язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спортни молиялаштириш ва унинг моддий техник базаси/ Спорт объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Эксперт гуруҳ тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2015 й. 130-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 20 майдаги

130-сон қарорига

1-ИЛОВА



Спорт объектларидан фойдаланишни янада

такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб

чиқиш бўйича Эксперт гуруҳ тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом спорт объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштиришга доир тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича Эксперт гуруҳ (кейинги ўринларда Эксперт гуруҳ деб аталади) фаолияти тартибини белгилайди.


2. Эксперт гуруҳ доимий ишлайдиган кенгашувчи - маслаҳат берувчи орган ҳисобланади.


3. Эксперт гуруҳ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Эксперт гуруҳ фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


5. Эксперт гуруҳ фаолияти минтақавий оммавий ахборот воситаларида ёритилади.



II. ЭКСПЕРТ ГУРУҲ ФАОЛИЯТИНИНГ

МАҚСАДЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ


6. Фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг эҳтиёжларини ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдан манфаатдорлигини ҳисобга олган ҳолда спорт объектларидан, шу жумладан, болалар спорти объектларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш Эксперт гуруҳ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар Эксперт гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

спорт иншоотларига уларнинг типлари бўйича реал эҳтиёжни, тегишли ҳудудда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришнинг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда қурилиш учун энг қулай ва гавжум жойларни танлаш, хусусан, спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастурларини шакллантиришга доир таклифлар ҳамда хулосалар ишлаб чиқиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш;

қурилиши тугалланган спорт объектларининг, шу жумладан, болалар спорти объектларининг давлат қабули жараёнида иштирок этиш;

спорт объектларидан, шу жумладан, болалар спорти объектларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш;

фуқароларни, нодавлат нотижорат ташкилотларни, ташкилотларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини спорт объектларини, шу жумладан, болалар спорти объектларини қуриш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилишга жалб этиш.



III. ЭКСПЕРТ ГУРУҲНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


8. Эксперт гуруҳ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

спорт объектлари қуриш учун жойларни тайёрлаш жараёнида, жумладан қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастурлари лойиҳаларини, ўртача муддатли, узоқ муддатли ривожлантириш дастурларини, концепцияларни ҳамда ҳудудларнинг жисмоний тарбия ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасига тааллуқли бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашади;

қурилган спорт объектларининг, шу жумладан, болалар спорти объектларининг давлат қабули жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифларни ва эксперт хулосани тақдим этади;

спорт объектлари, шу жумладан, болалар спорти объектлари инфратузилмасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари таҳлили ва мониторингини олиб боради;

спорт объектлари, шу жумладан, болалар спорти объектлари инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жамоатчилик ташаббусларини, давлат ҳокимияти органларининг таклифларини кўриб чиқади ва экспертизадан ўтказади;

спорт объектлари, шу жумладан, болалар спорти объектлари инфратузилмасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга йўналтирилган таҳлилий ва ахборот материаллари, лойиҳалар ва бошқа ҳужжатлар шаклидаги таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритади;

Эксперт гуруҳ мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш юзасидан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


9. Эксперт гуруҳнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этилган таклифлари ва хулосаларини кўриб чиқиш мажбурийдир.


10. Эксперт гуруҳ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини кўриб чиқишда ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларини, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини Эксперт гуруҳ мажлисига таклиф этиш;

Эксперт гуруҳ ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш, уларнинг таркибига самарали ишлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин;

Эксперт гуруҳларнинг сифатли ишлаши учун зарур бўлган уларнинг ваколатига кирадиган ахборотни маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлардан, тадбиркорлик субъектларидан сўраб олиш.



IV. ЭКСПЕРТ ГУРУҲНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ,

УНИНГ ТАРКИБИ ВА ТУЗИЛМАСИ


11. Эксперт гуруҳ таркиби маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан, спорт тренерлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ходимларидан, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан шакллантирилади.


12. Эксперт гуруҳ аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар.


13. Эксперт гуруҳ унинг фаолиятида ихтиёрий қатнашиш асосида шакллантирилади.


14. Эксперт гуруҳ таркибига қуйидагилар киради:

Эксперт гуруҳ раиси - Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари;

Эксперт гуруҳ раисининг ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг ҳудудий филиали раҳбари ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудий вакиллари;

Эксперт гуруҳ аъзолари - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, спорт тренерлари ҳамда жисмоний тарбия ва спортнинг бошқа мутахассислари, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари;

Эксперт гуруҳ котиби - Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг ҳудудий филиали мутахассиси.

15. Эксперт гуруҳ раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажариш раиснинг ўринбосарларидан бирига юкланади.


16. Эксперт гуруҳнинг шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

17. Эксперт гуруҳ раиси:

Эксперт гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Эксперт гуруҳ ишларини ташкил этади ва унинг мажлисларида раислик қилади;

Эксперт гуруҳ мажлислари баённомаларини ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

Эксперт гуруҳ мажлиси санасини, жойини, вақтини, кун тартибини белгилайди;

раиснинг ўринбосарлари ва Эксперт гуруҳ аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Эксперт гуруҳ фаолияти доирасида уларга топшириқлар беради;

ишчи гуруҳлар таркибини тасдиқлайди;

Эксперт гуруҳ фаолияти масалалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



V. ЭКСПЕРТ ГУРУҲНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


18. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмаси Эксперт гуруҳнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


19. Ишчи орган:

Эксперт гуруҳ фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди;

Эксперт гуруҳ мажлисларини ўтказишга барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек Эксперт гуруҳ аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларини олиш ҳуқуқи берилади;

Эксперт гуруҳ мажлислари ўтказилишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил этади;

Эксперт гуруҳ хулосалари бажарилишини жойига бориб ўрганади;

Эксперт гуруҳ аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни, тегишли материалларни юборган ҳолда, мажлис ўтказиладиган сана, жой ва вақт тўғрисида хабардор қилади.


20. Эксперт гуруҳнинг қарори билан ишчи органга унинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва аттестация ўтказиш мақсадида бошқа функциялар ҳам юкланиши мумкин.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Қуйидаги ҳолларда Эксперт гуруҳ аъзосининг ваколатлари тўхтатилади:

у Эксперт гуруҳ таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берганда;

қонун ҳужжатларига мувофиқ у ҳуқуқий лаёқатсиз, сабабсиз ҳозир бўлмаган ёки вафот этган деб эътироф этилганда.


22. Эксперт гуруҳ аъзоси унинг таркибига киришига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юз берган тақдирда, у тегишли ҳолатлар юзага келган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Эксперт гуруҳ раиси номига Эксперт гуруҳ таркибидан чиқиш тўғрисида ёзма ариза юбориши шарт.


23. Эксперт гуруҳнинг шахсий таркиби ва фаолияти тўғрисидаги маълумотлар маҳаллий давлат ҳокимияти органининг расмий сайтида жойлаштирилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 25 май, 20-сон, 258-модда