ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Божхона билан боғлиқ масалалар /

Қўшимча ҳисобланган божхона божи суммаларини акцептсиз ҳисобидан чиқариш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ҚЎШИМЧА ҲИСОБЛАНГАН

БОЖХОНА БОЖИ СУММАЛАРИНИ

АКЦЕПТСИЗ ҲИСОБИДАН ЧИҚАРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Импорт контрактига биноан божхона ҳудудига товар келиб тушди, унинг божхона қиймати захира усулдан фойдаланиб аниқланди. Божхона органи томонидан бож ҳисоблаб ёзилди ва уни тўлашга тўловнома тақдим этилди, импортчи ҳам уни тўлади. Товар “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилганидан кейин божхона органлари томонидан дастлаб белгиланган божхона қиймати тузатилди, бож суммаси қўшимча равишда ҳисобланди ва уни импортчининг ҳисоб рақамларидан акцептсиз ҳисобдан чиқариш тўғрисида инкассо топшириғи қўйилди. Импортчи бунга рози бўлмади ва мазкур ҳужжатни ижро этиб бўлмайди деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилди.



ИМПОРТЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Эркин муомала учун чиқарилган товарнинг божхона қийматини импортчи ихтиёрий равишда тузатиши мумкин. Бунда у божхона брокери билан божхона қийматини тузатиш тўғрисида ҳужжатни (1-БҚТ) расмийлаштириш тўғрисида шартнома тузиши керак. Импортчи бундай шартнома тузмаган, бинобарин, 1-БҚТни расмийлаштириш қонун ҳужжатларини бузиш билан амалга оширилган. Божхона органи муддатида тўланмаган божхона тўловларини ундиришга инкассо топшириғини беришга ҳақли. Импортчи дастлаб ҳисобланган импорт божини ўз вақтида тўлагани сабабли орган бундай ундириш учун расман асосларга эга эмас эди.



БОЖХОНА ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Божхона қийматини тузатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилган, чунки божхонада бундай ҳуқуқ бор. Инкассо топшириғини қўйишга ҳам орган ҳақли, чунки тузатиш натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган сумма ўз муддатида тўланмаган божхона тўлови сифатида қаралиши мумкин.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИ


Биринчи инстанция суди импортчининг талабини қондириб, унинг позицияси асосланганлигини кўрсатди. Апелляция инстанцияси бошқа хулосаларга келди:

- 1-БҚТ ва 2-БҚТ божхона қийматини тузатиш шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома (Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 20 апрелда 920-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-бандининг тўртинчи хатбошисига, шунингдек 8-бандининг учинчи хатбошисига мувофиқ, импорт товар эркин муомала учун чиқарилганидан кейинги текширишда нотўғри декларациялаш аниқланган ҳолларда божхона қиймати ва тўланган божхона тўловларини тузатиш амалга оширилиши мумкин;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқнома (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 январда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 9.1-бандининг учинчи хатбошисига кўра, юк чиқарилганидан кейин божхона органлари томонидан божхона қиймати миқдорини аниқлаштириш мақсадида текшириш ўтказилиши мумкин. Текшириш натижалари бўйича божхона қиймати, шунингдек тўланиши керак бўлган божхона тўловлари суммаси қайта ҳисобланиши ва уларни ундириш амалга оширилиши мумкин;

- мазкур ҳолда нотўғри декларация қилинган, ҳақиқий божхона қиймати пасайтирилган ва, тегишинча, божхона божи аввал-бошдан тўлиқ ҳажмда тўланмаган;

- Божхона кодекси 112-моддасининг биринчи қисмига кўра мазкур Қонун билан белгиланган қоидаларга мувофиқ, тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилади;

- Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (янги таҳрирда, Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 15 апрелда 1122-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 41-бандининг “В” кичик бандига мувофиқ, божхона органлари муддатида тўланмаган божхона тўловларини ундириш тўғрисида инкассо топшириқларини қўя олади.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди ва импортчининг талабларини қондиришни рад этди. Кассация инстанцияси апелляция инстанцияси судининг хулосаларини қонуний ва асосланган деб топди.




Ш А Р Ҳ


Мазкур низони кўриб чиқиш чоғида агар:

- божхона расмийлаштируви пайтида олиб кирилган товарнинг қиймати Божхона кодекси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқнома ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган қоидаларга мувофиқ белгиланган бўлса;

- декларант божхона қийматини захира усулдан фойдаланган ҳолда белгилаган, божхона органи эса ушбу жараён устидан назоратни амалга ошира бориб, бирор-бир ҳуқуқбузарликни аниқламаган ва, тегишинча, унинг тўғри белгиланганлигини тасдиқлаган бўлса, божхона қиймати ва божхона тўловларини тузатиш натижасида қўшимча ҳисобланган божхона божи суммасини ўз вақтида тўланмаган деб эътироф этиш кераклиги ёки керак эмаслигини белгилаш муҳим масала бўлган.

Олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини белгилаш, хусусан, ундирилиши божхона органлари зиммасига юклатилган божхона божи, йиғимлар ва бошқа тўловларни ҳисоблаб ёзиш учун реал базани (асосни) аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқноманинг 1.4-бандига мувофиқ божхона қийматини декларант қонун ҳужжатларида назарда тутилган усуллардан бири ёрдамида аниқлайди. Бунда унинг олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини кўрсатиши чоғида декларантнинг ҳалол ишлаётгани кўзда тутилади.

Божхона қийматини тўғри аниқлаш устидан назорат қилиш товарнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширадиган божхона органлари зиммасига юкланади. Декларант томонидан божхона қиймати декларациясида кўрсатиладиган маълумотларнинг ҳақиқатга мувофиқлигини текшириш унинг мақсадларидан бири ҳисобланади.

Захира усулни қўллаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича йўриқноманинг VIII бўлими қоидалари билан тартибга солинади. Унинг 8.2-банди биринчи хатбошиси мазмунидан келиб чиқиб, ушбу усул билан божхона қийматини аниқлаш учун асос бўлиб божхона томонидан декларантга тақдим этиладиган товарнинг нарх ахбороти ҳисобланади. Шу тариқа унинг тўғрилиги учун масъулиятнинг асосий юки айни давлат органининг зиммасига юкланади. Бундан ташқари, юқорида айтилганидек, божхона декларант томонидан, шу жумладан, захира усул ёрдамида божхона қийматининг тўғри аниқланиши устидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир. Кўриб чиқилаётган вазиятда божхона органи декларант томонидан декларацияда кўрсатилган божхона қийматининг тўғри белгиланганлигини текшириб, ҳеч қандай ҳуқуқбузарликни аниқламади. Бу ҳолатда у декларант томонидан нотўғри декларацияланиши фактига таяниб, “эркин муомала учун чиқариш” режимида расмийлаштирилган товарнинг божхона қийматини тузатишга ҳақли эдими? Мазкур ҳолда декларант томонидан нотўғри декларациялаш бўлган дейиш мумкинми, ахир унинг томонидан ҳуқуқбузарликлар қилинганлиги аниқланмаганку?

1-БҚТ ва 2-БҚТ божхона қийматини тузатиш шаклларини тўлдириш бўйича йўриқноманинг 8-бандига мувофиқ қуйидагилар божхона қийматини ва, тегишинча, товар эркин муомала учун чиқарилганидан кейин тўланган божхона тўловлари суммаларини тузатиш учун асослар бўлиб ҳисобланади:

- товарни декларациялаш чоғида йўл қўйилган ва божхона қийматининг миқдори ва (ёки) таркибига таъсир кўрсатган техник хатоларнинг аниқланиши;

- кейинги текширишни ўтказиш давомида аниқланган нотўғри декларациялашнинг топилиши;

- олиб кирилган товарнинг миқдори ва (ёки) сифати бўйича контракт (шартнома) шартларидан тафовутлари муносабати билан айтилган божхона қийматининг божхона декларациясини қабул қилиш санасидаги товарнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслигининг аниқланиши;

- ундириладиган божхона тўловлари суммаларининг ўзгариши (масалан, товарларнинг келиб чиқиш сертификатини тақдим этиш чоғида ортиқча тўланган суммаларни қайтариш, имтиёзлар берилган товарлар бўйича божхона тўловларини қўшимча тўлаш, божхона тўловларини тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этганлик учун фоизларни тўлаш ва ҳоказо);

- савдо битимининг ўзгарган ҳолатлари (товарнинг бир қисмини бошқа шахсга топшириш ва ҳоказо);

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар.

Бунда тузатиш натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг суммаларини акцептсиз ҳисобдан чиқаришга инкассо топшириғини қўйиш учун Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида низом (янги таҳрирда) 41-бандининг “в” кичик бандига биноан “муддатида тўланмаган божхона тўловлари” факти мавжуд бўлиши керак.

1-БҚТ ва 2-БҚТ божхона қийматини тузатиш шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома 8-банди учинчи хатбошисининг қу-йидаги таърифи аниқ белгиланмаган бўлиб кўринади: кейинги текширишни ўтказиш давомида аниқланган нотўғри декларациялашнинг топилиши. У нотўғри декларациялаш декларантнинг айбли ҳаракатлари натижасида амалга оширилган ва унинг ҳаракатларида айб (яъни ғараз ёки эҳтиёжсизлик) мавжуд бўлмаган ҳолларни ажратиш имконини бермайди. Бу эса Хўжалик суди томонидан кўрилган ишга ўхшаш низоларни туғдиради. Ҳисоблаб ёзилган божхона тўловлари, шу жумладан божхона божининг ўз вақтида тўланмаганлигини эътироф этиш факти ҳам нотўғри декларациялаш декларантнинг айбли ҳаракатлари натижаси ҳисобланиши ёки бундай ҳаракатлар мавжуд эмаслигига боғлиқ бўлади. 1-БҚТ ва 2-БҚТ божхона қийматларини тузатиш шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома 8-бандининг учинчи хатбошисида келтирилган қоиданинг моҳиятини   қуйидагича тушуниш асосли бўлиб кўринади:

- агар “нотўғри декларациялаш” декларантнинг айбли ҳаракатлари натижаси ҳисобланса, тегишинча, божхона тўловлари тўлиқ ҳажмда тўланмайди, бу эса қўшимча ҳисобланган суммаларни акцептсиз ҳисобдан чиқаришга инкассо топшириғини қўйган ҳолда божхона тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги фактини қайд этиш учун асос ҳисобланади;

- агар “нотўғри декларациялаш” чоғида декларантнинг айбли ҳаракатлари аниқланмаган бўлса, декларант томонидан ҳисоблаб ёзилган божхона тўловларини тўлаш бўйича белгиланган талаблар тўлиқ ҳажмда бажарилганлиги ҳамда божхона қийматини тузатиш натижалари бўйича қўшимча ҳисоблаб ёзиш чоғида божхона тўловларини тўлаш кечиктирилишини эътироф этиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган асосларнинг мавжуд эмаслиги фактини тан олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу ҳолда импортчига қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини белгиланган муддатларда (эҳтимол, агар унда мазкур пайтда пул маблағлари бўлмаса, бўлиб-бўлиб тўлаш билан ҳам) ихтиёрий равишда тўлаш учун имкониятлар тақдим этилиши қонуний бўлади. Фақат янгидан белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаган ҳолдагина Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги йўриқнома (янги таҳрирда) 41-бандининг “в” кичик бандини қўллаб - пул маблағларини импортчининг ҳисоб рақамидан акцептсиз ҳисобдан чиқариш тўғрисида инкассо топшириғини қўйиб, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари суммаларини тўлашни кечиктирганлигини эътироф этиш қонуний ҳисобланади.

Бироқ шуни эслатиш лозимки, Олий хўжалик суди ўз қарорида юқорида келтирилган ҳолларга қўшилмади ва божхона органининг декларант ҳаракатларида божхона қийматини белгилашда айби бор-йўқлигидан қатъи назар ҳаракатларини қонуний деб топди.

Шу тариқа, қонун ҳужжатларининг келтирилган қоидалари бир хилда шарҳланмаслиги эҳтимоли туфайли юқорида келтирилган ҳолларда тадбиркорнинг ҳуқуқини иложи борича ҳимоя қилиш имконини берадиган тегишли ўзгартишлар киритиш зарур деб биламиз.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган









Время: 0.0452
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск