ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 03.02.2006 й. 4-сон "Буйруқ тартибида иш юритишни тартибга солувчи қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

03.02.2006 й.

N 4


БУЙРУҚ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШНИ ТАРТИБГА

СОЛУВЧИ ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Буйруқ тартибида иш юритишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ҳамда мазкур тартибда иш юритишни белгиловчи қонунчиликка оғишмай риоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги қонунининг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Суд буйруғи биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг алоҳида бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 171-моддасида кўрсатилган талаблар юзасидан суд муҳокамаси талаб қилинмайдиган ишлар бўйича берилади ва у ижро ҳужжати кучига эга.

2. Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб ФПК 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан биргаликда вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.

3. Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида берилади. Бунда фуқаролик процессуал қонун талабига кўра суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризанинг шакли ва мазмунига қўйилган талаблар даъво аризасига (ФПК 189-моддаси) қўйилган талабларга ўхшаш эканлигини назарда тутиш лозим. Шу билан биргаликда буйруқ тартибида иш юритиш ундирувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг соддалаштирилган усули эканлигидан келиб чиқиб, судлар суд буйруғи бериш ҳақида аризани қабул қилишда ундирувчининг вакили томонидан берилган аризада вакилнинг номи ва манзили кўрсатилиши шарт эмаслигини назарда тутишлари лозим. Ундирувчи томонидан вакилга суд буйруғини олиш ва ижрога қаратиш ваколати берилган ҳолатлар бундан мустасно.

5. Судларга тушунтирилсинки, буйруқ тартибида иш юритиш суд муҳокамасини истисно қилиши сабабли кўчар мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисида суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада ушбу мол-мулкнинг қиймати кўрсатилиши лозим (ФПК 172-моддаси тўртинчи қисми), шунингдек, қарздорликни ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада тегишинча қарздорлик вужудга келган давр кўрсатилиши лозим (ФПК 172-моддаси иккинчи қисми 5-банди).

7. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ФПК 194-моддаси билан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун белгиланган умумий асослари билан бир қаторда, агар:

қарздорнинг яшаш жойи Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлса;

аризани ва ундирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганишда ҳуқуқ тўғрисида низо борлиги аниқланган бўлса;

арз қилинган талаб ФПК 171-моддасида назарда тутилмаган бўлса, судья суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.

8. Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризада Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 238-2-моддасида белгиланган талаб билан биргаликда низоли бошқа талаб қўйилган бўлиб, ушбу талабларни алоҳида кўриш имкони бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 238-5-моддасига мувофиқ суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза қабул қилишдан рад қилиниши ва ундирувчига тегишли тартибда даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши лозим.


9. ФПК 171-моддасида назарда тутилган талаблар бўйича ундирувчи суд буйруғи чиқариш ҳақидаги ариза билан ёки даъво талаби тартибида мурожаат қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатда суд даъво талабини қабул қилиш ва ишни даъво тартибида кўришни рад қилишга ҳақли эмас.

10. Судья ФПК 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича фақатгина ушбу талаб ҳужжат асосида тасдиқланган ҳамда талаб юзасидан қарздор томонидан эътироз билдирилмаган тақдирда суд буйруғи чиқариши мумкин. Шунга кўра, ундирувчи тарафлар ўртасида даъво тартибида ҳал қилиниши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд эмаслиги ҳақидаги ўз талабини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиши шарт.

11. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ФПК 171-моддасининг 4-бандига асосан, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш ҳақидаги талаб бўйича суд буйруғи арз қилинган талаб оталикни белгилаш ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаса берилади.

Бунда судлар, биргина оталикни белгилаш ҳақидаги талаб арз қилинган ҳолда эмас, балки шу билан биргаликда иккинчи тараф томонидан оталик (оналик)ка нисбатан эътироз билдирилган ҳолларда ҳам суд буйруғи чиқариш мумкин эмаслигини назарда тутишлари лозим. Ушбу ҳолатларнинг барчаси низо мавжудлигидан далолат бериб, суд буйруғи чиқаришни истисно этади. Шунингдек Оила кодекси 102-моддасининг 2-қисмига асосан вояга етмаган фарзанд таъминоти учун қатъий суммада алимент ундириш ҳақидаги талаб ҳам суд буйруғи тартибида кўрилиши мумкин эмас.


12. Оила кодекси 136-моддасининг 3-қисми талабига кўра вояга етмаган болалар учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилишини эътиборга олиб, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш талабида ўтган давр учун ҳам алимент ундириш талаби қўйилган бўлса, ўтган давр учун алимент ундириш ҳақидаги талаб Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 136-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган ҳолатлар аниқлангандагина қаноатлантирилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, суд талаб берилган кундан бошлаб алимент ундириш ҳақида суд буйруғи бериб, ўтган давр учун алимент ундириш қисми бўйича эса ундирувчига даъво тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.


13. ФПК 174-моддасига мувофиқ, суд буйруғи чиқариш тўғрисида ариза берилганда қонун ҳужжатларида даъво иш юритиш тартиби учун белгиланган тартиб ва миқдорда давлат божи ундирилади.

Аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади. Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда тўланган давлат божи қайтариб берилмайди, балки у ундирувчи қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида ариза билан судга мурожаат этган тақдирда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.


14. Умумий қоида бўйича суд мажлисида иштирок этишга жалб қилинмаган тарафга нисбатан чиқарилган суд қарорлари чет давлатлар томонидан, шунингдек чет давлатларнинг шу тартибда қабул қилинган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинмайди ва ижро қилинмайди. Бир вақтнинг ўзида ижро ҳужжати ҳам бўлган суд буйруғини чиқариш тарафларни суд мажлисига чақириб, уларнинг тушунтиришларини эшитиш имкониятидан маҳрум қилиши сабабли қарздорнинг яшаш жойи ёки жойлашган манзили Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида эканлиги суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш учун ҳам асос бўлади. Бундай ҳолда, ундирувчининг ҳуқуқлари қарздорга суд мажлиси ўтказилиши вақти ва жойи тўғрисида хабар берилган ҳолда ишни суд муҳокамасида кўриш орқали ҳимоя қилинади.


15. Агар ариза ФПК 172-моддаси талабларига жавоб бермаса ва унга арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, белгиланган миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтаради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин судга қайтадан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди (ФПК 176-моддаси).

16. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги (ФПК 175-моддаси), шунингдек, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қайтариш (ФПК 176-моддаси) ҳақидаги ажрим ариза судга келиб тушган кундан бошлаб уч кунда чиқарилиши ва мазмуни бўйича ФПК 194, 195-моддалари талабларига жавоб бериши шарт.

18. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ундирувчини шу талаб бўйича судга даъво тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги сабабли, судлар шуни назарда тутиши лозимки, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят берилмайди.

19. Судлар суд буйруғини беришда ФПК 178-моддасида унинг мазмунига қўйилган талабларга амал қилиши лозим.

Хусусан, суд буйруғида талабни қаноатлантиришга асос бўлган моддий ҳуқуқ нормаси кўрсатилиши шарт. Суд буйруғининг ёзувидаги хатоларни ва очиқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш суднинг ташаббуси ёхуд ундирувчининг ёки қарздорнинг аризаси бўйича суднинг ажримига асосан амалга оширилади.

20. Тушунтирилсинки, ФПК 179-моддасида назарда тутилган суд буйруғининг нусхасини қарздорга дарҳол юбориш тартиби, шунингдек ФПК 181-моддасида кўрсатилган суд буйруғини бекор қилиш асослари қарздор ҳуқуқларининг кафолатидир.

21. Агар ўн кунлик муддатда қарздор томонидан арз қилинган талабга нисбатан эътироз берилса, судья ўз ажрими билан суд буйруғини бекор қилиши шарт. Шу билан бирга, судья буйруқни бекор қилиш тўғрисидаги ажримда ундирувчига арз қилган талаби бўйича даъво ишларини юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг нусхалари ажрим чиқарилганидан кейин уч кундан кечиктирилмай тарафларга юборилади.


22. Судлар, суд буйруғи тартибидаги ишлар бўйича давлат божи миқдорини белгилашда ФПК 129-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарорида баён этилган тушунтиришларга асосланишлари лозим.

23. Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилганлиги суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.

24. ФПК 181-моддасида кўрсатилган қарздор томонидан эътирозлар тақдим қилиниши мумкин бўлган ўн кунлик муддат процессуал муддатлар тоифасига киришлиги сабабли ушбу муддатларга нисбатан ФПК 15-бобида кўрсатилган талаблар қўлланилиши, шу жумладан, ўтказилган муддатни тиклаш ҳақидаги аризани рад этиш тўғрисидаги ажримга нисбатан ФПК 155-моддасига мувофиқ хусусий шикоят келтириш мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.

25. Мазкур институтнинг суд ҳокимияти самарадорлигини оширишдаги ва суд ишини соддалаштиришдаги муҳим аҳамиятини инобатга олиб, судларга суд буйруғи чиқариш амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориш тавсия қилинсин.




Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

вазифасини бажарувчи                                                           Н. Ташматов



Пленум котиби

вазифасини бажарувчи,

Олий суд судьяси                                                                     М. Ҳасанов




Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси 2006 й., 1-сон.




















Время: 0.0029
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск