язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 24.02.2001 й. 91-сон "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда ЎзР хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.02.2001 й.

N 91



АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ СУДИДА ИШЛАРНИ

КЎРИШДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ ҲАҚИДА


Хўжалик ишлари бўйича  апелляция тартибида иш кўриш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш шуни кўрсатдики, судлар апелляция шикоятларини кўришда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текширадилар, улар томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатадилар, одил судловни тўғри амалга оширишга ҳамда хўжалик ҳуқуқий муносабатларида қонунчиликни мустаҳкамлашга ёрдам берадилар.

Шу билан бирга апелляция инстанцияси судларининг фаолиятида жиддий камчиликлар ҳам мавжуддир. Айрим ҳолларда биринчи инстанция судининг хулосалари иш ҳолатлари ва қонунга мувофиқлиги, процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя қилинганлиги текширилмайди. Баъзан ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилаётган қарорларда фақатгина биринчи инстанция суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари баён қилинади, апелляция инстанциясида далилларни рад этишга асос бўлган ҳолатларни кўрсатилмайди ва ишда иштирок этувчи шахслар томонидан кўрсатилган қонунчилик ҳужжатлари қўлланилмайди. Баъзи бир ҳолларда апелляция инстанцияси ваколатларини белгиловчи  нормаларни қўллашда хатоликларга йўл қўйилмоҳда.

Апелляция инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини (бундан кейин ХПК) бир хилда қўллаш маҳсадида, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 47-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми қуйидаги тушунтиришларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. ХПКнинг 156-моддасига мувофиҳ, ишда иштирок этувчи шахслар хўжалик судига апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эгадирлар. ХПКнинг 170-моддаси 2-ҳисми 4-бандида назарда тутилганидек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам шундай ҳуқуққа эгадирлар, башарти, хўжалик суди уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса. Бундай ҳолларда кўрсатилган шахслар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқларидан фойдаланадилар, шу жумладан, улар апелляция инстанциясида иш кўрилаётганда иштирок этиш, илтимосномалар бериш, иш ҳужжатлари билан танишиш, далиллар тақдим қилишга ҳақлидирлар.

Шунингдек кўрсатилган ҳуқуқдан юридик шахс бўлмаган ташкилот ҳам фойдаланади, башарти у биринчи инстанция судида даъвогар (жавобгар) сифатида қатнашган бўлса.


2. Хўжалик судлари шуни эътиборга олишлари лозимки, апелляция шикояти нафақат биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган хал қилув қарорининг хамма қисмига балки хал қилув қарорининг бир қисмига ҳам берилиши мумкин.

Шикоят қилишнинг мустақил предмети бўлиб хал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам бўлиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар ХПКнинг 149-моддасига мувофиқ чиқарилган қўшимча хал қилув қарорига хам апелляция шикояти беришга хақлидирлар.


3. Апелляция шикояти ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилганда, хусусан ишда иштирок этмаган, биринчи инстанция суди унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилмаган шахс томонидан ёки апелляция тартибида шикоят қилишга тегишли бўлмаган ҳал қилув қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори), ёхуд ХПКда назарда тутилган шикоят қилиниши мумкин бўлмаган ажрим устидан берилганда, судья ХПКнинг  117-моддаси 1-қисми 1-бандини қўллаб, апелляция шикоятини қабул қилишни рад этади.

ХПКнинг 149-моддасида белгиланган асослар бўйича  биринчи инстанция суди томонидан қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш ёки ХПКнинг 150-моддасига кўра ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб  китобдаги арифметик хатоларни тузатиш йўли билан ҳал қилув қароридаги камчиликлар бартараф қилинган ҳолларда ҳам  апелляция шикоятини қабул қилиш рад қилиниши мумкин.

Башарти, кўрсатилган ҳолатлар шикоят иш юритишга қабул қилингандан сўнг аниқланса, бундай холда ХПКнинг 86-моддаси 1-бандини қўллаб апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилади. Апелляция инстанциясида иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим устидан ХПКнинг 87-моддаси 4-қисмига мувофиҳ кассация тартибида шикоят килиниши мумкин.


4. ХПКнинг 162-моддаси 1-қисмига мувофиҳ, судьянинг якка ўзи  мазкур моддада назарда тутилган асосларга кўра  апелляция шикоятини қайтаради.

ХПКнинг 162-моддаси 2 қисмига кўра апелляция шикоятини қайтариш ҳақида ажрим чиқарилади. Судья апелляция шикоятини  устхат ёзиб ёки қонунда кўзда тутилмаган бошқа усуллар билан  қайтаришга ҳақли эмасдир.

ХПКнинг 162-моддаси 1-қисмининг 1, 2, 3-бандларига кўра  шикоятни қайтариш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, у яна умумий тартибда берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини қайтариш ҳақидаги ажрим чиқарилгандан кейин ХПКнинг 153- моддасига мувофиқ  ишда иштирок этувчи шахсларга беш кунлик муддатда маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ўша муддатда тилхат олиб топширилади.

ХПКнинг  162-моддаси 1-қисмининг 2, 3-бандларида  кўзда тутилган апелляция шикоятини қайтариш ҳақидаги асослар апелляция инстанцияси суди томонидан апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилингандан сўнг аниқланган ҳолларда, иш апелляция инстанциясида мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Бундай ҳолда хўжалик суди шикоят берган шахсдан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга нусха юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади, давлат божи суммаси эса  ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилишда тегишли тарафдан ундирилади.


5. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, биринчи инстанция судида иштирок этган вакил, шу жумладан адвокат, суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини, агарда ХПКнинг 52-моддасида кўрсатилган тартибда вакил қилинган шахсга берилган ишончномада бундай процессуал ҳаракатни амалга ошириш кўрсатилган бўлса имзолашга ҳақли. Агарда апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан сўнг, шикоятга имзо қўйган шахсни имзо қўйиш ҳуқуқи борлигига шубҳа туғилса, аризачига тегишли далилларни тақдим этиш таклиф этилади. Тегишли далиллар тақдим этилмаганида ХПКни 88-моддаси 3-бандини қўллаб, шикоят кўрмасдан қолдирилади.


6. ХПКнинг 158-моддасига мувофиқ, апелляция шикояти хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилгандан кейин бир ой ичида берилади. Шикоят қилиш муддатининг ўтиши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва эълон қилинган вақтдан кейинги кундан бошланади. Апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолда суд шикоят берган шахснинг илтимосига кўра муддатни тиклаши мумкин.

Апелляция шикоятини бериш муддати ўтказилганлиги туфайли қайтарилган бўлса, у ўтказиб юборилган муддатни тиклашни сўраб илтимоснома билан бирга такроран берилиши мумкин.

Шикоят бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларнинг иштирокисиз судьянинг якка ўзи томонидан кўриб чиқилади.

Ўтказиб юборилган апелляция шикоятини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги бу ажримда шикоятни иш юритишга қабул қилиш билан бир вақтда башарти апелляция инстанциясида иш кўрилгунга қадар ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ҳақидаги тегишли илтимоснома бўлса унинг натижалари ҳам кўрсатилиши мумкин.


7. ХПКнинг 164-моддасига мувофиқ апелляция инстанциясида ишни кўриш ХПКнинг 21 бобида назарда туғилган асосларда биринчи инстанция хўжалик судида ишни кўриш қоидалари бўйича кўрилади. Бунда фақатгина биринчи инстанция суди учун белгиланган қоидалар қўлланилмайди.

Хусусан, апелляция инстанциясида даъвогар ХПКнинг 40-моддасида кўзда тутилган даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ўз ҳуқуқларини амалга ошираолмайди. Жавобгар апелляция инстанциясида қарши даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас. (ХПК 120-м)

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанцияда ишни кўришда  тақдим қилинмаган янги талабларни қабул қилишга ёки кўришга, (ХПКнинг 166-м., 3-қисми), шунингдек  ишга иштирок этишга бошқа жавобгарни жалб қилиш (ХПКнинг 37-м. 2 қ), ёки шахсни иккинчи жавобгар сифатида жалб қилиш (ХПКнинг 38-м. 3 қ.) ишга даҳлдор бўлмаган тарафни алмаштиришга ҳақли эмас (ХПКнинг 38-м). Бундан ташқари, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи, шунингдек, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган (ХПКнинг 42-м.) учинчи шахслар ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин эмас (ХПКнинг 41-м.) ва даъво талабларини бирлаштириш ҳақидаги қоидалар ҳам амал қилмайди.  (ХПКнинг 115-м.)


8. Апелляция шикоятини берган шахс, ХПКнинг 165-моддасига мувофиқ, қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечишга ҳақли. Суд ХПКнинг 40-моддаси 4-қисмида назарда тутилган асослар бўйича даъводан воз кечишни рад этишга ва ишни апелляция тартибида кўриб чиқишга ҳақли.

Агарда ҳал қилув қарори бошқа шахслар томонидан шикоят қилинмаган бўлса, апелляция шикоятидан воз кечишни қабул қилиш апелляция инстанциясида иш юритишни тугатишга олиб келади.


9. ХПКнинг  166-моддаси 1-қисмига мувофиқ хўжалик суди апелляция инстанциясида ишда мавжуд бўлган ва қўшимча тақдим этилган далиллар билан ишни қайта кўради.

Қўшимча далилларни қабул қилиш ҳақидаги масала ҳал этилаётганда биринчи инстанция судида мазкур далилларни тақдим қилмаганлик сабаблари, апелляция инстанцияси судига уларни тақдим қилишнинг зарурлиги, шунингдек  низони тўғри ҳал қилиш учун  аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга далилларнинг боғлиқлиги ҳақидаги арз қилувчининг  тушунтиришлари эътиборга олинади. Агарда манфаатдор шахс биринчи инстанция судида ўзини нолийиқ тутганлиги ва  мажлисни чўзиш мақсадида мазкур далилларни тақдим қилмаганлиги аниқланса, қўшимча далиллар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмаслиги мумкин.

Апелляция шикоятига эътирозномани асослаш учун  тақдим этилган қўшимча далиллар хўжалик суди апелляция инстанцияси томонидан ХПКнинг 166-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган қоидалар бўйича қабул қилинади ва кўриб чиқилади.


10. Апелляция инстанциясида ишларни кўришда  судлар қонун бўйича қуйидагиларни аниқлашлари лозим:  биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланганлигини; суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлигини;  суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалари  иш ҳолатларига мувофиқлигини;  процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини  бузилмаганлигини; мазкур нормалар тўғри қўлланилганлигини.

Апелляция инстанцияси суднинг ҳал қилув қарорини қонунийлиги ва асослилигини ишдаги мавжуд ҳамда ишни кўришдан олдин ёки кўриш вақтида ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахслар томонидан тақдим қилинган, шунингдек апелляция инстанцияси суди томонидан ишда иштирок этувчи ва бошқа шахсларнинг  илтимосномаларига кўра талаб қилиб олинган қўшимча материаллар бўйича текширади.


11. ХПКнинг 166-моддаси 2-қисмига мувофиқ хўжалик суди ишни апелляция инстанциясида кўрганида апелляция шикоятида баён этилган важлар билан чекланиб қолмайди ва ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини тўла ҳажмда текширишга мажбур, бу тартиб ҳал қилув қарорига шикоят қилмаган ва шикоят қилган шахсларга нисбатан ҳам тааллуқли. Чунончи, суд шикоятнинг важлари билан чекланиб қолмайди, уни кўриш натижалари бўйича арз қилувчи сўраганидан ўзгача ҳал қилув қарорини қабул қилишга ҳақли. Шу сабабли апелляция шикоятида процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги кўрсатилган-кўрсатилмаганлигидан қатъий назар, ХПКнинг 169-моддасида кўзда тутилган асослар мавжуд бўлганда апелляция инстанцияси ҳал қилув қарорини бекор қилади. 


12. Хўжалик судининг апелляция инстанцияси ХПКнинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қоидаларини қўллайди. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, ХПКнинг 82-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганида хўжалик суди иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур, ХПКнинг 83-моддасида қайд этилган асослар мавжуд бўлганида эса иш юритишни тўхтатиб туриш хўжалик суди томонидан ишни аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. ХПКнинг 82-моддасини 1 қисмини 1-бандини қўллашда, жиноий судлов ишларини юритиш деганда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида белгиланган жиноят процессини барча босқичлари тушунилиши лозим, яъни жиноят иши қўзгатилган вақтдан бошлаб.


13. Апелляция инстанцияси судлари ХПКнинг қарор мазмуни ҳақидаги нормаларига қатъий риоя этишлари лозим. Апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришда, қарорда шикоят важлари нотўғри эканлигини тасдиқловчи ёки ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлаолмаслигининг сабаблари кўрсатилиши лозим.


14. Апелляция инстанциясини қарори ХПКнинг 150-моддасида кўрсатилган тартибда тушунтирилиши, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва арифметик ҳисоблашдаги янглишишлар тузатилиши мумкин.


15. Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўзининг ташаббуси билан агарда у биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилиб янги қарор қабул қилган бўлса, қўшимча қарор қабул қилишга ҳақли (ХПК 168-м. 2-б). Қўшимча қарор апелляция инстанциясида ХПКнинг 149-моддасини 1-қисмини 2, 3-бандларида ва ХПКнинг 149-моддасини 3-қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганида қабул қилиниши мумкин. Қўшимча қарор қабул қилиш рад этилганида ажрим чиқарилади ва ушбу ажрим устидан ХПКнинг 149-моддаси 5-қисмига биноан кассация тартибида шикоят қилиниши мумкин.


16. Апелляция инстанцияси судининг мажлисида ва суд мажлисидан ташқарида алоҳида процессуал ҳаракатлар бажарилганда баённома тузилади. Баённома мазмунига, уни олиб бориш ва имзолаш, шу билан бирга уни тақдим этиш ва баённомага билдирилган эътирозларини кўриб чиқишда ХПКнинг 34-моддасида белгиланган қоидалар қўлланилади.

Ишда хўжалик суди апелляция инстанциясининг баённомасини мавжуд эмаслиги ёки уни ХПКнинг 134-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан имзоланмаганлиги ХПКнинг 188-моддаси 3-қисми 8-бандига кўра апелляция инстанцияси қарорини сўзсиз бекор қилиш учун асос бўлади.


17. ХПКнинг 217-моддасига кўра апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилишда, ўзи чиқарган янги қарорнинг ижросини кечиктириш ва ижро этишни узайтириш масаласини ҳал этишга ҳақли.

Бошқа ҳолатларда қарорни ижросини кечиктириш ёки уни узайтириш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.



Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди Раиси                М. Абдусаломов



Пленум Котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди судьяси             Т. Юсупов