ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 05.03.2012 й. 10-1119/5898-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

05.03.2012 й.

N 10-1119/5898


(КЎЧИРМА)




Агар иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, тарафлардан бирининг талаби билан шартнома бекор қилиниши мумкин


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган "Адолат" нашриёти давлат корхонаси (будан буён матнда корхона деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ОАJ "SHARQ" NМАКдан (будан буён матнда ОАЖ деб юритилади) 12574200 сўм бой берилган фойда, 22571272,70 сўм пеняни ундириб беришни ҳамда тарафлар ўртасида имзоланган 2010 йил 4 февралдаги 8/14-сонли ва 2010 йил 27 апрелдаги 8/38-сонли шартномаларни бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 2 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, ОАЖ ва корхона ўртасида тузилган 2010 йил 4 февралдаги 8/14-сонли ва 2010 йил 27 апрелдаги 8/38-сонли шартномалар бекор қилинган. ОАЖдан корхона фойдасига 12574200 сўм бой берилган фойда, 5645818 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад қилинган, ОАЖнинг қарши даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 1 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар ОАЖ қарши даъво аризалар тақдим этиб, корхонадан 3101557,50 сўм пеня ҳамда 21132550 сўм етказилган зарар суммасини ундиришни сўраган.

Суднинг 2011 йил 7 ва 21 сентябрдаги ажримлари билан ОАЖнинг қарши даъво аризалари иш юритишга қабул қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 7 октябрдаги ҳал қилув қарори билан корхонанинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, ОАЖ ва корхона ўртасида тузилган 2010 йил 4 февралдаги 8/14-сонли ва 2010 йил 27 апрелдаги 8/38-сонли шартномалар бекор қилинган. ОАЖдан корхона фойдасига 5645818 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини, ОАЖнинг қарши даъвосини қаноатлантириш рад қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 9 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида суд томонидан ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги ва ОАЖнинг ишни кўриш жараёнида келтирилган важлари инобатга олинмаганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, корхона ва ОАЖ ўртасида 2010 йил 4 февралда 8/14-сонли ва 2010 йил 27 апрелда 8/38-сонли шартномалар имзоланган.

8/14-сонли шартномага кўра, ОАЖ "Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси" китобини 9,25 босма табоқда, 60x90.1/16 бичимда, қаттиқ муқовада (бумвинил), 6000 нусхада ва ҳар бир нусхасини 4555,55 сўмдан тайёрлаб бериш мажбуриятини олган.

Мазкур шартноманинг умумий баҳоси 27333300 сўмни ташкил этган ва корхона томонидан 2010 йил 3 августдаги 225-сонли тўлов топшириқномасига асосан, шартнома шартларига кўра 15 фоиз тўлов миқдори, яъни 4100000 сўм олдиндан тўлаб берилган.

Мазкур шартномада ижро этувчи - ОАЖ томонидан маҳсулотни тайёрлаб бериш муддати кўрсатилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 242-моддасига мувофиқ, ОАЖ шартноманинг 5-бандига кўра буюртмачи томонидан 2010 йил 13 июндаги 30-1-10/608-сонли хатга ва олдиндан тўлов амалга оширилган кунни эътиборга олган ҳолда 2010 йил 10 августгача мажбуриятни бажариши лозим бўлган.

8/38-сонли шартномага кўра, ОАЖ "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси" китобини 13,00 босма табоқда, 60x90.1/16 бичимда, қаттиқ муқовада (бумвинил), 6000 нусхада ва ҳар бир нусхасини 3175 сўмдан тайёрлаб бериш мажбуриятини олган.

Мазкур шартноманинг умумий баҳоси 19050000 сўмни ташкил этган ва корхона томонидан 2010 йил 3 августдаги 225-сонли тўлов топшириқномасига асосан шартнома шартларига кўра 15 фоиз тўлов миқдори 2857500 сўм олдиндан тўлаб берилган.

Шартноманинг 6-бандига кўра, ижро этувчи - ОАЖ китоб маҳсулотларини ўз маҳсулоти негизида, олдиндан тўлов ўтказилган ва маҳсулот ишлаб чиқаришга туширилган кундан бошлаб 60 кун мобайнида тайёрлаб бериш ва топшириш мажбуриятини олган.

Бироқ, ОАЖ ҳар икки шартноманинг 5-бандида кўрсатилган талабларни бузган ҳолда ишни бажариш ва топшириш муддатини асоссиз равишда кечиктириб юборган.

ОАЖ томонидан шартнома мажбуриятлари ўз вақтида ва лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли, корхона 2010 йил 30 июнда 30-1-10/597-сонли 2010 йил 13 июлда 30-1-10/608-сонли хатлар билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Божхона, Меҳнат, Ер, Солиқ кодекслари ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига 2010 йилнинг август ойида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўриб чиқилаётганлиги муносабати билан берилган буюртмаларни тезкорликда 2010 йил 10 августгача бажариб беришни сўраган.

Бироқ ОАЖ томонидан 2010 йил 26 августдаги 347-сонли ҳисоб-фактурага асосан 100 нусхадан, 2010 йил 27 августдаги 350-сонли ҳисоб-фактурага асосан 72 нусха ва 44-нусхадан, жами 1240754,60 сўмлик Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда Божхона кодекси корхонага топширилган. Буюртмаларнинг қолган қисми орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамай топширилмаганлиги сабабли, корхона томонидан ОАЖга 2010 йил 5 ноябрда 30-1-10/768-сонли хат билан мурожаат қилиниб, бажарилмаётган буюртмалардан воз кечилиб, юқорида имзоланган шартномаларни бекор қилиш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда - ФК) 382-моддасига кўра, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин: иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса; ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига биноан бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Корхона томонидан 2010 йил 5 ноябрда 30-1-10/768-сонли хат билан ОАЖга мурожаат қилиниб, бажарилмаётган буюртмалардан воз кечилиши билдирилган, юқорида имзоланган шартномаларни бекор қилиш сўралган, шунингдек корхона 2010 йил 2 мартда 30-1-10/229-сонли хат билан юқорида қайд этилган иккала шартномани бекор қилиш баённомаларини мазмунан кўриб чиқиш ва имзолаш учун ОАЖга юборган, аммо қонунда белгиланган муддат ўтган бўлишига қарамай, ушбу мурожаатга ОАЖ томонидан жавоб берилмаган.

Бундай ҳолатда, биринчи инстанция суди томонидан 8/14 ва 8/38-сонли шартномаларни бекор қилиш ҳақида қонуний тўхтамга келинган.

Шунингдек, биринчи инстанция суди ОАЖдан 5645818 сўм пеня ундириш ҳақида асосли хулосага келган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорнинг 4-бандида ФКнинг 326-моддасига мувофиқ, суд қарздор томонидан мажбурияларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли эканлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Биринчи инстанция суди корхонанинг ОАЖдан бой берилган 12574200 сўм соф фойдани ундириш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асосли хулосага келган.

Чунки, корхона томонидан бой берилган 12574200 сўмнинг ҳисоб-китоби иш ҳужжатларида мавжуд эмас.

Бундан ташқари, суд томонидан ОАЖнинг қарши даъвосини рад этиш тўғрисида асосли хулосага келинган.

Чунки, тарафлар ўртасида имзоланган 2010 йил 4 февралдаги 8/14-сонли ва 2010 йил 27 апрелдаги 8/38-сонли шартномаларда мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган, лекин олдинги тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун моддий жавобгарлик кўзда тутилмаган.

Апелляция инстанцияси суди эса асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжатлари қабул қилинган деб ҳисоблаб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 4-сон





















Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск