ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Солиққа оид масалалар /

Солиқ тўловлари тўланишини кечиктирганлик учун жавобгарликдан озод этилиши тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

СОЛИҚ ТЎЛОВЛАРИ

ТЎЛАНИШИНИ КЕЧИКТИРГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ЭТИЛИШИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Корхонани текшириш чоғида назорат органи ходимлари (матн давомида - орган) экология солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалар бўйича солиқ солинадиган база нотўғри белгиланганлиги фактларини аниқладилар. Натижада тўлов кечиктирилганлиги учун пеня қўлланган ҳолда кўрсатилган тўловларнинг суммалари қўшимча ҳисоблаб ёзилди ва уларни акцептсиз тартибда ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Корхона бунга рози бўлмади ва хўжалик судига орган қарорини бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилди.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Солиқ солинадиган базани нотўғри белгилаш бюджетга солиқлар ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий тўловлар бир қисмининг келиб тушмаслигига олиб келди. Бу эса солиқ қонунчилигини бузиш ҳисобланиб, бунинг учун корхона молиявий жавобгарлик жазосига тортилди.



КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона кўрсатилган солиқлар ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалар бўйича солиқ солинадиган базанинг нотўғри белгиланганлиги фактини инкор этмайди. Бироқ, шу билан бир қаторда текшириш чоғида аниқланишича, даромад солиғи бўйича текшириш қамраб олинган даврда ортиқча тўлов мавжуд, унинг суммаси боқимандадан ошиб кетади. Солиқларнинг бир турлари бўйича ортиқча тўлов бошқа солиқлар бўйича ҳосил бўлган боқимандани тўлдиради ва, тегишинча, мазкур вазиятда молиявий жазони қўллаб бўлмайди.




УЛАРГА ШАРҲЛАР БИЛАН БИРГАЛИКДА

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ


Мазкур низода кўрсатилган солиқлар ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базани нотўғри белгилаганлик учун юридик шахснинг молиявий жавобгарликка тортилганлиги тўғри ёки нотўғри бўлганлигини аниқлаш талаб қилинар эди.

Солиқ қонунчилигини бузганлик учун молиявий жазолар солиқ тўловчиларга нисбатан Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ қўлланади. Қонунбузарликлар ва тегишинча қўлланадиган жазо чораларининг рўйхати Солиқ кодексининг 135-моддасида келтирилган.

Солиқ қонунчилигини ўзбошимчалик билан бузишлардан бири солиқлар ва йиғимлар бўйича тўловларни кечиктириш ҳисобланиб, орган томонидан юридик шахсни текшириш чоғида айни шу нарса аниқланган эди. 1995 йил 22 декабрдаги “Муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ тегишли тўловларни тўлашнинг белгиланган муддатлари тугаганидан кейин кирим қилинмаган сумма боқиманда ҳисобланади ва, агар қонун ҳужжатларида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, пеня ҳисоблаб ёзилган ҳолда ундирилади.

Суднинг белгилашича, юридик шахс томонидан экология солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ солинадиган база, шунингдек бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар базаси нотўғри белгиланганлиги сабабли, солиқ қонунчилигини бошқа хил бузишлар йўқлиги ҳолатида, кўрсатилган тўловларнинг қўшимча ҳисобланган суммалари бўйича тўловни кечиктирганлик учун пеня ундириш тўғри ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилган. Солиқлар ва йиғимлар бўйича тўловни кечиктирганлик учун солиқ тўловчига нисбатан Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 8-бандида назарда тутилган жазо қўлланиши мумкин: кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида пеня ҳисоблаб ёзилади, бунга тўлаш куни ҳам киради. Пеня ундириш солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди.

Сўнгра суд юқорида кўрсатилган қонунбузарлик аниқланган пайтда юридик шахсда даромад солиғи бўйича ортиқча тўлов мавжуд бўлиб, у аниқланган боқимандалар суммасини тўлиқ қоплашини эътироф этди. Шу муносабат билан юридик шахс уни пеня ундиришдан озод қилиш мумкинлигини айтганлиги сабабли, суд мазкур талабнинг тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқлигини белгилаши лозим эди.

Солиқ кодекси 133-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилишича, агар солиқлар ва йиғимларнинг бир турлари бўйича ортиқча тўланган тўловлар уларнинг бошқа турлари бўйича боқимандаларни тўлдирса, солиқ тўловчи солиқлар ва йиғимларни тўламаганлик учун жавобгарликдан озод қилинади. Суд кўриб чиқилаётган низога нисбатан мазкур қоидани қўллаш мумкинлигини баҳолаш чоғида қуйидаги ҳолатлардан келиб чиқди:

- кўриб чиқилаётган ҳолат умумий тусга эга, моҳиятан солиқ тўловчида солиқлар ва йиғимларни тўламаганлик факти аниқланган пайтда солиқларнинг бошқа турлари бўйича ортиқча тўлов мавжуд бўлган ва бирор-бир алоҳида вазиятларда уни қўллашга доир истиснолар бўлмаган барча ҳолатларни қамраб олади;

- солиқ тўловчини жавобгарликдан озод этиш учун бир хил солиқлар ва йиғимлар бўйича ортиқча кирим қилинган тўловлар бошқа солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқланган боқимандаларни тўлдириши муҳимдир.

Баён этилганлар муносабати билан суд белгиладики, солиқ қонунчилигини бошқа хил бузишлар орган томонидан аниқланмаганлиги сабабли (улар бўйича солиқ солинадиган база нотўғри белгиланганлиги муносабати билан солиқлар ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар суммалари бир қисмининг тўланмаганлигидан ташқари), аниқланган боқимандаларни даромад солиғи бўйича ортиқча тўлаш билан тўлиқ ҳажмда тўлдириш юридик шахсни жавобгарликдан озод этиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Шу тариқа, суд қарор қилдики, юридик шахс мазкур ҳолатда ҳисоблаб ёзилган пеня суммасини тўлашдан озод қилиниши керак, тегишинча, органнинг пеняни мажбурий ундириш тўғрисидаги қарори Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ эмас деб топилди ва бекор қилинди.

Шу тариқа, суд юридик шахснинг талабини тўлиқ ҳажмда қаноатлантирди. Юқори инстанциялар судлари биринчи инстанция суди хулосаларининг қонунийлиги ва асослилигини тўла тасдиқлади.

Кўриб чиқилган низога айнан ўхшаш низолар ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўп учрайди. Солиқ кодексининг талабларини бузишга ва асоссиз равишда молиявий жавобгарликка тортишга йўл қўймаслик учун тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳам, назорат органларининг ҳам эътиборини Солиқ кодексининг 133-моддасини тўғри қўллашнинг муҳим эканлигига қаратиш керак бўлади.



СЕРТИФИКАТЛАНГАН МАҲСУЛОТЛАРНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СОТИШДА ДАВЛАТ

СТАНДАРТЛАРИНИ   БУЗГАНЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш бўйича орган юридик шахс фаолиятини текширишдан ўтказди. Унинг боришида тайёр маҳсулот намуналари (шоколад) олинди ва экспертизадан ўтказиш учун стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш органи (бундан кейин  давлат органи)га топширилди. Экспертиза маҳсулотнинг давлат стандартига мувофиқ келмаслигини, олинган мувофиқлик сертификатига мувофиқ келмайдиган маҳсулот сифатида ишлаб чиқарилганлиги ва сотилганлигини аниқлади. Ана шу асосда юридик шахсга сотилган маҳсулотнинг 100 фоизи миқдорида жарима солинди. Юридик шахс бунга қўшилмади ва хўжалик судига жарима ундирилишини ғайриқонуний деб топиш илтимоси билан мурожаат қилди.



ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Юридик шахс томонидан ишлаб чиқилаётган шоколад маҳсулоти унга олинган мувофиқлик сертификатига мувофиқ келмайди: уни ишлаб чиқариш пайтида какао мойининг ўрнини босувчилар ишлатилган, ҳолбуки “Шоколад” 6534-89 давлат стандартининг талабларига кўра, унга мувофиқликка доир сертификатлар олинган эди, ўрнини босувчилардан фойдаланган ҳолда шоколад ишлаб чиқаришга йўл қўйилмайди ва табиий какао мойи қўлланиши керак. Айни мазкур қоидабузарлик учун жарима солинган эди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Шоколад маҳсулоти какао мойининг ўрнини босувчиларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилган, чунки улардан фойдаланишга стандартлаштириш бўйича бошқа меъёрий ҳужжат - “Какао мойининг ўрнини босувчилар” 28931-91 давлат стандарти билан йўл қўйилади. Шу тариқа, юридик шахс ҳеч қандай қоидабузарликни содир этмаган ва жарима жазоси нотўғри қўлланган.




УЛАРГА ДОИР ШАРҲЛАР БИЛАН БИРГАЛИКДА

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ


Мазкур низони ҳал қилаётганда суднинг асосий вазифаси корхонанинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш чоғида давлат стандартларининг талабларини бузиш фактини аниқлаш бўлди. Бунинг учун қуйидагиларни ойдинлаштириш зарур эди:

- мувофиқлик сертификатлари белгиланган талабларни бузган ҳолда олинганми;

- сертификатлар Миллий стандартлаштириш тизимининг қандай меъёрий ҳужжатларига мувофиқ берилган;

- улар натижасида шоколад маҳсулотлари давлат стандартларини бузган ҳолда тайёрланган ишлаб чиқариш циклини бузишлар бўлганми.

Биринчи инстанция шуни аниқладики, юридик шахс ўзи ишлаб чиқарган шоколад маҳсулотларига мувофиқлик сертификатини олиш учун органга белгиланган тартибда мурожаат қилган. Уларни сертификатлаштириш Миллий сертификатлаштириш тизимининг меъёрий ҳужжатлари асосида амалга оширилган ва бирор-бир ҳуқуқбузарликлар аниқланмаган. Сертификатлаштириш органи томонидан шоколад маҳсулотлари намуналари танлаб олинганлиги ва ишлаб чиқариш текширилганлиги, бу ҳақда тегишли баённомалар тузилганлиги хусусида далиллар тақдим этилди. Бунда орган ишлаб чиқариш бўйича амалдаги стандартларга номувофиқ ҳолатларни аниқламаган, бу ҳам биринчи инстанция суди томонидан тасдиқланган.

Юридик шахсга шоколад маҳсулотининг “Шоколад” 6534-89 давлат стандартига мувофиқлигига доир сертификатлар берилган.

Шоколад ишлаб чиқариш чоғида юридик шахс какао мойининг ўрнини босувчилар: қандолат ёғи ва какао кукунидан фойдаланган, бу эса унда мавжуд бўлган шоколад ишлаб чиқариш бўйича технологик йўриқномага мувофиқ келади. Мазкур йўриқнома сертификатлаштириш органига экспертизага тақдим этилди, ушбу орган уни амалдаги стандартлар талабларини бузади деб эътироф этмади. “Какао мойининг ўрнини босувчилар” 28931-91 давлат стандарти меъёрий ҳужжатининг қоидаларига кўра техник шартларда какао мойининг ўрнини босувчилар шоколад маҳсулотларида унинг ўрнини турли нисбатларда жойлаштириш учун мўлжалланади.

Баён этилганлар асосида суд юридик шахснинг ҳаракатларида шоколад маҳсулотларини ишлаб чиқариш чоғидаги қоидабузарликларни топмади. Шу муносабат билан давлат органининг жарима жазосини қўллаш тўғрисидаги далолатномаси бутунлай ҳақиқий эмас деб топилди.

Давлат органи қарорга рози бўлмади ва апелляция шикоятини берди. Апелляция инстанциясининг ҳайъати биринчи инстанциянинг қарорини бекор қилди ва юридик шахснинг талабларини қаноатлантиришни рад этди. Апелляция инстанцияси суди хулосаларининг тўғрилигини Олий хўжалик судининг кассация ҳайъати тасдиқлади. Юқори инстанциялар судлари ҳайъатларининг хулосаларини умумлаштириб, қуйидагиларни ажратиш мумкин.

Иккала инстанция ҳам сертификатлар амалдаги стандартлаштириш тизимининг бирор-бир аниқ меъёрий ҳужжатига биноан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мувофиқлигига олинишидан келиб чиқди. Шу сабабли, айни берилган сертификатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳам шундай сертификатларнинг талабларига мувофиқ келиши керак. Уларга мувофиқлиги хусусида сертификат олинмаган стандартларнинг қоидаларини амалда қўллаш амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига мувофиқ келмайди.

Юридик шахс шоколад маҳсулотларининг “Шоколад” 6534-89 давлат стандарти стандартлаштириш тизимининг меъёрий ҳужжати талабларига мувофиқлигига доир сертификатлар олишга ҳужжатларни тақдим этди, бунга асосан мувофиқлик сертификатлари берилди ҳам. “Шоколад” 6534-89 давлат стандартининг тавсифлаш қоидаларига кўра шоколад тайёрлаётганда какао мойининг ўрнини босувчиларни қўшган ҳолда шоколад массасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Юридик шахс бунда ўзи ишлаб чиқараётган шоколад маҳсулотининг бирор-бир бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини тасдиқлатиш учун мурожаат қилмаган. “Какао мойининг ўрнини босувчилар” 28931-91 давлат стандартида белгиланишича, улар шоколад маҳсулотларида какао мойининг ўрнини босиш учун мўлжалланади. Юридик шахснинг мазкур ҳужжатга биноан у томонидан шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганда ўрнини босувчиларнинг қўлланишига рухсат берилиши хусусидаги важи асосли ва қонун талабларига жавоб беради деб топилмади, чунки юридик шахс фақат “Шоколад” 6534-89 давлат стандарти бўйича шоколад маҳсулотининг мувофиқлик сертификатларига эга эди.

Айтилганларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, апелляция ва кассация инстанцияларининг судлари шуни тасдиқладиларки, маҳсулот ишлаб чиқариш чоғида амалдаги стандартлаштириш тизимининг мувофиқлигига сертификатлар олинган меъёрий ҳужжатларининг талабларига риоя қилиниши керак. Шуни эслатиш лозимки, 1993 йил 28 декабрдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда қуйидаги тоифаларни стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар қўлланади:

- халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар;

- Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари;

- тармоқ стандартлари;

- техник шартлар;

- корхона стандартлари;

- хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари;

- маъмурий-ҳудудий стандартлар.

Стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатларга стандартлаштириш бўйича қоидалар, меъёрлар, техник-иқтисодий ахборот таснифномалари ҳам киради.

Ўзбекистон Республикасида стандартлар ва ўлчов воситалари устидан давлат назорати тўғрисида низом (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 410-сон қарори билан тасдиқланган) 4-бандининг бешинчи хатбошисига кўра хўжалик фаолияти субъектларига нисбатан стандартларнинг мажбурий талабларини бузишлар учун сотилган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида жарималар қўлланиши мумкин.

Шу тарзда юқорида белгиланган қоидалар апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг асосига қўйилган: юридик шахсга нисбатан “Шоколад” 6534-89 давлат стандартининг қоидаларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилиб, сотилган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима жазосини қўллаш асосли ва амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига мувофиқ келади деб топилди.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган
















Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск