язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар/ Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари/ 1996-2000 й./ Ўзбекистон Республикасининг 14.04.1999 й. 760-I-сон "Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.04.1999 й.

N 760-I



ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҚЎШИМЧА

ИМТИЁЗЛАР ТЎҒРИСИДА



Болаларни тарбиялаш учун шарт-шароит яратиш ҳамда хотин-қизларнинг меҳнатдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгилансин.


2. Ушбу қонун 3-моддасининг 1-бандида назарда тутилган иш стажи мавжуд бўлган тақдирда эллик тўрт ёшга тўлган аёлларга пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин.

1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуни қуйидаги мазмундаги 12-1-модда билан тўлдирилсин:


"12-1-модда. Умумий белгиланган ёшни бир йилга

қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи


Ушбу Қонун 37-моддасининг "а", "б", "в" ва "г" бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар";


2) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг:

116-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар (228-1-модда)";

Кодекс қуйидаги мазмундаги 228-1-модда билан тўлдирилсин:


"228-1-модда. Уч ёшга тўлмаган болалари бор,

бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган

ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёлларнинг

иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи


Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади".


4. Ушбу Қонун 1999 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1999 й., N 5, 112-модда