ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар /

Гаровга қўйилган кўчмас мулкни ундириш тадбирларининг бузилиши тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН КЎЧМАС МУЛКНИ

УНДИРИШ ТАДБИРЛАРИНИНГ БУЗИЛИШИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Юридик шахс банк билан кредит шартномасини тузди. Қарз олувчига мулк ҳуқуқида тегишли бўлган кўчмас мулк (бино)ни гаровга қўйиш кредитнинг қайтарилишини таъминлар эди. Тарафлар ипотека шартномасини туздилар. Белгиланган муддатда юридик шахс асосий қарз суммасини сўндирмади, банк эса хўжалик судига ундиришни гаров предметига қаратиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суднинг қарори билан бу талаб қондирилди. Апелляция инстанциясида ишни қайта кўриш чоғида низо иштирокчилари келишув битимини тузишди, у ихтиёрий равишда бажарилмади ва хўжалик суди бинони мажбурий тарзда қарз учун олиб қўйиш тўғрисида ижро варақасини берди. Суд ижрочилари қарздорнинг мол-мулкини хатга олишди ва аукцион савдосига қўйилган бино жисмоний шахсга сотилди. Юридик шахс бунга рози бўлмади ва хўжалик судига суд ижрочиларининг ҳаракатлари ва аукцион савдони ноқонуний деб топиш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди. Қарз олувчи сотилган бинони бўшатишдан бош тортганлиги сабабли банк хўжалик судига юридик шахсни у ноқонуний равишда эгаллаб турган бинодан мажбурий тарзда кўчириш тўғрисида қарши даъво билан мурожаат этди.

Биринчи инстанция суди банкнинг даъвосини тўғри деб топиб, юридик шахснинг талабларини қондиришдан бош тортди. Апелляция инстанцияси қарорни ўз кучида қолдирди. Бунга рози бўлмаган қарз олувчи кассация шикоятини топширди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Мол-мулкни хатлаш ва уни аукцион савдода сотиш тарафларнинг шартномадаги шартларини бузиш билан амалга оширилган. Ипотека шартномасига мувофиқ ундиришни гаров предметига қаратиш учун асослар пайдо бўлган ҳолда тарафлар уни ўтказиш тартиби тўғрисида битим тузишга ва уни нотариал тасдиқлатишга мажбурлар. Мазкур ҳужжатни тарафлар расмийлаштирмаганлар. “Гаров тўғрисида”ги қонуннинг 19, 27-моддаларига мувофиқ, қарз олувчи юридик шахс кўчмас мулк гарови билан таъминланган кредит мажбуриятини бажармаган тақдирда банк даъволарини қондириш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилиши керак. Бинони аукцион савдосида сотиш учун мазкур масала бўйича хўжалик судининг ҳал қилув қарори зарур. Бироқ суд бундай қарорни қабул қилмаган. Кимошди савдосида сотиш билан нотариал идора томонидан бинони сотишга қўйилган тақиқ бузилган. Низони кўриш чоғида бинони сотиб олган жисмоний шахс ишда иштирок этишга жалб этилмаган, бу билан унинг ҳуқуқлари бузилган. Банк қарши даъво қўйишга ҳақли эмас эди, чунки у гаровдаги кўчмас мулкнинг мулкдори ҳисобланмайди, бинобарин, мажбурий тарзда кўчиришни талаб қилиш ваколатига эга эмас.



БАНКНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Юридик шахс белгиланган муддатда асосий қарз суммасини тўламади. Кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартноманинг шартларига кўра, кредит қарзи ўз вақтида сўндирилмаган тақдирда банк ундиришни гаровдаги бинога қаратишга ҳақлидир. Бундан ташқари, бу ҳақдаги ҳал қилув қарори хўжалик суди томонидан қабул қилинган. Тарафлар ўртасида келишув битими тузилган, унинг шартларига кўра юридик шахс беш кун мобайнида кредит бўйича қарзни сўндиришга мажбур эди. Қарз олувчи унинг шартларини бажармади, шу сабабли суд ижро варақасини берди, унга асосан суд ижрочилари мол-мулкни хатлаб, гаров предметини кимошди савдосида сотдилар. Бино сотилди, пул харидордан банкка келиб тушди, жавобгарнинг эса унда бўлиши бинони амалда жисмоний шахс-га топширишга тўсқинлик қилмоқда. Шунга асосан банк қарз олувчини у ноқонуний равишда эгаллаб турган бинодан мажбурий тарзда кўчириш тўғрисида қарши даъво аризасини тўғри берган.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ

МАЗМУНИ ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Низони кўриб чиқиш чоғида кассация ҳайъати қуйидаги саволларни ҳал этишни кун тартибига қўйди:

1) апелляция инстанциясида тарафлар томонидан тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримга асосан ижро варақасининг берилиши тўғри бўлганми;

2) ундирувни гаров предметига қаратиш ва уни аукцион савдода сотиш учун асослар мавжуд эдими;

3) суд ижрочилари томонидан, хусусан қарздорнинг мол-мулкини хатлаш чоғида, ундиришни унинг мол-мулкига қаратиш тартиби бузилганми;

4) бинонинг мулкдори бўлмаган банк судга қарз олувчи юридик шахсни кўчириш тўғрисида қарши даъво аризасини беришга ҳақли эдими;

5) харидор жисмоний шахсни жалб этмасдан низони кўриш ва ҳал этиш чоғида процессуал маъёрлар бузилганми.

Хўжалик суди қарз олувчи юридик шахс банкдан олинган кредит бўйича қарзни ўз вақтида сўндирмаганлигини аниқлади. “Гаров тўғрисида”ги қонун 1-моддасининг иккинчи қисмига кўра (1998 йил 1 майда 614-I-сон Қонун билан тасдиқланган таҳрирда) кредитор (гаровга олувчи) гаров билан таъминланган мажбурият бўйича, қарздор (гаровга қўювчи) мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қонун билан белгиланган олиб қўйишлар учун бошқа кредиторлар олдида устун равишда қондирилиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролик кодекси 279-моддасининг биринчи қисмига кўра гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин. Суднинг белгилашича, қарз олувчида пул маблағлари бўлмаганлиги туфайли кредит ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли банк-да ундирувни гаровга қўйилган кўчмас мулкка қаратиш учун асос пайдо бўлган.

Амалда ундирув биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори асосида эмас, балки апелляция инстанциясининг тарафлар келишув битимини тасдиқлаган ажримига асосан берилган ижро варақаси бўйича бинога қаратилган.

Низо иштирокчилари томонидан хўжалик судида тузиладиган келишув битими юридик ҳужжат бўлиб, у билан низо иштирокчилари низо бўйича эришилган битимни мустақил равишда, унга доир хўжалик суди қарор чиқармасидан тасдиқлайдилар. Унинг шартларини тарафларнинг ўзлари бажаришлари керак. Хўжалик процессуал кодексининг 132-моддасига мувофиқ тарафлар томонидан келишув битимига эришиш ёзма равишда расмийлаштирилади ва хўжалик суди томонидан тасдиқланади, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Иш материалларидан кўринадики, банк ва қарз олувчи юридик шахс апелляция инстанциясида келишув битими тузишган, унда қарз олувчи кредит бўйича қарзни беш кун ичида сўндириш мажбуриятини олган, бироқ ўз ихтиёри билан бундай қилмаган. Келишув битимининг матнини ўрганиш чоғида суд ҳайъати унда қарз олувчи қарзни пул билан ёки бошқа усул воситасида сўндириши шартлиги аниқлаштирилмаганлигини аниқлади.

Бунинг устига, суд томонидан кўриб чиқилаётган ҳужжат тасдиқланиши пайтида бинони гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ҳам ўз амал қилишини тўхтатган деб топилмаган эди. 2001 йил 29 августдаги 258-II-сон “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун 5-моддасининг 1-бандига мувофиқ ижро ишини юритиш қоидаларига кўра хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари ижро этилиши керак. Ана шу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат 7-моддасининг 1-бандида хўжалик судининг ўзи қабул қиладиган ҳужжатлар асосида ижро варақаларини бериши назарда тутилган. Суд ҳайъати апелляция инстанциясининг гаров предметини мажбурий тарзда ундиришга ижро варақасини бериш бўйича ҳаракатларини қонунга мувофиқ деб топди.

Суд ижрочилари ҳаракатларининг қонунийлигини баҳолашда суд келишув битимининг шартларига биноан қарз олувчи юридик шахс банк томонидан низони хўжалик судида кўраётганда қилинган харажатларни, шунинг-дек келишув шартларини бажариш ёки гаров предметини ундириш муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган бошқа харажатларни сўндириш мажбуриятини олганлигидан келиб чиқди. У қарзни сўндириш ва ундирув бўйича банк қилган харажатларни қоплаш учун зарур бўлган мол-мулкни, шу жумладан гаровдаги бинони хатлаш тўғри бўлганлигини тасдиқлади.

Фуқаролик кодекси 280-моддасининг иккинчи қисмига кўра гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга ундирувни гаров предметига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади.

Ипотека шартномасидан келиб чиқадики, ундиришни гаров предметига қаратиш учун асослар юзага келган тақдирда гаровга қўювчи гаровга олувчи билан нотариал тасдиқланиши керак бўлган келишув тузиши шарт эди ва унга асосан ундирув амалга оширилиши мумкин бўларди. Хўжалик суди қарз олувчи - гаровга қўювчи келишув тузилганлиги тўғрисида оферта юбормаганлигини, бу билан кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартнома шартларини бузганлигини аниқлади. Нотариал тасдиқланган келишувнинг йўқлиги сабабли суд ҳайъати ФК 280-моддасининг биринчи қисмига амал қилди, унга кўра гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари суд қарорига кўра гаровга қўйилган кўчмас мулк қийматидан қондирилади.

“Гаров тўғрисида”ги қонун 19-моддасининг иккинчи хатбошисига кўра, гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда гаровга олувчи ундирувни қонун билан белгиланган тартибда ва шартларда гаров предметига қаратишга ҳақлидир. Ундирувни гаров предмети бўлган кўчмас мулкка қаратишнинг умумий талаблари Фуқаролик кодексининг 281-моддаси билан тартибга солинган. Унинг биринчи қисмида белгиланишича, ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулк-ни сотиш қонун билан белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш билан амалга оширилади ва у “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 56-моддасига мувофиқ ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан савдо ўтказиш йўли билан бажарилади.

Суд ҳайъати бино асосий фаолият тури кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича аукционларни ташкил этиш бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан аукцион савдосида сотилганлигини аниқлади. Бундай аукционни ўтказишнинг қонунийлиги хусусида Фуқаролик кодекси 379, 380-моддаларининг қоидалари ҳам гувоҳлик беради, уларда аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий талаблари назарда тутилган. Қонуннинг айтилган қоидаларига амал қилиб, суд ҳайъати бинонинг аукцион орқали сотилишини қонун талабларига мувофиқ деб топди. У таомил талабларининг бузилишини аниқламади.

Фуқаролик кодекси 281-моддасининг ўнинчи қисмига мувофиқ қарздор гаров предмети сотилгунча хоҳлаган вақтда гаров билан таъминланган мажбуриятни ёки унинг ижроси кечиктириб юборилган қисмини бажариб, ундирувни унга қаратишга ва уни сотишга барҳам бериши мумкин. Бироқ қарз олувчи унга берилган мулкни ўзида сақлаб қолиш имкониятидан фойдаланмади.

Шартнома савдолар ўтказиш йўли билан тузилиши мумкин. Ундирув қаратилган бино жисмоний шахсга аукционда сотилган ва Фуқаролик кодекси 379-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ у билан олди-сотди шартномаси тузилган, бу суд томонидан қонуний деб топилган. Харидор сотиб олинган кўчмас мулк қийматини тўлиқ ҳажмда тўлаган. Кўрсатилган пул маблағлари банкка, қарз олувчи юридик шахснинг кредит қарзини сўндириш ҳисобига келиб тушган.

Кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартномага кўра, кредит белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳолда банк ундирувни гаровдаги бинога қаратишга ҳақли эканлиги сабабли суд у (банк) гаров предметини сотишдан манфаатдор шахс ҳисобланишини кўрсатди. Бунинг маъноси шуки, бино жисмоний шахсга сотилиб, ундан пул маблағлари олинганидан кейин гаровга олувчи мол-мулкни харидорга бериш бўйича мажбуриятларни виждонан ва тўлиқ ҳажмда бажаришга мажбур. Жавобгарнинг бинода бўлиши эса ҳақиқатдаги қабул қилиш-топширишга тўсқинлик қилиши сабабли банк хўжалик судига қарз олувчини мажбурий тарзда кўчириш ҳақида қарши даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

Хўжалик процессуал кодексининг 42-моддасига мувофиқ, агар ҳал қилув қарори кўчмас мулкнинг қонуний харид қилувчиси сифатида унинг ҳуқуқларига дахл қилган, шунингдек унинг мажбуриятлари тўғрисидаги масала ҳал қилиниши мумкин бўлган ҳолда хўжалик суди ўз ташаббуси билан ишга мустақил талаблар қўймаган учинчи шахсни жалб этишга ҳақлидир. Суд ҳайъатининг аниқлашича, низонинг моҳиятига кўра қабул қилинган ҳал қилув қарори харидор жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмаган, шу сабабли қарз олувчи юридик шахс-нинг биринчи ва апелляция инстанциялари судлари томонидан процессуал қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги важини у асоссиз деб топди.

Кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорини қонунга мувофиқ деб топди ва уларни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар топмади.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган






Время: 0.0701
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск