язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 06.02.2013 й. 19-1206/14701-сон Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

06.02.2013 й.

N 19-1206/14701


(КЎЧИРМА)




Битим тузишга ваколат берган шахс томонидан битимнинг кейинчалик маъқулланиши уни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий битимга айлантиради


"Аваз Амин" ХТСД даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар - "Жаббор Мамат" фермер хўжалиги, ОАТБ "MIKROKREDITBANK" Шеробод филиали, Термиз шаҳар 1-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан тарафлар ўртасида 2009 йил 17 декабрда тузилган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унга нисбатан битимнинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 18 октябрдаги ажрими билан ОАТБ "MIKROKREDITBANK" ҳамда Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси ишга жавобгap сифатида жалб этилган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 16 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Ҳал қилув қарорига нисбатан Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан кассация шикояти берилиб, унда низони ҳал қилишда биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги важ қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш сўралган.

Шунингдек, ҳал қилув қарорига нисбатан Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан кассация протести келтирилиб, унда ҳал қилув қарори ноқонуний эканлиги сабабли, уни бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти, протестда ҳамда уларга нисбатан берилган эътирозномада келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатлари ва суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларга кўра, "Жаббор Мамат" фермер хўжалиги ва ОАТБ "MIKROKREDITBANK" Шеробод филиали ўртасида тузилган кредит шартномасининг таъминоти сифатида 2009 йил 17 декабрда "Аваз Амин" ХТСД, "Жаббор Мамат" фермер хўжалиги ва ОАТБ "MIKROKREDITBANK" Шеробод филиали ўртасида ипотека шартномаси тузилган.

Унга асосан "Аваз Амин" ХТСДга тегишли бўлган Термиз шаҳар, Т. Мирзаев кўчаси, 120-г уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар гаровга қўйилган.

Даъвогар судга мурожаат қилиб, мазкур шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва унга нисбатан битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашни сўраган.

Низони ҳал қилишда биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмасдан, суд томонидан аниқланган деб ҳисобланган ҳолатлар исботланмасдан, даъвони қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинган.

Даъвони қаноатлантиришда биринчи инстанция суди "Аваз Амин" ХТСД уставида (низомида) унинг раҳбарига дўконнинг мол-мулкларини гаровга қўйиш шартномаларини тузиш юзасидан ваколат берилмаганлигини асос қилиб олган.

Иш ҳужжатларига илова қилинган Бойсун тумани ҳокимининг 2003 йил 25 апрелдаги 366-сонли қарорининг 2-бандида "Аваз Амин" ХТСДнинг раҳбари Ж. Маматов эканлиги инобатга олинган.

Бундан ташқари, иш ҳужжатларидаги Термиз шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматида 246-сон билан рўйхатга олинган кадастр йиғмажилдида ҳам гаровга қўйилган кўчмас мулклар эгаси Ж. Маматов эканлиги қайд этилган.

Шунингдек, "Аваз Амин" ХТСД низомининг 6.3-бандида дўкон таъсисчиси зиммасига (таъсисчи - З. Т.) савдо дўконининг йиллик молиявий режасини ҳамда йиллик ва чораклик ҳисоботларини тасдиқлаш, дўкон даромадини умумий йиғилишда тақсимлаш юклатилган.

Низомнинг 8.3-бандида савдо дўкони чораклик ва йиллик молиявий ҳисобот баланс ва бошқа ҳисоботларни тузиб, таъсисчига, туман ДСИ ва статистика органларига тақдим этиб бориши белгиланган.

Юқорида қайд этилганларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, "Аваз Амин" ХТСД таъсисчиси З. Т. 2009 - 2012 йиллар давомида дўкон мол-мулки гаровга қўйилганлигидан бевосита хабардор бўлган ва бунга нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 132-моддасига асосан, вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Битим тузишга ваколат берган шахс томонидан битимнинг кейинчалик маъқулланиши уни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий битимга айлантиради.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан ушбу ҳолатлар ўрганилмаган ҳамда уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Бундан ташқари, 19-1207/6418-сонли хўжалик иши доирасида 2012 йил 5 июнда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан "Жаббор Мамат" фермер хўжалиги ва "Аваз Амин" ХТСДдан ОАТБ "MIKROKREDITBANK" фойдасига 22499300 сўм асосий қарз, 794900 сўм кредит фоизи ва 5000 сўм почта харажатлари ундирилиб, ундирув "Аваз Амин" ХТСДга тегишли бўлган Термиз шаҳар, Т. Мирзаев кўчаси, 120-г уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларга қаратилганлиги биринчи инстанция судининг эътиборидан четда қолгани ҳолда бунга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг иккинчи қисмига асосан, хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 3-бандида қарор унда иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларини тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлса, асослантирилган ҳисобланиши, қарор иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан мазкур талабларга риоя этилмаган ва даъвони қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинган.

Судлов ҳайъати низони ҳал қилишда биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйилганлиги сабабли, 2012 йил 16 ноябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 2-сон