ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Ер муносабатларига оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 06.06.2007 й. 18-0605/9572-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

06.06.2007 й.

N 18-0605/9572


(КЎЧИРМА)




Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари хўжалик судининг бу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ва хўжалик суди у ёки бу далилларни рад қилишга ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.


Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси "Холманов Бобур Рустамович" фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалигини 2,5 гектар ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалиги фойдаланиб келаётган 1,5 гектар ер майдони "Холманов Бобур Рустамович" фермер хўжалигига олиб берилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикояти ва протестида суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати, шикоят ва протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун юборишни, кассация протести ва шикоятини қаноатлантиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Қарши туман ҳокимининг 2006 йил 18 январдаги Х-354/1-сонли қарори билан "Холманов Бобур Рустамович" фермер хўжалигига Я. Омонов ширкат хўжалиги ҳудудидаги 16к ва 12к-контурлардан 9 гектар экин ери, 0,5 гектар ариқлар, 0,5 гектар йўллардан иборат жами 10 гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилган. Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 20 январда фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳақида шартнома тузилган.

Туман ҳокимининг 2006 йил 18 январдаги Х-361/1-сонли қарори билан "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалигига Я. Омонов ширкат хўжалиги ҳудудидаги 12к-контурдан 10 гектар экин ери, 0,6 гектар ариқлар, 0,5 гектар йўллардан иборат жами 11,1 гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилган. Туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 21 январда фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳақида шартнома тузилган.

Даъвогар ўзига ажратилган ер майдонининг 2,5 гектар қисмини жавобгар эгаллаб олганлигини билдириб, ушбу ер майдонини қайтариш ҳақида даъво киритган.

Биринчи инстанция суди томонидан "Ўздаверлойиҳа" Қашқадарё ялпи лойиҳалаш бўлинмаси мутахассислари томонидан берилган 2006 йил 20 декабрдаги 06/105-сонли хулосага асосланган ҳолда 1,5 гектар ер майдонини даъвогарга олиб бериш ҳақида барвақт хулосага келинган.

Суд томонидан асос қилиб олинган 2006 йил 20 декабрдаги 06/105-сонли хулосада "Холмонов Бобур Рустамович" фермер хўжалиги фақат 16 к-сонли контурдаги 8 гектар ер майдонидан фойдаланаётганлиги, "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалигининг ер майдони 11,5 гектардан иборат эканлиги, фермер хўжалиги қарорга нисбатан 1,5 гектар ортиқча ердан фойдаланаётганлиги қайд этилган. Хулоса Р. Жўраев, А. Жумаев, С. Саидмуродовалар томонидан имзоланган.

Жавобгарнинг апелляция шикоятига илова қилинган 2006 йил 20 декабрдаги 06/105-сонли хулоса нусхасида "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалиги қарорга нисбатан 1,5 гектар ортиқча ердан фойдаланаётганлиги" жумласи мавжуд эмас.

Жавобгар томонидан кассация инстанцияси судига тақдим этилган 2006 йил 20 декабрдаги 06/10-сонли хулосанинг пастки қисмида эслатма сифатида "Жўраев Урал Бегматович" фермер хўжалигининг ер майдони жойида ўлчаб чиқилганда экин ери 0,4 гектар ортиқча эканлиги қайд этилган.

Апелляция инстанцияси суди эксперт хулосасидаги ҳолатларга аниқлик киритмаган.

Бундан ташқари, судлар томонидан жавобгарнинг "Холмонов Бобур Рустамович" фермер хўжалиги раҳбари X. Абдуллаева тендерда 36-лойиҳа бўйича қатнашганлиги, унда 37-лойиҳа 12-контурдан 2,5 гектар ер майдони ноқонуний берилганлиги ҳақидаги важларига ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 138-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари хўжалик судининг бу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ва хўжалик суди у ёки бу далилларни рад қилишга ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим. Мазкур Кодекснинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра, қарорда ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари, хўжалик судининг шу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларга асос бўлган далиллар ҳамда хўжалик суди у ёки бу далилларни рад этишга ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важлар, шунингдек суд қарор қабул қилишда амал қилган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.

Иш ҳужжатларидаги қарама-қаршиликларга аниқлик киритиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш бўйича комиссия ишга жалб қилинмаган.

Ҳар иккала фермер хўжалиги томонидан тақдим этилган фермер хўжалиги ер майдонининг хариталарини имзолаган туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, туман ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати бўлими бошлиғи, Қовчин қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, хўжалик ер тузувчиси суд мажлисига чақиртирилиб, иш ҳолатига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарори ёки қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Қайд этилганларга кўра суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, экспертиза хулосасидаги қарама-қаршиликларга аниқлик киритиб, ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш бўйича комиссияни ишда мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 11-сон












Время: 0.0179
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск