язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Нархларнинг шаклланиши. Курилишларни молиялаштириш/ Объектларни қуриш қийматини шартномавий жорий нархларда белгилаш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 11.06.2003 й. 261-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 11 июндаги

261-сон қарорига

1-ИЛОВА



Объектларни қуриш қийматини шартномавий жорий

нархларда белгилаш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1. Мазкур Низом марказлаштирилган манбалар (давлат капитал қўйилмалари) ҳисобига қурилаётган қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархлардаги қийматини аниқлаш тартибини белгилаб беради.


2. Объект қурилиши бўйича ишлар ва хизматларнинг жорий нархлардаги шартномавий қиймати танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича шакллантирилади.


3. Танлов савдолари (тендер)ни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида объект қурилиши қиймати ресурсларга харажатларни прогнозлаштирилаётган жорий нархлар ва тарифларда калькуляция қилишга асосланган ресурс усули бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Бунда янгидан қурилаётган, марказлаштирилган манбалар (давлат капитал маблағлари) ҳисобига молиялаштирилаётган объектлар бўйича базавий нархлардаги смета ҳужжатлари тузилмайди, ресурслар сметалари чиқариш тартиби сақланиб қолади.


4. Объект қурилишининг мазкур Низомга мувофиқ буюртмачи томонидан аниқланган бошланғич қиймати танлов савдолари (тендерлар) ўтказишда йўналиш ҳисобланади ва пудрат шартномаси (контракт) тузиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.


5. Танлов савдолари бошланғич қийматни ошкор қилмасдан ўтказилган тақдирда у танлов савдолари (тендер)нинг иккинчи босқичигача махфий ахборот ҳисобланади.


6. Танлов савдолари (тендер)да иштирок этаётган пудратчи ташкилотлар танлов таклифи нархини мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган тартибда ва пудрат ишлари бозори конъюнктурасидан, шу жумладан иш ҳақига харажатларни аниқлаш имкониятидан, корхонада шаклланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва шаклидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда аниқлайдилар.


7. Талабгорнинг танлов таклифи (оферта)да кўрсатилган нархи махфий ахборот ҳисобланади ва танлов савдолари (тендер)нинг иккинчи босқичигача ошкор қилинмайди.


8. Объект қурилиши бошланғич қийматини ва талабгор нархини белгиланган давргача ошкор этишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


9. Объект қурилишининг шартномавий жорий нархи талабгорларнинг танловдаги нарх бўйича таклифларидан мақбул нархни танлаш асосида, буюртмачининг бошланғич нархини ва танлов ҳужжатлари шартларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


10. "Ресурс усули"ни қўллашда физик кўрсаткичлардаги:

- асбоб-ускуналар номлари ва миқдори;

- норматив меҳнат сарфи;

- машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари;

- қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкциялар номлари ва миқдори;

- бошқа харажатлар ва сарфлар аниқланади.


11. "Ресурс усули" бўйича объектнинг жорий нархлардаги қиймати қуйидаги формула бўйича аниқланади:


С=(Со+См+Сзп+Сэм+Пп+Пз+Ср) х КР, бунда:


Со - асбоб-ускуналарга, мебель ва инвентарга харажатлар;

См - қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларга харажатлар;

Сзп - ижтимоий суғуртага ажратмалар ҳисобга олинган ҳолда асосий иш ҳақига харажатлар;

Сэм - машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари;

Пп - бошқа харажатлар ва пудратчининг харажатлари;

Пз - бошқа харажатлар ва буюртмачининг харажатлари;

Ср - объектлар қурилишини суғурта қилиш харажатлари;

Кр - навбатдаги йилда қурилишда нарх ўсишининг прогнозлаштирилаётган индексидан келиб чиқиб аниқланадиган таваккалчилик коэффициенти.


12. Асбоб-ускуналар, мебель ва инвентарга харажатлар транспорт харажатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарувчи корхоналар (етказиб берувчилар)нинг нархлари қўлланилган ҳолда спецификациялар асосида ёки нархлар мониторинги асосида шакллантириладиган маълумотлар банки бўйича аниқланади.


13. Қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларга харажатлар мазкур минтақада шаклланган бирликка ўртача нархлар қўлланилган ҳолда тендер ҳужжатлари таркибида ишлаб чиқиладиган Йиғма ресурс ҳисоб-китобига мувофиқ амалдаги кўрсаткичлар асосида қуйидаги формула бўйича аниқланади:


См=См1+См2+См3+...+ Смn, бунда:


См1, См2, См3, Смn - қурилиш материаллари ва конструкцияларнинг айрим турлари қиймати:


Cмп = N х Цср, бунда:


N - объект қурилиши учун талаб қилинадиган қурилиш материали (буюм, конструкция)нинг алоҳида тури миқдори;

Цср - қурилиш материали (буюм, конструкция) бирлигига ўртача нарх.

Ҳар хил қурилиш материаллари (буюмлар, конструкциялар)нинг ўртача қиймати тайёрловчи заводларнинг улгуржи сотиш нархлари, қурилиш материаллари биржалари ва ярмаркаларидаги нархлар, "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан чиқариладиган каталоглар, "Давархитектқурилиш" қўмитасининг нарх белгилаш бўйича минтақавий марказлари маълумотлари асосида аниқланади.

Қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ белгиланган қурилиш материаллари (буюмлар, конструкциялар) нархлари тайёрловчи заводларнинг улгуржи нархларини, идишларга харажатларни, транспорт харажатларини, таъминот-сотиш ташкилотларининг устама нархларини ўз ичига олади.

Транспорт харажатларини "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Юкларни қурилиш учун ташишга ҳисоб-китоб жорий нархларини аниқлаш бўйича методик тавсиялар асосида ҳисоблаб чиқиш тавсия қилинади.


14. Иш ҳақи харажатлари объектнинг норматив меҳнат сарфини бир киши-соатнинг жорий қийматига (сўмларда) ва ижтимоий суғуртага ажратмалар миқдорини ҳисобга олувчи коэффициентга кўпайтириш йўли билан қуйидаги формула бўйича аниқланади:


Сзп=Т х Сч Ксс, бунда:


Т - тендер ҳужжатлари таркибида ёки ишга туширилган объектларга ўхшаш киши-соатларда аниқланадиган объект қурилишининг норматив меҳнат сарфи;

Сч - ишчиларнинг ўртача соатлик иш ҳақи, объект қурилиши қийматини ҳисоблаб чиқишда минтақа бўйича қурувчиларнинг ўртача статистик ойлик иш ҳақи даражасидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади;

Ксс - ижтимоий суғуртага ажратмалар миқдорини ҳисобга олувчи коэффициент.

Ўртача соатлик иш ҳақи қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқилади:


Сч = Змс: Ф, бунда:


Змс - олдинги 12 ой учун статистика маълумотлари асосида бир ой учун ҳисоблаб чиқилган минтақа бўйича қурувчиларнинг ўртача йиллик иш ҳақи, ойига сўм;

Ф - Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотлари бўйича соатларда иш вақтининг ўртача ойлик фонди.


15. Объект қурилиши қийматини аниқлашда машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари қиймати жорий нархларда қуйидаги формула бўйича қабул қилинади:


Сэм = ЭМ х Цпр, бунда:


ЭМ -машина ва механизмлардан фойдаланишнинг соатлардаги ҳажми;

Цпр -машина ва механизмлардан фойдаланишнинг соат/сўмлардаги жорий нархлари.

Машина ва механизмлардан фойдаланишнинг жорий нархларини "Давархитектқурилиш" қўмитасининг методик тавсиялари асосида аниқлаш тавсия қилинади.


16. Пудратчининг бошқа харажатлари (Пп) зарур фойдадан, шу жумладан пудрат ишлари (хизматлар) бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб шакллантириладиган мажбурий тўловлар ва ажратмалардан иборат бўлади.

17. Буюртмачининг бошқа харажатлари ва сарфлари (Пз) лойиҳа-қидирув ишлари, экспертиза, танлов савдолари (тендер) ўтказиш, техник назорат харажатларидан, объект қурилиши билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.


18. Буюртмачи объект қурилиши қиймати таркибида объект қурилишини ташкил этиш, унга хизмат кўрсатиш, кузатиб бориш, қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатларни ҳам ҳисобга олиши керак.

19. Буюртмачининг бошқа харажатлари объект қурилиши қийматини шакллантиришда белгиланган миқдорларда объектнинг шартномавий қийматига киритилади.


20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси марказлаштирилган манбалар (давлат капитал қўйилмалари) ҳисобига молиялаштириладиган объектлар қурилишининг бошланғич нархлари шакллантирилиши бўйича доимий мониторингни амалга оширадилар.

21. Объект қурилиши муддати бир календарь йилдан ортиқ бўлганда иккинчи йилга ва кейинги йилларга шартномавий нарх Объектлар қурилишининг иккинчи ва кейинги йилларида шартномавий жорий нархларда қурилиш шартномавий қийматини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомга мувофиқ аниқланади.