язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 20.02.2004 й. 112-сон "Ўзбекистон Республикаси "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунини (2003 йил таҳририда) амалга киритиш билан боғлиқ айрим масалалар тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2004 й.

N 112



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

"БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУНИНИ

(2003 ЙИЛ ТАҲРИРИДА) АМАЛГА КИРИТИШ

БИЛАН БОҒЛИҚ АЙРИМ МАСАЛАЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни (бундан буён - Қонун) янги таҳрирда қабул қилиниши  муносабати билан ҳамда хўжалик судлари томонидан унинг қоидалари тўғри ва бир хилда қўлланилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қуйидаги тушунтиришларни  беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 24 апрелдаги Қарорининг 1-бандига мувофиқ банкротлик тўғрисидаги Қонун эълон қилинган кун - 2003 йил 10 июндан бошлаб кучга кирган (ушбу қонуннинг 18-моддаси 1-қисмининг қоидалари 2004 йил 1 январдан, ушбу модданинг 4-қисми қоидалари эса 2005 йил 1 январдан амалга киритилади).


2. Қонуннинг 1 ва 2-моддаларига мувофиқ ушбу Қонун барча юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилади, бюджет ташкилотлари бундан мустасно.


3. Хўжалик судлари "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 1998 йил таҳрири бўйича қўзғатилган ва ташқи бошқарув жорий этилган ишларни 2003 йил таҳриридаги Қонун асосида кўриб чиқишни давом эттириш лозимлигини назарда тутишлари керак. Агарда мазкур ишлар юзасидан тугатиш жараёни амалга оширилаётган бўлса, у ҳолда иш юритишни 1998 йил таҳриридаги банкротлик тўғрисидаги Қонун бўйича, кредиторлар талабларини қаноатлантириш тартиби ҳақидаги қоидаларни инобатга олган ҳолда давом эттириш лозим.


4. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ 2004 йил 1 январдан бошлаб, хўжалик судлари, олий маълумотга ва камида икки йил иш тажрибасига эга бўлмаган ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органида аттестациядан ўтмаган шахсларни суд бошқарувчиси сифатида тайинлай олмайдилар. Қонуннинг 18-моддаси 2-қисми талабларига мос келмайдиган шахслар суд бошқарувчиси бўла олмайдилар.


5. Суд бошқарувчисини тайинлашда хўжалик суди банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш қўзғатилган санада қарздор корхонанинг мансабдор шахси бўлиб ишлаган шахс номзодини суд бошқарувчиси этиб тайинлашни рад этиши лозим. Қарздор корхонанинг бундай мансабдор шахси сифатида қарздорнинг раҳбари, кузатувчи кенгаш ёки ижро ҳайъати таркибига кирувчи шахс, бош бухгалтер (бухгалтер), шу жумладан, кўрсатилган шахслар банкротлик тўғрисидаги иш қўзгатилгунга қадар бир йиллик муддат ичида эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган ҳолатлар тушунилиши лозим.


6. Қонуннинг 52 ва 53-моддалари талабларига мувофиқ шуни назарда тутиш керакки, ушбу Қонунга кўра матбуотда эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар даврийлиги Қонунда ўрнатилган муддатларга риоя этилишини таъминлайдиган республика ёки вилоят расмий нашрларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида расмий нашр белгилаб берилганидан сўнг эса ушбу нашрда эълон қилинади.


7. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани қабул қилишда, судья, қарздор корхонанинг энг кам ойлик иш ҳақини беш юз бараваридан кам бўлмаган миқдорда, якка тартибдаги тадбиркорнинг эса энг кам ойлик иш ҳақини ўттиз бараваридан кам бўлмаган миқдорда қарзи мавжудлигини ва бу мажбуриятлар келиб чиққан кунидан бошлаб уч ой мобайнида бажарилмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигини текшириши шарт. Мазкур ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, ариза Хўжалик процессуал кодексининг 118-моддаси бўйича қайтарилиши лозим.

Суд мажлисига тайёргарлик тартибида судья кузатув тамойилини жорий этиш (Қонуннинг 48, 62-моддалари) масаласини ҳал этиши лозим. Кузатув тамойили жорий этилганлиги аризаси иш юртишга қабул қилиш ва банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда кўрсатилиши лозим. Кузатувни вақтинча бошқарувчи тайинламасдан жорий этишга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда суд ажримда аризани ва (ёки) банкротлик ишлари бўйича давлат органига вақтинча бошқарувчи номзодини тақдим этишни топширади. Суд аризачи ва (ёки) банкротлик ишлари бўйича давлат органи томонидан таклиф қилинган номзодлар ичидан вақтинча бошқарувчини тайинлайди, у эса банкротлик тўғрисидаги қонуннинг 71-моддасида кўрсатилган муддатларда кредиторларнинг биринчи йиғилиши ўтказилишини таъминлайди.


8. Эътиборда тутиш лозимки, Қонуннинг 48-моддасига мувофиқ, банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш хўжалик суди судьяси томонидан Хўжалик процессуал Кодексида назарда тутилган тартибда, Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Жумладан, банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлашда судья қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

- ишда иштирок этаётган шахснинг аризасига биноан кредиторлар талабларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўради (Қонуннинг 46-моддаси);

- қарздорнинг эътирозлари (муваққат бошқарувчининг илтимосномаси) мавжудлигида аризачининг қарздорга нисбатан талаблари асослилигини текшириш бўйича суд мажлиси ўтказади (Қонуннинг 70-моддаси);

- экспертиза тайинлаш масаласини ҳал этади (Қонуннинг 48-моддаси);

- банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахсларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқади (Қонуннинг 59- моддаси).

Бунда, суд мажлисини Хўжалик процессуал кодекси ва ушбу Қонунда ўрнатилган тартибда ўтказиш лозимлиги, бироқ, белгиланган тартибда хабардор этилган ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги ҳақида келиб тушган ариза ва шикоятларнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмаслигини назарда тутиш даркор.


9. Назарда тутиш лозимки, кредиторларнинг биринчи йиғилишини ўтказиш учун кредиторлар талаблари реестрига киритиладиган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловларнинг миқдори қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани суд томонидан қабул қилиш санасига белгиланади. Бунда, кредиторлар талаблари реестрига банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилган кунга ижро муддати келган талаблар киритилади.

Қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза суд томонидан қабул қилинганидан то иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар талаб қилинган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар миқдори тегишли мажбуриятни бажариш муддати келганидан сўнг қўлланадиган банкротликнинг ҳар бир жараёни (суд санацияси ёки ташқи бошқарув) санасига белгиланади.

Қарздор банкрот деб топилиб, тугатишга доир иш юритиш очилганидан сўнг қўйилган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича талаблар миқдори барча ҳолатларда, пул мажбуриятини бажариш муддати ва мажбурий тўловларни тўлаш бўйича мажбурият юзага келганидан қатъи назар, тугатишга доир иш юритиш очилган санага белгиланади.

Эътиборга олиш лозимки, қарздорнинг кредиторлар олдида чет эл валютаси билан ҳисобланган қарзи мавжуд бўлса, кредиторларнинг биринчи йиғилишини ўтказиш учун кредиторлар талаблари реестрига киритилган кредиторлар талабларининг миқдори, қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза суд томонидан қабул қилинган санадаги расмий курс билан белгиланади, кейинги жараёнларда эса - банкротликнинг қайси жараёнида талаб қўйилган бўлса, ўша жараён қўлланилган санадаги расмий курс билан белгиланади.


10. Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритишни тўхтатишга ХПКнинг 82, 83-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади.

Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, ушбу иш бўйича хўжалик суди Қонуннинг 50-моддасида назарда тутилган суд ҳужжатларини чиқаришга ҳақли эмаслигини билдиради.

Шу билан бир вақтда, хўжалик суди томонидан қўлланилган банкротлик жараёни бўйича ҳаракатлар иш бўйича иш юритиш тўхтатилганда ҳам давом эттирилади. Ушбу давр мобайнида суд бошқарувчиси вазифасини бажараётганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.


11. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича хўжалик судининг суд ҳужжатлари ХПКда ўрнатилган тартибда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Хўжалик судининг банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қабул қилган ва шикоят келтириш ХПКда назарда тутилмаган ажримлари юзасидан, банкротлик тўғрисидаги Қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина шикоят келтириш мумкин.

Бунда шуни назарда тутиш керакки, банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қабул қилинган ва шикоят келтириш Қонунда назарда тутилган ҳамда ишнинг келгуси ҳаракатига тўсқинлик қилаётган ажримлар (Қонуннинг 78, 91 ва бошқа моддалари) устидан ХПКда назарда тутилган тартибда шикоят келтириш мумкин.

Хўжалик судининг банкротлик тўғрисидаги иш доирасида қабул қилинган, бироқ, ХПКда назарда тутилмаган бошқа ажримлари устидан, Қонуннинг 60-моддасида назарда тутилган тартибда апелляция инстанциясига шикоят келтирилиши мумкин.

Хусусан, Қонуннинг 59-моддасига кўра хўжалик судининг банкротлик тўғрисидаги иш юзасидан келишмовчиликларни кўриб чиқиш борасида чиқарилган ажримлари устидан, мазкур Қонунда ўрнатилган тартиб ва муддатларда шикоят келтирилиши мумкин. Кўрсатилган ажримлар юзасидан шикоятлар ўн кунлик муддат ичида тақдим этилади. Шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция инстанцияси суди ўн кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади. Ушбу ажримларни кассация ва назорат тартибида қайта кўриб чиқиш мазкур Қонунда назарда тутилмаган (Қонуннинг 60-моддаси).

Кредиторлар йиғилиши қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш (Қонуннинг 13-моддаси 5-қисми), тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш ҳақидаги масалалар (Қонуннинг 124-моддаси 4-қисми) бўйича чиқарилган ажримлар бўйича ҳам худди шундай тартибда шикоят келтирилади.


12. Суд бошқарувчисининг қарздор томонидан амалга оширилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда уни ҳақиқий эмаслиги оқибатлари қўлланиши ҳақидаги талаблари хўжалик суди томонидан ХПКда ўрнатилган умумий тартибда, банкротлик тўғрисидаги жараён доирасидан ташқари кўриб чиқилади.


13. Назарда тутиш лозимки, Қонуннинг 59-моддасига мувофиқ, қарздор корхона ходимлари вакили ва суд бошқарувчиси ўртасида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича талабларнинг миқдори ва таркиби ҳақида, меҳнат шартномалари бўйича ишловчи шахсларга ишдан бўшатилганда бериладиган ёрдам пулини тўлаш ҳақида келиб чиқадиган келишмовчиликлар хўжалик суди томонидан кўрилади.

Ходимларнинг, шу жумладан, ишдан бўшатилган ходимларнинг ўзларининг юқорида кўрсатилган талабларини хўжалик судида кўришга қабул қилиниши имконияти ушбу Қонунда назарда тутилмаган.

Банкротликнинг тегишли жараёни ўтказилишида қарздор корхона ходимларининг вакили бўлмаган ҳолатда, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ талабнинг миқдори ва таркиби тўғрисидаги суд бошқарувчиси ва ходим ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, ходимнинг даъвоси бўйича умумий судларда фуқаролик судлов ишларини юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Ходимнинг даъвоси умумий суд томонидан қаноатлантирилганда, белгиланган талаб суд бошқарувчиси томонидан кредиторлар талаблари реестрига киритилади.


14. Қонуннинг 93-моддаси мазмунидан келиб чиқадики, кредиторлар талабларини қондиришга нисбатан мораторий ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар бажарилиш муддати келган пул мажбуриятларига ва (ёки) мажбурий тўловларга татбиқ этилади.

Бажарилиш муддати ташқи бошқарув жорий этилганидан кейин бошланган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича талабларга мораторий татбиқ этилмайди. Бундай талаблар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 784-моддасида ўрнатилган навбатга риоя этилган ҳолда, ташқи бошқарув даврида умумий тартибда қаноатлантирилади (Қонуннинг 93-моддаси 5-қисми).


15. Агар кузатиш жараёнида қарздор раҳбарининг ваколатлари суднинг ажримига биноан тугатилган ва муваққат бошқарувчи зиммасига юклатилган бўлса, қарздор томонидан келишув битими, амалда қарздорнинг раҳбари бўлган муваққат бошқарувчи томонидан имзоланади.


16. Қонунга мувофиқ тузилган келишув битими, фақатгина ушбу келишув битими ҳақида қарор қабул қилган кредиторлар йиғилиши ўтказилган санага қадар кредиторлар талаблари реестрига киритилган талабларга нисбатан татбиқ этилади.

Реестрга талаблари киритилмаган, шунингдек жорий тўловлар ва пуллик бўлмаган мажбуриятлар бўйича кредиторлар, келишув битими тасдиқланганидан ва банкротлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш тугалланганидан сўнг келишув битими шартларини ҳисобга олмаган ҳолда, умумий тартибда ўз талабларини тақдим этишга ҳақлидирлар.


17. Эътиборга олиш лозимки, хўжалик суди иш бўйича келишув битимларини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқаради ва унда иш юритиш тугатилиши кўрсатилади. Тугатишга доир иш жараёнида келишув битими тузилганида, суд, келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш жараёнини очиш тўғрисидаги қарор бажарилмаслигини кўрсатади.


18. Шуни назарда тутиш керакки, қарздорга қарзни тўлаш муддатини узайтириш, бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ва (ёки) кредиторларга тегишли қарзни камайтириш йўллари билан молиявий кўмак кўрсатилиши келишув битими предмети сифатида қабул қилиниши лозим ва қарздорнинг молиявий аҳволини бошқа бир банкротлик жараёнида тиклаш бўйича чора сифатида кўрилиши мумкин эмас.


19. Қонуннинг 124-моддасига мувофиқ, тугатишга доир иш жараёни муддати бир йилдан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, судлар, банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш жараёнини очиш ҳақидаги қарорда, тугатишга доир иш жараёни ўтказилиши натижалари ҳақида тугатиш бошқарувчиси томонидан ҳисобот тақдим этишнинг аниқ муддатини белгилашлари лозим. Фақат алоҳида ҳоллардагина, тугатишга доир иш юритишни якунлаш мақсадида, ишда иштирок этувчи шахсларнинг асослантирилган илтимосномалари ёки суднинг ташаббусига кўра, суд мажлисида тугатиш муддатини узайтириш масаласини кўриш мумкин.


20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан корхоналарни шаҳарни ташкил этувчи ҳамда унга тенглаштирилган корхоналарга ажратиш тартиби белгилангунга қадар, хўжалик судлари қарздорни банкрот деб эътироф этиш ҳақида аризаларни кўришда "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 9-боби 1-параграфига мувофиқ, қуйидаги ҳужжатлардан бирининг мавжудлигини текширишлари лозим:

- Давлат статистика қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи томонидан, корхона ходимларининг йиллик ўртача миқдори камида уч минг кишини ташкил этишини тасдиқловчи маълумотнома;

- Давлат статистика қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи томонидан, корхона ходимларининг сони уларнинг оила аъзоларини ҳисобга олган ҳолда тегишли аҳоли пунктида яшовчиларнинг камида ярмини ташкил этишини тасдиқловчи маълумотнома;

- Мудофаа вазирлигининг корхона ҳақиқатдан ҳам давлатнинг мудофаа қудрати ва хавфсизлигини таъминлаши тўғрисидаги хулосаси;

- Ўзбекистон Республикаси монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органининг юридик шахсни асосий фаолият тури бўйича товар бозорида табиий монополиялар субъектлари давлат реестрида турганлиги ҳақидаги хулосаси.


21. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарздорни банкротликнинг соддалаштирилган таомили бўйича банкрот деб эътироф этиш (тугатилаётган ёки ҳозир бўлмаган қарздор) ҳақидаги аризани қабул қилишда, ушбу қарздорнинг қарзлари миқдори аҳамиятга эга эмас.

Банкротлик тўғрисидаги қонуннинг 185-моддасига кўра, қарздор - юридик шахс тугатилиш жараёнида эканлиги ҳақидаги далиллар (уни тугатиш ҳақидаги суднинг қарори, таъсисчилар (иштирокчилар), акционерлар, пайчилар кабилар йиғилиши қарори) тақдим этилиши лозим.

"Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 188-моддасидан келиб чиқиб, судга қарздорнинг (якка тартибдаги тадбиркор, юридик шахс раҳбари) ҳозир бўлмаганлигини, шунингдек, уларнинг турган жойини (яшаш жойини) аниқлашнинг имкони бўлмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Бундай ҳужжат сифатида манзил маълумот бюролари томонидан берилган, шахснинг рўйхатдан чиқиб, бошқа ҳудудга кўчиб кетганлиги ҳақидаги маълумотнома, маҳалла йиғини вакиллари иштирокида тузилган, шахснинг рўйхатга олинган манзилда яшамаслиги ҳақидаги далолатнома бўлиши мумкин. Шахснинг ўлганлиги ёки жазони ўташ жойларида эканлиги ҳолати ҳам тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши, унинг ҳозир бўлмаганлиги деб ҳисобланади. Шунингдек, қарздорнинг ҳозир бўлмаганлиги сифатида нафақат унинг раҳбари йўқлиги, балки хўжалик юритувчи субъектнинг мол-мулки йўқлигини ҳам тушунмоқ лозим. Бу ҳолат ҳам қарздорни юридик шахс сифатида манзили деб белгиланган уй ёки маҳалла йиғини, бино (хона) мулкдори вакили ва суд бошқарувчиси иштирокида тузилган далолатнома билан тасдиқланиши лозим.


22. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1999 йил 16 июлдаги "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси "Банкротлик тўғрисида"ги (янги таҳрирда) Қонунини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 78-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси                         М.Абдусаломов



Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси                      Т. Юсупов