ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 18.03.2013 й. 11-1234/2403-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

18.03.2013 й.

N 11-1234/2403


(КЎЧИРМА)




Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари унун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади


Қибрай туман ҳокимлиги (бундан буён матнда туман ҳокимлиги деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Ҳакимов Абдумажидҳожи" хусусий корхонаси (бундан буён матнда хусусий корхона деб юритилади) томонидан ноқонуний қурилган объектни буздириб ташлашни ва туман ҳокими билан тузилган ижара шартномасини бекор қилишни сўраган.

Суднинг 2012 йил 6 мартдаги ажрими билан Қибрай туман ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати бўлими ҳамда "Ғани ўғли Мирза" фермер хўжалиги низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.

Ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар туман ҳокимлиги қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 29 декабрда тузилган ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топишни, 2008 йил 14 июнда тузилган 38-сонли узоқ муддатли ер ижараси шартномасини бекор қилишни ва жами 6,4 га ер майдонини давлат ер захира фондига қайтаришни, хусусий корхона томонидан 6,4 га ер майдони атрофини ўраб олиш мақсадида пишган ғиштдан ноқонуний қурилган деворлар ва бошқа ер қурилмаларини, ҳовуз, ариқ ва ноқонуний экилган арча кўчатларини буздиришни, хусусий корхонадан Тошкент вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳисобига 574872 сўм ундиришни сўраган.

Суднинг 2012 йил 4 майдаги ажрими билан қўшимча даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 11 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Ҳал қилув қарорига мувофиқ, хусусий корхона томонидан ноқонуний равишда қурилган деворлар, барча қурилмалар, ҳовуз, ариқ ва ноқонуний экилган арча кўчатлари хусусий корхона ҳисобидан бузилган. Туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 29 декабрда тузилган ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш ҳақидаги шартнома ҳақиқий эмас деб топилган ва жами 6,4 га ер майдони туман ҳокимлиги захира фондига қайтарилган. Туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 14 июнда тузилган 38-сонли узоқ муддатли ер ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида талаб кўрмасдан қолдирилган. Хусусий корхонадан Тошкент вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳисобига 574872 сўм ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 10 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг туман ҳокимлиги ва хусусий корхона ўртасида 2008 йил 29 декабрда тузилган ер ижараси шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бекор қилинган ва даъво талабининг шу қисмини қаноатлантириш рад этилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисмлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2012 йил 27 августдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 21 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилган. Ҳал қилув қарорига мувофиқ, хусусий корхона томонидан 6,4 га ер майдони атрофидаги ноқонуний қурилган деворлар, барча қурилмалар, ҳовуз, ариқ ва ноқонуний экилган арча кўчатлари хусусий корхона ҳисобидан бузилган. Туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 29 декабрда тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабни қаноатлантириш рад этилган. Туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 14 июнда тузилган 38-сонли узоқ муддатли ер ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақидаги талаб кўрмасдан қолдирилган ва жами 6,4 га ер майдони туман ҳокимлиги захира фондига қайтарилган. Хусусий корхонадан Тошкент вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳисобига 574872 сўм суд харажатлари ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация протестида туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 14 июнда тузилган 38-сонли узоқ муддатли ер ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида талаб кўрмасдан қолдирилган бир пайтда, жами 6,4 га ер майдони туман ҳокимлиги захирасига нотўғри қайтарилгани ҳақида важ келтирилиб, ҳал қилув қарорини ўзгартириш сўралган.

Кассация шикоятида эса, хусусий корхона томонидан 6,4 га ер майдонида барпо этилган қурилмалар туман ҳокими қарори ва бошқа тегишли ҳужжатларга асосан қурилганлиги, бу қарор бекор қилинмагани ёки ҳақиқий эмас деб топилманлиги ҳақида важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони тўлиқ рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят ва протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "Истиқлол Мирзахонов Икром" фермер хўжалигига қарашли бўлган 2,8 га мевали боғзор "Республика кўчмас мулк биржаси" Тошкент вилоят филиалининг 2006 йил 19 сентябрдаги 1070-сонли сохта олди-сотди шартномасига асосан фуқаро А.Ҳ.га сотилган. Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2009 йил 11 июндаги фуқаро И.М.га нисбатан чиқарган ажрими билан тасдиқланган.

Қибрай туман ҳокимининг 2008 йил 12 майдаги 575-сонли қарори билан сотиб олинган жами 2,8 га мевали боғзор фуқаро А.Ҳ.га корхона ташкил қилиш учун берилган. Натижада "Ҳакимов Абдумажидҳожи" хусусий корхонаси ташкил этилиб, туман ҳокимлиги билан хусусий корхона ўртасида 2008 йил 14 июнда 38-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш ҳақида шартнома тузилган.

Қибрай туман ҳокимининг 2008 йил 8 ноябрдаги 2677-сонли қарори билан хусусий корхонага туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобидан жами 3,6 га ер майдони қўшимча равишда ажратилган бўлиб, мазкур қарор Тошкент вилоят ҳокимининг 2008 йил 29 декабрдаги 279-сонли қарори билан тасдиқланган. Натижада хусусий корхонага ажратилган жами ер майдони 6,4 гектарни ташкил этган.

Қибрай туман ҳокимининг 2008 йил 29 июлдаги 997-сонли қарорига асосан хусусий корхонага ижарадаги ер майдонининг 0,1 гектаридаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган қисмини ижара муддати тугагунга қадар фойдаланиш учун енгил типдаги дала шийпони, омборхона ҳамда ёрдамчи бинолар қурилишига, ер майдони атрофини енгил типдаги тўсиқ билан ўрашга рухсат берилиб, хусусий корхона раҳбари зиммасига юқорида кўрсатилган қурилиш учун Тошкент вилояти архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан меъморий режалаштириш топшириғи (АПЗ) ва лойиҳа ҳужжатлари тайёрлатиш вазифаси юклатилган.

Хусусий корхона томонидан енгил типдаги дала шийпони, омборхона ҳамда ёрдамчи бинолар қуриш, ер майдони атрофини енгил типдаги тўсиқ билан ўраш ҳақида 719-08-сонли шаҳарсозлик хулосаси олинган.

Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасида объектлар қурилишига рухсатнома - ер участкаси мулкдори, эгаси ёки бу участкадан фойдаланувчининг ер участкасида қуришни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, объектлар қурилишига рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, унинг давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилиши қайд этилган.

Шунингдек, объектлар қурилишига рухсатнома буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозимлигини, объектлар қурилишига рухсатнома мавжудлиги ҳақидаги ахборотни буюртмачи барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг талабларига биноан тақдим этиши, буюртмачи қурилиш бошланадиган муддат тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмасига ахборот тақдим этиши шартлиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 212-моддасининг биринчи қисмида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланиши қайд этилган.

Аммо, хусусий корхона 6,4 га ер майдонини қонунга хилоф равишда, яъни Тошкент вилоят давлат экспертиза бошқармасининг хулосасини олмасдан ҳамда вилоят архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси бошқармасидан иншоотлар лойиҳасини рўйхатдан ўтказмасдан, қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсатнома олмасдан пишиқ ғиштлардан девор билан ўраб олиб, боғнинг асосий қисмини бузиб, ўрнига манзарали (доимо яшил) дарахтлар экиб, ер майдонининг ўрта қисмидан ариқ ва бошқа бино-иншоотлар қурилишини амалга ошириб, қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилмасдан, ўзбошимчалик билан бино-иншоотлар қурган.

Шу сабабли, биринчи инстанция суди 6,4 га ер майдонида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳақида тўғри хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 111-моддаси биринчи қисмига кўра, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Аммо, Қибрай туман ҳокимининг 2008 йил 8 ноябрдаги 2677-сонли қарори билан хусусий корхонага туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобидан жами 3,6 га ер майдони қўшимча равишда ажратилган бўлса-да, 2008 йил 29 декабрдаги шартнома туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланмаган ва рўйхатдан ўтказилмаган. Шу сабабли, даъво аризанинг ушбу қисми ҳам асосли равишда рад этилган.

Туман ҳокимлиги хусусий корхона билан 2008 йил 14 июнда тузилган 38-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақида талаб билан судга мурожаат қилишда низони судгача ҳал этиш тартибига риоя этмаганлиги сабабли, ҳал қилув қарори билан ушбу талаб асосли равишда кўрмасдан қолдирилган.

Туман ҳокимлигининг 2009 йил 30 сентябрдаги 1023-сонли қарори билан туман ҳокимининг 2008 йил 12 майдаги 575-сонли, яъни хусусий корхонага 2,8 га ер майдонини ажратиш ҳақидаги қарори бекор қилинган. Мазкур қарордан норози бўлиб, хусусий корхона хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2009 йил 30 сентябрдаги 1023-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Вилоят хўжалик судининг 2010 йил 17 июндаги ажрими билан мазкур даъво бўйича иш юритиш тугатилган. Аммо, шу хўжалик иши бўйича Тошкент вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан ўтказилган топографик ўлчов учун 574872 сўм харажат ундирилмай қолган. Шу сабабли, даъво аризасининг ушбу қисми ҳам асосли равишда хусусий корхона ҳисобидан қаноатлантирилган.

Биринчи инстанция суди даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган. Аммо, 6,4 га ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақида нотўғри тўхтамга келган. Чунки, туман ҳокимлиги кўрмасдан қолдириш асосларини бартараф этган ҳолда айнан шу талаб бўйича такроран хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиши мумкин.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация протестини қаноатлантиришни, кассация шикоятини эса рад этишни, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидаги "Жавобгар - "Ҳакимов Абдумажидҳожи" хусусий корхонасига бириктирилган 6,4 га ер майдони Қибрай туман ҳокимлиги давлат ер захира фондига қайтарилсин" сўзларини "Ҳакимов Абдумажидҳожи" хусусий корхонасига бириктирилган 3,6 га ер майдони Қибрай туман ҳокимлиги давлат ер захира фондига қайтарилсин", деган сўзларга ўзгартиришни, тўланган 629290 сўм давлат божи ва 7000 сўм почта харажатларини хусусий корхона зиммасида қолдиришни, ундан қўшимча равишда 628032 сўм давлат божи ундиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 5-сон
















Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск