ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Божхона билан боғлиқ масалалар /

Ноозик-овқат истеъмол товарларидан олинадиган импорт йиғими тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

НООЗИҚ-ОВҚАТ ИСТЕЪМОЛ

ТОВАРЛАРИДАН ОЛИНАДИГАН

ИМПОРТ ЙИҒИМИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Корхона номига товар келиб тушди (2002 йил 20 августдан кейин - таҳр. изоҳи). Божхона органи томонидан 30 фоиз миқдорида импорт йиғимини тўлашга тўловнома қўйилди (илгари мавжуд бўлган - бунга доир изоҳни шарҳдан кўринг). Корхона божхона органи унга кўрсатилган йиғимни тўлаш мажбуриятини ноқонуний равишда қўйди деб ҳисоблади ва бу суммани қайтариб беришни сўраб унга мурожаат қилди. Божхона органи корхонага рад жавоби берди, шу муносабат билан корхона божхонани ноқонуний равишда олинган тўловни қайтариб беришга мажбур қилишни сўраб, хўжалик судига даъво аризасини берди.



КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона томонидан олиб келинган импорт товар технология жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган, яъни товар технологик хом ашё сифатида келтирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 20 августдаги “Лицензиялашни бекор қилиш ҳамда истеъмол товарларини олиб келиш ва Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида сотишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 295-сон қарорининг 11-бандига кўра (банд Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 октябрдаги 446-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган - таҳр. изоҳи) - корхона ана шу асосда импорт солиғини тўлашдан озод қилинган ва шу сабабли божхона органи уни ундириш ҳуқуқига эга эмас эди.



БОЖХОНА ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона томонидан олиб келинган товар “импорт истеъмол товарлари” тоифасига киради ва шу сабабли у импорт йиғимини тўлашга мажбур эди. Мазкур ҳолда йиғимни тўлашдан озод қилиб бўлмайди, чунки корхона божхона органига унга ана шу имтиёз ҳуқуқини берадиган ҳужжатни тақдим этмади.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги хулосаларга келди:

- Президентнинг 2002 йил 11 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол товарлари олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” ПФ-3105-сон Фармонининг 1-бандига кўра (бугунги кунда мазкур банд Президентнинг 2002 йил 4 декабрдаги ПФ-3170-сон Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган - таҳр. изоҳи) юридик шахслар томонидан ноозиқ-овқат истеъмол товарлари олиб келинишида импорт йиғими тўланади. Корхона “импорт истеъмол товарлари”га кирадиган товарлар олиб келган;

- Вазирлар Маҳкамасининг 295-сон қарори 11-бандига кўра бундай товарлар технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва буюмлар сифатида олиб келинган ҳоллардагина ноозиқ-овқат истеъмол товарлари импорт йиғимини тўлашдан озод қилинган;

- Мазкур ҳолда юқорида кўрсатилган имтиёзга доир ҳуқуқ Юридик шахслар томонидан технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва буюмлар сифатида импорт қилинадиган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб келиш тўғрисида сертификат бериш ҳақида низомга (Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 25 сентябрда 1176-сон билан рўйхатдан ўтказилган ДБҚ, Молия вазирлиги, Макроиқтисодстат вазирлигининг қарорига илова) мувофиқ бериладиган сертификат билан тасдиқланиши керак эди. Корхона бундай сертификатни тақдим этмаган.

Шу тариқа, суд корхонанинг талабларини қондиришни рад қилди. Иш кейинроқ кассация инстанциясида корхонанинг шикояти бўйича қайта кўрилди (апелляция муддатлари ўтказиб юборилган). Олий хўжалик судининг суд ҳайъати биринчи инстанция судининг хулосаларини қонунга мувофиқ деб топди. Бунда суд корхонанинг келиб тушган товарнинг божхона расмийлаштируви пайтида сертификат олиш тартибини белгилайдиган 1176-сон Низом қабул қилинмаганлиги ва, тегишинча, божхона органи фақат ноозиқ-овқат истеъмол товарларини технологик хом ашё сифатида олиб келиш фактигагина асосланиб, корхонани сертификатни тақдим этмасидан импорт йиғимини тўлашдан озод этиши шартлиги тўғрисидаги важларини эътиборга олмади. ОХС шуни кўрсатдики, “Юридик шахслар томонидан технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва буюмлар сифатида импорт қилинадиган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб келиш тўғрисида сертификат бериш ҳақида низомни тасдиқлаш хусусида” 1176-сон қарорнинг 2-бандига кўра ваколатли орган томонидан Низомда белгиланган тартибда берилган сертификатни импортчи тақдим этганида 2002 йил 20 августдан кейин эркин муомалага чиқарилган товарлар учун тўланган йиғимлар суммаси унга божхона органлари томонидан муомала пайтидан бошлаб бир ой муддат мобайнида қайтарилади. 1176-сон қарор ва у тасдиқлаган Низом фақат 2002 йил 5 октябрдан кучга кирганлигига қарамай, шу тарзда, уларнинг амал қилишига “қайтар куч” берилди. Корхонага сертификат олиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этиш ва импорт йиғими учун тўланган суммаларни қайтариб олиш имконияти берилди. Бироқ, корхона бу имкониятдан фойдаланмади. Корхонанинг ҳаммаси ишлаб чиқаришда ишлатилганлиги учун олиб келинган товар намуналарига эга бўлмаганлиги сабабли сертификат олиш учун мурожаат қилмаганлиги тўғрисидаги важини ҳам, ҳайъат эътиборга олмади, чунки мазкур ҳолда товар намуналарини тақдим этиш керак эмас эди (улар 1176-сон Низомнинг тақдим этиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатини белгилаб берадиган 5-бандида кўрсатилмаган).




Ш А Р Ҳ


Юқорида кўрилган вазиятни энг кўп тарқалган ва чалкаш вазиятлар қаторига киритиш мумкин. Уларни тартибга биноан таҳлил қилиш керак.

Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб кираётганда юридик шахслар тўлаши шарт бўлган импорт йиғими Президентнинг ПФ-3105-сон Фармони 1-бандига кўра жорий этилган. Мазкур қўшимча божхона тўловини жорий этишдан кузатилган асосий мақсад хорижда ишлаб чиқарилган, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган маҳсулот олиб келишнинг олдини олиш ва айни савдо фаолиятини тартибга солиш эди. Бироқ, ушбу банднинг амал қилиши доирасига ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиш учун “импорт истеъмол товарлари”га киритиладиган ноозиқ-овқат товарларини олиб келадиган корхоналар ҳам тушиб қолди. Шу сабабли, уларни қўшимча молиявий босимдан халос қилиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 295-сон қарори 11-бандида белгиландики, юридик шахслар томонидан республикага технологик хом ашё, бутловчи узел ва буюмлар сифатида олиб келинадиган ноозиқ-овқат товарлар истеъмол товарлари импорти учун тўланадиган йиғимни тўлашдан озод қилинади. Бунда ушбу мақсадларда қўшимча киритилган ҳужжат - сертификат озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 295-сон қарори қабул қилинган пайтда бундай сертификатни олиш тартибини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланмаган эди. Бинобарин, 2002 йилнинг 5 октябрига қадар технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва буюмлар сифатида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб келадиган корхоналарда импорт йиғимини тўламаслик учун расман ҳуқуқ бор эди, бироқ ундан амалда фойдалана олмас эдилар, чунки меъёрий жиҳатдан сертификат олиш таомили ва уни берадиган орган белгиланмаган эди. Шунинг учун божхона органлари, келтирилган низода баён этилганидек, уларда сертификатларнинг йўқлигини важ қилиб, ана шу корхоналардан ҳам импорт йиғимини ундирганлар.

1176-сон Низом фақат 2002 йил 5 октябрдан кучга кирди ва айни шу пайтдан корхоналар қўшимча божхона тўлови (импорт йиғими)ни амалда тўламаслик имкониятига эга бўлдилар. Бироқ, имтиёзга даъвогар бўлган, лекин 2002 йилнинг 20 августидан 4 октябрига қадар ундан амалда фойдалана олмаганлар нима қилишлари керак эди? Ана шу мақсадда 1176-сон Низомгақайтар куч” берилди, яъни 1176-сон қарорнинг 2-бандига кўра унинг амал қилиши мазкур даврга ҳам татбиқ этилди. Бунда технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва, буюмлар сифатида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб кирганларида 2002 йил 5 октябрга қадар импорт йиғимини тўлаган корхоналарга амалда кўрсатилган сертификатни олиш имконияти берилди. У божхона органларига тақдим этилганида улар бир ой мобайнида тўланган йиғимнинг барча суммасини қайтаришлари шарт. Қараб чиқилган мисолда кўрилганидек, иш материалларида корхона  сертификат олиш учун кўрсатилган тартибда мурожаат қилганлиги хусусида далиллар мавжуд эмас. Тегишинча, суд унинг тўланган импорт йиғимини қайтариш тўғрисидаги талабларини қондиришни рад этди, чунки улар қонун ҳужжатларига биноан белгиланган ҳужжат билан тасдиқланмаган эди.

Шу тариқа, суд шаклланган вазиятни ўрганиб чиқди ва тегишли қарор чиқарди. Бугун бошқа муаммо мавжуд. Кўриб чиқилган низода қайд этилган “импорт йиғими” Президентнинг 2002 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 11 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол товарлари олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида” ПФ-3105-сон Фармонига ўзгартириш киритиш ҳақида” ПФ-3170-сон Фармонига асосан бекор қилинди ва ҳозир ундирилмаяпти. Унинг  ўрнига Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги “Истеъмол товарлари импортини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 425-сон қарори 2-бандига кўра учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган ва тижорат фаолияти учун юридик ва жисмоний шахслар чегарадош давлатлар ҳудудидан реэкспорт қиладиган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари импортига 20 фоиз миқдорида божхона йиғими жорий этилди, бу йиғим ҳозир ҳам амал қилади.

Ҳақли савол туғилади: корхоналар учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган ва технологик хом ашё, бутловчи узеллар ва буюмлар сифатида Ўзбекистон ҳудудига реэкспорт қиладиган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини олиб кирган ҳолларда 1176-сон Низом қўлланадими? Бундай товарлардан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиш ҳам корхонанинг “тижорат мақсадлари”га киради, ахир. Гап шундаки, 1176-сон Низом 3-бандининг матнида сертификатга асосан Президентнинг ПФ-3105-сон Фармони 1-бандига кўра жорий қилинган импорт йиғимини тўлашдан озод қилиш берилиши кўрсатилган, ҳозиргача Вазирлар Маҳкамаси 425-сон қарорининг 2-бандига кўра белгиланган импорт йиғимини тўлашга нисбатан имтиёзнинг амал қилинишини татбиқ этишга доир ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмаган. Тегишлича ҳуқуқий ноаниқлик юзага келган: бир томондан,  бекор қилинган импорт йиғимини тўлашдан озод этиб, 20 фоиз миқдорида импорт учун божхона йиғимини  қўллаш расман мумкин эмас, бошқа томондан эса, амалда кейинги йиғим жорий этиш мақсадлари бўйича биринчи йиғимдан ҳеч ҳам фарқ қилмайди. Фақат улардан олиб келишда йиғим ундириладиган давлатлар доираси торайди ва у тўланиши керак бўлган олиб кириш шартлари ўзгартирилган.

Шу тариқа, ушбу ҳуқуқий ноаниқликни бартараф этиш учун 1176-сон Низомнинг 3-бандига тегишли ўзгартириш киритиб, ҳозирги вақтда мавжуд бўлган имтиёзни тасдиқлаш ёки умуман 1176-сон Низомнинг амал қилишини бекор қилиб, имтиёзнинг йўқлигини тасдиқлаш зарур бўлади. Мазкур чора юқорида кўрсатилган имтиёз бобида импортчилар ва божхона органлари ўртасида мумкин бўлган низолар ва ихтилофларни бартараф этиш имконини беради.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган








Время: 0.0160
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск