язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 01.03.1996 й. 54-сон "Суд қарорлари ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

01.03.1996 й.

N 54



СУД ҚАРОРЛАРИ ҲАҚИДА


Хўжалик судларининг олдида турган иқтисодий муносабатлар соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва одил судловни амалга оширишни такомиллаштириш масаласи қабул қилинаётган суд қарорларининг қонун талабларига тўлиқ жавоб беришни талаб этади. Бу эса судьяларга алоҳида масъулият ва эътибор юклайди. Ҳар бир иш бўйича қарорлар қонуний ва асосланган бўлиши лозим. Суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, кўпчилик ишлар бўйича чиқарилаётган қарорлар моддий ҳуқуқ ва процессуал талабларга биноан чиқарилаяпти.

Шу билан бирга хўжалик судлари томонидан айрим ишлар бўйича қабул қилинаётган қарорлар ҳамма вақт ҳам Хўжалик процессуал кодекси қонунчилиги талабларига ва ишнинг моҳиятига тўла, аниқ жавоб бермайди. Иш жараёнида объектив таҳлиллар ва аниқ ҳолатлар бўйича йиғилган далил-исботлар қарорларда баъзи пайтларда тўлиқ кўрсатилмайди. Кўпчилик қарорларда даъвогарнинг талаблари ва жавобгарнинг важлари аниқ баён этилмайди, томонлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг моҳияти чуқур очилмайди, аниқланган фактларга ҳуқуқий баҳо берилмайди. Баъзи ҳолларда эса, суд низони моҳияти бўйича ҳал қилишда қўлланилиши керак бўлган қонунларни кўрсатмайди. Қарорларнинг тузилиш тартибида ҳам бир қанча камчиликлар учрамоқда.

Юқорида кўрсатилган камчиликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 42, 46-моддаларига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларининг эътибори суд ҳокимияти актлари бўлган қарорларни чиқаришда ҳар бир алоҳида иш бўйича чиқарилган қарор Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал қонунчилигининг талабларига тўлиқ жавоб беришига, қонуний ва асосли бўлишига қаратилсин.

Судьялар қарорларни ўзларининг ҳуқуқий онгига таяниб, ташқи муҳитлар таъсирисиз, қонунларга ва ишдаги мавжуд ҳолатларга асосланган ҳолда қабул қилсинлар.

Чиқарилган қарор чуқур асослантирилган, даъвонинг моҳияти бўйича қўйилган барча саволларга жавоб берадиган бўлиши керак. Даъво юзасидан ҳамма масалаларни ҳал қилмасдан, асосланмаган, юзаки, тарафлар томонидан тақдим қилинган илтимоснома ва қўшимча далил-исботларни ҳуқуқий баҳоламасдан, қарор чиқарилиши мумкин эмас. Қонун талабларини бузиб чиқарилган қарор Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 98-моддасига биноан бекор қилинади.


Изоҳ: Ушбу қарорда 1993 йил (эски таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг моддалари қўлланилган.


2. Мазкур низолар бўйича ҳуқуқий муносабатларни ҳал қилишда процессуал ҳуқуқ талаблари ва моддий ҳуқуқ талаблари тўлиқ ва аниқ қўлланган бўлса, қарорлар қонуний деб ҳисобланади. Агар баъзи ҳолларда, шартномада ёки қонун ости норматив актларидаги ҳолатлар қонунга зидлиги аниқланса, хўжалик судлари қарор чиқаришда қонунга асосланган равишда қарор чиқарадилар.

Низоли муносабатларни тартибга солувчи қонунлар бўлмаган тақдирда, суд Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддаси 3-бўлимига асосланиб, шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонунни қўллашлари керак.


3. Иш бўйича муҳим бўлган ҳамма ҳолатлар, келтирилган далил-исботларни тасдиқловчи фикрлар томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўрсатувчи ҳолатларни тасдиқласа, қарор асослантирилган бўлади. Қарорлар иш ҳолати бўйича тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас.

Қарорлар Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 30, 40-моддалари талабларини ҳисобга олган ҳолда тўла ва аниқ, шу иш билан боғлиқ ишончли ва етарли далилларга асосланган бўлиши керак. Иш бўйича экспертнинг хулосаси, ёзма ва ашёвий далиллар, томонлар вакилларининг ва иш процессида қатнашаётган бошқа шахсларнинг тушунтиришлари исботлаш воситалари бўлиб ҳисобланади. Фақат текширилган ва баҳоланган далил-исботлар суд қарорининг асослари бўла олади. Судлар ўз қарорларида далил-исботларни кўрсатиш эмас, балки бу далил-исботларнинг мазмунини қисқача кўрсатиб ўтишлари керак.

Агар далилларнинг ҳар бирини алоҳида ва жами келтирилган у ёки бу ҳужжатлар, тарафлар вакилларининг кўрсатмалари ўзларининг даъво ёки эътирозларини тасдиқламаслигини аниқласа, қарор чиқаришда суд бу ҳақда ўз хулосасини асослаб кўрсатиши лозим.

Ҳеч қандай далил-исботлар суд учун олдиндан белгиланган кучга эга эмас, шунинг учун жавобгар даъвони тан олганда ҳам, иш кўриш жараёнида аниқланган ҳолатлар қарорда кўрсатилиши керак.

Эксперт хулосасига ҳавола қилинганда, шу хулоса билан қандай ҳолатлар тасдиқланиши қарорда кўрсатилиши лозим. Экспертнинг хулосасидан норози бўлган суд иш бўйича қарорда ўзининг эътирозини асослантирган ҳолда кўрсатиши керак.


4. Хўжалик судлари қарорларининг ижроси бўйича тушунмовчиликлар ва низолар бўлмаслиги учун ХПКнинг 80-моддаси талаби бўйича қарорнинг кириш, таърифлаш, асослантириш ва хулоса қисмини аниқ изоҳлаши керак.


4.1. Қарорнинг кириш қисмида кўрсатилган сана, суд мажлисида қарор эълон қилинган кун ҳисобланади. Бу тартиб суд мажлисида қарорнинг хулоса қисми эълон қилинаётганда ҳам амалда бўлади. Шунинг учун судьялар томонидан имзоланган ва суд мажлисида эълон қилинган қарорнинг асослантирилган ва хулоса қисмларига ҳам, қарор қабул қилинган бир хил сана қўйилади.


4.2. Қарорнинг таърифлаш қисмида даъво аризасига билдирилган фикр, тушунтиришлар ҳамда илтимосномаларнинг қисқача баёни кўрсатилиши керак.


4.3. Қарорнинг асослаш қисми хўжалик судларининг ҳуқуқий ва фактик ҳолатларига асослантириб кўрсатилган бўлиши керак.

Қарор матнида асосларнинг (суд фикрлари ва таянган ҳолатлар) баён этилиши суд хулосасининг янада тушунарли ва ишончли бўлишини таъминлайди. Қарорнинг фактик асосланиш қисми суднинг даъво асослари ҳақидаги мулоҳазасидан, шу жумладан, қарши даъво ва учинчи шахс даъвосидан, шунингдек даъвога қарши эътирозларнинг асосига қўйилган фактларнинг мулоҳазасидан ва мазкур ишни ҳал этиш учун хўжалик суди томонидан маъқулланган муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа фактлардан таркиб топиши лозим.

Асословчи қисмда хўжалик суди қарори ҳуқуқий асослантирилиши ҳам керак. Бу ерда ишни ҳал қилиш жараёнида суд томонидан қўлланилган моддий ҳуқуқ меъёрлари ва у амал қилган процессуал ҳуқуқ меъёрлари кўрсатилиши лозим. Шу билан бир қаторда қайд этилган у ёки бу ҳуқуқ меъёрларини татбиқ этиш масалалари бўйича тушунтиришларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленум қарорларига ҳам мурожаат этишлари керак.

Агар хўжалик суди ишда қатнашаётган шахслар кўрсатаётган қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий актларни қўлламаса, у ҳолда низони ҳал этишда мазкур қонунларни нима сабабдан қўлламаганлигининг сабабларини кўрсатиб ўтиши лозим.


5. Хўжалик суди қарорларининг хулоса қисмида томонларнинг ҳар бир талаби қондирилганлиги ёки қондирилмаганлиги кўрсатилиши лозим.

Бир неча даъвогар ва жавобгарлар қатнашаётган иш қарорида, уларнинг ҳар бирига нисбатан низо қандай ҳал қилинганлиги кўрсатиб ўтилади. Дастлабки ва қарши даъволарни тўла ёки қисман қаноатлантириб қабул қилинаётган қарорнинг хулоса қисмида ҳисоб қилиниб, ундирилиши керак бўлган сумма кўрсатилади.

Айни пайтда суд иш бўйича жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масалани ечишга ҳақли эмас.

Қарорлар қабул қилишда, уларнинг ижросини маълум шартлар келиб чиқиши ёки келиб чиқмаслиги билан боғлиқ қилиб қўймаслик керак.


6. Хўжалик процессуал кодексининг 79-моддаси 1-қисмига мувофиқ, суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда, ташкилотлар ва тадбиркор фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво талабларидан четга чиқиши мумкин. Айни пайтда, ХПКнинг 23-моддаси 2-бандига асосан, даъво предмети ёки асоси суднинг ташаббуси билан, жавобгарнинг процессуал ҳуқуқларини бузмасдан ва суд томонидан унга янги ҳолатлар бўйича далил ва исботлар келтириш, шунингдек суд мажлисида ўзининг важларини баён этиш имкониятларини берган ҳолда, даъвогарнинг бевосита суд мажлисида берган розилиги асосида ўзгартирилиши мумкин.


7. Хўжалик судлари ҳал қилув қарорини чиқаришда давлат божини тарафлар ўртасида тақсимлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 43, 48-моддалари талабига сўзсиз риоя қилишлари керак. Асосан бундай қилиш давлат божини аввалдан тўланмай қўзғатилган ишлар бўйича мажбурийдир.


8. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 81-моддасига мувофиқ, судья ёки ҳайъат ишни суд мажлисида моҳияти бўйича кўриб чиқиб, тугалланган ҳал қилув қарорини чиқаради. Шу билан бирга судья ёки ҳайъат ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисмини эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолларда суд мажлисида тарафлар ва уларнинг вакиллари тугалланган ҳал қилув қарори билан қачон таниша олишлари мумкинлиги эълон қилиниши керак. Ҳал қилув қарорининг тўла матни 5 кун мобайнида тайёр бўлиши керак.


9. Суднинг ҳал қилув қарори низони қайси судья ёки ҳайъат ҳал қилган бўлса, фақат улар томонидан чиқарилиши лозим.

Иш кўриш жараёнида судьяни ўзгартириш лозим бўлиб қолса, иш бошқатдан кўрилиши ва бу ҳақда шу суд раисининг ёки ўринбосарининг қарори бўлиши зарур.

Иш кўришда иштирок этмаган судья (ҳайъат) томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилиш учун асосдир.


10. ХПКнинг 114-моддасида кўрсатилган ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки ўзгартириш лозим бўлганда, ҳамда уни ижро этиш усули ёки тартибини ўзгартириш зарурияти келиб чиқса, буни ҳал қилув қарорини чиқаришда ҳам амалга ошириш мумкин.

Ҳал қилув қарорини ижро этишни кечиктириш ёки чўзиш ҳамда усулини ёки тартибини ўзгартиришга жавобгарнинг мулкий ҳолатидаги ўзгаришларни, жавобгарнинг банк ҳужжатлари текшируви ва назорат қилувчи бўлимлар ихтиёрида эканлиги, ҳал қилув қарорини тарафлар томонидан дарҳол қайта кўриш учун ариза берилганлиги (қарор ижросини қайтаришга имконият берилмаслик учун) ва бошқа эътиборга лойиқ вазиятларни асос қилиб олиш мумкин.

Бу процессуал ҳаракат тарафлар аризасига ёки суд ташаббусига биноан қўзғатилади ва ижро этилади ҳамда бу ҳаракатлар юзасидан асосланган ажрим чиқарилади.

Шу билан бирга суд Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 9-бобида кўзда тутилган, ҳал қилув қарорини ижро этишни таъминловчи чораларни кўриши мумкин.


11. Судлар Хўжалик процессуал кодексининг 81-моддаси талаби бўйича ҳал қилув қарорини қайта кўриш учун ариза бериш тартибини тушунтириши лозимлигини кўзда тутиши керак. Тарафларнинг ариза бериш ҳуқуқларини бузмаслик учун ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида бундай ариза бериш тартиби ва муддатлари кўрсатилиши керак.


12. Хўжалик судларининг эътибори иш кўришда иштирок этган, этмаган тарафлар ва бошқа иштирокчиларга ҳал қилув қарорининг нусхаларини қабул қилинган кундан кейин 5 кун муддат ичида юбориш лозимлигини талаб қилувчи Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 68, 84-моддаларига қатъий риоя қилишга қаратиши лозим.


13. Ҳал қилув қарорини чиқарган суд ўз ташаббуси билан ёки иш кўришда иштирок этган тарафлар илтимосига кўра, даъво аризасида кўрсатилган  бирон-бир талаб кўрилмай қолдирилган бўлса ёки давлат божи масаласи ҳал қилинмаган бўлса, қўшимча қарор чиқариши мумкин.

Қўшимча қарор, судлов ишларини юритиш бўйича ишда иштирок этган тарафларнинг ва бошқа иштирокчиларнинг процессуал ҳуқуқий талабларини бузмаган ҳолда чиқарилади. Чиқарилган қўшимча қарор асосий ҳал қилув қарори сингари тарафлар талаби, прокурор протестига биноан қайта кўриб чиқилиши мумкин. Қайта кўриб чиқиш учун берилган аризани қабул қилмасдан чиқарилган ажрим устидан ҳам шундай тартибда ариза берилиши мумкин.

Агар асосий ҳал қилув қарорида давлат божини тарафлар ўртасида тақсимлаш масаласи ҳал қилинган бўлса-ю, лекин у иш моҳияти бўйича суд хулосасига тўғри келмаган бўлса, бундай чиқарилган ҳал қилув қарорига қўшимча қарор чиқаришга, шунингдек тўлдириш ёки тузатишга суд ҳақли эмас. Суднинг бундай хатосини тўғирлаш белгиланган тартибда ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш йўли билан амалга оширилади.

Қўшимча қарорда шу қарор чиқариш учун асос бўлган сабабни кўрсатиш, хулоса қисмида қўшимча масала юзасидан ўз якунини изҳор этиб, қўйилган, лекин суд томонидан ҳал этилмай қолдирилган талаб бўйича ёки жавобгардан даъвогарга давлат божининг ундириладиган қисмини ёхуд суд харажатларини ундириш ва бошқалар кўрсатилиб қарор чиқарилиши лозим.


14. ХПКнинг 86-моддасига биноан судья тарафлар талабига биноан қарор моҳиятини ўзгартирмай мазмунини тушунтириш ҳамда тарафлар илтимосига ёки ўз ташаббуси билан қарор мазмунини ўзгартирмай йўл қўйилган хатоликларни тузатиши мумкин. Бундай процессуал ҳаракатлар ажрим чиқариш йўли билан амалга оширилади.

Суд шунингдек ҳал қилув қарорини бевосита ижро этувчи идоралар (умумий судлар ижрочиси, банк, тугатиш комиссияси, молия бўлими, маблағни давлат даромадига ўтказувчи солиқ назорати) илтимосига биноан ҳам ҳал қилув қарорини изоҳлаши мумкин.

Ҳал қилув қарорини изоҳлашдан мақсад яққол бўлмаган қисмларини яққол ва тўла изоҳлашдир. Бу ҳолда суд ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартириши, суд қарорида кўрсатилмаган масалаларни изоҳлаши мумкин эмас. Фақат ҳал қилув қарорини чиқарган судгина шу қарорни изоҳлаши мумкин.

Агар ҳал қилув қарори ижро этилган бўлса ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш учун белгиланган суддат ўтган бўлиб, бу муддат тикланмаган бўлса, қарорни изоҳлашга йўл қўйилмайди.

Ундирилган мулк қиймати, вақти ва кўрилган чораларга ўзгартиришлар киритиш суд томонидан ёзувдаги хатоликларга йўл қўйилган тақдирдагина рухсат берилади.


15. Суд ҳал қилув қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш бўйича судлов ҳайъатлари раислари қайта кўриш учун ариза берилган ҳал қилув қарорларининг қонун талабларига тўла риоя қилинишини мукаммал текширишлари ва йўл қўйилган хатоликларни ўз вақтида тузатиш чораларини кўришлари лозим. Қонунга мувофиқ бўлмаган ва асоссиз чиқарилган ҳал қилув қарорларининг сабабларини доим таҳлил қилиб бориш,  уларнинг олдини олиш, суд ходимларининг малака маҳоратини ошириш тадбирларини кўришлари зарур.