язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Хўжалик субъектларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкрот деб топишга оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 03.10.2005 й. 10-0404/5711-т-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

03.10.2005 й.

N 10-0404/5711-т


(КЎЧИРМА)


Рўйхатдан ўтказувчи орган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида солиқ органининг тақдимномасини ёки махсус комиссиянинг хулосасини олган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда муассисларга ёки таъсис ҳужжатлари билан вакил қилинган органларга, асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда, корхонани ихтиёрий тугатишни таклиф этиши лозим.


Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги хўжалик судига мурожаат этиб, "Рустам-Ал" масъулияти чекланган жамиятини тугатишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан берилган кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этишни лозим деб ҳисоблайди.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги "Рустам-Ал" масъулияти чекланган жамияти олти ой давомида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ва муассислари бедарак бўлган деб ҳисоблаб, МЧЖни тугатишни сўраб, хўжалик судига мурожаат этган.

Аризачи даъво аризасига жавобгарни ҳокимликка таклиф қилинганлик ҳақидаги ҳужжатни ҳамда унинг кредиторлик ва мажбурий тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақидаги солиқ инспекциясининг ҳужжатларини илова қилган.

Бироқ, аризачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 28 июндаги ПФ-2331-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги 327-сонли қарори билан тасдиқланган "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида"ги Низом талаблари тўлиқ бажарилмаган.

Ушбу Низомнинг 3.1-бандида рўйхатдан ўтказувчи орган молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналар фаолиятини бундан кейин давом эттиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида солиқ органининг тақдимномасини ёки махсус комиссиянинг хулосасини олган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда муассисларга ёки таъсис ҳужжатлари билан вакил қилинган органларга, асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда, корхонани ихтиёрий тугатишни таклиф этиши лозим эди.

Даъвогар вакили корхона таъсисчиларининг манзили ҳақидаги маълумот ҳокимликда мавжуд эмаслигини, шунинг учун уларга хабар берилмаганлигини маълум қилган бўлса-да, солиқ инспекцияси тақдимномасида кўрсатилган "Рустам-Ал" масъулияти чекланган жамиятининг 4 нафар таъсисчиларидан бирортаси ҳам хабардор этилганлиги ҳақидаги ҳужжат ишда мавжуд эмас.

Ишни кўришда иштирок этган жавобгар вакили жавобгарнинг тугатилганлигидан бехабар қолганлигини баён этиб, унинг 589500 сўмлик мулки мавжудлиги ҳақидаги 512-сонли давлат ордерини тақдим этди ва мулк масаласи умуман ҳал этилмаганлигини билдирди. Туман давлат солиқ инспекцияси билан жавобгар ўртасида 2004 йил 12 май ҳолатига тузилган солиштириш далолатномасидан кўринишича, корхона томонидан 459099,54 сўм бюджетга ортиқча тўлов ўтказилган. Бу ҳолатга ҳам биринчи инстанция суди эътибор бермаган. Демак, корхонанинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган.

Кўрсатиб ўтилганларга биноан судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва аризани рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 1-сон