ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 14.11.2007 й. 15-сон "Умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

14.11.2007 й.

N 15


УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ

ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ

ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади.

"Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" қабул қилинган қонун билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосининг киритилиши бу ҳуқуқ ҳимоясининг реал кафолати бўлди.

Мазкур Қонуннинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан киритилган фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни муддат белгиланмаган ҳолда жамиятдан ажратишни назарда тутади.

Қонунда умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-моддаси иккинчи қисми) ва одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган терроризм (ЖК 155-моддаси учинчи қисми) содир этган шахсларга нисбатан қўлланилишига йўл қўйилади.


2. Судларга тушунтирилсинки, ЖК 50-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган йигирма йилдан ортиқ, бироқ йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга тайинланадиган узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кўриниши бўлиб, у фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган терроризм содир этган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин. Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси суд томонидан ушбу жиноятларга нисбатан қонунда умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланиши истисно этилган (масалан, тугалланмаган жиноят учун), шунингдек иш ҳолатларига кўра суд айбдорга нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси ёки ўн беш йилдан йигирма йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосага келган ҳолларда тайинланиши мумкин.


3. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўллаш масаласини ҳал этишда суд мазкур жазо, фақат иш бўйича айбдор томонидан ғайриинсоний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилганлигидан, шунингдек жиноятни содир этган шахс жамият учун мутлақ хавфли эканлигидан далолат берувчи ва унга нисбатан бошқа жазо тайинланиши имкониятини истисно этувчи алоҳида ҳолатлар бўлганда, тайинланиши мумкинлигини инобатга олиши керак.

Шунинг учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланаётганда суд ҳукмнинг тавсиф қисмида бундай қарор қабул килиниши сабабларини кўрсатиб ўтиши лозим.


4. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тугалланмаган жиноят учун тайинланиши мумкин эмас.

Қонунга кўра, умрбод озодликдан маҳрум қилиш ва узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазолари аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан ҳам тайинланиши мумкин эмас. Бунда олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан бундай жазолар тайинланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида биринчи инстанция суди томонидан айбдорнинг ҳукм чиқариш кунига кадар, апелляция шикояти (протести) берилган ҳолда - иш апелляция инстанциясида кўрилган кунга қадар бўлган ёшидан келиб чиқиб қўлланилади.


5. Жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлашда:

жиноятлардан ҳеч бўлмаганда биттаси учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланганда узил-кесил жазо ЖК 59-моддаси тўртинчи қисми қоидасига мувофиқ енгилроқ турдаги жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан қоплаш орқали тайинланади;

жиноятлардан ҳеч бўлмаганда биттаси учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганда узил-кесил жазо ЖК 59-моддаси бешинчи қисми қоидасига мувофиқ жазоларни тўла ёки қисман қўшиш ёхуд енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш орқали, бироқ йигирма беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тайинланади.

Агар жиноятлар мажмуига кирувчи ЖК 97-моддаси иккинчи қисми ёки 155-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган жиноятлардан бирортаси бўйича ҳам узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаган бўлса, узил-кесил жазо жазолар тўла ёки қисман қўшилганда ҳам, енгилроқ жазо оғирроғи билан қопланган ҳолда ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати йигирма йилдан ошмаслиги керак.


6. Шуни назарда тутиш лозимки, шахс қонунда умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бир неча жиноят содир этган бўлиб, улардан айримлари у вояга етмаган, бошқалари вояга етган ёшда содир этилган бўлса, вояга етмаган ёшда содир этилган жиноятлар учун жазо ЖК 82-86-моддалари қоидалари бўйича, вояга етган ёшда содир этилган жиноятлар учун ЖК 59-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлари қоидалари бўйича тайинланади.


7. Ҳукмлар жами бўйича жазо тайинлашда:

ҳукмлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бўйича умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланганда узил-кесил жазо ЖК 60-моддаси учинчи қисми қоидасига мувофиқ енгилроқ турдаги жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан қоплаш орқали тайинланади;

ҳукмлардан ҳеч бўлмаганда биттаси учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганда узил-кесил жазо ЖК 60-моддаси тўртинчи қисми қоидасига мувофиқ жазоларни тўла ёки қисман қўшиш ёхуд енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш орқали, бироқ йигирма беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тайинланади.


8. ЖК 64-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятни содир этган шахсга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатларини қўллаш масаласи суд томонидан ҳал қилинади. Агар суд жавобгарликка тортиш муддатини қўллашни лозим топмаса, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланади.

Ҳукм билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш муддатини қўллашни лозим топмаган ҳолларда ҳам суд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштириши керак (ЖК 69-моддаси бешинчи қисми).

Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, қонунга кўра (ЖК 64-моддаси еттинчи қисми, 69-моддаси олтинчи қисми), жавобгарликка тортиш муддати, шунингдек жазони ижро этиш муддати тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди. Шунинг учун ҳам суд терроризм жиноятини содир этган шахсга нисбатан, жиноят содир этилган вақтдан қатъи назар, умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашга ҳақли.


9. Ҳукм эълон қилингандан сўнг раислик этувчи умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумга ЖПК 473-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган авф тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқи ва муддатларини тушунтириши шарт бўлиб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.


10. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумнинг авф этиш тўғрисидаги илтимосномаси ЖК 76-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.

Бунда судларнинг эътибори шунга қаратилиши керакки, авф этиш тўғрисидаги илтимоснома қонунда белгиланган ва жазонинг амалда ўталган қисми инобатга олинган ҳолда саналадиган муддатлар ўтгандан сўнг берилиши мумкин.


11. ЖК 50-моддасига мувофиқ умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумлар жазони махсус тартибли колонияларда ўтайдилар.

Махсус тартибли колонияларда, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси авф зтиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган эркаклар ҳам сақланади.


12. Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахсга нисбатан колония тури, содир этилган жиноят оғирлиги ва маҳкумнинг шахсидан келиб чиққан ҳолда, ЖК 50-моддаси еттинчи қисми "б, в, г" бандларига мувофиқ белгиланади.

13. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш тартиби ва шартлари Жиноят-ижроия кодексининг бешинчи бўлимида белгиланган.


14. Шуни таъкидлаш лозимки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумга, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси авф этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга нисбатан қонунда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш, бир турдаги колониядан бошқа турдаги колонияга ўтказиш масалалари бўйича алоҳида жиҳатлар белгиланган.


15. Ўлим жазосига маҳкум этилган шахсга нисбатан 2008 йил 1 январга қадар ижро этилмаган ҳукм ЖК 13-моддаси талабига мувофиқ қонунда белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши шарт.


16. Мазкур қарор 2008 йил 1 январдан бошлаб қўлланилади.



Олий суд раиси                                                                       Б. Мустафаев


Пленум котиби, Олий суд судьяси                                         М.Ҳасанов





































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск