ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар /

Банк кредитидан фойдаланганлик учун фоиз ставкасининг камайиши тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

БАНК КРЕДИТИДАН

ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН

ФОИЗ СТАВКАСИНИНГ КАМАЙИШИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

     

Банкка юридик шахс ишлаб чиқаришни ривожлантиришга (янги ускуна сотиб олиш, қўшимча технологик линияни ишга тушириш ва ҳоказоларга) кредит беришни сўраб мурожаат қилди. Йиллик 40 фоиз ҳисобидан 30 миллион сўм бериш тўғрисида кредит шартномаси тузилди. Кредит маблағлардан фойдаланганлик учун фоиз тўлаш ҳисобига юридик шахснинг ҳисоб-китоб рақамидан банк акцептсиз тартибда 2,5 миллион сўм ундирди. Юридик шахс буни асоссиз деб ҳисоблади ва хўжалик судига ортиқча ҳисобдан чиқарилган суммаларни қайтариш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Кредит бериш шартномасида Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда кредит маблағлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси ҳам ўзгариши кераклиги назарда тутилган. Такрорий молиялаш ставкаси пасайтирилганлиги сабабли, тегишлича, банк мутаносиб равишда фоиз ставкасини ҳам пасайтириши шарт эди. Банк номига тегишли талаблар билан иккита хат юборилган, лекин улар қониқтирилмасдан қолдирилган. Фоизларни тўлаш ҳисобига навбатдаги сумма шартномада белгиланган миқдорга мувофиқ ҳисобдан чиқарилган, бу эса нотўғридир. Ҳисобдан чиқаришни янги, мутаносиб равишда камайтирилган ставкадан келиб чиқиб амалга ошириш керак эди. Ортиқча ундирилган сумма қайтарилиши керак.



БАНКНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Кредит шартномасининг шартларига кўра, банкда такрорий молиялаш ставкаси ўзгарган тақдирда кредит бўйича фоиз ставкасини ўзгартириш ҳуқуқи бор. Бироқ, у шундай қилишга мажбур деб айтилмаган. Банк ставкани камайтиришни ўзи учун мақбул эмас деб ҳисоблади ва юридик шахс-нинг талабларини қондиришни рад этди.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд, иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни аниқлади:

- низо иштирокчилари 30 миллион сўм кредит бериш тўғрисида шартномани тузганлар;

- кредит бўйича фоиз ставкаси йиллик 40 фоиз миқдорида белгиланган;

- шартномада Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкаси ўзгариши кредит фоизининг ставкаси ҳам ўзгаришига асос бўлиши назарда тутилган;

- юридик шахс банкка ставкани камайтириш талаби билан хатлар юборган, уларга рад жавоби олинган;

- шартномада банкнинг кредит бўйича фоиз ставкасини автоматик равишда такрорий молиялаш ставкасини камайтириш билан бирга, шунингдек юридик шахснинг талабига кўра пасайтириш мажбурияти назарда тутилмаган;

- тарафлар кредит шартномасига юқорида айтилганларни назарда тутадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида битим тузмаганлар;

- юридик шахснинг ҳисоб-китоб рақамидан пул суммасини кредит ресурслардан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш ҳисобига акцептсиз ҳисобдан чиқариш шартноманинг дастлабки шартларига мувофиқ амалга оширилган.

Қонунчилик қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни белгилади:

- ФК 382-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномасини тарафларнинг келишувига биноан ўзгартириш мумкин;

- ФК 384-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битим шартноманинг ўзи каби шаклда тузилиши керак;

- ФК 365-моддасининг биринчи қисмига кўра, шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битим оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда тузилган деб ҳисобланади;

- ФК 382-моддасининг иккинчи қисми суд қарорига кўра шартномани ўзгартириш учун асосларни назарда тутади, бироқ юридик шахс банк билан тузилган кредит шартномасига кредит фоизи ставкасини камайтириш хусусида ўзгартириш киритиш талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаган.

Баён этилганлар асосида суд юридик шахс баён этган талабларни қондиришни рад этиб, банкнинг шартномада белгиланган ставка бўйича кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни ундиришга доир ҳаракатларини қонунга мувофиқ деб топди. Хўжалик судининг кассация инстанцияси ушбу қарорни бекор қилиш учун асос топмади.




Ш А Р Ҳ


Ҳуқуқни қўллаш амалиётида кредитга пул маблағлари бериш шартномасининг шартларидан бири деб кредит фоизи ставкасини ўзгартириш назарда тутилади. Бунда бундай қилиш тўғри бўладиган ҳолатлар қайд этиб қўйилади. Кўриб чиқилаётган ҳолатда улардан бири “Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкасини ўзгартириш” эди. Бироқ шартнома тарафлар қандай аниқ ўзгартиришни: фақат кўпайтиришни ёки шунингдек камайтиришни ҳам кредит бўйича фоиз ставкасини ўзгартириш учун қонуний шарт деб топишга ҳақли эканликларини аниқлаштирмаган. Суд такрорий молиялаш ставкасини пасайтириш шартнома доирасига жойлашганидан ва кредит фоизи ставкасини камайтириш талабини баён этиш учун юридик шахснинг легитим асоси ҳисобланишидан келиб чиқди.

Бироқ Фуқаролик кодекси 382-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” 670-I-сон қонуни 15-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, шартнома шартларидаги ўзгартириш, агар қонун ёки шартноманинг ўзида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, тарафларнинг келишувига кўра амалга оширилади. Кўриб чиқилаётган ҳолатда шартномада қарз олувчига қарз маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз ставкасини бир тарафлама тартибда камайтириш ҳуқуқини берадиган қоидалар мавжуд бўлмаган. Суд шартнома амал қиладиган муддат мобайнида уни камайтириш иккала тарафнинг ўзаро розилигига кўра амалга оширилишини кўрсатди. Аниқланганидек, банк кредит фоизи жорий ставкасини камайтиришга розилик бермаган. Бунинг устига, тегишли талаблар изҳор этилган хатларга рад жавоби бериб, уларни қабул қилиш ва ижро этишдан бош тортган.

Фуқаролик кодекси 384-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, ўзгартиришлар киритиш тўғрисида битим улар киритиладиган шартноманинг ўзи каби шаклда тузилади, башарти қонун ёки шартноманинг ўзида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса. Кўриб чиқилаётган кредит шартномасида ундан бошқа, келишувини ўзгартирадиган шаклни тартибга соладиган қоидалар мавжуд бўлмаган. У ёзма шаклда, бир ҳужжатни тузиш воситасида тузилган. Юқорида келтирилган меъёрий-ҳуқуқий қоидалардан келиб чиқиб, суд шуни кўрсатдики, модомики тарафлар тегишли ёзма битимни тузмаган эканлар, дастлаб белгиланган ставка фоизларни тўлаш ҳисобига навбатдаги тўловни ҳисобдан чиқариш муддати келган пайтда амал қилувчи ставка ҳисобланган. Шу сабабли у шартнома ставкасидан келиб чиқиб юридик шахсдан пул маблағларини акцептсиз ундиришни  тўғри деб топди.

Суд юридик шахснинг кредит фоизи ставкасини камайтиришни талаб қилиб банкка юборган хатларини шартномага ўзгартириш киритиш ва кредит бўйича фоиз ставкасини пасайтириш учун асос деб топмади. Ушбу вазиятда улар фақат битим тузиш ва кредит шартномасига ўзгартириш киритиш тўғрисида оферта сифатида таснифланиши мумкин (Фуқаролик кодекси 367-моддасининг биринчи қисмига кўра, бир ёки бир неча муайян шахсга юборилган, етарли даражада аниқ бўлган ва таклифни киритган шахснинг ўзини таклиф йўлланган ва уни қабул қиладиган шахс билан шартнома тузган деб ҳисоблаш ниятини ифода этадиган таклиф оферта ҳисобланади).

Кўриб чиқилаётган ҳолатда битим тузилганлиги тўғрисида сўзлаш тўғри бўлиши учун банк юридик шахснинг хатида таклиф қилинган, банк фоизи ставкасини камайтириш тўғрисидаги шартларни акцептлаши зарур эди (Фуқаролик кодекси 370-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, оферта юборилган шахснинг уни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт ҳисобланади). Бироқ банк юридик шахсга рад жавоби юборди, бу эса оферта шартлари қабул қилинмаганлигини англатади. Шу сабабли суд юридик шахс ва банк шартномага ўзгартиришлар киритиш тўғрисида битим тузмаганлигини қайд этди. Демак, банк кредит фоизи ставкасини пасайтиришга мажбур эмас эди.

Хўжалик суди томонидан кўрилган низонинг таҳлили тадбиркорлик субъектларига тавсияларни баён этиш имконини беради, улар мазкур тавсиялардан кредит шартномаларини тузиш чоғида фойдалана оладилар.

Биринчидан, аввало банк томонидан тақдим этилаётган шартнома лойиҳасида кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкасини ўзгартириш шартларининг таърифига эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Одатда унда бунинг учун асослардан бири бўлиб Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкасини ўзгартириш ҳисобланиши кўрсатилади. Бунда банкка уни бир тарафлама тартибда ўзгартириш ҳуқуқи берилади, бироқ унинг бундай мажбурияти тўғрисида қоида келтирилмайди. Амалий оқибатлар қуйидагича бўлиши мумкин.

Биринчи. Марказий банк такрорий молиялаш ставкасини оширди. Кредитор банк қарз олувчи тадбиркор розилигисиз, уни шунчаки бундан хабардор қилиб, амалдаги шартномаларга кўра кредит фоизи ставкасини ҳам мутаносиб равишда кўпайтира олади, чунки шартномада ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги битим шаклига нисбатан “бошқача тартиб” белгиланган (Фуқаролик кодекси 382-моддасининг биринчи қисми, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун 15-моддасининг биринчи қисми).

Иккинчи. Марказий банк такрорий молиялаш ставкасини камайтирди. Кредитор банкка кредит фоизи ставкасини камайтириш фойдали эмаслиги сабабли, у, кўриниб турибдики, бундай қилмайди ҳам, чунки унинг бундай мажбурияти шартномада қайд этилмаган, ўз “ҳуқуқ”идан эса у фойдаланмайди. Шартномада қарз олувчига бир тарафлама тартибда кредитга доир ставкани камайтириш ҳуқуқи берилмаганлиги сабабли, у Қонун билан белгиланган ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги битимни расмийлаштириш таомилига, хусусан, битта ҳужжатни тузиш, қарз олувчининг ставкани камайтириш тўғрисидаги шартлари офертаси ва банк акцептини ўз ичига олган хатларни айирбошлаш воситасида риоя қилиши зарур (Фуқаролик кодекси 366-моддасининг тўртинчи қисми). Агар банк бунга рад жавобини юборса, ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги битим тузилмаган ҳисобланади. Ставка эса амал қилувчи деб топилади ва банк қарз олувчидан шартномада белгиланган шартлардан келиб чиқиб ва Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкаси пасайишини ҳисобга  олмасдан ҳисоблаб ёзилган суммаларни тўлашни талаб қилишга ҳақлидир.

Бундай вазиятда тадбиркор хўжалик судига мурожаат қилганда даъво предметини тўғри белгилаши керак. Кўрилган низода у нотўғри шакллантирилган эди, шу сабабли банкнинг ҳаракатлари шартнома шартларига ҳам, Қонунга ҳам мувофиқ деб топилган. Шартноманинг кредит маблағлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори тўғрисидаги шартни ўзгартириш талаби билан мурожаат қилиш тавсия этилади (Фуқаролик кодекси 382-моддасининг иккинчи қисми). Шунда қарз олувчи учун ишнинг ижобий якунланишига имконият кўпроқ бўлади. Агар суд субъектнинг позициясини тўғри деб топса ва банк зиммасига кредит бўйича фоиз ставкасини такрорий молиялаш ставкасини пасайтиришга мутаносиб равишда камайтириш мажбуриятини юкласа, субъект банкдан ортиқча ҳисобдан чиқарилган маблағларни қайтаришни ёки уларни бўлғуси тўловларни тўлаш ҳисобига инобатга олишни талаб қила олади. Мазкур талаб даъво предметига киритиш учун ҳам, кейинроқ қарз олувчи учун суднинг ижобий қарорига асосланиб, суддан ташқари тартибда тақдим этиш учун ҳам қонунийдир.

Кредит шартномаси тарафлари унинг шартларини банк ва қарз олувчи субъектнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига нисбатан ҳам мувозанатлаштириши мақсадга мувофиқдир. Бошқача айтганда, агар уларга банкнинг шартномада қайд этилган ҳолатлар юзага келганда кредит фоизи ставкасини бир тарафлама тартибда ўзгартириш ҳуқуқи назарда тутилса, худди шундай ҳуқуқни қарз олувчи учун ҳам назарда тутиш зарур. Агар шартномада банк Марказий банкнинг такрорий молиялаш ставкаси ўсиши шароитида кредитга доир фоиз ставкасини бир тарафлама тартибда кўпайтиришга ҳақли эканлиги кўрсатилса, тегишлича, унинг учун такрорий молиялаш ставкаси пасайган шароитда субъектнинг талабига кўра, кредит маблағлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкасини камайтириш мажбурияти ҳам назарда тутилиши керак ва ҳоказо. Фақат шундай ҳолдагина кредит шартномаси тарафлари учун манфаатлар мувозанатига эришиш ва қарз олувчи учун шартнома шартларини бажаришда тенгсиз юридик шарт-шароитлар яратиб, унинг ҳуқуқларини камситишга йўл қўймаслик мумкин.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган







Время: 0.0136
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск