ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судининг процессуал фаолияти масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 19.06.2015 й. 283-сон "Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.06.2015 й.

N 283


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАРГА ОИД ҚОНУН

НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) процессуал муддатлар тўғрисидаги нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига мувофиқ Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг (бундан буён матнда судлар деб юритилади) эътибори ишларни кўришда процессуал муддатларга қатъий риоя этиш иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишнинг, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кўмаклашишнинг муҳим омиллардан бири ҳисобланишига қаратилсин.

Судлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга уларнинг ўз процессуал ҳуқуқларидан инсофли равишда фойдаланмасдан ва процессуал мажбуриятларини бажармасдан, суд муҳокамасининг асоссиз равишда узайтирилишига қаратилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг олдини олиш чораларини кўриши лозим.


2. Барча процессуал ҳаракатлар ишни кўраётган суд, ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан ИПК ва бошқа қонунлар ёки суд томонидан белгиланган муддатлар ичида бажарилиши лозим.

ИПКда ёки бошқа қонунларда процессуал муддатлар белгиланмаган ҳолларда улар суд томонидан белгиланиши ва узайтирилиши мумкин.

3. ИПК 119-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки унинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа содир бўлган кундан бошланади.

Cудлар инобатга олишлари керакки, йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатларга иш куни бўлмаган кунлар ҳам киради, ИПК 222-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Иш куни бўлмаган кунлар деганда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ва байрам (ишланмайдиган) кунлари тушунилади.

4. Судлар инобатга олишлари керакки, процессуал муддатларнинг тугаши билан ишда иштирок этувчи шахслар процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади. Процессуал муддатлар ўтказилиб берилган аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатлар, агар ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома бўлмаса, суд томонидан кўриб чиқилмайди ва уларни берган шахсларга қайтарилади. Ушбу қоида ИПК ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари ёки суд топшириғига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар бажариши лозим бўлган процессуал ҳаракатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолатда процессуал муддатларнинг ўтказиб юборилганлиги ушбу шахсларни уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.

5. Процессуал муддатнинг тугаш куни ИПКнинг 120-моддасига мувофиқ аниқланади. Процессуал муддатнинг тугаш куни деганда, ушбу муддатнинг охирги куни, агар охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган бўлса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни тушунилади.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг тугаши тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида (масалан, 28 ёки 29 февралда) тугайди.


6. Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун муддат белгиланганда, улар ушбу муддат охирги куни соат йигирма тўртга қадар бажарилиши лозим. Ушбу қоида электрон шаклда берилган ҳужжатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда, агар ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатлар муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар алоқа ташкилотига ёки ваколатли шахсга берилган бўлса, агар процессуал ҳаракатлар иқтисодий судда ёки бошқа ташкилотда бажарилиши лозим бўлиб, улар суд ёки бошқа ташкилотда иш куни тугаган ёки тегишли операциялар тугатилган соатга қадар амалга оширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган ҳисобланмайди.

7. Судлар инобатга олишлари лозимки, иш юритиш тўхтатиб турилган кундан бошлаб иш бўйича барча процессуал муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтайди ва иш юритиш тикланган кундан бошлаб уларнинг ўтиши давом этади.

Процессуал муддатларни қайта тиклаш куни бўлиб, иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф қилиниб, суднинг иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарган куни ҳисобланади. Процессуал муддат қайта тиклангандан кейин процессуал ҳаракат иш бўйича иш юритиш тўхтатиб туриш пайтига қадар қолган процессуал муддат давомида амалга оширилиши лозим.


8. ИПК 123-моддасининг биринчи қисмига кўра суд ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси бўйича ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатнинг ўтказиб юборилиши сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди.

Судлар инобатга олишлари керакки, процессуал муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан ҳар бир ҳолатлардан келиб чиқиб, ўз ички ишончи бўйича баҳоланиши керак.


8.1. Судлар ҳисобга олишлари лозимки, ўтказиб юборилган процессуал муддат қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлгандагина тикланиши мумкин:

1) агар ишда иштирок этувчи шахс томонидан процессуал муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса;

2) агар илтимосномада кўрсатилган муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса;

3) агар ишда иштирок этувчи шахс томонидан илтимоснома билан бир вақтда зарур бўлган процессуал ҳаракатлар (ариза, шикоят, протест берилса, далиллар тақдим этилса ва бошқалар) амалга оширилса.

Бунда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ИПК 262-моддасининг учинчи қисми, 285-моддасининг иккинчи қисми, 305-1-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддатлар қатъий ҳисобланади.

8.2. Ариза, шикоят (протест)ни беришнинг ўтказиб юборилган процессуал муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор этмасдан, судьянинг якка ўзи томонидан ариза, шикоят (протест)ни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масала билан бир вақтда кўриб чиқилади. Илтимоснома қаноатлантирилиб, муддат тикланган тақдирда, бу ҳақида ариза, шикоят (протест)ни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилади. Муддатни тиклаш рад этилганда, бу ҳақида ариза, шикоят (протест)ни қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилади.

9. Судлар назарда тутишлари лозимки, ариза, шикоят (протест)ни бериш муддатига риоя этилганлиги ҳақидаги масалани ҳал этишда, агар ариза, шикоят (протест) алоқа ташкилотига топширилган бўлса, ариза, шикоят (протест)ни бериш санаси конвертдаги штемпель ёки хат-хабарларни қабул қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат бўйича аниқланади. Ахборот тизими орқали электрон шаклдаги ариза, шикоят (протест)ни бериш санаси ва вақти бўлиб, ҳужжатнинг ахборот тизимига келиб тушганлиги ҳақидаги ҳужжат етказиб берилганлиги тўғрисидаги хабарномада қайд этилган сана ва вақт ҳисобланади.


10. ИПК 124-моддасининг биринчи қисмига кўра суд томонидан белгиланган процессуал муддатларни унинг ўзи узайтириши мумкин. Бунда назарда тутиш керакки, судлар ИПК ёки бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатларни узайтириш ҳуқуқига эга эмаслар. Қонун ҳужжатларида процессуал муддатларни суд томонидан узайтириш назарда тутилган ҳоллар (масалан, ИПК 164-моддасининг иккинчи қисми) бундан мустасно.

Суд томонидан белгиланган процессуал муддатни узайтириш тўғрисидаги масала ишни кўраётган судья, шунингдек ишда иштирок этувчи шахснинг ташаббуси билан кўриб чиқилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахс томонидан процессуал муддатни узайтириш масаласи бўйича ташаббус билдирилган ҳолатда муддатни узайтириш учун унинг суд томонидан дастлаб белгиланган муддат давомида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигининг узрли сабаблари кўрсатилган аризаси асос бўлади.


11. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза (ИПК 143-моддасининг иккинчи қисми), даъво аризаси (ариза) (ИПК 164-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари, 221-моддасининг биринчи қисми), соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар (ИПК 203-4-моддасининг олтинчи қисми), суд қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза (ИПК 190-моддасининг учинчи қисми), ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ариза (ИПК 191-моддасининг учинчи қисми), апелляция шикояти (протести) (ИПК 277-моддасининг биринчи - учинчи қисмлари), кассация шикояти (протести) (ИПК 300-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари), қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза (ИПКнинг 332-моддаси), ундирувчининг ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини тиклаш тўғрисидаги аризаси (ИПК 340-моддасининг учинчи қисми), ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза (ИПК 341-моддасининг учинчи қисми), суд ҳужжати ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза (ИПК 342-моддасининг тўртинчи қисми), суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза (ИПК 344-моддасининг учинчи қисми), ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги ариза (ИПК 345-моддасининг учинчи қисми), ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза (ИПК 346-моддасининг иккинчи қисми) ИПКда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши лозим.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар судлар томонидан "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

12. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида даъво аризаси (ариза) судга келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан ИПКнинг 163-моддасида назарда тутилган тегишли процессуал ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Бундай процессуал ҳаракатлар белгиланган беш кунлик муддатнинг охирги иш куни тугагунига қадар бажарилиши керак.

Судлар инобатга олишлари керакки, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати бекор қилинган ва иш янгидан кўришга юборилганидан кейин уни иш юритишга қабул қилиш муддати ИПК 163-моддасининг биринчи қисмига мос ҳолда иш янгидан кўришга юборилган судга келиб тушган кундан бошлаб беш кундан ошмаслиги лозим.

13. Иш ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб бир ой, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш эса ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда кўриб чиқилиши ва суд ҳужжати қабул қилиниши керак, ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно. Муддатнинг ўтиши ишни судда кўришга тайёрлаш ёки даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошланади ва процессуал муддатнинг охирги кунида тугайди. Муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаши деб ҳисобланади.

Судлар шуни инобатга олиши керакки, иш ИПКнинг 164 ва 221-моддаларида белгиланган муддатларда кўрилиши ҳамда иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тайёрланиши ва ишда иштирок этувчи шахсларга юборилиши лозим.

Янгидан кўришга юборилган иш тегишинча ИПКнинг 164, 221, 277 ва 300-моддаларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

14. ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати суд раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, ишни кўриш муддатини узайтириш ҳақидаги билдирги судья томонидан суд раисига ИПК 164-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлар тугагунига қадар берилиши керак.

ИПКда ишни кўриш муддатини узайтириш учун асослар мавжуд бўлганда, уни бир неча маротаба узайтиришни тақиқловчи норма мавжуд эмас. Бироқ бунда ишни кўришнинг умумий муддати икки ойдан ошиши мумкин эмас.

15. ИПК 17-моддасининг тўртинчи қисми, 24-моддаси, 45-моддасининг тўртинчи қисми, 47 ва 48-моддалари, 158-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 160-моддасининг биринчи қисми, 171-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишни кўриш янгидан бошланади.

Судларга тушунтирилсинки, юқорида қайд этилган асосларга кўра ишни кўриш янгидан бошланиши ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган ишни кўриш муддатининг янгидан бошланишига олиб келмайди.

16. ИПК 158-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир неча иш битта иш юритишга бирлаштирилган тақдирда, улар бўйича ишни кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.

ИПК 159-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ бир ёки бир нечта бирлаштирилган талаб алоҳида иш юритишга ажратилган тақдирда, ажратилган талаб бўйича ишни кўриш муддати талабларнинг бир қисмини ажратиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

17. Судлар инобатга олишлари лозимки, қўшимча далилни тақдим этиш учун процессуал муддат талаб қилинган далилнинг алоқа ташкилоти томонидан етказиб бериладиган вақт ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.

Суд томонидан белгиланган процессуал муддат тугагунига қадар ишда иштирок этувчи шахс, шунингдек суд томонидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбурияти юклатилган шахс муайян процессуал ҳаракатларни ўз вақтида амалга ошириш учун ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни кўриши керак.

Агар ишда иштирок этувчи шахс, шунингдек суд томонидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбурияти юклатилган шахс далилларни тақдим этиш ёки суд томонидан белгиланган муддатда тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, у тегишли ажрим (топшириқ)ни олганидан сўнг беш кунлик муддат ичида, суд томонидан белгиланган муддат беш кундан кам бўлганда эса суд ажримини олган кундан бошлаб зудлик билан бу ҳақида сабабини кўрсатган ҳолда судни ёзма (электрон) шаклда хабардор қилиши шарт.

18. ИПК 94-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза, ишни кўраётган судья томонидан ИПК 96-моддасининг биринчи-учинчи қисмларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза у иқтисодий судга келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмаган ҳолда кўриб чиқилади.

Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал этилади. Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Аммо уларнинг келмаганлиги даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

19. ИПК 171-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ асослар мавжуд бўлганда ишни кўриш кейинга қолдирилиши мумкин. Судлар шуни назарда тутиши керакки, суд мажлиси ишни кўришга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган оқилона муддатга қолдирилиши лозим, бироқ ишни кўриш муддати, қолдиришларни ҳисобга олган ҳолда ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган муддатлардан ошмаслиги керак.

20. ИПК 203-моддасининг биринчи қисмига кўра иқтисодий судлов ишларини юритишнинг иштирокчилари баённома имзоланганидан кейин беш кунлик муддатда суд мажлисининг ёки процессуал ҳаракатнинг баённомаси билан танишиш ҳамда унинг тўла-тўкислиги ва тўғри тузилганлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини бериш ҳуқуқига эга.

Судлар шуни инобатга олиши керакки, беш кунлик муддат баённома раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланган кундан эътиборан бошланади. Бунда, баённома суд мажлиси тугаганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганидан сўнг уч кундан кечиктирмасдан раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланиши керак.

21. Суд мажлисида эълон қилинадиган танаффуснинг муддати ИПКнинг 164 ва 221-моддаларида назарда тутилган ишни кўриш муддатига киради.

Судлар шуни ҳисобга олишлари керакки, асослантирилган ҳал қилув қарорини тузиш учун ИПК 186-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддат ҳал қилув қарорини ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш учун ИПК 188-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган беш кунлик муддат ҳисобига киради.

21.1. ИПКнинг 17 ва 128-моддаларига кўра ҳар бир иш бўйича муҳокама узлуксиз давом этади. Суд ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра, суд мажлисида танаффус эълон қилиши мумкин. Бунда судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, мажлисда танаффус бир неча маротаба эълон қилиниши мумкин, бироқ узлуксиз танаффусларнинг умумий давомийлиги уч кундан ошмаслиги лозим, бу муддатга иш куни бўлмаган кунлар кирмайди.

21.2. ИПКнинг 188-моддасига кўра, суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарори ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

ИПК 222-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Судлар шуни назарда тутишлари керакки, ИПКнинг 188-моддасида ҳамда 222-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган муддатларни ҳисоблаш суд ҳужжати эълон қилинган кундан бошланади.

Тарафларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлса, суд ҳужжати уларга мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган муддатда юборилади.

21.3. ИПКнинг 197-моддасига кўра суднинг ажрими, шунингдек устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

22. ИПК 189-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласи суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар, яъни у қабул қилинган кундан бошлаб бир ойлик муддат тугагунига қадар, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ўн кунлик муддат тугагунига қадар қўйилиши мумкин.

Судлар инобатга олишлари керакки, қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун белгиланган муддат тикланмайди.


23. Қонуний кучга кирмаган суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин бир ой ичида, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан эса ўн кун ичида берилади.

Судлар шуни инобатга олиши керакки, ўн кунлик муддатга ҳал қилув қарори қабул қилинган кун кирмайди.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт. Шуни инобатга олиш лозимки, беш кунлик муддат апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори (ажрим)ни қабул қилган биринчи инстанция судига топширилган кундан ҳисобланади.

23.1. ИПК 266-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест)иш билан бирга судга келиб тушган кунидан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

23.2. ИПКнинг 277-моддасига асосан апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда, суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) эса у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

24. Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти (протести) бир йил давомида берилиши мумкин. Бунда кассация шикояти (протести) бериш учун белгиланган бир йиллик муддатга биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кун кирмайди.

24.2. Кассация шикояти (протести) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун белгиланган бир ойлик муддат кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасига кўриб чиқиш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилган кундан ҳисобланади ва кейинги ойнинг тегишли кунида тугайди.

Алоҳида ҳолларда кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

25. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

25.1. Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган шахслар ҳамда ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаганлиги сабабли ишни кўришда қатнашмаган ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилган апелляция шикоятини бериш учун ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ИПКнинг 262-моддасида назарда тутилган бир ойлик муддат ўтказиб юборилганлиги сабабли рад этилиши мумкин эмас.

Судлар аризачининг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаганлиги ҳақидаги важларига баҳо беришда, тарафларнинг хабардор қилинганлиги тўғрисидаги ишда мавжуд далилларни текширишлари, агарда шикоят ишга жалб қилинмаган шахслар томонидан берилган бўлса, улар суд ҳужжати билан ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини қачондан бошлаб билган ёки билишлари лозим бўлганлигини аниқлашлари керак.

Бунда судлар инобатга олишлари лозимки, ИПК 262-моддасининг иккинчи қисми ва 285-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган апелляция ва кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги аризани бериш учун белгиланган муддат қатъий ҳисобланади.

25.2. Суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсга шикоят қилинаётган суд ҳужжатининг юборилмаганлиги ёки ўз вақтида юборилмаганлиги оқибатида шикоятни бериш муддати ўтказиб юборилган бўлса, апелляция ёки кассация шикояти беришнинг ўтказиб юборилган муддати, агар апелляция ва кассация шикояти беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги ариза ИПК 262-моддасининг учинчи қисми ва 285-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатда берилган бўлса, тикланади.

25.3. Апелляция ва кассация шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган процессуал муддатини тиклаш учун апелляция ва кассация шикоятини бериш тўғрисидаги масалани юқори турувчи орган (мансабдор шахс) билан келишиш лозимлиги, раҳбар ёки вакилнинг хизмат сафарида, меҳнат таътилида ёхуд даволанишда бўлганлиги, ҳуқуқшунос лавозимининг вакантлиги ёки ушбу штат бирлигининг мавжуд эмаслиги, раҳбарнинг алмашганлиги, шунингдек юридик шахснинг бошқа турли ички ташкилий муаммолари каби бошқа ҳолатлар узрли сабаблар деб баҳоланмаслиги лозим.

28. ИПК 338-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилиши белгиланган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин.

Судлар назарда тутишлари керакки, ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати процессуал муддат ҳисобланади. Шу сабабли у ундирувчининг илтимосномаси бўйича суд томонидан тикланиши мумкин.

Агар ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати ўтказиб юборилган бўлса ва бу муддат суд томонидан тикланса, ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини ҳисоблаш ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошланади, уч йиллик муддатнинг ўтиши эса янгидан бошланади.

29. ИПК 341-моддасининг иккинчи қисмига кўра ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақасини (суд буйруғини) ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгунига қадар берилиши мумкин, бундан ижро варақаси (суд буйруғи) давлат ижрочиси ёки ижрони амалга оширувчи бошқа шахс томонидан йўқотилган ва бу ҳақда ундирувчига ижро варақасини (суд буйруғини) ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан сўнг маълум бўлган ҳоллар мустасно. Ушбу ҳолларда ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилганлиги ундирувчига маълум бўлган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Судлар шуни инобатга олиши керакки, бундай ариза ижро варақаси берилган кундан бошлаб уч йил давомида ҳам, агар суд томонидан ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини тиклаш ҳақидаги ажрим чиқарилган бўлса, ушбу муддат ўтгандан кейин ҳам берилиши мумкин.

30. Ишларни кўришда судлар ИПК ва бошқа қонунларда назарда тутилган процессуал муддатларга қатъий ва сўзсиз риоя қилишлари ва низоларни қисқа муддатларда кўриб чиқишни таъминлашлари лозим.

Олий хўжалик суди раиси

К. Камилов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

     

К. Давлетова

        





























Время: 0.1909
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск