ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ОЛДИ-СОТДИ ШАРТНОМАСИНИ

ҲАКИКИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ

ТЎГРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Юридик шахс (бундан кейин - хусусий фирма) давлат қурилиш бирлашмаси (- бирлашма) таркибига кирадиган давлат корхонаси (- корхона) билан олди-сотди шартномасини тузди ва ундан унинг шартларида икки омбор ва идоранинг маъмурий биносини харид қилди. Кейинроқ хусусий фирма хўжалик судининг қарори билан тугатилди, унинг мажбуриятлари бўйича бошқа юридик шахс ( - фирма) ҳуқуқий ворис бўлди. Бир оз вақтдан сўнг мазкур бинолар Давлат мулки қўмитасининг фармойишига кўра такроран Республика кўчмас мулк биржасида учинчи шахсга сотилди. Шу муносабат билан улар фирманинг ҳақиқатдаги эгалигидан олинди ва янги мулкдорга берилди. Фирма Хўжалик судига биржада тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва унга қонунга хилоф равишда олиб қўйилган мол-мулкни қайтариш, шунингдек кўрсатилган ҳаракатлар туфайли етказилган зарарни қоплаш талаби билан мурожаат қилди. Ишда жавобгар сифатида қатнашган бирлашма ўз навбатида фирмага қарши даъво билан чиқди ва илгари хусусий фирма билан корхона ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.


ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Даъвогарнинг вакиллари ўз даъволарини фирма суднинг ҳал қилув қарорига асосан, хусусий фирманинг ҳуқуқий ворисига айланганлиги билан асосладилар. Хусусий фирма балансида қолган барча мол-мулк, шу жумладан, бунгача хусусий фирма мулк сифатида харид қилган уч бино ҳуқуқий ворислик тартибида унга ўтди. Бирлашма ва Давлат мулки қўмитаси Қонунни ҳамда Конституция ва Фуқаролик кодекси томонидан кафолатланган мулк ҳуқуқини бузиб, бу иморатларни фирмадан олиб қўйдилар ва учинчи шахсга сотдилар.



БИРЛАШМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Бирлашма вакилларининг айтишича, корхона кўрсатилган мол-мулкни сота олмас эди, чунки унга доир мулк ҳуқуқига эга бўлмаган ва бундай сотиш учун мулкдор розилигини олмаган. Фирма тугатилган хусусий фирманинг ҳуқуқий вориси ҳисобланмайди ва шунинг учун низолашилаётган мол-мулк унга мулк ҳуқуқи тарзида тегишли эмас.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг, шунингдек Давлат мулки қўмитаси вакилининг (у суд жараёнида мустақил талабларсиз учинчи шахс сифатида сўзга чи??ан) важларини тинглаб, фирма даъволарининг ноқонунийлиги тўғрисида хулосага келди. Ўз далилларини асослашда суд қуйидаги қоидаларга асосланди:

- корхона давлат унитар корхонаси ҳисобланган ва унинг балансида қайд этган барча мол-мулк унда хўжалик юритиш ҳуқуқида турган;

- корхона томонидан сотилган бинолар кўчмас мулк ҳисобланган ва  мулкдорининг тегишли рухсатисиз корхона уларни хусусий фирмага сотиш ҳуқуқига эга эмас эди;

- кўрсатилган мол-мулкнинг олди-сотди шартномаси Фуқаролик кодексининг 111-моддасига хилоф равишда рўйхатдан ўтказилмаган.

Шу тариқа, Фуқаролик кодексининг 112-моддасига асосан корхона ва хусусий фирманинг ушбу олди-сотди шартномаси у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмаслигини назарда тутиб, суд фирманинг талабларини қондиришни рад этди. Биринчи инстанциянинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган фирма узрли сабабларсиз уни топшириш муддатларини кечиктирган ҳолда юқори инстанцияга апелляция шикояти берди. Шу сабабли, апелляция инстанцияси ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида даъвогарнинг илтимосини рад қилди. Шунда фирма Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва унинг олиб қўйилган мол-мулкни қайтариш ҳамда зарарни тўлаш тўғрисида талабини қондиришни сўради. ОХС суд ҳайъати биринчи инстанция суди хулосаларининг қонунийлиги ва асослилигини тасдиқлаб, корхона давлат унитар корхонаси бўлганлиги учун кўчмас мулкни ДМҚ рухсатисиз сота олмаслигини тушунтирди, чунки унинг мулкдори эмас эди. Бу кўчмас мулк битимни тегишли давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хусусийлаштиришни ўтказиш воситасида мулкка ўтиши мумкин эди. Қонуннинг мазкур талаблари сотиш чоғида бузилган ва шу сабабли биринчи инстанция суди қонуний равишда олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топди. Фирманинг бинолар қурилиш материаллари сифатида сотилган деб кўрсатган важи эътиборга олинмади, чунки шартноманинг ўзида қурилиш материаллари эмас, балки омборлар ва идоранинг маъмурий биноси предмет сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, суд таъкидладики, айни кўчмас мулк харид қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳолат бўлиб, фирма томонидан ушбу мол-мулк банкдан олинган кредит қайтарилишини таъминлаш учун гаров сифатида берилганлиги далили ҳисобланади.

Шу тариқа, суд Фуқаролик кодексининг 113, 114-моддаларининг қоидаларига таяниб белгиладики, икки омбор ва идора маъмурий биносининг олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади ва корхона зиммасига фирмага бошқаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар билан биргаликда унга тўланган пул маблағларини қайтариш мажбуриятини юклади.



Ш А Р Ҳ


Фуқаролик кодекси 70-моддасининг биринчи қисмига кўра ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади. Давлат унитар корхонаси Давлат мулки қўмитасининг ёки у ваколат берган шахснинг қарорига кўра ташкил этилади ва у ўз фаолиятини юритиш учун мол-мулк билан таъминланади. Бунда давлат унитар корхонаси бу мол-мулкнинг мулкдори ҳисобланмайди. Фуқаролик кодексининг 176-моддасига мувофиқ, хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ихтиёрида мол-мулк бўлган унитар корхона бу мол-мулкка Фуқаролик кодексининг 177-моддасида белгиланадиган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ, унитар корхона хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ўзига қарашли бўлган кўчмас мулкни мулкдорнинг розилигисиз сотишга, ижарага беришга, гаровга қўйишга, хўжалик ширкатлари ва жамиятларининг устав фондига ҳисса сифатида топширишга ёки бу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этишга ҳақли эмас. Ушбу модданинг тўртинчи қисмига кўра корхонага қарашли бошқа мол-мулкни у мустақил тасарруф этади.

Кўчмас мулкка, Фуқаролик кодексининг 83-моддасига кўра, ер участкалари ва ер ости бойликлари, кўп йиллик дов-дарахтлар, шунингдек бинолар ва иншоотлар киради. Бунда бинолар сотилиши (харид қилиниши) чоғида улар билан битимлар, кўчмас мулк объектлари билан бўлганидек, Фуқаролик кодекси 111-моддасининг биринчи қисмига кўра, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 84-моддасига мувофиқ, сотилган (харид қилинган) биноларга мулк ҳуқуқи ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши керак, у бинолар ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 387-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-бандига мувофиқ, туман ва шаҳарлар кўчмас мулк давлат кадастри хизматлари томонидан амалга оширилади.

Фуқаролик кодексининг 112-моддасига мувофиқ, бинолар ва иншоотлар олди-сотди шартномасини давлат  рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилинмаслиги унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради, бундай шартнома суднинг ушбу фактни эътироф этишдан қатъи назар, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Фуқаролик кодексининг 114-моддасига кўра давлат рўйхатидан ўтмаган биноларнинг олди-сотди шартномаси юридик оқибатларга олиб келмайди, бундан унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғланганлари ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмаслари мустаснодир. Бундай шартнома ҳақиқий бўлмаганида тарафлардан ҳар бири бошқасига унинг бўйича олган ҳамма нарсани қайтариши, олинган нарсани аслича қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши керак.

Хўжалик суди томонидан кўрилган ишдан аён бўладики, корхона мустақил равишда, Давлат мулки қўмитасининг бунга рухсатисиз, унинг хўжалик юритишида бўлган кўчмас мулкни сотишга ҳақли эмас эди. Бинолар давлат мулкида бўлгани сабабли, уларни, 1991 йил 19 ноябрдаги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун қоидаларига мувофиқ, хусусийлаштириш йўли билангина сотиш мумкин эди. Суд қонуннинг юқорида саналган қоидаларини таъкидлади, асосли равишда давлат рўйхати таомилидан ўтказилмаган омбор ва биноларнинг олди-сотди шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб белгилади. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 113-моддасига таяниб, суд ўз ташаббусига кўра бир томонлама реституция кўринишида битимнинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллади, яъни ўз қарори билан корхона зиммасига биноларга ҳақ тўлаш ҳисобига олинган пул маблағларини фирмага қайтариш мажбуриятини юклади. Бунда, бинолар амалда фирма эгалигида бўлмагалиги сабабли, суд унга биноларни қайтариш мажбуриятини юкламади. Бундан ташқари, суд Фуқаролик кодекси 327-моддасининг биринчи қисмини ҳам қўллади ва ўз қарори билан корхона зиммасига бошқаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш мажбуриятини юклади.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган



Время: 0.0071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск