язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Интеллектуал мулк/ Умумий қоидалар/ Патент вакиллари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.2003 й. 298-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 1 июлдаги

298-сон қарорига

2-ИЛОВА


Патент вакиллари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Патент вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


патент вакиллигига номзод (номзод) - патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш истагини билдирган жисмоний шахс;


патент вакили - ушбу Низом талабларига мувофиқ юридик ёки жисмоний шахслар номидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ҳамда бошқа ташкилотлар олдида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза олиш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича вакиллик қилиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахс.

3. Жисмоний шахслар Агентликда аттестациядан ва рўйхатдан ўтгандан кейин патент вакиллари сифатида фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари патент вакиллари сифатида аттестациядан ва рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

4. Қуйидагилар патент вакилларига қўйиладиган малака талаблари ҳисобланади:

олий маълумотга эга бўлиш;

интеллектуал мулк объектини муҳофаза қилиш соҳасида ёҳуд интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни муҳофаза қилиш соҳасида адвокат сифатида камида уч йил иш стажига эга бўлиш;

интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳимоя ва муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун Агентлик томонидан белгиланадиган ҳажмда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари соҳасида билимларга ҳамда малака имтиҳони натижалари билан тасдиқланган тегишли кўникмаларга ва амалий қўлланиш тажрибасига эга бўлиш.

5. Агентликнинг ва унга қарашли ташкилотлар ходимлари патент вакиллари сифатида аттестациядан ва рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.

6. Патент вакили ўз касб фаолиятини ҳам мустақил равишда якка тадбиркор сифатида, ҳам ёлланиш бўйича ишлаган ҳолда амалга ошириши мумкин. Ёлланиш бўйича ишлайдиган патент вакили Агентликка ушбу иш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт. Патент вакили ушбу иш билан боғлиқ барча ўзгаришлар тўғрисида Агентликка бир ой муддатда хабар қилиши шарт. Агентлик мазкур маълумотларни расмий ахборотномада эълон қилади.

6-1. Патент вакилларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш, уларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасидаги назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш ва янгилаш, улар касбий тайёргарлигининг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

6-2. Интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни, шу жумладан, патент вакилларини тайёрлаш, уларнинг базавий олий маълумотидан қатъи назар Тошкент давлат юридик университетида магистратура йўналишининг "Интеллектуал мулк ҳуқуқи" ихтисослиги бўйича амалга оширилади.

6-3. Интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни, шу жумладан, патент вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш давомийлиги олти ойни ташкил этади.

Патент вакиллари малакасини ошириш ҳар беш йилда камида бир марта, кейинчалик аттестациядан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш курсларидан ўтган патент вакилларига диплом берилади.

Малака ошириш курсларидан ўтган патент вакилларига сертификат берилади.

Патент вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказ ва патент вакили ўртасида тузиладиган шартнома асосида тўлов ҳисобига амалга оширилади.

Патент вакилларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланади.


II. ПАТЕНТ ВАКИЛЛИГИГА НОМЗОДНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ВА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

ҲАМДА ПАТЕНТ ВАКИЛИНИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

7. Номзодни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент вакилини аттестациядан ўтказиш Агентлик томонидан Агентлик белгилайдиган патент вакилларини аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

8. Патент вакиллигига номзоднинг аттестацияси патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш истагини билдирган жисмоний шахснинг патент вакилига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Аттестация малака имтиҳони ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Малака имтиҳони жараёни аудио ва видеоёзувда ёзилади, шунингдек Агентликнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

8-1. Патент вакили аттестацияси патент вакилларининг касбий малака даражасини холисона баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Патент вакиллари аттестацияси ҳар беш йилда камида бир марта ўтказилади.

9. Номзодларни ва патент вакилларини аттестациядан ўтказиш учун Агентлик томонидан малака ва апелляция комисссиялари тузилади.

Комиссиялар таркибига Агентликнинг энг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек мустақил олимлар ва мутахассислар киритилади.

Малака комиссияси малака имтиҳонини ўтказиш тартибини, имтиҳон топшириқларини тасдиқлайди, имтиҳон олувчиларни тайинлайди, малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида ва номзод ёки патент вакилининг аттестациядан ўтказилганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Апелляция комиссияси номзодлар ёки патент вакилларининг малака комиссияси қарори юзасидан шикоятларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг патент вакилининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ёки ушбу Низом талабларини бузадиган ҳатти-ҳаракатлари юзасидан шикоятларини кўриб чиқади.

Номзодлар ёки патент вакиллари ўзларининг малакасига тааллуқли масалаларнинг апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилишида шахсан иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

10. Номзод Агентликка ўзини патент вакили сифатида аттестациядан ўтказиш тўғрисида ариза беради. Аризага олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш соҳасида ёки адвокат сифатида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида унда зарур иш стажи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, аттестациядан ўтказиш учун белгиланган тўлов тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат, шунингдек, номзоднинг истагига кўра унинг касб билимлари даражасини тавсифловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

Патент вакили Агентликка аттестациядан ўтказиш тўғрисида ариза беради.

Аризага малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисида сертификат нусхаси илова қилинади.

11. Кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этган ва қўйилган талабларга мувофиқ бўлган номзодлар ёки патент вакили малака имтиҳонига қўйилади.

Номзод ёки патент вакили имтиҳонга келганда паспортини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни кўрсатади.

12. Малака имтиҳонини муваффаққиятли топширган номзодлар ёки патент вакили малака комиссияси қарори билан патент вакили сифатида аттестациядан ўтказилади ва уларга малака комиссиясининг аттестациядан ўтказганлик тўғрисидаги қарори берилади.

13. Малака комиссияси номзод ёки патент вакилини аттестациядан ўтказишни қуйидаги ҳолларда рад этади:

а) ушбу Низомнинг 3-5-бандларида баён қилинган талабларга риоя қилинмаганда;

б) аттестация учун белгиланган тўлов номзод томонидан тўланмаганда.

Ушбу банднинг "а" кичик банди асосида аттестациядан ўтказиш рад этилган номзод ёки патент вакили камида олти ойдан кейин такрорий аттестацияга қўйилиши мумкин.

14. Номзод ёки патент вакили аттестациядан ўтказишнинг, шу жумладан малака имтиҳонига қўйишнинг рад этилгани юзасидан у аттестациядан ўтказиш рад этилгани тўғрисидаги қарорни олган санадан бошлаб 3 ой муддатда апелляция комиссиясига шикоят қилиши мумкин.

Апелляция комиссияси шикоят бўйича у олинган санадан бошлаб бир ой муддатда қарор қабул қилади.


15. Аттестациядан ўтган патент вакилини Патент вакиллари давлат реестрида (бундан кейин - реестр) рўйхатдан ўтказиш унинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида амалга оширилади.

16. Агентлик реестрда рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб ўн кун мобайнида патент вакилига аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради ва рўйхатдан ўтказиш маълумотларини Агентликнинг расмий ахборотномасида эълон қилади. Гувоҳнома шакли ва эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Агентлик томонидан белгиланади.

17. Касб фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи реестрда рўйхатдан ўтказиш санасидан бошланади.

Агентликка аттестациядан ўтмаган шахс томонидан рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза берилган, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тўлов тўланмаган, шунингдек ушбу Низомнинг 3-5-бандларига мувофиқ патент вакилини рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар пайдо бўлган холларда рўйхатдан ўтказишни рад этади.

18. Патент вакили ўз фаолиятини интеллектуал мулкнннг алоҳида объектлари ёки хизматларнинг алоҳида турлари билан чеклаши мумкин. Агар патент вакиллигига номзод бундай чеклаш тўғрисида малака имтихони топширишгача маълум қилса, у ҳолда имтиҳон ушбу чеклашни ҳисобга олган ҳолда ўтказилади. Патент вакилининг фаолиятини чеклаш тўғрисидаги маълумотлар реестрга ва патент вакилига бериладиган гувоҳномага киритилади.


19. Патент вакилининг ўз фаолияти чекланишини рад этишига у ушбу Низомда назарда тутилган тартибда қўшимча аттестациядан ўтган тақдирда йўл қўйилади.



III. ШИКОЯТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ПАТЕНТ ВАКИЛЛАРИНИ РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ


20. Юридик ва жисмоний шахсларнинг патент вакилининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ёки ушбу Низомни бузувчи ҳатти-ҳаракатлари юзасидан шикоятлари Агентликнинг апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Агентлик патент вакилини ана шундай шикоят тушганлиги тўғрисида хабардор қилади.

21. Ўзига қўйилган талабларни бузган патент вакилига нисбатан апелляция комиссияси қарори асосида қуйидаги чоралар кўрилиши мумкин:

огоҳла нтириш;

реестрдан чиқариш тўғрисида судга мурожаат қилиш.

22. Патент вакили ўз малакаси ва фаолиятига тааллуқли масалалар Агентликнинг апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилаётганда шахсан қатнашиш ҳуқуқига эга.

23. Патент вакили Агентлик томонидан реестрдан:

патент вакилининг ўз аризаси;

патент вакилининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиши ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойидан кўчиб кетиши ёҳуд ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳолатлар вужудга келиши;

суднинг қарори;

патент вакилининг патент вакили фаолияти билан шуғулланишини тақиқлаш ёки бундай фаолият имкониятини истисно қилувчи бошқа жазолар тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми асосида чиқарилади.


24. Патент вакилини реестрдан чиқариш тўғрисидаги ахборот Агентлик томонидан расмий ахборотномада реестрдан чиқариш сабаблари кўрсатилган ҳолда эълон қилинади.

25. Патент вакили реестрдан унинг аризаси асосида чиқарилган тақдирда такрорий рўйхатдан ўтказиш, қўшимча аттестациядан ўтказмасдан, реестрдан чиқарилиш санасидан бошлаб беш йил мобайнида амалга оширилиши мумкин.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Патент вакили ўзига мурожаат қилган ҳар қандай шахс манфаатларини ифода қилиш ваколатига эга. Патент вакилининг ишларни олиб боришга ваколатлари унга номидан иш олиб бориладиган шахс томонидан берилган ишончнома билан тасдиқланади. Агентлик олдида вакиллик қилишга ишончнома патент вакилига ишонч билдирувчи томонидан оддий ёзма шаклда берилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган жисмоний шахслар ва хорижий юридик шахслар томонидан ишончнома ишончнома тузилаётган мамлакатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилиши керак.


27. Патент вакили ишонч билдирувчидан унинг топшириғини бажариш муносабати билан оладиган ахборот, агар ишонч билдирувчи томонидан бошқача ҳолат махсус кўрсатилмаган бўлса ёки унинг ҳатти-ҳаракатларидан келиб чиқмаса, махфий деб эътироф этилади.

Патент вакили, агар у манфаатлари ишни олиб бориш тўғрисида илтимос қилган шахс манфаатларига зид бўлган шахслар номидан мазкур иш бўйича вакиллик қилган бўлса ёки уларга маслаҳатлар берган бўлса ёҳуд ишни кўриб чиқишда бошқача тарзда қатнашган бўлса, шунингдек агар ишни кўриб чиқишда патент вакилига қариндош бўлган мансабдор шахс қатнашган бўлса, топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.


28. Патент вакиллари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ патент вакиллари агентлигини ва бошқа ташкилотларни, шунингдек жамоат бирлашмаларини ташкил этишлари мумкин.


29. Патент вакилларини аттестациядан, рўйхатдан ўтказиш, рўйхатдан ўтказилган патент вакиллари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш, гувоҳномалар бериш, қўшимча аттестация ўтказиш, реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун Агентлик томонидан Агентлик белгилайдиган ва тегишли харажатларни қоплаш учун зарур бўлган миқдорларда тўлов ундирилади.