Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 24.05.2013 й. 248-сон "Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларнинг хўжалик судлари томонидан кўрилишида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2013 й.

N 248


ЧЕТ ДАВЛАТ СУДИ ЁКИ ҲАКАМЛИК ҚАРОРИНИ

ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ ҲАМДА ЧЕТ

ДАВЛАТ   СУДИНИНГ   ТОПШИРИҒИНИ   ИЖРО

ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИНГ ХЎЖАЛИК

СУДЛАРИ     ТОМОНИДАН     КЎРИЛИШИДА

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Хўжалик судлари томонидан чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судлари чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш тўғрисидаги ишларни кўришда Нью-Йорк шаҳрида 1958 йил 10 июнда имзоланган "Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида"ги Конвенция (бундан буён Нью-Йорк Конвенцияси деб юритилади), Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган "Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Битим (бундан буён Киев Битими деб юритилади), Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган "Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Конвенция (бундан буён Минск Конвенцияси деб юритилади), Гаага шаҳрида 1954 йил 1 мартда имзоланган "Фуқаролик процесси масалаларига доир Конвенция" (бундан буён Гаага Конвенцияси деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён ХПК деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.


2. Судларга тушунтирилсинки, чет давлат суди деганда, суд ҳокимиятини амалга оширувчи давлат органи, ҳакамлик деганда эса, алоҳида ҳар бир иш бўйича тайинланган арбитраж ва доимий фаолият кўрсатувчи арбитраж органи тушунилади.

3. Иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган низолар ва бошқа ишлар юзасидан қабул қилинган чет давлат суди ёки ҳакамликнинг қарорлари Ўзбекистон Республикасида, башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ва қонунларида бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш назарда тутилган бўлса, тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин.


4. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қонуний кучга кирган суд ҳужжатигина тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин.

Чет давлат судининг илтимоси бўйича бошқа процессуал ҳаракатлар (ашёвий далилларни текшириш, тарафларни эшитиш ва бошқалар) суд топшириғини ижро этиш жараёнида амалга оширилиши мумкин.


5. Киев Битимининг 4-моддасида назарда тутилган ваколатли суд деганда, қарори бошқа аҳдлашувчи тараф ҳудудида ижрога қаратилиши лозим бўлган, қайд этилган Битимнинг 4-моддаси қоидаларига мувофиқ низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган аҳдлашувчи тарафнинг суди тушунилади. Ўзбекистон Республикасида бундай судлар бўлиб хўжалик судлари ҳисобланади.


6. Судлар эътиборга олишлари лозимки, чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш ҳамда чет давлат судининг топшириғини ижро этиш билан боғлиқ ишлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ХПК қоидалари бўйича кўриб чиқилади.


6.1. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилинадилар.


6.2. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ёзма шаклда берилади ва ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак.

Илтимосномада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

1) илтимоснома берилаётган хўжалик судининг номи;

2) чет давлат судининг номи ва жойлашган жойи ёки арбитражнинг номи ва таркиби, унинг жойлашган жойи;

3) ундирувчининг номи, унинг жойлашган жойи ёки турар жойи;

4) қарздорнинг номи, унинг жойлашган жойи ёки турар жойи;

5) ундирувчи тан олиш ва ижрога қаратишни илтимос қилаётган чет давлат суди ёки ҳакамликнинг қарори ҳақидаги маълумотлар;

6) ундирувчининг талаби;

7) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномада ундирувчи ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Илтимоснома ва унга илова қилинган ҳужжатлар халқаро шартномаларда кўрсатилган тилда баён этилиши керак.


6.3. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома, шунингдек чет давлат судининг топшириғи суд томонидан ХПКнинг 16-бобида белгиланган тартибда иш юритишга қабул қилинади.


7. Судлар эътиборга олишлари лозимки, хўжалик суди чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини мазмунан қайта кўришга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга ҳақли эмас.


8. Агар чет давлат суди ёки ҳакамликнинг қарори қисман ижро этилган бўлса, суд бундай ҳолда чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорининг ижро этилмаган қисмига ижро варақаси беради.


9. Судларга тушунтирилсинки, чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун давлат божи ундирилмайди, бироқ ХПКда белгиланган бошқа суд харажатлари тўланиши (ундирилиши) лозим.


10. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар қарздор жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёхуд, агар қарздор жойлашган ер ёки яшайдиган жой номаълум бўлганда, унинг мол-мулки жойлашган жойдаги хўжалик суди томонидан кўрилади.


11. Судлар чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ХПК 88-моддасининг 6-бандида белгиланган асослар бўйича кўрмасдан қолдирилиши мумкин эмаслигини инобатга олишлари лозим.


12. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишларни кўриш якуни бўйича ХПКнинг 18-бобида ҳал қилув қарорини қабул қилиш учун белгиланган қоидалар бўйича ажрим чиқарилади ва унинг асосида ижро варақаси дарҳол берилади.


12.1. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра чет эл суди ёки арбитражининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси суди томонидан берилган ижро варақаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарор қонуний кучга кирган вақтдан эътиборан уч йил ичида мажбурий ижро этиш учун топширилиши мумкин.

Бундан келиб чиқиб, судлар чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримга асосан берилган ижро варақасида чет давлат суди ёки ҳакамлик қарори қонуний кучга кирган санани кўрсатишлари лозим.


13. Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган ажрим устидан ХПКда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Чет давлат судининг топшириғини ижро этиш билан боғлиқ ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).


14. Чет давлат ҳакамлик қарорини (бундан буён - ҳакамлик қарори деб юритилади) тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар хўжалик судлари томонидан Нью-Йорк Конвенцияси асосида кўриб чиқилади.


14.1. Нью-Йорк Конвенцияси 4-моддасига кўра ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф илтимосномани беришда тегишли тартибда тасдиқланган ҳакамлик қарори ва ҳакамлик келишувининг асли ёки тегишли тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этади. Агар ҳакамлик қарори ва келишув расмий (ўзбек) тилида баён этилмаган бўлса, ушбу қарорни тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган тараф бу ҳужжатларнинг расмий тилдаги таржимасини тақдим қилади. Таржима расмий ёки қасамёд қилган таржимон, дипломатик ёхуд консуллик муассасаси томонидан тасдиқланади.

Судларга тушунтирилсинки, ушбу талабларга риоя қилинмасдан берилган илтимоснома ХПКнинг 118-моддасига мос ҳолда қайтарилади.


14.2. Судлар эътиборга олишлари лозимки, ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш Нью-Йорк Конвенциясининг 5-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлгандагина рад этилиши мумкин.

Бунда шуни назарда тутиш керакки, Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 1-банди асосида ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга ушбу бандда кўрсатилган ҳолатларни исботловчи далиллар мавжуд бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади. Нью-Йорк Конвенцияси 5-моддасининг 2-банди асосида ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишга судга ҳар қандай далиллар тақдим этилганлигидан қатъи назар, йўл қўйилади.


15. Хўжалик судларида чет давлат судининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар Киев Битими, Минск Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ўртасида тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида кўриб чиқилади. Бунда Киев Битими, Минск Конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалари уларнинг иштирокчиси бўлган давлатларнинг суд ҳужжатларига нисбатан қўлланилиши инобатга олиниши лозим.

Агар Киев Битими ёки Минск Конвенцияси иштирокчиси бўлмаган ёхуд Ўзбекистон Республикаси билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузмаган чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида илтимоснома берилган бўлса, бундай илтимосномани қабул қилиш ХПК 117-моддасининг 1-банди асосида рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат илтимоснома иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.


15.1. Агар Ўзбекистон Республикаси ва икки томонлама ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзолаган давлат, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама шартноманинг ҳам иштирокчилари бўлсалар, суд чет давлат суди қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишни кўриб чиқишда икки томонлама шартноманинг қоидаларини, у билан тартибга солинмаган ҳуқуқий муносабатлар қисми бўйича эса - ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама шартнома қоидаларини қўллайди.


15.2. Чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома ваколатли судга фақат ундирувчи (манфаатдор шахс) томонидан берилиши мумкин. Бошқа шахслар томонидан берилган илтимоснома ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос ҳолда қайтарилади.

15.3. Судлар чет давлат суди қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномага Киев Битими 8-моддасининг иккинчи қисмида, Минск Конвенцияси 53-моддасининг иккинчи қисмида ёки Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама шартномасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилиниши шартлигига эътиборларини қаратишлари лозим.

Хусусан, чет давлат суди қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:

- тегишли равишда тасдиқланган чет давлат суди қарорининг нусхаси;

- агар қарорнинг ўзида қонуний кучга кирганлиги кўрсатилмаган бўлса, унинг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

- суд мажлисида иштирок этмаган, унга қарши қарор қабул қилинган тарафнинг судга тегишли тарзда ва ўз вақтида чақирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

- илтимоснома киритган шахснинг имзолаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

- илтимоснома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

- ишларнинг тарафлар ўртасидаги шартнома бўйича судловга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжат.

Агар чет давлат суди қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Киев Битими ёки Минск Конвенцияси асосида сўралаётган бўлса, илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар тан олиниши сўралаётган давлат тили ёки рус тилига қилинган таржимаси билан бирга тасдиқланган ҳолда тақдим этилади.

Агар чет давлат суди қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги шартномаси асосида сўралаётган бўлса, илтимосномага илова қилинаётган ҳужжатлар ушбу шартномада белгиланган тилда баён этилиши лозим.

Ушбу талабга риоя қилинмасдан берилган илтимоснома ХПКнинг 118-моддасига мос ҳолда қайтарилади.


15.4. Судларнинг эътибори чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш Киев Битимининг 9-моддаси, Минск Конвенциясининг 55-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама шартномаларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлгандагина рад этилиши мумкинлигига қаратилсин. Бунда кўрсатилган халқаро шартномаларда чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланиши инобатга олиниши лозим.


15.5. Судларга тушунтирилсинки, Киев Битими ёки Минск Конвенциясига мувофиқ қуйидаги ҳолатлар чет давлат суди қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этишга асос бўлади:

- Ўзбекистон Республикаси хўжалик судининг айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қарори мавжуд бўлса;

- МДҲ аъзоси - учинчи давлат ёки МДҲ аъзоси бўлмаган давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан тан олинган қарори мавжуд бўлса;

- низо ваколатсиз суд томонидан ҳал қилинган бўлса;

- бошқа тараф суд мажлиси тўғрисида хабардор қилинмаган бўлса;

- қарорни мажбурий ижрога тақдим этиш учун уч йиллик муддат ўтган бўлса.

Агар чет давлат суди қарорининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги халқаро шартномаси асосида сўралаётган бўлса, қарорни тан олиш ва ижрога қаратиш мазкур шартномада назарда тутилган асослар бўйича рад этилади.


15.6. Чет давлат судининг ажримини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимоснома қарорни тан олиш ва ижрога қаратиш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.


16. Хўжалик судлари чет давлат судлари топшириғини ижро этиш ҳақидаги ишларни Киев Битими, Минск ва Гаага Конвенциялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ўртасида тузилган ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар асосида кўриб чиқади.


16.1. Судларга тушунтирилсинки, Киев Битимининг 5-моддасига асосан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ёрдам сўралаётган ваколатли судлар ва бошқа органлар ўз давлатининг қонун ҳужжатларини қўллайдилар. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси хўжалик судига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилинганда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Бундан келиб чиқиб, ХПКнинг 123-моддасига асосан ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқарилиб, унда ишни тайёрлашга доир ҳаракатлар, ишни судда кўришга тайинлаш, уни ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинадилар.


16.2. Хўжалик суди томонидан айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларни ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ХПКда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хўжалик суди ХПКнинг 226-моддасига мувофиқ айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида чет давлат судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва бошқаларни) ижро этади.


16.3. Судлар назарда тутишлари керакки, топшириқ қуйидаги ҳолларда ижро этилмайди:

- топшириқни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки унинг хавфсизлигига таҳдид солса;

- топшириқни ижро этиш хўжалик судининг ваколатига кирмаса.


16.4. Чет давлат суди топшириғи билан боғлиқ ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, у халқаро шартномаларда назарда тутилган тартибда сўраётган тарафга жўнатилади.


16.5. Чет давлат суди топшириғи ижро этилганда, ажримга ижрони тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


16.6. Чет давлат суди топшириғи ижро этилмаганда, ажримда унинг ижро этилмаганлиги сабаблари кўрсатилади.


16.7. Судлар агар суд топшириғи Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги шартнома имзоламаган, бироқ Гаага Конвенцияси иштирокчиси бўлган давлатдан келиб тушган бўлса, чет давлат судининг топшириғи кўриб чиқиш учун қабул қилиниши шартлигини инобатга олишлари лозим, чунки Гаага Конвенцияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 22 декабрдаги Қарори билан ратификация қилинган.


16.8. Судларнинг эътибори ҳакамликлар хўжалик судларига суд топшириғи (экспертиза ўтказиш, тарафларни эшитиш, гувоҳлар, экспертлар ва ҳакамлик муҳокамасининг бошқа иштирокчиларини сўроқ қилиш) беришга ҳақли эмасликларига қаратилсин.

Агарда бундай топшириқ тақдим этилган бўлса, уни қабул қилиш ХПК 117-моддасининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат топшириқ иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Олий хўжалик суди раиси

Д. Мирзакаримов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

        

М. Израилбекова

  


“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 7-сон

















Время: 0.0164
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск