ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Чет эл инвестицияси иштрокидаги корхоналарга оид масалалар /

Фойда солиғини тўлашда имтиёзларлардан фойдаланиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ФОЙДА СОЛИҒИНИ ТЎЛАШДА

ИМТИЁЗЛАРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Юридик шахс (чет эл шуъба корхонаси) бюджетга фойда солиғини тўлаган. Кейинроқ, имтиёз олиш ҳуқуқига эгалигини аниқлаб, у хўжалик судига давлат солиқ хизмати ва молия органига нисбатан ўтказилган суммани қайтариш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабларини қондириш рад этилди. Бунга рози бўлмаган корхона кассация шикоятини бериб, унда ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва изҳор этилган даъво талабларини қондиришни сўради.



ЧЕТ ЭЛ КОРХОНАСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Бюджетга барча умумдавлат ва маҳаллий солиқлар тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг умумбелгиланган тизими тўловчиси ҳисобланган. Унинг штатида ходимлар умумий сонининг 50 фоиздан ортиғини ногиронлар ташкил этган, шу сабабли корхона 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан белгиланган солиқ тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эди. Унинг бекор қилиниши боис корхонани инвестициялаш шартлари ёмонлашди. Бундан ташқари, даъвогар 100 фоиз чет эл капиталига асосланган корхона ҳисобланади, у инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида фойда солиғини тўламасликка ҳақлидир. Ортиқча тўланган сумма қайтарилиши керак.



СОЛИҚ ВА МОЛИЯ ОРГАНЛАРИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Тўланган солиқ суммасини қайтариш ёки уни бўлғуси тўловлар ҳисобига киритиш борасида органларда эътирозлар йўқ, чунки бу сумма ҳақиқатан ҳам ортиқча тўланган. Бироқ иш бўйича хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилиб, унда чет эл шуъба корхонасининг даъво талабларини қондириш рад этилган. Бунинг маъноси шуки, суд фойда солиғи суммаси тўланганлигини тўғри деб топган, демак қайтаришни ҳақиқатда амалга ошириб бўлмайди.



СУДНИНГ ҚАРОРИ


Кассация ҳайъати иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни аниқлади:

- даъвогар адлия органида 2004 йил мартда рўйхатдан ўтказилган;

- унинг устав фонди тўлалигича чет эллик инвестор маблағлари ҳисобига шакллантирилган;

- уставда тадбиркорлик фаолиятининг асосий тури сифатида тайёр истеъмол маҳсулотини ишлаб чиқариш белгиланган;

- корхонада ишловчи ногиронларнинг сони ходимлар умумий миқдорида 60 фоизни ташкил этган, бу штат жадвали, иш вақтини ҳисобга олиш табеллари ва корхонанинг бошқа локал ҳужжатлари билан тасдиқланган;

- 2004 йил сентябргача даъвогар, унга ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи корхона сифатида имтиёзлар берилганлиги боис, бюджетга ҳеч қандай солиқ тўламаган;

- 2004 йил декабрида у фойда солиғини тўлаган, тақдим этилган тўлов топшириқномаси буни тасдиқлайди.

Қонун қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни белгилади:

- даъвогар корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтда амал қилган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг иккинчи қисми таҳририга мувофиқ у ишлаб чиқариш фаолияти бўйича солиқ тўлашдан тўлиқ озод этилган эди (ер остидан фойдаланганлик учун солиқ бундан мустасно);

- 2004 йил 27 августда 671-II-сон билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ корхона учун солиқ имтиёзлари бекор қилинган;

- 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига кўра солиқ имтиёзларини бекор қилиш даъвогар учун уни инвестициялаш шартларини ёмонлаштириш сифатида қаралади, шу боис у ўз ишлаб чиқариш фаолиятига солиқ солишда ўн йил мобайнида уни инвестициялаш пайтида амал қилган қонун ҳужжатларини қўллашга ҳақлидир.

Баён этилганлар асосида кассация инстанцияси даъвогар корхонанинг позициясини тўғри деб топди ва унинг инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида фойда солиғи бўйича имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлади. У бюджетга ўтказган суммани суд ортиқча тўланган сумма сифатида белгилади, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди ва даъво талабларини қондириш тўғрисида янги ҳал қилув қарорини қабул қилди.



Ш А Р Ҳ


Эътиборингизни хўжалик судидаги суд муҳокамаси предметига кирган қуйидаги юридик далилларга қаратмоқчимиз:

- чет эл корхонасининг солиқ имтиёзларидан, шу жумладан ишлаб чиқариш фаолиятидан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод қилиш кўринишидаги имтиёздан фойдаланиши;

- қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан имтиёзларнинг бекор қилиниши;

- корхона томонидан чет эллик инвесторлар учун “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун билан белгиланган ўн йилга имтиёзли солиқ солиш кафолатининг қўлланиши ва, тегишинча, ҳақиқатда тўланган суммаларни ортиқча тўланган деб топиш.

100 фоиз чет эл капиталига асосланган корхона  даъвогар кўрилган ишда фойда солиғи, ??С ва бошқа умумдавлат ҳамда маҳаллий солиқлар тўловчиси ҳисобланади. Бунда у қонун билан белгиланган имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли эди.

Суд 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун таҳриридаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг иккинчи қисмига амал қилди, чунки субъект давлат рўйхатидан ўтказилган пайтда ана шу модда амал қиларди. Унда назарда тутилишича, “агар ишловчилар умумий сонининг эллик фоизидан кўпини ногиронлар ташкил этса, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар (савдо, воситачилик, таъминот-сотиш ва тайёрлов фаолияти билан шуғулланувчилардан ташқари) ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқдан бошқа барча солиқлардан батамом озод қилинади”.

Бу қоида ҳуқуқий жиҳатдан мустақил қоидадир. Унга асосан даъвогар корхона амалга ошираётган ишлаб чиқариш фаолияти бўйича умумдавлат ва маҳаллий солиқларни тўлашдан озод қилинган (бундан ер остидан фойдаланганлик учун солиқ мустасно).

2004 йил 27 августда 671-II-сон Қонуннинг 1-банди билан айтилган моддага ногиронлар меҳнатини қўллайдиган, бунга улар томонидан солиқ имтиёзларининг қўлланиши ҳам киради, корхоналарни соли??а тортиш масаласига тааллуқли бўлган бланкет (ҳавола этувчи) қоидасини назарда тутадиган ўзгартиш киритилган. Унинг янги (ва ҳозир амалда бўлган) таҳририда шундай дейилади: “ногиронлар меҳнати қўлланиладиган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларга имтиёзли асосларда солиқ тўлаш, уларни молиялаштириш ҳамда моддий-техника билан таъминлаш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади”.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўрсатилган ўзгартиш киритилганидан кейин фойда солиғи бўйича имтиёзни қўллашнинг тўғрилиги ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи субъектнинг Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида баён этилган шартларга жавоб бериши билан белгиланади. Унга кўра солиқ тўлашдан “ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ва “Ўзбекистон чернобилчилари” ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилар умумий сонининг камида эллик фоизини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил этган юридик шахслар, савдо, воситачилик, таъминот-сотиш ва тайёрлов фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслардан ташқари” озод этилади.

Даъвогар корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг иккинчи қисмида тўловчининг таъкидланган нодавлат нотижорат ташкилотларига мансублиги кўринишида қўшимча шарт мавжуд бўлмаганлиги сабабли суд, даъвогар ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ва “Ўзбекистон чернобилчилари” ассоциацияси мулкида бўлмаганлигига қарамай, у имтиёздан фойдаланишга ҳақли эканлигидан келиб чиқди.

671-II-сон Қонун қабул қилиниши билан даъвогарда бундай ҳуқуқ қолмади, чунки у Солиқ кодексида назарда тутилган асосий шартлардан бирига жавоб бермайди. Шу боис суд у киритган ўзгартишларни ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи корхоналар учун фойда солиғи бўйича имтиёзни бекор қиладиган ўзгартишлар сифатида баҳолади.

“Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми умумий меъёрий-ҳуқуқий кўрсатмани белгилайди, унга кўра “агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, унда чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужатлари инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида қўлланилади. Чет эллик инвестор ўз хоҳишига кўра янги қонун ҳужжатларининг инвестициялаш шарт-шароитларини яхшилайдиган қоидаларини қўллаш ҳуқуқига эгадир”.

Чет эл шуъба корхонаси томонидан даъво талаблари тақдим этилган пайтда қонун инвестициялаш шартларининг ёмонлашганлигидан гувоҳлик берувчи ва улар бошланганида қонун билан белгиланган кафолатларни қўллаш тўғри бўлган ҳолларни назарда тутмаган, шунингдек ёмонлашишни баҳолаш имконини берадиган мезонларга эга эмас эди.

Суд солиқ имтиёзларини бекор қилиш натижасида шуъба корхонани хориждан инвестициялаш шартларининг ёмонлашганлиги, бу эса корхона учун инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида бюджетга фойда солиғини тўламасликнинг ҳуқуқий асоси бўлганлиги хусусидаги қоидага асосланди.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш тўғрисидаги талабни қондиришда суд Солиқ кодекси 129-моддасининг биринчи қисмига амал қилди, унга кўра “солиқ тўловчи солиқлар ва йиғимларни ортиқча суммада тўлаган тақдирда, агар унинг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарзи бўлмаса, бу суммалар солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига кўра ўттиз кун ичида қайтариб берилади ва келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади”.



СЎНГСЎЗ


Президентнинг 2005 йил 11 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-3594-сон Фармони қабул қилинганидан кейин “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланган қоидаларни амалга ошириш билан боғлиқ вазият қисман ойдинлашди.

Президентнинг ПФ-3594-сон Фармонининг 7-бандига мувофиқ кўрсатилган Қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланган кафолат қуйидаги ҳоллардан бири бошланганда қўлланиши керак:

- хорижий инвесторга тўланадиган, дивиденд тарзида олинадиган даромадларга солиқ миқдори (ставкалари) кўпайиши;

- хорижий инвесторнинг чет элга ўтказиладиган даромадлари (фойдаси)ни ўз мамлакатига қайтариш тартиботини мураккаблаштирувчи ёки уларнинг миқдорини камайтирувчи қўшимча тадбирлар жорий этилиши, бундан давлат хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонанинг тўловга қобилиятсизлиги ва банкротлиги ёки кредит берувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хорижий инвестор  жисмоний шахс содир этган жиноий қилмиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолларида ёхуд суд ёки ҳакамликнинг қарорига мувофиқ даромад (фойда)ни ўз мамлакатига қайтаришни тўхтатиб туришнинг бошқа зарурати бўлганда хорижий инвестор маблағларини қонун ҳужжатларини камситмайдиган тарзда қўллаш шартлари асосида ўз мамлакатига қайтарилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

- инвестицияларнинг миқдори бўйича инвестициялаш ҳажмларига миқдорий чеклашлар ҳамда бошқа қўшимча талаблар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда хорижий инвестицияларнинг минимал миқдорини кўпайтириш тарзидаги талаблар жорий этилиши;

- республика корхоналарининг устав жамғармаларида хорижий инвесторнинг улуши билан иштирок этиши бўйича чеклашлар жорий этилиши;

- хорижий инвесторларнинг визаларини расмийлаштириш ва узайтириш борасидаги қўшимча тартиботлар, шунингдек хорижий инвестицияларни амалга ошириш бўйича қўшимча талаблар жорий этилиши.

- ПФ-3594-сон Фармоннинг 8-бандини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси тўртинчи қисмида белгиланган Кафолатларни қўллаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлади. У билан қуйидаги асосий масалалар тартибга солинди:

- чет эллик инвесторларнинг белгиланган ўн йиллик кафолатдан фойдаланганлик учун мурожаат қилишлари тартиби ва шартлари;

- чет эллик инвесторларга нисбатан кафолатларни қўллашга ваколатли давлат органларининг рўйхати;

- “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган кафолатни қўллаш тўғрилиги борасида низолашиш таомили ва бошқалар.

Илгари белгиланган солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши муносабати билан фойда солиғини тўлашдан озод қилишга даъвогар бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари хўжалик судларига мурожаат қилганларида Президентнинг ПФ-3594-сон Фармони ва “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси тўртинчи қисмида белгиланган Кафолатларни қўллаш тартиби тўғрисида низом билан белгиланган меъёрий талабларни ҳисобга олишлари лозим.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган






Время: 0.0282
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск