язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 06.02.1998 й. 68-сон "Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини амалга киритиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

06.02.1998 й.

N 68



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИНИ

АМАЛГА КИРИТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ

БЎЛГАН МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА


1998 йил 1 январдан Хўжалик процессуал кодексининг (кейинчалик ХПК) амалга киритилиши муносабати билан ва хўжалик судларида унинг қўлланиши юзасидан келиб чиққан муаммолар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судлари томонидан низоларни кўришда ва ҳал қилишда 1998 йил 1 январдан бошлаб барча ишлар, шунингдек шу санагача кўрилмаган ишлар бўйича ҳам янги Хўжалик процессуал кодексининг нормаларини қўллаш кераклиги эътиборга олиниши лозим.


2. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, шунингдек якка тадбиркор мақомига эга бўлган фуқаролар ўртасидаги хўжалик низоларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш тартибига тегишли норматив актларнинг 1998 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига зид бўлмаган қисмигина амалда бўлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 8 ноябрдаги 387-сонли "Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича муддатида тўланмаган солиқларни корхоналар ва ташкилотлар мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарорининг ушбу туркумдаги ишларни кўриб чиқиш муддатларини белгилаш қисми қўлланилмайди.

Солиқлар бўйича боқиманда, тушум ва бюджетга тўланадиган мажбурий тўловларни корхоналар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги солиқ органлари томонидан берилган талабномалар хўжалик судлари томонидан ХПКнинг "Суд буйруқлари"га бағишланган 14-боби қоидаларига асосан ҳал қилинади. Бунда суд буйруғи судья томонидан ариза тушгандан сунг 10 кундан кечиктирмай берилиши лозимлиги эътиборга олиниши керак.


3. Хўжалик судлари даъво аризаларини қабул қилишда шуни эътиборга олишлари лозимки, ХПКнинг 23 ва  24-моддаларида қайд этилган хўжалик суди судловига тааллуқли бўлган ишлар жумласига, ушбу моддаларда санаб ўтилган ишлардан ташқари қонун билан бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин. Бироқ, Олий Мажлис томонидан ХПКга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмасдан туриб хўжалик судига тааллуқли бўлган ишлар унинг ваколатидан чиқариб ташланиши, судловлик ўзгартирилиши ҳамда бошқа процессуал  масалалар ўзгача тартибда ҳал этилиши мумкин эмас.


4. ХПКнинг 26-моддасига мувофиқ, Олий хўжалик судининг судловига тегишли, биринчи инстанцияда кўрилиши лозим бўлган ишларнинг туркуми чекланган.

Бироқ, Олий хўжалик судининг низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати иш юритувида бўлган, ёки ҳайъатга 1998 йил 1 январгача келиб тушган ишлар шу ҳайъат томонидан 1998 йил 1 январдан кейин ҳам кўриб чиқилади. Шунинг учун ҳайъат 1998 йил 1 январгача иш юритувида бўлган барча ишлар кўриб бўлингунича амалда бўлади.


5. ХПКнинг 21-бобига мувофиқ, 1998 йил 1 январдан бошлаб апелляция инстанцияси жорий этилди. Шунинг учун 1998 йил 1 январга қадар тақдим этилган ҳамда ушбу санагача кўриб чиқилмаган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳақидаги аризалар ХПКнинг 21-бобида кўрсатилган тартибда, мазкур қарорларни чиқариш пайтида амалга бўлган талабларни ҳисобга олган ҳолда, қарор чиқарган хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилиши лозим.


6. ХПКнинг 22-бобига мувофиқ, 1998 йил 1 январдан эътиборан кассация инстанцияси жорий этилди.

Кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди орқали берилади. Бунда хўжалик судлари кассация шикоятини (протестни) қайтариш асосларини текширади, бундай асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда шикоят (протест) келиб тушган вақтдан 5 кундан кечиктирмасдан, иш билан бирга Олий хўжалик судига юборилади.

Кассация босқичининг судьяси кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилганлиги тўғрисида, иш кўриш жойини ва вақтини кўрсатиб, ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси амалга киритилгунга қадар, Олий хўжалик суди қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текшириш бўйича судлов ҳайъатига келиб тушган аризалар (протестлар) шу ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Мазкур судлов ҳайъати 1998 йил 1 январгача келиб тушган барча ариза, (протест)ларни кўриб чиққунга қадар амалда бўлади.

Давлат божи миқдори ва ундириш тартибини белгиловчи қонунчиликка ўзгартириш киритилгунга қадар, апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи хўжалик судлари қарорларининг қонунийлиги ва асослигини текшириш ҳақидаги ариза бериш учун белгиланган тартиб ва миқдорда тўланади.


7. Хўжалик судлари 1998 йил 1 январдан кейин низони судгача ҳал қилиш тартибига (талабнома юбориш) амал қилинмасдан юборилган даъво аризаларини (шундай тартиб сақланиб қолган ҳоллардан ташқари) қайтармасликлари лозим.


8. Суд мажлисининг баённомаси барча инстанцияларда иш кўрилаётганда тузилиши лозим. Судлар шуни назарда тутмоқлари керакки, баённоманинг мавжуд эмаслиги ёки уни раислик этувчи томонидан имзоланмаслиги қарорларни бекор қилиш учун асос бўлади.


9. Хўжалик судларининг судьялари, бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судларига мурожаат қилаётган фуқаролар, корхона, муассаса ва ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси ва мазкур қарорнинг талаб ва қоидалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борсинлар.