Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 19.11.2010 й. 221-сон "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатишга оид ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.11.2010 й.

N 221


МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРМАЁТГАН ВА ҚОНУНЧИЛИКДА БЕЛГИЛАНГАН

МУДДАТЛАРДА ЎЗЛАРИНИНГ УСТАВ ФОНДЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРМАГАН КОРХОНАЛАРНИ ТУГАТИШГА

ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг эътибори молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июндаги "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-2331-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида"ги 327-сонли қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборатлигига қаратилсин.

2. Судлар инобатга олишлари лозимки, юридик шахсларни тугатиш асослари ФКнинг 53-моддасида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлиб, мазкур Пленум қарорида эса фақатгина молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатишга оид ҳуқуқий нормаларни қўллаш бўйича тушунтиришлар берилган.


3. ФК 53-моддасининг иккинчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги 327-сонли қарори билан тасдиқланган "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг (бундан буён матнда Низом деб юритилади) 1.3-бандига мувофиқ корхоналарни тугатиш учун корхона муассислари (иштирокчилари)нинг қарори (ихтиёрий тугатиш) ёки иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори асос ҳисобланади, ёхуд оилавий корхонада ягона иштирокчи қолган бўлса.

ФК 53-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра, Низомда қайд этилган қоидалар якка тартибдаги тадбиркорларга, шунингдек қонунда белгиланган муддат давомида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деҳқон ва фермер хўжаликларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаганлиги, ҳисоботлар топширилмаганлиги, дебиторлик-кредиторлик қарзлари, пул маблағлари, мол-мулки бор-йўқлиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятининг амалга оширилмаганлиги ёки қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзининг устав фондини шакллантирмаганлиги корхонани тугатиш учун зарурий шарт ҳисобланади.

4.1. Молия-хўжалик фаолияти деганда корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ҳамда бухгалтерия-молия, ҳисоб-китоб ва товарга илова ҳужжатларини юритиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш фаолияти тушунилади.


4.2. Қонунчиликда белгиланган муддат деганда корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантириш учун ФК 53-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган бир йиллик муддат тушунилади. Қонун ҳужжатларида бошқача муддат назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. Низом 3.1-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз устав фондини шакллантирмаган корхонани тугатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга рўйхатдан ўтказувчи орган мурожаат қилишга ҳақли.

6. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 январдаги 70-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тўғрисидаги низомнинг 9-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари юридик шахс ҳисобланмайди.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда махсус комиссия деб юритилади) ҳокимликнинг доимий иш олиб борувчи, жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи органи ҳисобланади ва у юридик шахс мақомига эга эмас. Шу муносабат билан, судга корхонани тугатиш тўғрисидаги ариза билан туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази ёки махсус комиссия мурожаат қилса, бундай аризани қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Агар корхонани тугатиш тўғрисидаги ариза билан Давлат хизматлари агентлигининг тегишли ҳудуддаги бошқармаси ёки унинг номидан туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази ишончнома асосида мурожаат қилса, ариза иш юритишга қабул қилинади.

7. Иқтисодий судлар эътибор беришлари лозимки, ИПК 151-моддасининг биринчи, иккинчи қисмларида (биринчи қисмининг 1-банди бундан мустасно) назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари, корхонани тугатиш тўғрисидаги аризага, агар у:

а) молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги муносабати билан берилган бўлса:

- белгиланган тартибда тасдиқланган таъсис ҳужжатлари нусхалари;

- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

- олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги тўғрисида банкнинг давлат солиқ хизмати органига тақдим этган ахбороти нусхаси;

- молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхонанинг мол-мулки бўлмаса ва (ёки) муассислари (иштирокчилари) бедарак бўлса - давлат солиқ хизмати органининг рўйхатдан ўтказувчи органга бундай корхонани тугатиш тўғрисида тақдимномаси, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган бошқа корхоналар бўйича эса - уларнинг фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати органининг махсус комиссияга юборган сўровномаси;

- махсус комиссиянинг корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосаси (қарори);

- рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассисларга (иштирокчиларга) корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида ёзма таклиф юборилганлигини тасдиқловчи далил;

- муассисларнинг (иштирокчиларнинг) корхонани ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этганлиги (мавжуд бўлганда) ёхуд муассисларни (иштирокчиларни) аниқлаш мумкин бўлмаганлигини тасдиқловчи далиллар;

б) устав фонди шакллантирилмаганлиги муносабати билан берилган бўлса:

- белгиланган тартибда тасдиқланган таъсис ҳужжатлари нусхалари;

- давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

- қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда ўз устав фондини шакллантирмаган корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органнинг сўровномаси;

- махсус комиссиянинг корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулосаси (қарори);

- рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассисларга (иштирокчиларга) корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида ёзма таклиф юборилганлигини тасдиқловчи далиллар;

- муассисларнинг (иштирокчиларнинг) корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида таклифни рад этганлиги (мавжуд бўлганда) ёхуд кўрсатилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим.

Корхона муассислари (иштирокчилари) бедарак бўлган тақдирда қайд этилган ҳужжатлардан ташқари аризага рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан корхонани тугатиш жараёни бошланганлиги тўғрисида матбуотда эълон берилганлигини тасдиқловчи далиллар, бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уй-жой мулкдорлари ширкати, турар жой ёки нотурар жой мулкдори вакиллари томонидан берилган шахснинг рўйхатга олинган манзилда ҳозир бўлмаслиги ҳақида маълумотнома ёки далолатнома ёхуд манзил маълумот бюроси томонидан шахснинг рўйхатдан чиқиб, бошқа ҳудудга кетганлиги ҳақида берилган маълумотнома ёхуд шахснинг вафот этганлиги ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.

Мазкур банд биринчи қисми а) кичик бандининг еттинчи, саккизинчи ҳамда б) кичик бандининг олтинчи, еттинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар, яъни рўйхатдан ўтказувчи органнинг муассисларга (иштирокчиларга) корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида ёзма таклиф юборганлигини тасдиқловчи далиллар ва муассисларнинг (иштирокчиларнинг) корхонани ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этганлиги (мавжуд бўлганда) ёхуд муассисларни (иштирокчиларни) аниқлаш мумкин бўлмаганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаса, ариза ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига мувофиқ қайтарилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза ИПК 107-моддасининг 5-бандига мувофиқ кўрмасдан қолдирилади.

Мазкур банд биринчи қисми а) кичик бандининг иккинчи - олтинчи ҳамда б) кичик бандининг иккинчи - бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаса, ариза ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ қайтарилади.

8. Низомнинг 3.1-бандига мувофиқ рўйхатдан ўтказувчи орган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз устав фондини шакллантирмаган корхона фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида солиқ органининг тақдимномасини ёки махсус комиссиянинг хулосасини олган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда муассисларга (иштирокчиларга) асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда корхонани ихтиёрий тугатишни таклиф этади.

Агар корхона икки ҳафта муддатда (акциядорлик жамияти - бир ой муддатда) ихтиёрий тугатишга киришмаган ёхуд корхона муассислари (иштирокчилар) ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этган, шунингдек кўрсатиб ўтилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган бир ҳафта муддатда иқтисодий судга корхонани тугатиш тўғрисидаги аризани белгиланган тартибда юборади.

Низомнинг 5.2-бандига кўра, агар муассислари (иштирокчилари) бедарак бўлган корхонани тугатиш жараёнининг бошланиши тўғрисида матбуотда эълон берилган кундан бошлаб уч ойдан сўнг муассислар (иштирокчилар) келмаса ёки топилмаса, рўйхатдан ўтказувчи орган бир ҳафта муддатда корхонани тугатиш тўғрисида иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилади.

Ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган тартибга риоя қилинмаганда, ариза ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига мувофиқ қайтарилади, агар ушбу ҳолат ишни кўриш жараёнида аниқланса, ариза ИПК 107-моддасининг 5-бандига мувофиқ кўрмасдан қолдирилади.

9. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги ишлар иқтисодий судлар томонидан ИПКда назарда тутилган қоидалар асосида, корхоналарни тугатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда кўрилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 4-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантирмаган корхоналарни тугатишга доир ишлар бўйича аризачи ва жавобгар иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Иқтисодий судлар шуни инобатга олишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июндаги "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугагатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-2331-сонли Фармонининг 5-бандига мувофиқ мазкур тоифадаги ишлар бўйича аридачи ва жавобгар суд чиқимлари, шу жумладан, почта харажатларини тўлашдан ҳам озод қилинган.

11. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, ишни кўриш жараёнида корхона фаолияти тикланганлиги ҳолатининг аниқланиши аризадаги талабни қаноатлантиришни рад қилиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда, агар аризачи корхона фаолиятини давом эттиришига эътирози йўқлигини билдириб, ИПКнинг 157-моддасига мувофиқ аризадаги талабдан воз кечиш ҳақида иқтисодий судга ариза тақдим қилса, воз кечиш қабул қилиниши ва иш юритиш ИПК 110-моддасининг 6-бандига мувофиқ тугатилиши мумкин.

12. Корхона олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги сабабли уни тугатиш ҳақидаги ариза ушбу муддат ўтгунга қадар берилган бўлса, ундаги талабни қаноатлантириш рад этилади. Агар кўрсатилган муддат ўтгач ариза янгидан берилса, бундай ҳолда аризанинг асоси ўзгарган ҳисобланиб, у мазмунан кўрилиши лозим ва иш юритиш ИПК 110-моддасининг 2-бандига асосан тугатилиши мумкин эмас.

13. Эътиборга олиш лозимки, иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар муассислар (иштирокчилар) томонидан корхонани ихтиёрий тугатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, корхона ягона давлат реестридан чиқарилмаган бўлса, аризадаги талаб рад қилиниши, агар ягона давлат реестридан чиқарилган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 4-бандига асосан тугатилиши керак.

14. Низомнинг 3.2-бандига мувофиқ корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган иқтисодий суд бу ҳақда корхонани давлат рўйхатидан ўтказган органга, махсус комиссияга, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат ваколатли органига (агар корхона акциядорлик жамияти бўлса) ёзма равишда хабар бериши шарт.

Иқтисодий судлар шуни назарда тутишлари керакки, ушбу органларга ҳал қилув қарори нусхаларининг топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилганлиги ёки тилхат олиб топширилганлиги, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилганлиги уларнинг ёзма равишда хабардор қилинганлигини билдиради.

15. Низом 3.1-бандининг учинчи хатбошисига мувофиқ иқтисодий суд томонидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, тугатиш жараёни унинг топшириғига кўра, махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

Судларга тушунтирилсинки, иқтисодий суднинг корхонани тугатиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори, қарорининг ижроси юзасидан ижро варақаси берилмайди.

16. ФК 55-моддасининг ўн биринчи қисмига, Низом 3.12-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ корхонанинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг корхонани тугатиш тамомланган, фаолияти эса тугаган ҳисобланади.


17. Агар иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан тугатилган корхона ягона давлат реестридан чиқарилган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган шикоят (протест)ни қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ рад этилади, агар шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 4-бандига мувофиқ тугатилади.

18. Агар корхона тугатилган ва ягона давлат реестридан чиқарилган бўлса, ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисоблаган шахслар (шу жумладан, кредиторлар), рўйхатдан ўтказувчи органнинг корхонани ягона давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи органга шикоят бериши ёки мазкур қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида тегишли судга даъво аризаси бериши мумкин.


19. Иқтисодий судларнинг эътибори молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав фондларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги ишларни кўришда тижорат банклари, давлат солиқ хизмати органлари, рўйхатдан ўтказувчи органлар, махсус комиссиялар томонидан тугатиладиган корхоналарни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби ҳамда муддатларига риоя этилганлигини текшириш, қонун ҳужжатларининг талаблари бузилган ҳар бир ҳолат бўйича айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини қўйиш, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни пухта ўрганиш, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимлигига қаратилсин.

Олий хўжалик суди раиси

Д. Мирзакаримов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

           

С. Нуманова

             



























Время: 0.0026
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск