ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Ер муносабатларига оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 30.07.2008 й. 14-0806/770-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

30.07.2008 й.

N 14-0806/770


(КЎЧИРМА)




Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади


Даъвогар - "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Нур" хусусий кичик корхонасига нисбатан ноқонуний равишда қурилган 32 метр узунликдаги деворни ўз ҳисобидан бузиш ва чегара чизиғини аниқлаш ҳамда "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖга Самарқанд шаҳар С. Айний кўчасига чиқиш учун йўлак ажратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.

Алелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

"Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ кассация шикояти билан Олий хўжалик судига мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорининг "Нур" кичик корхонасига ўз ҳисобидан даъвогар - "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ ҳудудида қурилган 32 метр узунликдаги деворни бузиб ташлаш мажбурияти юклатилганлиги тўғрисидаги қисмини ўзгаришсиз, "Нур" кичик корхонасига биноларининг ўнг томонида жойлашган ер майдонини бўшатиб, шу билан "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖга С. Айний кўчасига чиқадиган йўлакчани очиб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги қисмини бекор қилиб, янги қарор қабул қилишни сўраган.

"Нур" кичик корхонаси кассация шикоятида ҳал қилув қарорининг "Нур" кичик корхонасига ўз ҳисобидан даъвогар - "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ ҳудудида қурилган 32 метр узунликдаги деворни бузиб ташлаш мажбурияти юклатилганлиги тўғрисидаги қисмини бекор қилишни сўраган.

"Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ кассация шикоятидан воз кечганлиги тўғрисида ариза тақдим қилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 184-моддаси тўртинчи қисмида суд кассация шикоятидан воз кечишни қабул қилса ёки протест чақириб олинса, агар ҳал қилув қарори, қарор устидан ишда иштирок этувчи бошқа шахслар шикоят қилмаган бўлсалар, кассация инстанциясида иш юритишни тугатиш белгиланган.

Мазкур ҳолатда ҳал қилув қарори, қарор устидан ишда иштирок этувчи жавобгар - "Нур" кичик корхонаси шикоят қилганлигини ҳисобга олиб, судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикояти бўйича ишни кассация тартибида кўришни лозим деб ҳисоблайди.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2006 йил 29 декабрдаги 1836-Қ-сонли қарори билан Панжакент кўчаси 182-манзилда жойлашган, қурилиш ости майдони 1132 кв.м. маъмурий бино, омборхона ва ёрдамчи бинолари "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖнинг мулки деб тан олинган ва 4609 кв.м. ер майдони эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан унга бириктирилган. Ушбу қарор асосида Самарқанд вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида ер ва мулкка бўлган ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилган.

Собиқ Сиёб туман ижроия қўмитасининг 88/6 рақамли 1991 йил 28 мартдаги қарорига асосан "Нур" кичик корхонасига С. Айний кўчасида автомобилларни таъмирлаш учун бокслар қуришга ер участкаси ажратилган. Қарорда қурилишга ажратилган ер участкасининг майдони кўрсатилмаган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги меъморчилик ва шаҳарсозлик бошқармасининг 41-рақамли 1995 йил 5 майдаги меъморий режалаштириш талаблар тўплами ишлаб чиқилган ва "Нур" кичик корхонасига қурилиш учун лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган. Қуриб битказилган биноларни фойдаланишга қабул қилиш ҳақида 2003 йил 14 мартда 92-сонли далолатнома тузилган. Ушбу далолатномада қабулга тақдим этилган автомобилларни таъмирлаш устахонаси фойдали майдони 200 кв.м. этиб кўрсатилган. Ушбу далолатнома Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2004 йил 23 апрелдаги 354-Қ-сонли қарори билан тасдикланган ва "Нур" кичик корхонасига бинолар эгаллаб турган 284 кв.м. ер майдонини ижарага бериш белгиланган. 2004 йил 16 июлдаги Самарқанд шаҳар ер муносабатлари ва бино иншоотлар давлат кадастр бошқармаси ва "Нур" кичик корхонаси ўртасида 80-С-сонли ер ижара шартномаси тузилган. "Нур" кичик корхонаси эгаллаб турган бино ва иншоотлар ҳамда қурилиш ости ер майдони Самарқанд вилоят бино-иншоотлар ва ер давлат кадастри томонидан ҳужжатлаштирилиб, рўйхатга олинган.

Кадастр ҳужжатларига кўра, "Нур" кичик корхонасининг эгаллаб турган ер майдонлари 1 дан 6 гача "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ билан, 6 дан 7 гача савдо дўкони билан, 7 дан 1 гача С.Айний кўчаси билан чегараланганлиги аниқланган ва чегарадош фуқаролар ва ташкилотларнинг эътирозлари йўқлиги тўғрисида розилик олинган. Кадастр ҳужжатининг ер участкаси чегараларининг таърифи қисмида бино пойдеворнинг ташқи томони билан чегараланганлиги кўрсатилган.

Биринчи инстанция суди суд мажлисида мутахассис сифатида иштирок этган Самарқанд шаҳар кадастр хизмати топография бўлими бошлиғи И. Давлатов кадастр ҳужжатлари асосида хулоса бериб, "Нур" кичик корхонасининг бино ва иншоотлар ости майдони 223, 82 кв.м. эканлиги, бино орқа қисми пойдевори чегара чизиғи ҳисобланиши, "Нур" кичик корхонаси томонидан чегара девор ноқонуний равишда ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз қурилганлиги, "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ кадастр ҳужжатларида ҳам чегара девори ноқонуний равишда қурилганлигини, жамиятнинг С. Айний кўчасига чиқиш йўлаги мавжуд эмаслиги, даъво талаби бўйича кўрсатилган ер майдони кадастр ҳужжати бўйича "Нур" кичик корхонасига тегишли эканлигини баён қилган.

Биринчи инстанция суди суд мажлисида иштирок этган Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси мутахассиси М. Балаян мавжуд ҳужжатлар асосида меъморий режалаштириш талаблар тўплами лойиҳа-смета ҳужжатларини қилиш учун асос бўлишини, шаҳар ҳокимининг 2004 йил 23 апрелдаги 354-Қ-сонли қарори асосида 284 кв.м. майдон қурилиш ости майдони сифатида ижарага берилганлигини, ҳозирги кунда қурилиш ости майдонлари доимий фойдаланиш учун берилганлиги, собиқ Сиёб туман ижроия қўмитаси томонидан 1991 йил 28 мартдаги 88/6-сонли қарорда ажратилган ер майдони кўрсатилмаганлиги ҳақида кўргазма берган.

Даъвогарнинг даъво талабларидан бири "Нур" хусусий корхонаси биноларининг ўнг томонида жойлашган ер майдонини бўшатиб, шу билан "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖга С. Айний кўчасига чиқадиган йўлакчани очиб бериш мажбуриятини юклашдир.

Биринчи инстанция суди "Нур" хусусий корхонаси биноларининг ўнг томонида жойлашган ер майдонини бўшатиб, шу билан "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ га С. Айний кўчасига чиқадиган йўлакчани очиб бериш мажбуриятини юклаш талабини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида асосли тўхтамга келган.

Биринчи инстанция суди даъвогар - "Нур" кичик корхонаси билан "Сабзавотнавуруғлари" МЧЖ ўртасида бўлган ер майдонида чегара чизиғини аниқлаб, эски деворни қайтадан қуриш мажбуриятини "Нур" хусусий корхонасига юклаш тўғрисидаги даъво талабидан воз кечганлигини қабул қилиб, бу талаб бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида асосли тўхтамга келган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 17-моддасида юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкинлиги, 18-моддасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вужудга келиши, 31-моддасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши белгиланган.

"Давлат ер кадастри тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқини, ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини, шунингдек ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини, шу жумладан, сервитутлар тўғрисидаги битимлар ва бу ҳуқуқчарга доир бошқа чеклашларни давлат рўйхатига олиш туман (шаҳар) ер кадастри дафтарига тегишли маълумотларни киритиш орқали ер участкаси жойлашган ерда амалга оширилиши, ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқида, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шартлиги белгиланган.

"Давлат кадастрлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида кадастр объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юридик ва жисмоний шахсларнинг кадастр объектларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан эътироф этилиши ва тасдиқланишининг юридик ҳужжати ҳисобланиши кўрсатилган.

Жавобгар - "Нур" хусусий корхонаси кассация шикоятида унга берилган ер майдони 284 кв.м. эканлигини, туман ҳокимлигининг 2004 йил 28 апрелдаги қарорининг 1-бандида қурилиш ости майдони 284 кв.м. деб белгиланганлигани важ қилиб кўрсатса-да, кадастр ҳужжатларини тузишда ҳақиқий қурилиш ости майдони 223,8 кв.м. эканлиги ўз исботини топган. Шунингдек, ҳоким қарорининг 2-бандида ушбу ер майдони "Нур" хусусий корхонасига ижарага 2004 йил 16 июлдаги 80-С-сонли ижара шартномасига кўра 223,8 кв.м. қурилиш ости майдони уч йил муддатга ижарага берилган. Ижара шартномасининг 1.5-бандига кўра, ижарага олувчи ер бўлагига ижара муддатини узайтиришини истаган ҳолда бу ҳақда ижарага берувчини, ижара муддати тугамасдан икки ой олдин ёзма равишда хабардор этиши керак. Бу ҳолда ижарани давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасида ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак, деб белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати суд қарорлари асослантирилган ҳамда қонуний қабул қилинган деб ҳисоблаб, уларни ўзгаришсиз қоддиришни, даъвогарнинг кассация шикояти бўйича иш юритишни тугатишни, жавобгарнинг шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни ва давлат божи, почта харажатларини даъвогар, жавобгар зиммасига юклашни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2009 й., 1-сон













Время: 0.0178
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск