ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Етказиб бериш шартномаси шартларини бузганлик учун жарима ундириш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЕТКАЗИБ БЕРИШ ШАРТНОМАСИ

ШАРТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАРИМА УНДИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Тошкент шаҳри Хўжалик судига юридик шахс - ишлаб чиқариш кооперативи (бундан кейин - ИЧК) Ишлаб чиқариш бирлашмасига (бундан кейин ИЧБ) нисбатан даъво билан мурожаат қилди. Низонинг моҳияти қуйидагидан иборат эди. ИЧК ИЧБ билан бир йил муддатга етказиб бериш шартномасини тузди, унга мувофиқ, ИЧК ўз зиммасига ИЧБга маълум миқдорда товар етказиб бериш мажбуриятини олди. Товар тўртта тенг туркумлар билан етказиб берилиши назарда тутилди. ИЧБ ўз навбатида шартнома мажбуриятларига кўра ИЧК етказиб берган навбатдаги туркум учун юклаб жўнатилган пайтдан бошлаб ўттиз кун давомида ҳақ тўлаш мажбуриятини олган эди. Товар қиймати шартномада АҚШ долларида кўрсатилган, у амалдаги тўлов кунида Марказий банк курси бўйича сўмларда тўланиши шарт эди. Дастлабки уч туркумга амалда ҳақ жавобгар томонидан шартномада кўрсатилган муддатда амалга оширилди. Товарнинг сўнгги туркумини етказиб берганлик учун ҳақ тўлови ўтказиб юборилди, шу сабабли ИЧК ИЧБдан 142964465, 56 сўм асосий қарзни ва тўлов ўтказиб юборилганлиги учун 52315185 сўм пеняни ундириб беришни сўраб судга мурожаат қилди.


КООПЕРАТИВНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Даъвогарнинг вакиллари ўз важларини қуйидагича асосладилар:

- жавобгар етказиб берилган товар туркумига ҳақ тўлашнинг шартномада белгиланган муддатларини бузди;

- тузилган шартноманинг шартларига мувофиқ тўловни ўтказиб юборганлик учун ўтказиб юборилган ҳар бир кунга 0,1 фоиз миқдорида пеня белгиланган;

- бунга қўшимча тарзда 1998 йил 29 августда 670-I-сон билан қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома - ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига кўра етказиб берилган товар тўловини ўтказиб юборганлик учун жавобгар ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлаши керак, лекин у ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.



БИРЛАШМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ўз навбатида жавобгар шуни билдирдики, у курс фарқи бўлган 71543126 сўмни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган миқдордаги кредиторлик қарзини ва суд мажлисига қадар тўланган, асосий қарзнинг 54939287 сўм миқдоридаги қисми суммасини эътироф этади, бироқ мазкур ҳолда пеня тўланиши асосланмаган, чунки оғир молиявий аҳвол 52315185 сўм миқдорида неустойка тўлаш имконини бермайди.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Тошкент шаҳар Хўжалик суди иш материалларини, тарафлар тақдим этган важ ва далилларни ўрганиб, даъвогарнинг талабларини қисман қаноатлантирди. Суд ўзининг ҳал қилув қарорида қуйидагиларни кўрсатди:

- ИЧБ асосий қарз суммасини эътироф этади ва шу сабабли жавобгар томонидан даъвогарга суд мажлисига қадар асосий қарзни тўлаш ҳисобварағига 54939287 сўм миқдорида сумма тўланганлигини ҳисобга олиб ИЧК талабини қаноатлантириш керак;

- жавобгар томонидан пеня суммасини тўлаш қисмида ИЧК талабини фақат шартномавий неустойка қисмида, яъни муддати ўтказилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида қаноатлантириш керак, бу эса 17609449 сўмни ташкил этди;

- қонун томонидан белгиланган неустойка суммасини тўлаш қисмида суд Олий хўжалик суди пленумининг 1999 йил 5 февралдаги “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг жавобгарлик тўғрисидаги қоидалари қўлланиши баъзи масалалари ҳақида” 77-сон қарори 4-бандининг қоидаларига асосланиб рад этди ва 52315185 сўм миқдоридаги неустойка суммаси мазкур ҳолда ИЧБ бузган мажбуриятлар оқибатларига мутаносиб эмаслигини кўрсатди.

ИЧБ биринчи инстанция судидан норози бўлди ва Тошкент шаҳри Хўжалик судининг апелляция инстанциясига ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида Хорижий валютадаги операцияларни бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларда акс эттириш тартиби тўғрисида низом (ЎзР АВ томонидан 2001 йил 16 ноябрда 1085-сон билан рўйхатдан ўтказилган) инобатга олинмаган деган асос билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилди. Кўриб чиқилаётган Низом (МВ, ДСҚ, ИВ, МБ ва Давстатқўмнинг ЎзР АВ 2003 йил 7 июнда 1085-2-сон билан рўйхатдан ўтказган қарорига мувофиқ кучини йўқотган ва бугунги кунда амал қилмайди - таҳр. изоҳи) 5-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра 2001 йил 1 ноябргача сотилган маҳсулот учун тўлаш ҳисобварақлари 2001 йил октябрининг охирги кунида Марказий банк курси бўйича ёзилади. Шу тариқа, ИЧБ фикрича, курс фарқи суммаси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида кўрсатилганидек 71543126 сўм эмас, атиги 15865045, 25 сўмни ташкил этади, чунки 2001 йил октябрининг охирги кунида АҚШ доллари курси камроқ эди. Шу тариқа, ИЧБ ИЧКга биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан камроқ суммани тўлаши керак.

ИЧК вакиллари ИЧБ вакилларининг важларига қарши эътироз билдирдилар ва жавобгардан улар иш биринчи инстанцияда кўрилаётгандаёқ айтган 34705736 сўм миқдоридаги пеня кўринишида қонуний неустойкани қўшимча равишда ундиришни сўрадилар.

Апелляция инстанцияси суди шикоятни қаноатлантиришни рад этиб, биринчи инстанция судининг хулосаларини қўллаб-қувватлади, бунда 1085-сон Низомни мазкур ҳолда қўллаб бўлмаслигини кўрсатди, чунки унинг 5-банди тўртинчи хатбошисининг келтирилган талаблари хорижий валютадаги операцияларни амалга оширадиган ва хорижий валютадаги маҳсулот (ишлар, хизматлар)га нархлар (тарифлар)ни белгилайдиган хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилади. Даъвогар ўз маҳсулотига хорижий валютада нарх белгиламаган, етказиб бериш шартномасини тузиш чоғида тарафлар етказиб бериладиган товарларнинг қиймати тўлаш кунидаги Марказий банк курси бўйича АҚШ долларларидаги суммага муқобил тарзда сўмларда тўланади деб белгилаганлар.

Апелляция инстанциясининг позициясига қўшилмаган ИЧБ Олий хўжалик судига кассация шикоятини топширди. Суд ҳайъати ИЧБ кассация шикоятини қисман қаноатлантирди, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини тўла бекор қилди ҳамда ИЧК даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги ҳал қилув қарорини қабул қилди. Суд бунда қайд этдики, даъвогарнинг ўзи шартнома шартларини бузган, жавобгарга ҳар бир туркумда муайян миқдордаги товарни кам етказиб берган. Бунда жавобгар ҳар бир туркум учун ҳақни тегишли ҳажмда тўлаган. Даъвогар жавобгарга шартнома билан шартланган товарни тўлиқ ҳажмда етказиб бермаганлиги, жавобгар эса тўловларни шартнома шартларига мувофиқ етказиб берилган маҳсулотга тенг қисмда амалга оширганлиги сабабли, ишнинг биринчи инстанция суди томонидан кўрилиши пайтида жавобгар амалда тўлаш бўйича қарзга эга бўлмаган.



Ш А Р Ҳ


Фуқаролик кодексининг қоидаларига мувофиқ тарафлар етказиб бериш шартномасини тузиш чоғида товарни шартноманинг амал қилиш муддати давомида алоҳида туркумлар билан етказиб берилишини назарда тутишлари мумкин. ФК 440-моддасининг 2-қисмига кўра етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда шартномада товарни етказиб бериш жадвали (ўн кунлик, суткалик, соатлик ва ҳоказо) белгиланиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 356-моддасига мувофиқ етказиб беришлар тарафларнинг келишуви билан белгиланган нархда тўланиши керак. Бунда, одатда, нарх миллий валюта - сўмларда белгиланади. Шартнома тузаётганда ФК 245-моддаси 1-қисмининг қоидасидан фойдаланиш ва товарга ҳақ хорижий валютадаги муайян суммага муқобил бўлган миқдорда сўмларда ёки шартли пул бирликларида (экю, “қарз олишнинг махсус ҳуқуқлари” ва ҳоказо) тўланишини назарда тутиш мумкин. Бу ҳолда сўмларда тўланадиган сумма миқдори тўлов кунида тегишли валюта ёки шартли пул бирликларининг расмий курси бўйича белгиланади, агар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан уни белгилашнинг бошқа курси ёки бошқа санаси ўрнатилган бўлмаса.

ФК 236-моддасига кўра етказиб бериш бўйича тарафларнинг мажбуриятлари шартнома шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Бунда агар контрагентлар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузган тақдирда уларнинг ҳар бири учун нохуш оқибатлар юзага келиши мумкин. 1998 йил 29 августда 670-I-сон билан қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома - ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун 24-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда ушбу тараф бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди, шунингдек Фуқаролик кодекси, бошқа қонун ҳужжатлари ва шартномада назарда тутилган тартибда бошқача тарзда жавобгар бўлади. Бошқача тарздаги жавобгарлик жарима ёки пеня кўринишидаги неустойкани тўлашда ифодаланиши мумкин.

Умумий қоидага кўра, шартномада шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган бўлса, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 25-33-моддалари билан белгиланган чоралар кўрилади, агар қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқа нарса белгиланган бўлмаса. Тарафлардан бири етказиб бериш шартномасида назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, ФК 263-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ кредитор, тарафларнинг келишувида уни тўлаш мажбурияти назарда тутилганлиги ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, қонуний неустойкани талаб қилишга ҳақлидир.

Неустойканинг миқдорини белгилаш чоғида Олий хўжалик суди пленумининг раҳбарий тушунтиришларига асосланиш лозим. Чунончи, Олий хўжалик суди пленумининг 2002 йил 4 мартдаги “Хўжалик судлари томонидан “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг қўлланиш амалиёти баъзи бир масалалари ҳақида” 103-сон қарорининг 11, 13-бандларига кўра неустойка аввало шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик билан боғлиқ бўлган зарарни қоплашга йўналтирилган. Шу сабабли шартнома мажбуриятларини бузиш оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлаш зарур. Неустойка (пеня, жарима) миқдорини белгилаётганда шартнома мажбуриятларини бузиш даражасини аниқлаш, тарафлар тақдим этган ҳисоб-китобларда жарима қанча миқдорда ва қайси даврга ҳисобланганлигига, тарафлар улар қўлланишини қандай қонун ёки шартнома банди билан асослаётганлигига эътибор қаратиш, зарур ҳолларда неустойкани қайта ҳисоб-китоб қилиш, тарафларнинг талабига кўра ҳисоб-китобларни аниқлаштириш учун мутахассисларни жалб этиш, экспертиза тайинлаш лозим.

Олий Хўжалик суди пленумининг 1999 йил 5 февралдаги “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг жавобгарлик тўғрисидаги қоидалари қўлланиши баъзи масалалари ҳақида” 77-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ, шартномада мажбуриятни биргина бузиш учун жарима шаклида неустойка ва пеня шаклида неустойка тўланиши назарда тутилган ҳолларда кредитор, агар қонунда бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, фақат неустойканинг бир шакли қўлланишини талаб қилишга ҳақли эканини ҳисобга олиш керак.

ФК 326-моддасининг биринчи қисмига кўра агар тўланадиган неустойка кредитор мажбуриятини бузишнинг оқибатларига очиқдан-очиқ мутаносиб бўлмаса, суд неустойкани камайтира олади. 77-сон қарорнинг 4-бандига мувофиқ, агар неустойка суммаси асосий қарз суммасидан ошиб кетмаса, у суд томонидан баёнот берилган суммада зарарлар миқдорини аниқламасдан ундирилиши мумкин. Агар неустойка суммаси асосий қарз суммасидан ошиб кетса, суд даъвогардан зарарлар ва неустойканинг мутаносиблигини белгилашга зарарларнинг асосли ҳисоб-китобини талаб қилиб олиши мумкин. Улар номутаносиб бўлса, суд шаклланган суд амалиётидан келиб чиқиб, неустойка миқдорини асосий қарз суммасига қадар камайтира олади, бунда қарздорнинг мажбуриятни бажариш даражаси, мажбуриятда қатнашаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олинади.

ИЧК ва ИЧБ ўртасидаги низога нуқта қўйган Олий хўжалик судининг суд ҳайъати ушбу масалани кўраётганда аввало Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартнома-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларига таянди ва қонуний ҳамда асосланган ҳал қилув қарори қабул қилди. У қуйи суд инстанцияларининг камчиликларини ҳам кўрсатди. Ҳайъатнинг фикрича, биринчи ва апелляция инстанцияларининг судлари ишни тўғри ва асосланган тарзда ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни охиригача текширмай ва ўрганмай туриб, ўз ҳужжатларини қабул қилган, жавобгар шартнома мажбуриятларини тўла бажарганлиги ва қарзини тўлиқ сўндирганлиги далилини ҳисобга олмаган.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган






Время: 0.0069
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск