ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 25.03.2015 й. 18-1403/26602-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

25.03.2015 й.

N 18-1403/26602


(КЎЧИРМА)




Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонун ҳужжатларида ёки суғурта шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни амалга ошириши ва суғурта товони (суғурта пули) тўлаши лозим


Қашқадарё вилоят прокуратураси “Камалак” фермер хўжалиги (бундан буён матнда - даъвогар) манфаатида “Ўзагросуғурта” ДАСК (бундан буён матнда - жавобгар) ҳамда унинг Қашқадарё вилоят дирекциясига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 59742300 сўм суғурта товонини ундиришни сўраган.

Суднинг 2014 йил 11 декабрдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” АЛК (бундан буён матнда - АЛК) ҳамда “ЎзКейсСервис” қўшма корхонаси (бундан буён матнда - ҚК) жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 59742300 сўм суғурта товони ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги, иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, трактор табиий офат туфайли ёниб кетмаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, АЛК ва даъвогар ўртасида 2014 йил 17 мартда 14/05-4-078-УФ-сонли лизинг шартномаси тузилган.

Шартнома шартларига кўра, АЛК даъвогарга “TS-135” русумли 1 дона тракторни йиллик 14 фоиз билан 5 йил муддатга лизингга бериш, даъвогар эса лизинг тўловларини шартнома шартларида белгиланган муддат ва миқдорларда тўлаш мажбуриятини олган.

АЛК томонидан лизинг объекти даъвогарга топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 915-моддасининг биринчи қисмига кўра мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.

2014 йил 10 апрелда жавобгар ва даъвогар ўртасида лизингга олинган тракторни суғурталаш юзасидан “Қишлоқ хўжалик техникаларини суғурта қилиш бўйича” 27-сонли шартнома тузилган.

Суғурта қиймати 155566964 сўм миқдорида белгиланган.

Даъвогарга тегишли бўлган, суғурталанган “TS-135” русумли трактор 2014 йил 15 июлда очиқ ҳолда ёнғин содир бўлиши оқибатида ёниб кетган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 951-моддасининг биринчи қисмига кўра мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин бу ҳақда дарҳол суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилиши шарт. Агар шартномада хабар қилиш муддати ва (ёки) усули назарда тутилган бўлса, бу шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда қилиниши лозим. Агар наф олувчи ўзининг фойдасига тузилган шартнома бўйича суғурта товонига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш ниятида бўлса, айни шундай мажбурият наф олувчи зиммасида бўлади.

Шунга кўра, даъвогар жавобгарга 2014 йил 18 июлда 8-сонли хабарнома билан мурожаат қилиб, ёнғин натижасида “TS-135” русумли тракторининг зарарланганлиги ҳолатини ўрганиб чиқиб, зарар миқдорининг қопланишида амалий ёрдам беришни сўраган.

Жавобгар даъвогарга 2014 йил 23 октябрда 468-сонли жавоб хати йўллаб, зарарни қоплашни рад қилган.

Натижада мазкур низо келиб чиққан.

Миришкор туман ИИБ ТБнинг экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорига асосан ёнғин содир бўлиш сабаблари экспертизадан ўтказилиб, натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2014 йил 18 августдаги 5367/15-сонли хулосаси олинган. Унда, ёнғиннинг ўчоғи тракторнинг кабинасида бўлганлиги, трактор электр тармоғи симларининг қизиб кетиши натижасида ёнғин чиққан бўлиши мумкинлиги баён қилинган.

Миришкор туман ИИБ ТБнинг 2014 йил 11 августдаги қарори билан тракторнинг ёниб кетганлиги ҳолати юзасидан бирор-бир кишининг ҳаракатларида жиноят таркиби ва маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 83-моддасининг иккинчи қисми билан жиноят ишини қўзғатиш рад этилган.

Шунингдек, Миришкор туман ИИБ ТБнинг судга оид автотехника баҳолаш экспертизасини тайинлаш ҳақидаги ажримига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.С. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2014 йил 2 октябрдаги 2780/13-сонли хулосаси олинган. Унда, 2014 йилда ишлаб чиқарилган “TS-135” русумли 3383 НБ давлат рақамли ҳайдов трактори ёнғин натижасида 59742388,24 сўм моддий зарар етказилганлиги, ҳайдов тракторини алмаштириладиган қисмларни ўрнатиш ва ростлаш учун ишлатиладиган бир одам вақти қийматини белгиловчи методик қўлланма экспертизада бўлмаганлиги сабабли, ҳайдов тракторига алмаштириладиган қисмларни ўрнатиш ва ростлашга кетадиган харажатлар қиймати аниқланмаганлиги баён қилинган.

Шунга кўра, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб даъвони қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Жавобгарнинг трактор табиий офат туфайли ёниб кетган тақдирда “Суғурта ҳодисаси” деб тан олиниши, бироқ трактор кафолатли бўлишига қарамасдан эътиборсизлик оқибатида ёниб кетганлиги ва бу “Суғурта ҳодисаси” деб тан олинмаслиги ҳақидаги важи асоссиз. Чунки, Суғурта шартномасининг 2.1-бандида жавобгар қишлоқ хўжалиги техникаларининг шартномада кўрсатилган қалтисликлар натижасида шикастланиши ёки йўқотилиши бўйича суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олган. Мазкур қалтисликлар жумласига табиий офатлар билан бир қаторда, ёнғин - суғурталанган қишлоқ хўжалиги техникаларининг маълум сабабларга кўра очиқ ҳолда ёниб кетиши ҳам киритилган.

Қайд қилинганларга кўра судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, тўланган 298712 сўм давлат божи, 7000 сўм почта харажатини жавобгар зиммасида қолдириб, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30000 сўм суд харажатини ундан ундиришни лозим топади.



Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск