язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Суд қарорларини ижро этиш билан боғлик масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 17.04.2012 й. 10-1115/12027-сон Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.04.2012 й.

N 10-1115/12027


(КЎЧИРМА)




Ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан ундирув биринчи навбатда қарздорнинг сўмдаги ва чет эл валютасидаги пул маблағларига ҳамда бошқа қимматликларига, шу жумладан, банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги пул маблағларига ҳамда ўзга қимматликларига қаратилади


Очиқ акциядорлик инновация тижорат банки "Ипак йўли" (бундан буён матнда Банк деб юритилади) ва Банкнинг Сағбон филиали (бундан буён матнда Банк филиали деб юритилади) Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Суд департаменти деб юритилади) ва унинг Мирзо Улуғбек туман бўлимига (бундан буён матнда Суд ижрочилари туман бўлими деб юритилади) нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, Суд департаменти суд қарорларини ижро этиш бошқармаси инспекторининг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни ва унинг 2011 йил 14 июлдаги, 2011 йил 18 июлдаги қарорларини ҳамда Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочисининг 2011 йил 17 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

2011 йил 19 июлдаги суд ажрими билан Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Суд ижрочилари шаҳар бошқармаси деб юритилади), 2011 йил 8 августдаги суд ажрими билан "Геолтехтаъминот" давлат корхонаси ва "Совзонд" ёпиқ акциядорлик жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида ишга жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган. Суд ижрочисининг "Геолтехтаъминот" давлат корхонаси аккредитив ҳисоб рақамидаги валюта пул маблағларига банд солиш билан боғлиқ ҳаракатлари ноқонуний деб топилган. Суд департаменти суд қарорларини ижро этиш бошқармаси инспекторининг 2011 йил 14 июль ва 2011 йил 18 июлдаги қарорлари, Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочисининг 2011 йил 17 июндаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Суд департаменти зиммасига "Геолтехтаъминот" давлат корхонаси аккредитив ҳисоб рақамидан олинган 184457,38 АҚШ долларини қайтариш мажбурияти юклатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.

Кассация шикоятида Суд ижрочилари туман бўлими миллий валютадаги ҳисоб рақамида етарли пул маблағлари бўлса-да, қарздорликни шу ҳисоб рақамдан ундирмасдан, аккредитив ҳисоб рақамида мавжуд бўлган валютадаги пул маблағига нотўғри қаратганлиги таъкидланиб, суд қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучда қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, хўжалик судининг 10-1004/22373-сонли хўжалик иши бўйича 2011 йил 7 февралда "Геолтехтаъминот" давлат корхонасидан "Совзонд" ёпиқ акциядорлик жамиятига жами 217620,46 АҚШ доллари ундириш ҳақида ижро варақаси берилган.

Суд ижрочилари туман бўлими томонидан 2011 йил 29 апрелда ижро варақалари иш юритувига қабул қилиниб, ижро иши қўзғатилган ҳамда 2011 йил 30 майдаги қарор билан "Геолтехтаъминот" давлат корхонасининг ҳисоб рақамларига банд солинган. Суд ижрочилари туман бўлими томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш жараёнида "Геолтехтаъминот" давлат корхонасининг Банк филиалидаги аккредетив ҳисоб рақамида ижро ҳужжатига асосан қарзни тўлиқ қоплашга етарли бўлган АҚШ доллари мавжудлиги аниқланган. Ушбу аккредетив ҳисоб рақам "Геолтехтаъминот" давлат корхонаси билан "Group Fordia iNS" (Канада) компанияси ўртасида тузилган шартнома бўйича конвертация қилинган пул маблағлари учун очилган. Суд ижрочилари туман бўлими 2011 йил 17 июндаги қарори билан ундирувни ушбу валюта ҳисоб рақамидаги пул маблағларига қаратиб, Банкка пул маблағини Суд ижрочилари туман бўлимининг ҳисоб рақамига ўтказиш мажбуриятини юклаган.

2011 йил 5 июлда "Геолтехтаъминот" давлат корхонасидан "Совзонд" ёпиқ акциядорлик жамиятига жами 217620,46 АҚШ доллари ундириш ҳақида ижро варақанинг ижроси Суд департаменти хўжалик суди қарорларини ижро этиш бўлимига ўтказилган. Шу бўлим инспекторининг 2011 йил 14 июль ва 2011 йил 18 июлдаги қарорлари билан ундирув қарздорнинг валюта ҳисоб рақамидаги пул маблағларига қаратилган.

Банк суд ижрочисининг ва Суд департаменти инспекторининг ушбу ҳаракатларидан норози бўлиб, уни ноқонуний деб топишни суддан сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 10 июлдаги "Биржадан ташқари валюта бозори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 294-сонли қарори билан тасдиқланган "Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 44-бандига асосан, махсус валюта ҳисоб рақамларига қўшиб қўйилган маблағлар корхоналар ва ташкилотлар томонидан қатъиян мақсадли равишда тузилган шартномаларга мувофиқ сарфланади.

Биринчи инстанция суди Низомнинг ушбу бандига асосланиб, арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Чунки, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 47-моддасининг иккинчи қисмига биноан, ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний ва юридик шахслардан ундирув биринчи навбатда қарздорнинг сўмдаги ва чет эл валютасидаги пул маблағларига ҳамда бошқа қимматликларига, шу жумладан, банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги пул маблағларига ҳамда ўзга қимматликларига қаратилади.

Ушбу Қонуннинг 48-1-модласига мувофиқ, қарздордан топилган ва олиб қўйилган, ижро ҳужжатида кўрсатилган нақд чет эл валютасини суд ижрочиси олиб қўйилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай Суд департаменти органининг депозит ҳисобварағига топширади, ижро ҳужжатида кўрсатилганидан бошқа чет эл валютасини ёки сўмдаги нақд пул маблағларини сотиш (ижро ҳужжатида кўрсатилган тегишли чет эл валютасини сотиб олиш) учун чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқидан фойдаланувчи банкка топширади.

Қарздорнинг банк ҳисобварағида, омонатида турган ёки банкда сақланаётган, ижро ҳужжатида кўрсатилганидан бошқа чет эл валютасидаги. ёки сўмдаги пул маблағлари хатланганида суд ижрочиси ўз қарори билан ваколатли банк зиммасига ижро ҳужжатини ижро этиш учун зарур бўлган миқдорда ижро ҳужжатида кўрсатилган тегишли чет эл валютасини сотиб олиш мажбуриятини юклайди.

Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочиси ушбу Қонун нормасига асосланиб ижро ҳаракатларини амалга оширган. Қонунда суд ижрочисининг мақсадли сарфланиши назарда тутилган ҳисоб рақамига ундирувни қаратиши тақиқланмаган. Бундан ташқари, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, Низом нормаларидан қонун нормалари юқорироқ кучга эга.

Шу боис, Суд департаменти хўжалик суди қарорларини ижро этиш бўлими инспектори ва Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочисининг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд эмас.

Апелляция инстанцияси суди ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериб, ҳал қилув қарорини асосли равишда бекор қилган ва арз қилинган талабни рад этган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 6-сон