ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Солиққа оид масалалар /

Кичик бизнес субъектининг имтиёзли солиқ солиш кафолатидан фойдаланиши тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

КИЧИК БИЗНЕС СУБЪЕКТИНИНГ

ИМТИЁЗЛИ СОЛИҚ СОЛИШ КАФОЛАТИДАН

ФОЙДАЛАНИШИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Давлат солиқ хизмати органи юридик шахснинг 2001-2003 йиллардаги фаолият даврида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқаргани ҳамда тўлаганини режали асосда текширди. Унинг натижалари бўйича далолатнома тузилди, унда солиқ тўловчининг мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқармагани ва бюджетга тўламагани кўрсатилди. Унинг суммасини қўшимча равишда ҳисоблаб ёзиш, шунингдек унинг 10 фоизи миқдорида жарима жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юридик шахснинг ҳисоб-китоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйилди ва кўрсатилган суммалар сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқарилди.

Солиқ тўловчи солиқ органининг бундай ҳаракатларига рози бўлмади ва хўжалик судига қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ноқонуний равишда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини қайтариш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Даъвогар кичик тадбиркорлик субъекти ва ягона солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади. 2002 йилгача бюджетга мол-мулк солиғини тўламаган, чунки солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш тартиби ундан озод этишни назарда тутарди. 2002 йилдан бошлаб қонунчиликка янги қоида киритилди, унга кўра ягона солиқ тўловчи корхоналар мол-мулкни ижарага берганда ушбу операциялардан умумбелгиланган тартибда мол-мулк солиғи тўлашлари керак. Кўрсатилган янгилик юридик шахс учун тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бирмунча ноқулайроқ шароитлар яратди, чунки унинг учун янги солиқ жорий этилди. Шунга асосан солиқ тўловчи қонунга биноан белгиланган имтиёз берадиган қонунни қўллаш кафолатидан фойдаланишга ва ўзгартиришлар киритилгандан кейинги икки йил мобайнида ўзининг асосий воситаларини ижарага бериш чоғида бюджетга мол-мулк солиғини тўламасликка ҳақлидир.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Кичик бизнес субъектлари учун икки йил мобайнида имтиёз берадиган солиқ қонунчилиги қоидаларидан фойдаланиш кўринишида белгиланган кафолат фақат агар унга киритилган ўзгартиришлар бизнес юритишнинг бирмунча ноқулайроқ шароитни яратган тақдирдагина юридик шахс томонидан қўлланиши мумкин. Солиқ тўловчининг асосий фаолият тури  бозорнинг маркетинг тадқиқоти бўйича хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқарув ва молия соҳасида маслаҳатлар бериш. 2003 йилда у ўз хоналарининг бир қисмини учинчи шахсга ижарага берди. Кўрсатилган операциялар доимий фаолият тусига эга эмас эди. Қонунда ягона солиқ тўловчиларига нисбатан ўз асосий воситаларини ижарага бериш чоғида улар томонидан мол-мулк солиғи тўланиши тўғрисида белгиланган талаблар юридик шахс учун бирмунча ноқулайроқ шароитлар деб ҳисобланиши мумкин эмас. Ҳақиқатда бундай бўлмаган: 2003 йил даври учун тақдим этилган балансга кўра корхонанинг соф фойдаси миқдори аввалги ҳисобот даврларига қараганда бир неча баравар юқори бўлган. Шу сабабли бизнес юритиш учун  бирмунча ноқулайроқ  шароитлар яратилгани тўғрисида гапириш учун асос йўқ. Юридик шахс солиқ органига тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитларини ёмонлаштирувчи ва, тегишлича, белгиланган кафолатни қўллаш асосларини тақдим этмаган.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Кўрсатилган низо хўжалик судининг уч инстанциясидан ўтган. Уни кассация ҳайъати томонидан қайта кўриш чоғида суд ишнинг якуни боғлиқ бўлган бир қатор қуйидаги саволларга жавоб бериши керак эди:

1) қонун ҳужжатларида юридик шахс қонун билан белгиланган кафолатдан фойдаланиши ва уни мол-мулк солиғини тўлашдан озод этиш учун қандай асослар назарда тутилади;

2) кафолатни қўллаш учун субъект учун янги солиқни жорий этиш далили етарлими ёки у бунга қўшимча равишда унинг учун бизнес юритишнинг камроқ қулай шароитлари яратилганлигини исботлаши шартми;

3) солиқ органининг солиқ тўловчидан тўланмаган мол-мулк солиғи суммасини ундирганлиги ва унга нисбатан қўшимча ҳисобланган сумманинг 10 фоизи миқдорида жарима кўринишида молиявий жавобгарлик чорасини қўллаганлиги асослими.

Кичик бизнес субъектларига нисбатан қўлланиши низонинг предмети бўлган кафолат 2000 йил 25 майдаги 69-II-сон “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун (бундан кейин - Қонун) 16-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган. Ушбу меъёрий қоидага мувофиқ “солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бирмунча ноқулайроқ шароитларни юзага келтирадиган ўзгартишлар киритилган тақдирда, мазкур субъектлардан кейинги икки йил мобайнида бундай ўзгартишлар кучга киргунга қадар амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади. Бунда уларнинг индексацияси билан боғлиқ солиқ солиш тизими ва солиқлар ставкаларининг ўзгариши, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг айрим фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадларига қатъий белгиланган солиқнинг жорий этилиши кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун бирмунча ноқулайроқ шароитлар яратадиган ўзгартишлар деб ҳисобланмайди”.

Хўжалик суди юридик шахс 1998 йилда рўйхатдан ўтказилганлигини аниқлади. Шу пайтдан бошлаб дастлабки икки йил мобайнида у солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими тўловчиси ҳисобланган. Кўрсатилган даврда Солиқ кодекси мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни назарда тутарди (у ҳозир ҳам мавжуд). 92-модданинг иккинчи қисмига мувофиқ янги барпо этилган юридик шахсларнинг мол-мулкига рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб икки йил мобайнида солиқ солинмаган. Даъвогар юридик шахс ушбу имтиёздан тўлиқ ҳажмда фойдаланган.

2000 йилда, Қонун билан белгиланган “солиқ таътили” даври тугагач юридик шахс кичик бизнес субъекти сифатида ягона солиқ тўланишини назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтди.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш тартиби 3-бандининг ўша пайтда амал қилган таҳририга мувофиқ солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими жами умумдавлат солиқлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жорий этадиган маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ўрнига, савдо-сотиқ қилиш ҳуқуқи учун йиғим (шу жумладан айрим товар турлари билан савдо қилиш ҳуқуқи учун лицензион йиғимлар), юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш йиғими ва автотранспортни қўйиш учун йиғим бундан мустасно, ягона солиқ тўланишини назарда тутарди (бугунги кунда айтиб ўтилган, ягона солиқ билан бир қаторда тўланадиган тўловлар рўйхатида автомобиль қўйиш учун йиғим ўрнига атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари белгиланган  муаллиф изоҳи).

Бунда айтилган ҳужжатда мол-мулк солиғини тўлаш бобида умумий қоидадан истиснолар мавжуд эмас. Шу тариқа, суд даъвогар мазкур солиқ тўловчиси ҳисобланмаслиги ва уни бюджетга тўламаслиги тўғри эканлигини кўрсатди.

Кўрилаётган солиқ солиш соддалаштирилган тизимининг субъектлари томонидан мол-мулк учинчи шахсларга ижарага берилиши чоғида мол-мулк солиғини тўлаш хусусидаги меъёрий талаб 2002 йилда белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабр-даги “Ўзбекистон Республикасининг 2002 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 490-сон қарорига мувофиқ “агар ягона солиқ тўловчиси ҳисобланган корхоналар асосий воситалар ва номоддий активларни ижарага берса, улар ижарага берилган ушбу активлар қийматидан (бундан молиявий лизинг мустасно) умумбелгиланган тартибда мол-мулк солиғини тўлайдилар”.

Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қандай хил ўзгартишлар киритилиши тадбиркорга икки йиллик кафолатдан фойдаланиш ҳуқуқини бериши кўрсатилмаган. Бироқ бу Конституциявий суднинг 2001 йил 9 августдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмини шарҳлаш ҳақида” қарори резолютив қисмининг 1-бандида белгиланган. Унга мувофиқ кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бирмунча ноқулайроқ шароитлар деб солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги:

- янги солиқлар ва маҳаллий йиғимлар жорий этилиши;

- солиқлар ва маҳаллий йиғимлар ставкаларининг ошиши;

- имтиёзларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ ўзгартишларни ҳисоблаш керак.

Суд кўрсатилган рўйхат батафсил деб ҳисобланиши ва кенгайтириб шарҳлаш ҳамда қўллаш мумкин эмаслигидан келиб чиқди. Бунда у эътироф этдики, на Қонун билан, на Конституциявий суднинг 2001 йил 9 августдаги қарори билан кафолатнинг қўлланиши юридик шахс учун янги солиқ жорий этилиши муносабати билан бирмунча ноқулайроқ шароитлар яратилиши далилини қўшимча равишда исботлаш мажбурияти билан боғланмайди. Бироқ суд нафақат эслатилган мажбурий тусдаги икки ҳужжат, балки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига ҳам амал қилиш кераклигини қайд этди.

Солиқ кодекси 12-моддасининг 5-банди билан барча солиқ тўловчилар учун солиқ органларига солиқ ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни, шунингдек улар бўйича имтиёзларга доир ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти белгиланган. Бундан ташқари, Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларининг асоси сифатида келтирадиган ҳолатларни исботлаши керак. ХПК 54-моддасининг биринчи қисмига кўра эса мазкур Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибга мувофиқ олинган маълумотлар ишга доир далиллар деб ҳисобланади. Уларга асосан хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини белгилайди.

Айтилган меъёрий-ҳуқуқий қоидаларга амал қилиб, суд кўрилган низода мол-мулк солиғини тўлаш талабини жорий этиш муносабати билан юридик шахсга бирмунча ноқулайроқ шароитлар яратилганлигини баҳолаш учун меъёрий янгилик жорий этилиши далилининг ўзигина кифоя қилмаслигини кўрсатди. Қонун 16-моддасининг иккинчи қисми билан белгиланган кафолатни қўллаш учун айтилган далилга қўшимча равишда айни шу билан фаолият юритишнинг бирмунча ноқулайроқ шароитлари яратилганлиги исботини тақдим этиш зарур.

Хўжалик суди даъвогар унинг учун фаолиятнинг бирмунча ноқулайроқ режими бошланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этмаганлигини қайд қилди. Яъни, у бинони ижарага бериш операцияларидан мол-мулк солиғини тўлаши керак эди.

Солиқ кодекси 94-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ “юридик шахс-ларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар бюджетга ҳар ойнинг 20-кунидан кечиктирмай, йиллик тўлов суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида тўланади. Солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи бўйича ҳисоб-китобларни солиқ органларига мол-мулкнинг ҳисобот даври учун амалдаги ўртача қийматидан келиб чиқиб, йилнинг чораклари бўйича ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатида топширадилар”.

Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ, солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган декларациялар, ҳисоб-китоблар ва ҳисоботларни тақдим этмаганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки белгиланмаган шакл-да тақдим этганлиги учун солиқ тўловчидан тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун тегишли сумманинг бир фоизи миқдорида, бироқ тегишли ҳисобот даври учун илгари ҳисоблаб чиқарилган тўловлар чегириб ташланган ҳолда белгиланган тўлов муддатига тегишли тўлов суммасининг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима ундирилади.

Юқорида айтилганларга амал қилиб, хўжалик суди солиқ органининг ҳаракатларини тўғри деб топиб, юридик шахснинг баёнот берган талабларини қондиришни рад этди.



СЎНГСЎЗ


Хўжалик судининг кўрилган низонинг моҳияти бўйича билдирган позициясини эътиборга олиб, тадбиркорларнинг бир қатор қуйидаги ҳолатларни ҳисобга олиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Конституциявий суднинг 2001 йил 9 августдаги қарорида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартишлар тоифасигина белгиланган, уларни бирмунча ноқулайроқ шароитларни “яратувчи” сифатида эътироф этиш лозим. Бироқ бу ҳол фақат уларнинг ҳозирлигигина Қонуннинг 16-моддаси иккинчи қисми билан белгиланган кафолатдан фойдаланиш ҳуқуқини беришини англатмайди. Шу билан бир қаторда даъвогар томонидан унинг учун бирмунча ноқулайроқ шароитлар яратилганлиги далили исботланиши ундан фойдаланиш учун мажбурий шарт ҳисобланади. Бунда исталган бизнес субъектининг фаолиятига иқтисодий ҳамда меъёрий тусдаги кўплаб омиллар таъсир қилишини ҳам унутмаслик керак. Қонун ҳужжатлари фаолият шароитларининг қандай тоифалари уни амалга оширишга нисбатан меъёрий талаблар ўзгариши натижасида бошланган бирмунча ноқулайроқ шароитлар деб эътироф этилиши мумкинлигини белгиламайди. Амалиётда бошқа кўрсаткичлар (товарлар, ишлар, хизматлар бозорида нархлар, талаб ва таклиф даражаси ва ҳоказо) ўзгармаган ҳолда корхона олган фойданинг миқдори аввалги фаолият даври билан қиёслаганда камайишини ана шундай асосий шароит деб эътироф этиш мумкин.

Шу тариқа, Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган кафолатни қўллаш учун тадбиркор унинг учун фаолият юритишнинг бирмунча ноқулайроқ шароитлари яратилганлигини исботлаши керак. Бунда у Конституциявий суднинг 2001 йил 9 августдаги қарори резолютив қисмининг 1-бандида белгиланган ўзгартишлар тоифасигагина таяна олади. Шунга эътибор қаратиш жоизки, фаолиятнинг бирмунча ноқулайроқ шароитлари яратилганлигини расман асослаш сифатида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги конституциявий суд ишини юритиш соҳасида олий суд ҳокимияти органи қарорининг мазкур бандида қайд этилмаган ўзгартишлар тоифаларига таяниш тўғри эмас. Масалан, қуйидагилар билан боғлиқ ўзгартишлар худди шундай ўзгартишлар ҳисобланади:

- солиқ солиш тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бузганлик учун жавобгарлик чораларини кенгайтириш, соли??а оид ҳуқуқбузарликларнинг янги таркибларини жорий этиш билан;

- соли??а оид у ёки бу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун ундириладиган жазо чоралари миқдорини кўпайтириш билан;

- солиқлар бўйича ҳисоб-китобларнинг янги шаклларини жорий этиш, амалдагиларини ўзгартириш билан;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш билан боғлиқ ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатларнинг мазмунини кенгайтириш, солиқ органларига тақдим этиш учун талаб қилинадиган ахборот ҳажмини кўпайтириш билан;

- солиқ мониторингини кучайтириш, ўз фаолияти тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этиш тўғрисида талаблар жорий этилиши билан ва ҳоказо.

Фикримизча, юқорида баён этилган ҳолатларнинг барчасини ҳисобга олиш тадбиркорга уларга доир солиқлар бўйича кафолат ва имтиёзларни таъминлаш талаби билан судга мурожаат қилишдан аввал ўз позициясини ва муваффақиятга реал имкониятини тўғри баҳолаш имконини беради.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган







Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск