язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Хўжалик субъектларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкрот деб топишга оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 21.12.2004 й. 10-0410/8362-Т-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

21.12.2004 й.

N 10-0410/8362-Т


(КЎЧИРМА)


Муассислар (қатнашчилар) ёки улар томонидан вакил қилинган органлар турган жойни аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда корхона молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётганлар тоифасига киритилган ва бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида тегишли эълонлар босиб чиқарилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгандан кейин тугатиш жараёни амалга оширилиши мумкин.


Туман ҳокимлиги хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "AL OSIYO AUDIT" хусусий фирмаси ўзининг молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги сабабли жавобгарни тугатишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлган "AL OSIYO AUDIT" хусусий фирмаси кассация шикояти, Тошкент шаҳар прокуратураси эса, кассация протести билан Олий хўжалик судига мурожаат қилганлар.

Кассация протестида суд томонидан жавобгар вакилининг иштирокини таъминлаш чоралари тўлиқ кўрилмаганлиги, "AL OSIYO AUDIT" хусусий фирмасининг молия-хўжалик фаолиятини ҳақиқатда юритган-юритмаганлиги, солиқ органига ҳисоботларни топшириб келган ёки келмаганлиги тўлиқ ўрганилмаганлиги баён этилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўришга юбориш сўралган.

"AL OSIYO AUDIT" хусусий фирмасининг кассация шикоятида суд мажлиси жараёнидан улар бехабар бўлганликлари, аудиторлик фирмаси Тошкент шаҳрида ишлар ҳажми кам бўлганлиги сабабли вилоятларда фаолият юритиб келганлиги кўрсатилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Туман ҳокимлигининг вакили кассация шикоятини қисман тан олишини, фирманинг фаолиятига туман ҳокимлиги томонидан қаршилик йўқлигини, аммо ариза жавобгар хўжалик-молия фаолиятини амалга оширмаганлиги ҳақида солиқ органининг берган тақдимномасига асосан берилганлигини кўрсатиб, кассация шикоятини қаноатлантирмасликни сўраган.

Судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини тўлиқ ва кассация протестини қисман қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим деб топди:

ишдаги мавжуд ҳужжатлардан аниқланишича, жавобгар - "AL OSIYO AUDIT" хусусий фирмаси туман ҳокимлигидан 2001 йил 26 июль куни 666-сонли қарор билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Туман давлат солиқ инспекциясида солиқ тўловчи сифатида рўйхатга қўйилган.

Собир Раҳимов туман ҳокимлигига шу туман давлат солиқ инспекцияси тақдимнома билан мурожаат этиб, жавобгар ҳисоб рақамида охирги операцияни 2003 йил 27 февралда амалга оширганлигини эътироф этиб, уни тугатиш ва давлат реестридан чиқариш масаласини кўриб чиқишни сўраган. Тақдимномага жавобгарнинг хизмат кўрсатувчи "Ўзсаноатқурилишбанк"и Ракат филиалининг жавобгар ҳисоб рақами молия-хўжалик фаолиятини юритмаётганлиги сабабли ёпилганлиги ҳақидаги маълумотини ҳамда фирманинг фаолияти ва унинг кўрсаткичларига оид жадвални илова қилган.

С.Раҳимов туман ҳокимлиги жавобгарга корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги таклифини юборган, таклифга нисбатан жавобгардан муносабат билдирилмаганлиги сабабли хўжалик судига ариза билан мурожаат этган. Хўжалик суди томонидан жавобгарнинг юридик манзилига ажрим йўлланган, аммо жавобгар кўрсатилган манзилда бундай корхона мавжуд эмас, деб алоқа бўлинмаси ажримни қайтарган. Шундан сўнг суд мавжуд ҳужжатлар асосида ҳал қилув қарори қабул қилиб, аризани қаноатлантирган.

Биринчи инстанция суди ишни кўриш жараёнида иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни эътиборга олмаган.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июндаги ПФ-2331-сонли "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 4-банди 2-қисмида "Белгилаб қўйилсинки, муассислар (қатнашчилар) ёки улар томонидан вакил қилинган органлар турган жойни аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда корхона молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётганлар тоифасига киритилган ва бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида тегишли эълонлар босиб чиқарилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгандан кейин тугатиш жараёни суд тартибида амалга оширилиши мумкин", деб кўрсатилган.

Иш ҳужжатларида туман ҳокимлиги жавобгарнинг муассисларини ёки уларнинг вакил қилиб қўйилган органларини қидириш чораларини кўрганлиги ҳақида далиллар мавжуд эмас. Фирмани ихтиёрий тугатиш тўғрисида берилган таклифнинг жавобгарга юборганлиги тўғрисида алоқа бўлинмасининг рўйхати аризага илова қилинган бўлса-да, таклиф хатини жавобгар олган-олмаганлиги тўғрисида маълумотлар илова этилмаган. Шу ўринда суднинг юборган ажрими "қайд этилган манзилда бундай корхона мавжуд эмас", деб қайтарилганлиги инобатга олинганда жавобгарнинг жойлашган жойи аниқланиши ва тегишли тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон берилиши ҳамда уч ой муддат ўтгандан сўнггина тугатишни суд жараёни тартибида амалга ошириш лозим бўлган. Лекин оммавий ахборот воситасида эълон берилмаган ва бу ҳақда маълумот аризага илова этилмаган, суд жараёнида ҳам тақдим этилмаган.

Ҳокимлик қошидаги махсус комиссиянинг хулосасида "жавобгарнинг таъсисчиси комиссияга келмаганлиги" сабабли унинг кейинги фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқ эмас, деб топилганлиги кўрсатилса-да, комиссиянинг қайси кундаги йиғилишида ушбу қарор қабул қилинганлиги маълум эмас.

Даъво талаблари тегишли ҳужжатлар билан асосланмаган. Биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги ва уларга қонуний баҳо берилмаганлигини назарда тутган ҳолда судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим деб топди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 4-сон