ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.05.2008 й. 13-сон "Бир неча жиноят содир этилганда қилмишни квалификация қилишга доир масалалар тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2008 й.

N 13


БИР НЕЧА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛГАНДА

ҚИЛМИШНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШГА

ДОИР МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётида бир неча жиноят содир этилганда қилмишни квалификация қилиш билан боғлиқ масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларга тушунтирилсинки, қонунга кўра бир неча жиноят тушунчаси жиноятлар мажмуи, такроранлиги ва рецидив жиноятлар каби ҳуқуқий институтларни ўз ичига олади.

Бир неча жиноят деганда, қонун шахс томонидан ҳар бири алоҳида жиноят таркибини ташкил этувчи икки ва ундан ортиқ қилмиш содир этилишини назарда тутади.

Бир неча жиноят турининг аниқланиши қилмишни тўғри квалификация қилиш учун ҳам, қилмишга мутаносиб жазо тайинлаш учун ҳам муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга.


2. Жиноятлар мажмуи ва такроранлиги тариқасидаги бир неча жиноят учун умумий белги - шахснинг бу жиноятлардан бирортаси учун ҳам судланган бўлмаслигидир.

Жиноятлар мажмуи деганда, шахс томонидан Жиноят кодекси Махсус қисми турли моддалари ёки битта моддаси турли қисмларида назарда тутилган икки ёки ундан ортиқ жиноят, улар қасддан ёхуд эҳтиётсизлик оқибатида қилинишидан қатъи назар, содир этилиши тушунилиши лозим.

Жиноятлар такроранлиги деганда, қонунга кўра шахс томонидан турли вақтларда қасддан содир этилган икки ва ундан ортиқ жиноят тушунилиб, бунда содир этилган жиноят:

Жиноят кодекси Махсус қисми айнан бир моддасида назарда тутилган бўлиши, башарти унда бир хил жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган бўлса;

Жиноят кодекси Махсус қисми муайян моддаси айнан бир қисмида назарда тутилган бўлиши, башарти ушбу моддада турли жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган (масалан, ЖК 126-1, 131, 228, 248, 273-моддалари) бўлса, шарт.

Жиноят қонунида алоҳида назарда тутилган айрим ҳолларда, шахс томонидан қасддан Жиноят кодекси Махсус қисми турли моддаларида назарда тутилган икки ва ундан ортиқ жиноят содир этилиши ҳам такроран жиноят деб топилади (масалан, ЖК 118, 119, 129, 211, 212, 276-моддалари иккинчи қисмлари, 121-моддасининг тўртинчи қисми, 126-1-моддаси бешинчи ва саккизинчи қисмлари, 128, 213-моддалари учинчи қисмлари).

3. Шахс қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликдан (ЖК 64-68-моддалари) ёки жазодан (ЖК 69-76-моддалари) озод этилган бўлса, жиноятлар мажмуи ва такроранлиги мавжуд бўлмайди.

Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва қонунда белгиланган тартибда олиб ташланиши жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни истисно этувчи ҳолат ҳисобланади.


4. Жиноятлар такроранлигини бир қатор айнан ўхшаш хатти-ҳаракатлар билан турли вақтларда содир этилган бўлса-да, бироқ ягона қасд билан қамраб олинган, объекти ва содир этиш усули, оқибатлари бир хиллиги жиҳатидан ўзаро ўхшаш давомли жиноятдан фарқлаш лозим. Бундай ҳолларда барча қилмиш Жиноят кодексининг мазкур жиноятни содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи битта моддаси ёки моддаси қисми билан квалификация қилиниши лозим.

Давомли жиноят бир неча хатти-ҳаракатлардан охиргиси содир этилган пайтдан бошлаб тугалланган деб ҳисобланиши туфайли, жиноят қонунига бу қилмиш учун жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган ўзгартиришлар киритилганда, агар жиноят эпизодларидан ҳеч бўлмаганда биттаси қонун янги таҳрирда амал қила бошлаган даврда содир этилган бўлса, давомли жиноятнинг барча эпизодлари янги қонун бўйича квалификация қилиниши керак.


5. Давомли жиноят содир этилиши даврида шахс томонидан бошқа жиноят содир этилган бўлиб, унинг белгилари Жиноят кодексининг давомли жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси диспозицияси билан қамраб олинмаса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг давомли жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи ҳамда бошқа жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари мажмуи бўйича квалификация қилинади.


6. Жиноятлар мажмуини тартибга солувчи қонун нормасини қўллашда шуни инобатга олиш лозимки, ҳуқуқ назариясига кўра жиноятлар мажмуи реал ва идеал турга бўлинади.

Жиноятлар реал мажмуи икки ва ундан ортиқ, ҳар қайсиси Жиноят кодекси Махсус қисми турли моддаларида (моддаси турли қисмларида) назарда тутилган муайян жиноят таркибини ташкил этувчи, жиноий қилмиш содир этилганда мавжуд бўлади.

Жиноятлар идеал мажмуида эса, айбдорнинг битта хатти-ҳаракатида Жиноят кодекси Махсус қисми турли моддаларида (моддаси турли қисмларида) назарда тутилган камида иккита жиноят таркиби белгилари мавжуд бўлиб, қилмиш ушбу нормалардан бирортаси билан ҳам тўлиқ қамраб олинмайди.


7. ЖК 33-моддасига мувофиқ, жиноятлар мажмуи мавжуд бўлганда айбдор шахс ўзи содир этган ҳар бир жиноят учун Жиноят кодекси тегишли моддаси ёки моддаси қисми бўйича жиноий жавобгар бўлади.

Жиноятлар мажмуи содир этилган барча жиноятлар белгилари Жиноят кодексининг оғирроқ жазони назарда тутувчи битта моддаси (моддаси битта қисми) диспозицияси билан қамраб олинган ҳолдагина ЖК битта моддаси (моддаси битта қисми) билан квалификация қилиниши мумкин.


8. Қонун билан қўриқланадиган бир неча объектга (ЖК турли бобларида назарда тутилган) қилинган тажовуз жиноятлар мажмуи сифатида Жиноят кодексининг ҳар бир алоҳида олинган объектга тажовуз учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим. Тажовуз предмети бўйича ўзаро фарқ қиладиган қилмишлар ҳам шу тарзда квалификация қилиниши керак.

Агар қонуннинг битта нормасида жиноят натижасида келиб чиқадиган турли ижтимоий-хавфли оқибатлар назарда тутилмаган бўлса, қилмиш жиноятлар мажмуи сифатида Жиноят кодексининг бевосита ҳар бир объектга зиён етказилиши учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари билан квалификация қилиниши керак.

Қилмиш Жиноят кодексининг бир неча моддаларида кўрсатилган объектга нисбатан содир этилганда (умумий ва махсус норма рақобати) жиноятлар мажмуи мавжуд бўлмайди ва у махсус норма бўйича квалификация қилиниши лозим.


9. Қилмиш жавобгарликни оғирлаштирувчи квалификация белгилари мавжуд ҳолатларда (масалан, ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш) ва шу билан бирга, айнан шу қилмишни жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларда содир этилган деб квалификация қилиш учун асос бўлувчи бошқа белгилар (масалан, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолати) мавжуд ҳолда содир этилса, жиноятлар мажмуи мавжуд бўлмайди. Қилмиш бундай ҳолда Жиноят кодексининг мазкур жиноят учун енгилроқ жавобгарликни назарда тутувчи моддаси билан квалификация қилиниши лозим (масалан, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш фақат ЖК 98-моддаси билан квалификация қилиниши керак).

Агар айнан бир жиноятни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни енгиллаштирувчи квалификация белгилари Жиноят кодексининг бир неча моддасида назарда тутилган бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг жавобгарликни кўпроқ енгиллаштирувчи моддаси билан квалификация қилиниши керак (масалан, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб ва кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида одам ўлдириш фақат ЖК 100-моддаси билан квалификация қилиниши лозим).


10. Бир неча жиноят содир этилганда, агар жиноятлардан бири бошқасини содир этиш воситаси ёки усули бўлиб, ҳар иккала жиноят белгилари Жиноят кодекси тегишли моддаси диспозициясида кўрсатилган бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг фақат оғирроқ жиноят учун жавобгарлик белгиловчи битта моддаси билан квалификация қилиниши керак. Бунда қилмишни енгилроқ жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди (масалан, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фақат ЖК 182-моддаси иккинчи қисми "г" банди бўйича квалификация қилиниши лозим).


11. Жиноятлар мажмуига кирувчи жиноятлардан бири қасд, бошқаси эса эҳтиётсизлик шаклида содир этилган бўлса (масалан, бир шахс қасддан ўлдирилса ва бошқа шахс эҳтиётсизлик оқибатида ҳаётдан маҳрум этилса), ҳатто жиноятлар объект, объектив томон ва келиб чиққан оқибатлар жиҳатидан бир хил бўлганда ҳам, ҳар бир қилмиш Жиноят кодексининг қасддан ва эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан алоҳида квалификация қилиниши керак.


12. Агар қонунда жиноятлар мажмуига кирувчи қилмишлардан бири фақат махсус субъект томонидан, бошқалари эса, умумий субъект томонидан содир этилиши мумкинлиги белгиланган бўлса, бундай жиноятлар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан алоҳида-алоҳида квалификация қилиниши керак.

Жиноятлар мажмуини ташкил этувчи жиноятлар, агар улардан бирини содир этишда субъект жиноятни бажарувчи, бошқаларини содир этишда эса ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида иштирок этганда ҳам, шу тарзда квалификация қилиниши керак. Бундай ҳолларда шахснинг жиноятни содир этишда ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи сифатида иштирок этган ҳаракатлари Жиноят кодекси 28-моддасини қўллаган ҳолда, Жиноят кодекси Махсус қисмининг содир этилган жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддаси билан, содир этилишида у жиноят бажарувчиси бўлган қилмиш эса - ЖК 28-моддасини қўлламаган ҳолда, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан квалификация қилиниши керак.

Жиноятлар мажмуини ташкил этувчи жиноятлар уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма томонидан содир этилганда жиноят барча иштирокчиларининг ҳаракатлари, иштирокчилик туридан қатъи назар, ЖК 28-моддасини қўлламаган ҳолда, бевосита Жиноят кодекси Махсус қисмининг содир этилган жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддаси билан квалификация қилинади.


13. Шахс томонидан жиноятлар мажмуини ташкил этувчи тугалланган ва тугалланмаган жиноятлар содир этилганда ҳар бир жиноят алоҳида - тугалланмаган жиноят ЖК 25-моддаси тегишли қисми ҳамда Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаси билан, тугалланган жиноят эса - бевосита Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаси билан квалификация қилинади.


14. Агар жиноят-ҳуқуқий нормада такроранлик квалификация белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, шахс томонидан содир этилган бир неча айнан ўхшаш ёки такроранликни ташкил этувчи бошқа жиноятлар Жиноят кодексининг мазкур жиноятни такроран содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддаси (моддасининг қисми) билан квалификация қилинади.

Битта қилмишда такроранлик билан бир қаторда Жиноят кодекси мазкур моддасининг бошқа қисмларида кўрсатилган квалификация белгилари мавжудлиги аниқланган ҳолларда ҳам қилмиш шу тарзда квалификация қилиниши керак (масалан, ўғрилик содир этилганда ЖК 169-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган такроранлик белгиси ва ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган бошқа квалификация белгилари аниқланган бўлса, қилмиш ЖК 169-моддасининг тўртинчи қисми билан квалификация қилиниши лозим).

Бундай ҳолларда шу модданинг бошқа қисмларида кўрсатилган жиноятнинг квалификация белгилари айб мазмунига киритилиши ва шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор ва ҳукмда кўрсатилиши шарт.


15. Шахс томонидан бир неча жиноят содир этилиб, улардан айримлари Жиноят кодексининг такроранлик квалификация белгиси назарда тутилган бир моддаси (моддаси қисми), бошқа жиноятлар - Жиноят кодексининг бошқа моддалари таъсири доирасига тушган ҳолларда қилмиш жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилиниши керак.

Бундай ҳолларда такроранликни ташкил этувчи бир неча қилмиш Жиноят кодекси моддасининг мазкур квалификация белгисини назарда тутувчи қисми билан, жавобгарлик Жиноят кодексининг бошқа моддаларида назарда тутилган бошқа қилмишлар - Жиноят кодекси тегишли моддалари билан квалификация қилиниши лозим.


16. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, рецидив жиноят бир неча жиноят турлари ичида энг хавфлиси бўлиб, у шахс томонидан жиноий хулқ-атвор давом эттирилаётганлигидан далолат беради.

Рецидив жиноят деганда, ЖК 34-моддаси биринчи қисми мазмунига кўра муқаддам қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати мавжуд шахс томонидан қасддан янги жиноят содир этилиши тушунилади. Фақат эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган бир неча жиноят учун судланганлик ҳолатининг мавжудлиги ҳам жиноят рецидивини ташкил этмайди.


17. Рецидив жиноят деб топиш учун шахс томонидан муқаддам содир этган жинояти учун судлангандан сўнг янги жиноят содир этилганлиги талаб этилиши туфайли охирги жиноят содир этилган вақтни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.

Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ЖПК 528, 531-моддалари мазмунига кўра, шахс унга айблов ҳукми қонуний кучга кирганлиги тўғрисида эълон қилинган пайтдан бошлаб судланган деб топилади.

Ҳукм эълон қилинган вақтдан бошлаб унинг қонуний кучга кирганлиги маҳкумга эълон қилингунга қадар ўтган вақт ичида содир этилган янги жиноят рецидив жиноятни ташкил этмайди.


18. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва муайян жиноятлар учун судланиш сонидан келиб чиқиб, қонун рецидив жиноятни уч турга - оддий, хавфли ва ўта хавфли рецидивга бўлади.


19. Оддий рецидив шахс қасддан содир этилган ҳар қандай жинояти учун судланганидан сўнг, у томонидан қасддан янги жиноят содир этилганда намоён бўлади. Оддий рецидив хавфли ва ўта хавфли рецидивдан фарқли ўлароқ, Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларида квалификация белгиси сифатида кўрсатилмаган ва фақат жазони оғирлаштирадиган ҳолат сифатида тан олинади ЖК 56-моддаси "н" банди).


20. Хавфли рецидив жиноят деб топишни қонун шахснинг илгари содир этган жинояти учун судлангандан кейин унга айнан ўхшаш янги жиноятни қасддан содир этиши билан боғлайди.

Айнан ўхшаш жиноятлар деганда:

шахс илгари судланган Жиноят кодекси Махсус қисми айнан бир моддасида назарда тутилган (агар моддада бир хил жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган бўлса);

шахс илгари судланган Жиноят кодекси Махсус қисми муайян моддаси айнан бир қисмида назарда тутилган (агар моддада турли жиноят таркиблари учун жавобгарлик белгиланган бўлса, масалан, ЖК 126-1, 228, 248, 273-моддалари) жиноятларни янгидан содир этиш тушунилиши лозим.

Жиноят қонунида алоҳида назарда тутилган айрим ҳолларда, шахс илгари судланган жиноятларга айнан ўхшаш бўлмаган янги жиноятнинг қасддан содир этилиши ҳам хавфли рецидив жиноят деб топилади (масалан, ЖК 105, 118, 119, 129, 210, 211, 212, 274, 276-моддалари иккинчи қисмлари, 104, 128, 164, 213, 214, 273-моддалари учинчи қисмлари, 131-моддаси тўртинчи қисми, 126-1-моддаси бешинчи ва саккизинчи қисмлари).

21. Жиноят кодекси 34-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ўта хавфли рецидив жиноят деб топиш учун янги содир этилган жиноятнинг нафақат оғирлиги, балки шахс илгари оғир ёки ўта оғир жинояти учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган бўлиши шартлиги ҳам аҳамият касб этади.

Бунда суд ҳар доим, ҳатто шахс кейинчалик жазодан озод қилинган ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилган ҳолларда ҳам (ЖК 72-76-моддалари) суд томонидан тайинланган жазо муддатидан келиб чиқиши шарт, судланганлик ҳолати қонунда белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган ҳоллар бундан мустасно.


22. Жиноят кодекси 34-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган барча ҳолларда судлар шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани муҳокама қилишлари шарт.

Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда суд бундай қарор қабул қилинишига монелик қиладиган ҳолатлар бор-йўқлигини (аввалги жиноятлар неча ёшда содир этилганлигини, илгари содир этилган жиноятлар бўйича судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланганлигини, юқори инстанция судлари томонидан жиноят квалификацияси ўзгартирилган ёки йўқлигини ва ҳ.к.) текшириши керак. Шу мақсадда биринчи инстанция судида иш юритиш жараёнида тергов органларидан шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда аҳамиятга эга бўлган ҳукмлар ва бошқа ҳужжатларни ишга қўшиш талаб қилиниши лозим.

Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топганда суд ҳукмнинг тавсиф қисмида қабул қилинган қарор асосларини, қарор қисмида эса, унинг якуний хулосасини баён қилиши шарт.


23. Судларга тушунтирилсинки, шахс бир неча жиноят содир этган бўлиб, улардан фақат биттаси учун судланган, бошқа жиноятлари эса айбдорга нисбатан биринчи иш бўйича ҳукм чиққандан сўнг очилган бўлса, бу жиноятлар учун судланганлик мазкур шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш пайтида ЖК 34-моддаси ва 59-моддаси саккизинчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, битта судланганлик ҳолати сифатида инобатга олинади.


24. Жиноят кодекси 34-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда у 18 ёшга тўлгунга қадар содир этган жиноят учун судланганлиги инобатга олинмаслиги керак. Шу сабабли, янги жиноят шахс томонидан вояга етгандан сўнг, бироқ 18 ёшга тўлгунга қадар содир этилган қилмиш учун жазо ўташ даврида содир этилган бўлса, у ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин эмас.

Ўша шахс томонидан кейинчалик яна бир ёки бир неча жиноят содир этилса, у 18 ёшга тўлгандан сўнг озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида содир этган жиноят учун судланганлиги шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда умумий асосларда инобатга олинади.


25. Янгидан бир неча жиноят содир этган шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда суд, жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича тайинланган узил-кесил жазо муддатидан эмас, балки содир этилиши шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш учун асос бўлиши мумкин бўлган жиноят учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддатидан келиб чиқиши лозим.


26. Агар жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо белгиланган жиноятлардан ҳеч бўлмаганда бири ЖК 34-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган бўлиб, уни ўтаётган шахс янги содир этган жинояти учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога судланса, бундай шахс қонунда назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.


27. Жиноят кодекси 34-моддаси учинчи қисмини қўллашда озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган шахс деганда, муқаддам суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига кўра озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган шахс тушунилиб, бунда ҳукм ижрога қаратилганлигининг, шу жумладан, шахс мазкур жазони ўтамаганлиги (масалан, шахснинг жазони ўташдан бўйин товлаганлиги, жазо ижроси ЖПК 533-моддасига мувофиқ кечиктирилганлиги)нинг ёки қисман ўтаганлигининг (масалан кейинчалик жазодан муддатидан илгари шартли, амнистия актига асосан, касаллиги оқибатида озод қилинганлигининг, жазо енгилроғи билан алмаштирилганлигининг) аҳамияти йўқ, ҳукм жазони ижро этиш муддатлари ўтиб кетганлиги учун ижрога қаратилмаган ҳоллар (ЖК 69-моддаси) бундан мустасно.

Шу муносабат билан ЖК 34-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган белгилар мавжуд бўлганда, суд илгари шартли ҳукм қилинган ёхуд ҳукм ижроси кечиктирилган шахсни ҳам, агар бу шахс тегишлича синов муддати ёки ҳукм ижроси кечиктирилган давр ичида янги жиноят содир этса, ўта хавфли рецидивист деб топишга ҳақли.


28. Шуни эътиборга олиш лозимки, Жиноят кодекси Махсус қисмининг ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан фақат бу жиноятни содир этгунга қадар қонунда белгиланган тартибда ўта хавфли рецидивист деб топилган шахслар ҳаракатигина квалификация қилиниши мумкин.

Муқаддам ўта хавфли рецидивист деб топилган шахснинг янги содир этилган жиноят учун жавобгарлиги масаласини ҳал этишда шуни эътиборга олиш лозимки, шахснинг ўта хавфли рецидивист деб топилганлик ҳолати фақат судланганлик ундан ЖК 79-моддасида белгиланган тартибда олиб ташлангандагина бекор қилинади.


29. Агар биринчи инстанция суди ЖК 34-моддасида назарда тутилган асослар бўлишига қарамай, шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масалани ҳал этмаса ёхуд асоссиз равишда уни ўта хавфли рецидивист эмас деб топса, юқори инстанция суди апелляция, кассация тартибида (прокурор протести ёки жабрланувчининг шикояти бўйича) шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиши мумкин (ЖПК 497-30, 500-моддалари).

Юқори инстанция суди шахс асоссиз равишда ўта хавфли рецидивист деб топилган деб ҳисобласа, ҳукмдан бу ҳақдаги кўрсатмани чиқариши ва ҳукмга тегишли ўзгартиришлар киритиши лозим.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 500-моддасига мувофиқ, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш мақсадида ҳукмни кассация тартибида қайта кўриб чиқишга у қонуний кучга киргандан кейин бир йил мобайнидагина йўл қўйилади.

30. Судлар рецидив жиноятлар содир этилишига олиб келувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш мақсадида тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари номига хусусий ажримлар чиқаришлари ҳамда уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва кўрилган чоралар ҳақида хабар берилиши устидан тегишли назоратни таъминлашлари лозим.


31. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди бир неча жиноятлар билан боғлиқ суд амалиётини мунтазам ўрганиб боришлари, жиноятлар такроран содир этилишига олиб келувчи сабаб ва шароитларни таҳлил этишлари ва умумлаштиришлари ҳамда тегишли органлар олдига уларни бартараф этиш тўғрисидаги масалани қўйишлари лозим.


Олий суд раиси                                                                Б. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                            М. Ҳасанов





































Время: 0.0149
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск