олиб қўйилган ҳужжатларнинг реестрини қолдирган ҳолда зарур ҳужжатларни олиб қўйиш; бошқа муассасалар, корхоналар ва ташкилотлардан текширилаётган объектларнинг аъзоллари билан боғлиқ маълумотларни ва ҳужжатларнинг нусхаларини олиш, молиявий фаолиятнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида уларнинг раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

вазирликлар ва идоралар, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳисоботлари ва балансларига зарур тузатишлар киритиш юзасидан таклифлар бериш, шунингдек, ана шу таклифларни бажариш учун кўрилган чора-тадбирларни текшириш;

маҳсулотларни сотиш ҳажмлари ва солиқ ставкаларининг ўзгариши билан боғлиқ даромадлар ва даромад манбалари бўйича вилоятлар бўйича ўзгаришлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, ташкилотларига нарх прейскурантлари, тарифлар, устамалар ва чегирмалар лойиҳаларини, услубий кўрсатмалар ва нормативларни ишлаб чиқишни топшириш;

суғурта ташкилотлари учун мажбурий бўлган иқтисодий нормативларни белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бозори профессионал қатнашчилари фаолиятини, шу жумладан суғурта ташкилотлари томонидан белгиланган иқтисодий нормативларга риоя қилинишини текшириш, шунингдек суғурта бозорининг профессионал қатнашчиларига аниқланган қоида бузишларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритиш;

суғурталовчилар томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, белгиланган иқтисодий нормативлар, шу жумладан тўлов қобилияти нормативлари бузилганлиги учун уларга суғурталовчи учун белгиланган устав сармояси энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорда белгиланган тартибда жарима солиш;

аудиторлик ташкилотларида лицензия битимларида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини текшириш;

Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан ўтказилган тафтишлар ва талон-тарож, ўғирлик, камомад, ноқонуний сарф-харажатлар суммасини текшириш натижасида аниқланган давлат улушидан дивидендларнинг бюджетга ўз вақтида ўтказилмаганлиги учун пеня ва жарималар бўйича бюджет даромадига тушумларнинг 10 фоизи ҳисобига Ўзбекистон Республикаси молия тизимини ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилсин;

тегишли маҳаллий бюджетларга (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутини қоплашга) бюджет субвенциялари ва ссудалар ажратишда, ҳудудлар бўйича тўланиши керак бўлган барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тушумларининг тўлиқлигидан, шунингдек иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан бирга), нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларини биринчи навбатда сўзсиз молиялаштиришнинг зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг миқдорларини аниқлаштириш;

республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига берилаётган даромадларнинг тасдиқланган ҳажмларига, уларнинг ҳудудида шакллантирилаётган солиқ тушумларини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро ҳисоб-китоблар воситасида даромадлар ва харажатлар ўртасида пайдо бўладиган касса тафовутларини тартибга солиб, аниқлаштиришлар киритиш;

минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияси ва динамикасининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш резервлари сафарбар қилинишининг, шунингдек солиқларнинг барқарор тушишидан маҳаллий ҳокимият органларининг манфаатдорлиги ошишининг тизимли таҳлилидан келиб чиққан ҳолда бюджет даромадлари прогнозини ҳар чоракда давлат солиқ ва божхона хизматлари органларига етказиш;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда суғурталовчилар ва суғурта воситачилари, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўтказувчи ташкилотлар ҳамда аудиторлик ташкилотларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этишини текшириш, қонун бузилишлари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш.


V БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ИШИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши тасдиқлайдиган Вазир бошчилик қилади.

Молия вазири Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ўринбосарларга эга бўлади. Ўринбосарлар ўртасидаги вазифалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тақсимланади.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазири вазирликка юклатилган вазифа ва мажбуриятларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, Вазирлик фаолиятининг алоҳида соҳаларига ва Вазирлик тизимидаги муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар ишига раҳбарлик қилиш учун Вазир ўринбосарларининг, Вазирлик мустақил таркибий бўлинмалари бошлиқларининг масъулияти даражасини белгилайди.


13. Молия вазирлиги ўз ҳуқуқ доирасида амалдаги қонунчилик актларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига асосан ва уларни бажариш юзасидан буйруқлар, йўриқномалар, қоидалар, низомлар чиқаради ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги вазирликлар, идоралар, шунингдек, ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича идоравий бўйсунишидан қатъи назар корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда фуқаролар бажариши мажбурий бўлган бошқа кўрсатмалар беради.

Молия вазирлиги зарур ҳолларда республиканинг бошқа вазирликлари ва идоралар билан биргаликда қўшма меъёрий актлар чиқаради,


14. Молия вазирлигида Вазир (раис) ва лавозими бўйича вазир ўринбосарларидан, шунингдек вазирликнинг бошқа раҳбар ходимларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Молия вазирлиги ҳайъатининг аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


15. Молия вазирлиги ҳайъати мунтазам ўтказиладиган ўз мажлисларида молиявий механизмни такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил этишнинг, республика бюджети лойиҳаси ва ижросини тузишнинг асосий масалаларини ҳамда Вазирлик фаолиятининг бошқа масалаларини, Вазирлик тизимидаги муассасалар, корхоналар ва ташкилотларга амалий раҳбарлик қилиш масалаларини, муҳим буйруқлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа меъёрий актларни кўриб чиқади.

Ҳайъат қарори, одатда, Вазирнинг буйруғи билан ҳаётга татбиқ этилади. Вазир билан ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолда Вазир ўз қарорини ҳаётга татбиқ этади, пайдо бўлган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради, ўз навбатида ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Вазирлар Маҳкамасига билдиришлари мумкин.


16. Молия-бюджетни режалаштириш ва республика халқ хўжалигини маблағ билан таъминлаш методикасини, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, назорат-тафтиш ишлари, солиқ маслаҳати нарх белгилаш масалалари методологиясини такомиллаштириш борасидаги таклифларни кўриб чиқиш учун тегишли масалалар бўйича юқори малакали мутахассислар, илмий муассасаларнинг ходимлари, бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат методологик ва бошқа кенгашлар тузилиши мумкин.

Бу кенгашларнинг таркиби ва улар ҳақидаги низом Вазир томонидан тасдиқланади.


17. Молия вазирлиги молия, нарх, кредит, пул муомаласи, товар-пул муносабатларининг бутун жами соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг назарий даражасини, сифатини ва амалий аҳамиятини ошириш чора-тадбирларини кўради, халқ хўжалигини бошқариш амалиётида иқтисодий воситалар ва рағбатларнинг бутун мажмуидан самаралироқ фойдаланишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиш учун иқтисодий ихтисосдаги илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди.


18. Молия вазирлигининг марказий аппарати тузилмаси, ходимлари сони, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Молия вазирлиги марказий аппаратининг штат жадвали, шунингдек, унинг мустақил таркибий бўлинмалари ҳақидаги низом Молия вазири томонидан тасдиқланади.


19. Молия вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.