язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 25.07.2003 й. 111-сон "Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.07.2003 й.

N 111


ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШДА

ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судларнинг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 47-моддасига асосланиб, қуйидаги тушунтиришларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 328-моддасининг биринчи қисмига биноан суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза фақат ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари (ИПК 46-моддаси), шунингдек суд жаримаси солинган шахслар (ИПК 58, 69 ва 98-моддалари) ҳам шундай ҳуқуққа эгадирлар.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда янги очилган ҳолатлар бўйича ариза беришга ҳақли эмас, бундай ҳолатда улар фақат шу суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва назорат тартибида шикоят беришлари мумкин. Бундай шахслар янги очилган ҳолатлар бўйича ариза билан мурожаат этганида аризани қабул қилиш ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза бўйича иш юритиш ИПК 296-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мос ҳолда тугатилади.

Иқтисодий судлар ўзлари қабул қилган суд ҳужжатларини ўз ташаббуслари билан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин эмас.

2. ИПКнинг 325-моддасида кўрсатилганидек, суднинг ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича фақат у қонуний кучга кирганидан кейингина қайта кўрилиши мумкин. Бу қоида дарҳол ижро этиладиган суд ҳужжатларига ҳам тааллуқлидир.

Қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат этилганда, аризани қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг шундай ариза билан қайтадан мурожаат этиш, аризани умумий тартибда кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

3. Янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўриш масаласини ҳал этишда иқтисодий судларининг биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари ИПКнинг 327-моддасида кўрсатилган бундай қайта кўриш асосларининг рўйхатининг қатъий эканлигидан келиб чиқишлари лозим.

4. Янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.

Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди, чунки бу ИПК 327-моддасининг 1-банди мазмунига зид бўлади.

Янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлмасдан, ишни кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳолатда ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш мумкин эмас. Бундай ҳолларда иқтисодий суд кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд эмаслигига асосланиб, ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни рад этиши лозим.

Суд ҳужжати қабул қилингандан кейин вужудга келган янги ҳолатлар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки янги даъво билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.


5. Иқтисодий судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда иқтисодий суд хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши лозим. Бу ҳолат иқтисодий суд томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозим.

Суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкин. Агар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа, янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад этилиши лозим, чунки ИПКнинг 68-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак (тортишув принципи).

6. ИПК 327-моддасининг 2 ва 3-бандларига биноан ишда иштирок этувчи шахснинг ёхуд унинг вакилининг ёки судьянинг жиноий ҳаракатлари, шунингдек гувоҳнинг била туриб ёлғон гувоҳлик берганлиги, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги ва таржимоннинг била туриб нотўғри таржима қилганлиги, улар иштирокида кўрилган бошқа ишларда эмас, балки айнан ушбу ишни кўришда содир этилган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриш учун асос бўлиши мумкин. Ушбу бандларда кўрсатилган ҳолатлар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланган бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасида белгиланган асослар бўйича шахснинг жиноят содир этилишида айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган тақдирда, иқтисодий суднинг ҳужжати ИПК 327-моддасининг 1-бандида назарда тутилган асос бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

7. Бошқа иш бўйича иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ёхуд бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганлиги иқтисодий суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши мумкин (ИПК 327-моддасининг 4-банди), башарти, агар бекор қилинган ҳужжат иқтисодий суднинг қайта кўриб чиқилаётган ҳужжатига ҳақиқатан ҳам асос қилиб олинган бўлса.

8. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган иқтисодий судга, агар суд ҳужжати апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳамда янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ариза иқтисодий суднинг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанциясига берилади. Ушбу тартиб бузилган ҳолда берилган ариза ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қайтарилади. Агар кўрсатилган ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан сўнг аниқланса, ариза бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

ИПК 328-моддасининг биринчи-учинчи қисмлари, шунингдек 329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш ҳақида аризани қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Илтимоснома қаноатлантирилган ва ўтказиб юборилган муддатни тикланганда бу ҳақида қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

ИПК 328-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмайди. Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган аризани қабул қилиш ИПК 314-моддасининг 2-бандига асосан рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда ариза бўйича иш юритиш тугатилади.

10. Судларга тушунтирилсинки, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда шуни назарда тутиш керакки, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.


11. Судлар шуни алоҳида эътиборга олиши лозимки, ИПК 326-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича шу ҳужжатни қабул қилган иқтисодий суд томонидан қайта кўрилади.

Биринчи инстанция судининг суд ҳужжатини, агар у апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида ўзгартирилмаган ёки янги қарор қабул қилинмаган бўлса, фақат шу суд инстанцияси қайта кўриб чиқишга ҳақли. Башарти биринчи инстанция судининг суд ҳужжатлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ва назорат инстанцияларининг қарорлари, ажримлари ИПК 326-моддасининг иккинчи қисмига биноан суд ҳужжатини ўзгартирган ёки бекор қилган инстанция томонидан қайта кўриб чиқилади.

12.

Суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўрилаётганда суд таркиби тўғрисидаги масалани ҳал қилиш зарурияти туғилса, судлар ИПК 19-моддаси қоидаларидан келиб чиқишлари лозим.

13. ИПКнинг 332-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иқтисодий суд ариза тушган кундан бошлаб бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқади. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ИПКнинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.

Судларнинг эътибори суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат этган шахс аризасидан воз кечиши мумкинлигига қаратилсин.

Аризадан воз кечиш қабул қилинган тақдирда суд ИПК 110-моддасининг 6-бандига мос ҳолда ариза бўйича иш юритишни тугатади.

14. ИПКнинг 333-моддасига биноан иқтисодий суд суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриб чиқиб, уни қаноатлантиради ва суд ҳужжатини бекор қилади ёки аризани қаноатлантиришни рад этади ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан умумий тартибда шикоят (протест) берилиши мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан чиқарилган ажрим устидан назорат шикояти берилиши мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича назорат инстанцияси суди томонидан чиқарилган ажрим устидан назорат тартибидаги шикоят (протест) умумий тартибда берилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг ажримлари бундан мустасно.

15. Шуни назарда тутиш лозимки, ИПК 333-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни ИПКда белгиланган умумий тартибда кўради. Бундай ҳолатда ишни кўришда ИПКнинг тегишлича биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари судида иш юритишни тартибга соладиган қоидалари қўлланилади.

Янги очилган ҳолат бўйича суд ҳужжати бекор қилинган тақдирда, иқтисодий суд, имконият мавжуд бўлганда ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқларини қатъий таъминлаган, яъни уларни суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилган ҳолда, дастлабки суд қарорини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқарилгандан сўнг бевосита шу суд мажлисида ишни мазмунан кўриб чиқишга ҳақлидир.

16. Иш кассация ёки назорат инстанциялари юритувида бўлган вақтда янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза келиб тушса, бу инстанциялар аризаларни кўриб чиқишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш натижалари олингунга қадар тўхтатиб турадилар ва ишни суд ҳужжатини қайта кўриш ҳақида ариза тушган иқтисодий судга юборадилар.

17. Амалдаги қонунчиликка биноан суд хужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ариза, шунингдек аризани қайтариш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган шикоятларга давлат божи тўланмайди, почта харажатлари ҳамда суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно.