ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2012 й. 238-сон "Иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.06.2012 й.

N 238


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН ҲАКАМЛИК

МУҲОКАМАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ КЎРИШДА

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилишлари лозим.

Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишлар ИПКда назарда тутилган умумий қоидалар асосида ИПКнинг 28 ва 29-бобларида белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади.

2. Судларнинг эътибори ҳакамлик битими юридик ва жисмоний шахсларнинг низони ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги ёзма келишуви ҳисобланишига ва бундай битим мавжуд бўлган тақдирдагина низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкинлигига қаратилсин. Ҳакамлик битими шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шарти ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин.

Қонун 13-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд айрим низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида кўрсатилиши лозим.

Шу боис, агар ҳакамлик битимида тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида кўрсатилган бўлса, ҳакамлик келишувини ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги низо ҳам ҳакамлик судида кўриб чиқилади.

Агар ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган маълум бир низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида кўрсатилган бўлиб, уларда ҳакамлик битими устидан низолашиш масаласи кўрсатилган бўлмаса, ҳакамлик келишувини ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги низо иқтисодий судда кўрилиши лозим.

3. Судлар Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этишлари, шунингдек ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутишлари лозим.

Агар низо кўрсатилган органлар томонидан ташкил қилинган ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган ва/ёки давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органи ҳакамлик битими тарафи бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мос ҳолда иқтисодий суд томонидан бекор қилинади, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш ҳақидаги аризани қаноатлантириш эса ИПК 231-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мос ҳолда рад этилади.

4. ИПКнинг 29-моддасига кўра фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳамда иқтисодий судга тааллуқли бўлган низо тарафларнинг келишувига биноан иқтисодий суд қарор чиқаргунга қадар ҳакамлик судига кўриш учун топширилиши мумкин.

Бунда тарафларнинг келишуви деганда Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган ҳакамлик битими тушунилади.

Агар тарафларнинг низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти йўқолмаган бўлса ва агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар биринчи аризасидан кечиктирмай низони мазмунан ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, иқтисодий суд даъвони кўрмасдан қолдиради.

Бунда "биринчи ариза" деганда жавобгарнинг ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар низо моҳияти бўйича баён қилган ёзма ёки оғзаки фикрини тушуниш лозим.


5. ИПКнинг 28 ва 29-боблари ҳамда Қонуннинг 7 ва 8-бобларига мувофиқ судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан фақат ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза билан эса ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса ўша тараф мурожаат қилади.

Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, ҳакамлик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ушбу шахслар бундай ҳал қилув қарори устидан ИПК 223-моддасининг иккинчи қисмига асосан ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида иқтисодий судга ариза беришлари мумкин.

5.1. Судларга тушунтирилсинки, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳакамлик суди фойдасига ундириш талаби ИПКнинг 29-бобида белгиланган қоидалар асосида кўриб чиқилмайди.

Шу боис, низони ҳакамлик судида ҳал қилишда тарафлар томонидан тўланиши лозим бўлган харажатларни тўлаш ҳакамлик суди томонидан кечиктирилган тақдирда, ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ҳакамлик муҳокамасининг тегишли тарафидан ушбу харажатларни ундиришни сўраб ваколатли судга умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.


6. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги иқтисодий судга, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза эса ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Бундай тоифадаги ишлар бўйича ИПКнинг 38-моддасида белгиланган шартнома бўйича судловга тегишлилик тўғрисидаги қоида қўлланилмайди.

7. Судларга тушунтирилсинки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишлар алоҳида тоифадаги ишлар ҳисобланади. Агар аризани қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш учун асослар мавжуд бўлмаса, судлар аризани иш юритишга қабул қилишлари, унга тегишли рақам беришлари ҳамда ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаришлари лозим.

Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади. Ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолатда агар иш бўйича тақдим қилинган ҳужжатлар (далиллар) етарли деб ҳисобланса, суд ишни мавжуд ҳужжатлар асосида кўриб чиқади.


8. Иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ИПКнинг 164-моддасида белгиланган муддатлар қўлланилади.

9. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризалар бўйича давлат божи "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг иловасида келтирилган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига мувофиқ ундирилади.

Бунда иқтисодий судлар шуни инобатга олишлари лозимки, тадбиркорлик субъектлари - ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда давлат божи тўловидан озод этилган. Бундай ҳолатда давлат божи аризани кўриб чиқиш якуни бўйича ариза қаноатлантирилганда қарздордан, қаноатлантириш рад этилганда аризачидан ундирилади.

10. Судлар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда иқтисодий суд ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

11. Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича ИПКда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидалар бўйича ажрим чиқаради.

Ажрим устидан ИПКда белгиланган тартибда ва муддатда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

12. ИПК 223-моддасининг биринчи қисми ҳамда Қонун 46-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг иқтисодий судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори устидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ариза белгиланган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган бўлса, ўтказиб юборилган муддат суд томонидан уни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома асосида тикланиши мумкин.

Агар ариза белгиланган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган бўлиб, муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома берилмаган ёки белгиланган муддатнинг ўтказилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилмаган бўлса, аризани қабул қилиш ИПК 224-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ ИПК 154-моддасининг қоидалари бўйича рад этилади.

Агар ҳакамлик суди томонидан иш бўйича қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, ўттиз кунлик муддат аризачи томонидан қўшимча ҳал қилув қарори олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Агар қарздор жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёхуд, агар қарздор жойлашган ер ёки яшайдиган жой номаълум бўлиб, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий суднинг иш юритувида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги иш мавжуд бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги иқтисодий судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза келиб тушса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш ИПК 101-моддасининг 1-бандига асосан тўхтатиб турилиши ёки ишни кўриш ИПК 230-моддасининг олтинчи қисмига асосан қарздорнинг илтимосномасига биноан кейинга қолдирилиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин манфаатдор шахс томонидан шу иш доирасида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 229-моддаси ҳамда Қонуннинг 51-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда берилган бўлса, у иш юритишга қабул қилинади ва дастлабки ариза билан бирга кўриб чиқилади. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 229-моддаси ҳамда Қонуннинг 51-моддаси талаблари бузилган ҳолда берилган бўлса, у ИПКнинг 155-моддасига мос ҳолда қайтарилади.

Агар иқтисодий суднинг иш юритувида ИПК 223-моддасининг иккинчи қисми ва 228-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган судловга тегишлилик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги алоҳида қўзғатилган ишлар мавжуд бўлса, бу ишлар ИПК 158-моддасининг иккинчи қисмига асосан битта иш юритишга бирлаштирилиши мумкин.

13. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни ИПКнинг 224-моддаси талабларига мос келиши ва унга ушбу моддада назарда тутилган ҳужжатлар, шу жумладан почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши лозим. Ушбу талабларга риоя қилинмаган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 155-моддасига мос ҳолда қайтарилади. Аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин иқтисодий судга умумий тартибда бундай ариза билан қайтадан мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

14. Судларга тушунтирилсинки, манфаатдор шахс томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 29-боби талабларига риоя этилган ҳолда умумий тартибда берилганда, бундай аризани ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилаётганлиги асос қилиниб қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш мумкин эмас.

15. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, бекор қилинади. Бунда исботлаш мажбурияти ҳал қилув қароридан норози бўлиб ариза берган тарафнинг зиммасига юклатилади. Шу билан бирга, агар ИПКнинг 226-моддасида кўрсатилган асослар иқтисодий суд томонидан аниқланган тақдирда ҳам, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори бекор қилинади.

15.1. Судлар ҳакамлик битимини қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш учун унинг бундай битимларга қўйилган талабларга мувофиқлигини текширишлари лозим. Хусусан, унинг ёзма шаклда тузилганлигига, шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шарти ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилганлигига, ҳакамлик битими, агар у ҳакамлик битими тарафлари томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хатлар ёки хабарлар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланишига эътибор қаратилиши зарур.

Ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд маълум бир низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида, шунингдек агар низо доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилувига топшириладиган бўлса, мазкур ҳакамлик судининг номи кўрсатилиши лозим. Ушбу талабларга риоя қилинмаган тақдирда, битим Қонуннинг 12 ва 13-моддаларига мувофиқ ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Шунингдек, ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг сони, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ва тил, ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари, низони кўриб чиқиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, Қонун 9-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади. Шу боис, низосиз ҳуқуқий муносабат юзасидан тузилган ҳакамлик битими ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлади.

15.2. Судларга тушунтирилсинки, ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган асос бўйича ҳал қилув қарори бекор қилинганда иқтисодий суд ўзининг ажримида манфаатдор шахс ҳакамлик битими билан қамраб олинмаган масала бўйича ваколатли судга мурожаат қилишга ҳақли эканлигини кўрсатиши мумкин.

15.3. ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида кўрсатилган асос бўйича ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишда ҳакамлик судьясига қўйиладиган талабларга риоя этилганлиги; ҳакамлик судининг таркиби Қонунда кўрсатилган тартибда шакллантирилганлиги; ҳакамлик судьяси рад этилган бўлса, рад этилган ариза Қонунда кўрсатилган тартибда ҳал этилганлиги; ҳакамлик муҳокамаси қоидалари қонун ҳужжатлари асосида белгиланганлиги текширилиши зарур.

15.4. ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган асос бўйича ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб билдирилганда, судлар ҳакамлик суди низони Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги, яъни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган бошқа қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилганлигини текширишлари лозим. Агар низо ҳакамлик суди томонидан чет давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида асосан бекор қилинади. <

15.5. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида кўрсатилган асос бўйича фақат ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тарафнинг аризаси бўйича бекор қилиниши мумкин. Яъни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори фойдасига ҳал қилинган тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини исботловчи далиллар берилган тақдирда ҳам ҳал қилув қарори ушбу асос бўйича иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши мумкин эмас.

15.6. Ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо Қонунга мувофиқ ҳакамлик суди муҳокамаси предмети бўла олмаслиги иқтисодий суд томонидан аниқланган тақдирда, ушбу ҳолат ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги аризада баён этилган ёки этилмаганлигидан, шунингдек мазкур ҳолатни исботловчи далил тарафлар томонидан тақдим этилган ёки этилмаганлигидан қатъий назар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Маъмурий, оила ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар, хусусан, давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги; ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги; давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоят; агар қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги; назорат қилувчи органлар томонидан қонунчилик талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар; ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш; ер билан боғлиқ низолар; мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги низолар ва бошқа шу каби аризалар ҳакамлик суди муҳокамаси предмети бўла олмайди.

15.7. Қонун 13-моддасининг иккинчи қисмига кўра ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг сони, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ва тил, ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари, низони кўриб чиқиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Ҳакамлик суди томонидан низо кўриб чиқилишида ҳакамлик судьяларининг сони ёки ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари бузилган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, у ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан бекор қилинади.

Судларга тушунтирилсинки, агар ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамасининг тили тўғрисидаги қоида бузилган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, ушбу ҳал қилув қарори ҳам ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мос равишда бекор қилинади.

16. ИПК 227-моддасининг учинчи қисмига кўра, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Бунда судлар шуни назарда тутишлари керакки, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан бекор қилинган бўлса, ҳакамлик судига мурожаат қилиш учун асос бўлган ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилганлиги сабабли, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ИПКда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига (Қонун 47-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси) асосан ҳамда ушбу қарорнинг 3 ва 15.6-бандларида кўрсатилган асосларга кўра бекор қилинган бўлса ҳам, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ИПКда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли.

Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 3, 4, 5-бандларига асосан бекор қилинган ва ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқотилмаган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.

Шу муносабат билан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ИПК 226-моддаси биринчи қисмининг 3, 4 ва 5-бандларига асосан бекор қилинганидан кейин ҳакамлик муҳокамаси тарафлари мазкур низо бўйича иқтисодий судга мурожаат қилганда, даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади. Агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.

17. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори у бекор қилинган пайтда ижро этилган бўлса, иқтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисидаги ажримида ИПК 227-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлар ва кўрсатмалардан ташқари, Қонуннинг 54-моддасига асосан ҳакамлик судининг тўлиқ ёки қисман бекор қилинган ҳал қилув қарорига мувофиқ жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг ҳаммаси жавобгарга қайтариб берилиши ҳақидаги масала ҳал қилиниши ва ижро варақаси берилиши лозим. Агар бу масала иқтисодий суднинг ажримида ҳал этилмаган бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала ИПКнинг 344-моддасига мос ҳолда ҳал этилади.

18. Судларга тушунтирилсинки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори мазкур қарорда белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этилади. Агар қарорда ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак.

"Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш" деганда тегишли тараф томонидан ҳал қилув қарорининг тўлиқ матни олинганидан сўнг унда назарда тутилган ҳаракатларнинг оқилона муддатда, яъни ҳал қилув қарори зарарига қабул қилинган тараф томонидан нормал шароитларда қарорда кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган муддатда бажарилиши тушунилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугамасдан судга мурожаат этилганлиги ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори бекор қилинганлиги ёхуд унинг ижроси иқтисодий суд ёки фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўхтатиб турилганлиги ИПК 231-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан ижро варақасини беришни рад этиш учун асос бўлади.

19. ИПК 229-моддасининг олтинчи қисмига кўра ҳамда Қонун 49-моддаси ва 51-моддаси учинчи қисмининг мазмунидан кўринишича, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддатни ўтказиб юбориш сабаблари ваколатли суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.

Агар ариза белгиланган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган бўлиб, муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома берилмаган ёки суд томонидан белгиланган муддатнинг ўтказилиши сабаблари узрли деб топилмаган бўлса, ИПК 229-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ ушбу Кодекснинг 155-моддаси қоидаларига биноан қайтарилади.

20. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда берилганда, унинг шакли ва мазмунига қўйилган талабларга риоя этилмаганда ёки унга қонунда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаганда, у ИПКнинг 155-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан қайтарилади. Ишни кўриш вақтида аризанинг судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги аниқланса, иш ИПКнинг 39-моддасига асосан тегишли иқтисодий судга ўтказилади.

21. Иқтисодий судлар назарда тутишлари лозимки, агар ҳакамлик судида юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиал ёки ваколатхонага нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида низо кўриб чиқилган бўлиб, бундай ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги иқтисодий судга ариза берилганда, ИПКнинг 25-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда бундай аризани қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ тугатилади.

Судларга тушунтирилсинки, ИПКнинг 31-1-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда эса, бундай иш материаллари тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ўтказилади. Агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва иқтисодий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

22. Иқтисодий судлар ИПК 230 "Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби", 231 "Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этиш асослари", 232қтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш бўйича ажрими" - моддаларини амалиётда қўллашда мазкур қарорнинг 2-4, 7-11, 15 ва 16-бандларида берилган тушунтиришларга асосланиши лозим.

23. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриш жараёнида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги аниқланса ва ижро варақасини беришни рад этиш учун асослар мавжуд бўлмаса, ажрим ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижро этилмаган қисми бўйича чиқарилади. Бунда ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг қисман ижро этилганлигини тасдиқловчи далиллар судга манфаатдор шахс томонидан тақдим этилади.


24. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Келишув битимининг шартлари ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан ихтиёрий равишда ижро этилиши лозим.

Келишув битими шартларининг ихтиёрий ижро этилмаганлиги манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ваколатли суд томонидан ижро варақаси бериш учун асос бўлади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриш жараёнида келишув битимини тузишга йўл қўйилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ижро этиш босқичида тузилган келишув битими ижро ҳужжатини берган суд томонидан тасдиқланади.


25. Иқтисодий суднинг ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрими дарҳол ижро этилади. Шу боис, ажрим асосида иқтисодий суд ижро варақасини беради.

Ундирувчининг электрон манзили мавжуд бўлган тақдирда, судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклидаги ижро варақаси ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.

26. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилиши алоҳида тоифадаги иш ҳисобланмайди. Аммо, бундай ариза иқтисодий судга тақдим этилганда, суд уни иш юритишга қабул қилиши ва ишга алоҳида рақам бериши лозим.

Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш ҳақидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафи томонидан ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса қарздорнинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади ва ИПКнинг 93-100-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳакамлик суди томонидан даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ИПК 99-моддасининг бешинчи қисми ва Қонун 32-моддасининг олтинчи қисмига асосан суд мажлиси ўтказилмасдан бекор қилинади.


Олий хўжалик суди раиси                                         Д.Мирзакаримов



Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья                                      М. Израилбекова


























































Время: 0.0920
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск