ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Солиққа оид масалалар /

Ер учун ижара ҳақи муддатида тўланмагани учун ундириш мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЕР УЧУН ИЖАРА ҲАҚИ

МУДДАТИДА ТЎЛАНМАГАНИ УЧУН

УНДИРИШ МОЛ-МУЛККА ҚАРАТИШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Молия-хўжалик фаолиятини юритиш натижасида фирмада ер участкасидан фойдаланиш учун ижара тўловларини бюджетга тўлаш бўйича қарз ҳосил бўлди. У ўз вақтида сўндирилмади, шу муносабат билан инспекция хўжалик судига ундиришни мол-мулкка қаратишни сўраб, мурожаат қилди.



ИНСПЕКЦИЯНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Инспекция фирмадан юзага келган қарзни тўлашни талаб қилди. Фирма қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда қарзни сўндирмади, чунки ҳисоб-китоб варағида пул маблағлари йўқ эди. Шу тариқа, солиқ органи ундиришни фирма мол-мулкига қаратишга ҳақлидир.



ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ижара ҳақи фирма билан кўчмас мулк кадастрининг ҳудудий хизмати ўртасида тузилган ижара шартномасига мувофиқ ҳисоблаб ёзилган ва солиқлар ҳамда бошқа умуммажбурий тўловлар тоифасига кирмайди. Шу сабабли мазкур ҳолда ундиришни мол-мулкка қаратиш қонуний бўлмайди.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафлар келтирган асос-далилларни тинглаб қуйидаги хулосаларга келди:

- Солиқ кодексининг 100-моддасига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ, ер участкаларини ижарага олган юридик шахслар ер солиғи ўрнига бюджетга ижара ҳақи тўлайдилар;

- Президентнинг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-1504-сон Фармонига кўра бюджетга солиқлар ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини таъминлаш, солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажариш учун масъулиятини ошириш мақсадида солиқ органларига солиқлар ва бюджетга бошқа тўловлар бўйича ундиришни қарздор корхонанинг мол-мулкига қаратиш ҳуқуқи берилган;

- Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича боқимандаларни ундиришни корхона ва ташкилотларнинг мол-мулкига қаратиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ (Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 8 ноябрдаги “Солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловлар бўйича муддатида тўланмаган солиқларни корхоналар ва ташкилотлар мол-мулки ҳисобидан ундириб олиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” 387-сон қарори билан тасдиқланган) қарздор корхонадан солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзни ундириш давлат солиқ органлари томонидан инкассо топшириқномасини қўйиш йўли билан сўзсиз тартибда амалга оширилади. Корхонанинг банк ҳисобварақларида пул маблағлари бўлмаган тақдирда ундириш қарздорнинг мол-мулкига қаратилади. Агар қарздор корхона солиқ органининг боқимандани сўндириш тўғрисидаги ёзма талабномаси олингандан кейин уни қондирмаса ёки жавобсиз қолдирса, бу ҳол хўжалик судига ундиришни мол-мулкка қаратиш тўғрисида даъво тақдим этиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Шу тариқа, суд солиқ органининг талабини қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг хулосаларини қонунга мувофиқ деб топди.




Ш А Р Ҳ


Келтирилган низонинг мазмунидан келиб чиқадики, ихтилоф тадбиркорлик субъектида у тижорат фаолиятини юритиши жараёнида юзага келадиган шартномавий ва шартномадан ташқари мажбуриятлар (мазкур ҳолда бюджетга “мажбурий” тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар) моҳиятини солиқ органлари томонидан уларни ижро этишнинг мажбурлаш усулларини қўллаш қисмида бир хилда тушунмаслик туфайли юзага келган.

Кўриб чиқилаётган ҳолатга татбиқан саволларнинг бир хилда жавобни талаб қиладиган қуйидаги рўйхатини белгилаш мумкин:

- ер участкасидан фойдаланиш учун ижара ҳақининг ҳуқуқий табиати қандай;

- ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини умуман “шартномадан ташқари мажбуриятлар” ва хусусан бюджетга “мажбурий” тўловлар тоифасига киритиш мумкинми;

- ижара ҳақига нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг солиқлар ва бошқа “мажбурий тўловлар” бўйича қоидаларини қўллаш қонуний бўладими, мисол учун: қарз сўндирилмаганлиги сабабли ундиришни мол-мулкка қаратиш (Солиқ кодекси 130-моддасининг биринчи қисми), пеня ҳисоблаб ёзиш (Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 8-банди), Солиқ органлари учун муддатда тўланмаган тўловни сўзсиз тартибда ундириш имконияти (Солиқ кодекси 134-моддасининг иккинчи қисми) ва ҳоказоларни қўллаш.

Ижарага оид ҳуқуқий муносабатлар, 1991 йил 19 ноябрдаги 427-ХII-сон “Ижара тўғрисида”ги қонун 1-моддасининг биринчи қисмига кўра, шартномадан келиб чиқади. Шу тариқа, ер участкаларининг ижара шартномасидан келиб чиқадиган, шу жумладан ижара ҳақи бўйича мажбуриятлар “шартномавий мажбуриятлар” тоифасига киради. Бунда муайян ўзига хослик мавжуд, Солиқ кодекси 100-моддасининг иккинчи қисмида қайд этилишича, “ижара ҳақи тарафларнинг келишувига биноан белгиланади, лекин бу ҳақ қонун ҳужжатларида белгиланган ер солиғининг бир ставкасидан кам ва уч ставкасидан кўп бўлмаслиги, ерлардан қишлоқ хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилган тақдирда эса  бир ставкаси миқдорида бўлиши лозим”. Шу тариқа, қонун ижара ҳақининг чекланган миқдорларини белгилаган.

Ер учун ижара ҳақининг бошқа бир хусусияти шундан иборатки, унга доир ҳисоб-китобларни тақдим этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ер солиғи учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади (Ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида йўриқнома 6-бандининг учинчи хатбошиси (янги таҳрири МВ ва ДСҚнинг Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 27 мартда 1118-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

Шу тариқа, ижара ҳақини тўлаш бўйича мажбуриятлар расман шартномадан келиб чиқишига қарамай, бироқ мақоми бўйича ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш, шунингдек ҳисоб-китобларни тақдим этиш қисмида у ер солиғига тенглаштирилган. Ер участкаларидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи моҳиятининг бундай икки ёқлама қайд этилиши ҳуқуқни қўллаш амалиётида солиқ тўғрисида қонун ҳужжатларининг кўплаб қоидаларини бир хилда бўлмаган шарҳлашга олиб келади, бу қоидалар эса, шуни таъкидлаш муҳимки, солиқ тўловчилар ва давлат ўртасида шартномалардан эмас, балки бевосита қонун кучидан юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этилади.

Айрим ҳолларда давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари ер участкалари учун ижара ҳақига нисбатан Солиқ кодекси ва солиқ қонунчилигининг бошқа ҳужжатлари қоидалари тўлиқ ҳажмда қўлланиши керак деб ҳисоблайдилар. Хусусан, кечиктирилган ижара тўловларининг суммаларини боқимандалар тоифасига киритиш ва тегишинча, уларни сўзсиз тартибда ундириш, кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида пеня ҳисоблаб ёзиш, ижарачи юридик шахс белгиланган муддатда ижара ҳақи суммаларини тўламаган тақдирда ундиришни унинг мол-мулкига қаратиш қонунийдир.

Тадбиркорлик фаолиятининг кўпгина субъектлари солиқ органларининг юқорида кўрсатилган ҳаракатларини ижара ҳақи солиқларга киритилмаслиги, бу чоралар эса солиқлар ва маҳаллий йиғимларга нисбатан Солиқ кодексининг қоидаларига мувофиқ қўлланиши мумкинлиги туфайли қонуний эмас деб ҳисоблайдилар. Бундай масалалар умуман солиқ органлари томонидан эмас, балки шартнома бўйича иккинчи тараф томонидан, у томонидан белгиланган таомилларни қўллаган ҳолда ижара шартномасига асосан ҳал қилиниши керак.

Шуни эслатиш лозимки, 1995 йил 22 декабрдаги “Муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш тўғрисида”ги қонуннинг 1, 2-моддаларига мувофиқ белгиланган муддатда бюджетга ва бюджетдан ташқари давлат жамғармаларига тўланмаган солиқ ва бошқа мажбурий тўлов суммаси боқиманда деб топилади.

Солиқ кодекси 134-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ юридик шахслардан солиқлар ва йиғимлар бўйича боқимандаларни, шунингдек молиявий жазо суммалари ва пеня суммаларини солиқ органлари сўзсиз тартибда ундиради.

Солиқ кодекси 130-моддасининг биринчи қисмига кўра солиқ органи қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарори билан ундирувни, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, солиқлар ва йиғимлар тўламаган солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратади.

Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ солиқлар ва йиғимлар бўйича тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида пеня ундирилади, тўлов куни ҳам шунга киради.

Қисқача якун. Қонун ҳужжатларининг юқорида келтирилган қоидалари, шубҳасиз, бевосита қонун кучида белгиланган ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари, уларни тўлашга нисбатан бирор-бир шартнома тузилганлиги-тузилмаганлигидан қатъи назар, тўлашлари шарт бўлган ўша “мажбурий” тўловларга ҳам татбиқ этилади, яъни бундай тўловларни тўлашга доир мажбурият шартномадан юзага келмайди. Ушбу “мажбурий” тўловларга солиқлар, маҳаллий йиғимлар, бюджетдан ташқари давлат жамғармаларига тўловлар киради.

Равшанки, ер участкалари учун ижара ҳақи суммалари “мажбурий тўловлар” тоифасига кирмайди (гарчи айни бюджетга тўлансада), чунки уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар қонун кучидан эмас, балки тузиладиган шартномадан юзага келади. Шунинг учун ер участкаларидан фойдаланиш учун ижара ҳақи суммаларини солиқлар ва бошқа “мажбурий” тўловларга тенглаштириш қонуний ҳисобланадими?

Келтирилган низода хўжалик суди буни қонуний деб топди.

Бироқ солиқлар ва бошқа “мажбурий” тўловларнинг мақомларини ер участкалари учун ижара ҳақи билан тенглаштиришнинг барча масалалари ҳуқуқни ижод қилиш фаолияти даражасида бир хилда ва далил-исботли жавобни тақозо этади. Уларни қараб чиқишга ягона ёндашув зарур, бу эса давлат солиқ хизмати органлари билан ер ижарачиси  юридик шахслар ўртасида низо ва ихтилофлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик имконини беради.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган







Время: 0.0072
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск