ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Қурол ва унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлигига, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозланишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 23.07.2015 й. 2700-сон билан рўйхатга олинган ички ишлар вазирининг 10.07.2015 й. 118-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 23 июлда 2700-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ички ишлар вазирининг

2015 йил 10 июлдаги

118-сон буйруғига

ИЛОВА



Қурол ва унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг

муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлигига,

қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда

видеокузатув тизимлари билан жиҳозланишига

қўйиладиган талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом махсус хизмат вазифаларига эга бўлган юридик шахсларнинг, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш, қуролни ва унинг ўқ-дориларини коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг (бундан буён матнда юридик шахслар деб юритилади) қурол ва унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналарнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлигига, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозланишига қўйиладиган талабларни белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қурол - тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди;


ўқ-дорилар - қуролнинг жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш учун мўлжалланган ҳамда таркибида портловчи, порохли, улоқтирувчи, пиротехник ёки уриб чиқарадиган моддалар ёхуд уларнинг бирикмаси мавжуд бўлган қурол-яроғ ашёлари ва улоқтириладиган аслаҳаси;


қуролхона - қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга мўлжалланган, техник жиҳатдан мустаҳкамланган, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияси ҳамда қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари ва жисмоний ҳимоянинг бошқа воситалари билан махсус жиҳозланган алоҳида иншоот (омбор, хона).

2. Мазкур Низом қоидалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Электрон технологияларини ривожлантириш маркази, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигининг ҳарбий тузилмаларига татбиқ этилмайди.

3. Қурол ва унинг ўқ-дорилари қуролхонанинг ичида жойлаштирилган сейфлар ва металл шкафларда сақланади. Қуролхонада битта кириш жойи (эшик ўрни) бўлиши лозим.

4. Қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга мўлжалланган сейф ва металл шкафлар деворларининг қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаслиги, камида иккита ички (ўйма) қулфлар билан жиҳозланган ҳамда пол ёки деворга қотирилган (пайвандланган) бўлиши лозим, ўртача ва катта габаритли (ўлчамлари 1500 х 600 х 500 мм дан кам бўлмаган), оғир (оғирлиги 700 кг дан ортиқ) сейф ва металл шкафлар бундан мустасно. Сейф ва металл шкафларнинг эшиклари металли уст қўймалар (накладка) ёки бурчаклар билан мустаҳкамланади.

Қурол ва унинг ўқ-дориларини сейф типидаги битта ички қулфга эга бўлган оғир сейфларда сақлашга рухсат берилади.

Қуролларни сақлаш учун пўлат шкафлардан фойдаланиш тавсия этилади.



2-БОБ. ҚУРОЛХОНАЛАРНИНГ МУҲАНДИСЛИК-ТЕХНИК

ЖИҲАТДАН МУСТАҲКАМЛИГИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТАЛАБЛАР


5. Қуролхона бошқа хоналардан алоҳида жойлаштирилган бўлиши, мустаҳкам деворлар, шифт тўсинлари ва полга эга бўлиши лозим.


6. Қуролхонанинг асосий (ташқи) деворлари қалинлиги 360 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 200 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.

Қуролхонанинг ички деворлари (пардеворлари) қалинлиги 240 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 120 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.


7. Қуролхонанинг поли ва шифт тўсинлари қалинлиги 180 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли плиталардан ётқизилган бўлиши лозим.


8. Қуролхонанинг деворлари, шифт тўсинлари ва поли ичкари томондан бутун майдон бўйича қўшимча равишда металл панжаралар билан мустаҳкамланади (арматураланади). Металл панжара сим чивиқларининг учлари девор ва плиталардан чиқарилган, оралиғи 500 х 500 мм бўлган ҳамда диаметри 12 мм дан кам бўлмаган анкерларга (металл штирларга) пайвандланади. Анкерларни деворга мустаҳкамлаш имкони бўлмаган тақдирда, 100 х 50 х 6 мм ўлчамли металл тасмалардан тайёрланган тўсиқ деталларини тўртта дюбель михлари ёрдамида темир-бетон ёки бетон сатҳларга отиб қоқишга йўл қўйилади.


9. Қуролхона пухта, эшик кесакисига зич мустаҳкамланган (мослаштирилган), соз бўлган иккита эшик билан жиҳозланади.

Ташқи (асосий) эшик яхлит, қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган металл листдан тайёрланиб, унга камида иккита ички (ўйма) қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси ўрнатилган бўлиши лозим. Ташқи (асосий) эшик қуролхонадан чиқиш томонга (ташқарига) очилади.

Ички (қўшимча) эшик металл панжаралардан тайёрланиб, ички (ўйма) ёки осма қулф билан жиҳозланади. Ички эшик қуролхонага кириш томонга (ичкарига) очилади.

Ташқи ва ички эшиклар секретлари бўйича ҳар хил бўлган қулфлар, ишончли қотиргичлар ва ошиқ-мошиқлар мосламаси билан жиҳозланади. Қулфлар ёки қулфлаш ускуналари ригеллари кўндаланг кесишмасининг майдони бўйича 3 кв.см дан кам бўлмаслиги лозим.


10. Эшик ўрнининг (қутисининг) роми қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл профилдан (швеллердан, бурчакдан ва шу кабилардан) тайёрланиб, диаметри 2 мм дан ва узунлиги 130 мм дан кам бўлмаган, бир хил оралиқда жойлаштирилган камида ўнта металл штирлар ёрдамида деворга қотирилади.

Эшик ўрнини (қутисини) ромлаш ва қотириш учун пўлат профилдан ва пўлат сим чивиқли штирлардан фойдаланиш тавсия этилади.


11. Қуролхонада дераза ўринларининг бўлишига, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди, қурол ва унинг ўқ-дориларини бериш ва қабул қилиш дарчаси бундан мустасно.

Аввал қурилган хоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга қуролхонанинг ички томонидан ёки ромлар ўртасига металл панжаралар ўрнатилиши, панжаралар симларининг учлари деворга 80 мм дан кам бўлмаган чуқурликда бетон ёрдамида қотирилиши лозим.

Биринчи қаватда жойлашган қуролхоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга қўшимча равишда қуролхонанинг ички томонидан металл ёки икки томонидан металл листлар билан қопланган ёғоч дераза эшиклари ўрнатилади. Ушбу эшикларда осма қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси бўлиши лозим.


12. Қуролхонанинг ичкарисига чиқувчи вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларининг люклари ва туйнукларига хона ичига ўтиш имконини истисно этадиган диаметри 15 мм дан кам ҳамда катакчаларнинг ўлчами 100 х 100 мм дан катта бўлмаган металл панжаралар ўрнатилиши лозим.

Қуролхонанинг деворларида, шифт тўсинлари ёки полида муҳандислик тармоқларини ўтказиш учун қолдирилган туйнукларнинг диаметри 200 мм дан катта бўлмаслиги лозим.


13. Қуролхонанинг деворлари, шифт тўсинлари ва полини мустаҳкамлашда (арматуралашда) фойдаланиладиган, шунингдек эшик ва дераза ўринларидаги панжараларнинг металл сим чивиқлари (арматуралари) диаметри 15 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Сим чивиқлари 150 х 150 мм дан катта бўлмаган катакчаларни ҳосил қилган ҳолда ҳар бир кесишмасида пайвандланади.

Панжараларни пўлат сим чивиқларидан (пўлат арматурадан) тайёрлаш тавсия этилади.


14. Қурол ва унинг ўқ-дориларини бевосита бериш ва қабул қилиш учун қуролхонада қуролни ўқлаш-ўқсизлантириш жойи томонидан махсус дарча жиҳозланиши лозим. Махсус дарча пол сатҳидан 110 см баландликда бўлиши, ўлчами 180 х 240 мм дан катта бўлмаслиги зарур. Махсус дарчанинг роми қалинлиги 5 мм дан ва токчасининг кенглиги 100 мм дан кам бўлмаган металл профилдан тайёрланиб, деворга ҳар иккала томонидан диаметри 12 мм дан ва узунлиги 130 мм дан кам бўлмаган камида иккитадан металл штирлар билан қотирилади ҳамда ички томонидан қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган лўкидон (тамба) ва осма қулф билан қулфланадиган металл эшикча билан жиҳозланади.

Дарча қутисини ромлаш ва қотириш учун пўлат профилдан ва пўлат сим чивиқли штирлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Қуролни ўқлаш-ўқсизлантириш учун қуролхонадан ташқарида, унга ёндош бўлган хона ажратилиши зарур.


15. Қуролхонанинг ичи қуруқ бўлиши ҳамда сунъий ёки табиий равишда тортиб олувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим.



3-БОБ. ҚУРОЛХОНАЛАРНИНГ ҚЎРИҚЛАШ-ЁНҒИН

СИГНАЛИЗАЦИЯСИ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ВИДЕОКУЗАТУВ

ТИЗИМЛАРИ БИЛАН ЖИҲОЗЛАНИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

16. Қуролхонада қўриқлаш техник воситалари ва тизимлари, ёнғин сигнализацияси қурилмаларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардиясига хабарнома юборган ва хабарнома реестрига киритилган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларидаги қуролхоналарда қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари рухсатномага эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Қуролхона қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан махсус лойиҳаларга мувофиқ жиҳозланади.

17. Қуролхонада ўрнатилган қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг техник қўриқлаш марказининг (пунктининг) бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим.

18. Қуролхонани Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг техник қўриқлаш маркази (пункти) қўриқловига топширишнинг техник имкони бўлмаган тақдирда, у юридик шахс биносининг ташқи томонига жойлаштирилган баланд товуш чиқарувчи ускуна (сирена) ҳамда қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг ташвиш сигналини кечаю кундуз ишловчи энг яқин қўриқлаш постига, шунингдек юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасига узатадиган автоном сигнализация воситалари билан жиҳозланади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг техник қўриқлаш маркази (пункти) қўриқловига топширилмаган ёки кечаю кундуз ишловчи қўриқлаш пости ҳамда қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонаси бўлмаган юридик шахсда қуролхонанинг жиҳозланишига йўл қўйилмайди.

19. Қуролхона икки (ташқи ва ички) доирали қўриқлаш, шунингдек ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан жиҳозланади.


20. Биринчи (ташқи) доирадаги қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари хонага рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) аниқлаш мақсадида эшикларга, деразаларга, қурол ва унинг ўқ-дориларини бериш-қабул қилиш дарчасига, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникациялари люклари ва туйнукларига ўрнатилади.

21. Иккинчи (ички) доирадаги қўриқлаш сигнализацияси датчиклари хона ичида рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида қуролхона ичига ўрнатилади.


22. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализациянинг датчиклари хона ичига, у ердаги ёнғинга қарши вазият кескин ўзгарганда (ҳарорат кўтарилиши, тутун ҳосил бўлиши ва бошқалар) ёки ёнғин юзага келганда ташвиш сигналини бериш учун ўрнатилади. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ёнғин чиққанлиги ёки бино ичидаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўзгарганлигини аниқлаш ва сигнал беришга мўлжалланган тутунли, иссиқлик, ёруғлик ва/ёки комбинацияланган хабар бергичлар билан жиҳозланади.


23. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимларининг симлари электр узатиш қутисидан (коммутацион ускунадан) датчикларгача яширин тарзда, деворлар ёки шифт ости тўсиқларига чуқур киритилиб ва суваб ёхуд деворлар ва шифт ости панеллари ичига жойлаштирилиб ўтказилиши ҳамда унга шикаст етказилганида ишлаб кетадиган датчиклар билан таъминланган бўлиши лозим.

Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимларининг шлейфлари темир-бетон ва бетон қурилиш конструкциялари бўйлаб қувурларда фақат қуролхона ичида ётқизилиши керак.

Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимларининг сигнал берувчи ва таъминлаш кабеллари тасодифий равишда ёки қасддан шикастланишлардан юқори даражада ҳимояланган бўлиши керак.

24. Ташвиш сигналини узатишда қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари автоматик тарзда ишлаши лозим.

25. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимларининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.

Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимларининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, автоматик тарзда ишга тушадиган электр таъминоти манбасига (дизель-генератор ва бошқалар) уланган ва камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим.

26. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари юридик шахс биносининг ташқи томонида баланд товуш чиқарувчи ускуна (сирена) билан жиҳозланиши лозим.

27. Қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг ташвиш сигнали юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасидаги махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши, ушбу пультдаги махсус таблода бузилиш ёки ёнғин рўй берган жойни нур ёрдамида кўрсатадиган товушли, ёруғлик ёки бошқа индикаторлар бўлиши керак.

Ташвиш сигнали юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасидаги махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши билан бир вақтда симли ёки радио алоқа тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг техник қўриқлаш марказига (пунктига) узатилиши лозим. Ташвиш сигнали сабабларини аниқлаш, зудлик билан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш ва ёлғон (сабабсиз) чақириқнинг олдини олиш мақсадида, юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг техник қўриқлаш маркази (пункти) ўртасида икки томонлама алоқа ташкил этилиши лозим.


4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


28. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши учун:

қурол ва унинг ўқ-дориларини сақловчи юридик шахслар раҳбарлари;

қурол ва унинг ўқ-дориларини сақловчи юридик шахслар раҳбарларининг буйруқ ёки фармойиш тусидаги бошқа ҳужжатлари билан қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини, берилиши-қабул қилиб олинишини ва ҳисоби юритилишини таъминлаш вазифалари юкланган масъул шахслар жавобгардир.

29. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавзахира" қўмитаси, Марказий банки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Ўзбекэнерго" ДАК, "Ўздонмаҳсулот" АК, "Ўзэлтехсаноат" АК, "Ўзбекнефтегаз" МХК, "Ўзвиносаноат-холдинг" ХК, "Навоий кон-металлургия комбинати" ДК, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 27 июль, 29-сон, 392-модда
































Время: 0.1450
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск